Нукусда кўзи ожизлар кутубхонасига ажратилган пуллар талон-торож қилинди
Жами 530,4 млн. сўмлик ишлар бажарилмаган бўлсада, қўшиб ёзиб юборилган.
Нукусда кўзи ожизлар махсус кутубхонаси учун ажратилган маблағлар талон-торож қилинди. Айтилишича, Бош прокурор ўринбосари Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар аҳволи ўрганилган.
Ушбу махсус кутубхона маъмурий биносини янгидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган қиймати 10,4 млрд. сўмлик пудрат ишлари ўрганилиб, жами 530,4 млн. сўмлик ишлар ҳақиқатда бажарилмаган бўлсада, ҳисоботларга қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди.
Кутубхонани жиҳозлаш мақсадида ажратилган 2 та “брайл” принтери учун 90 млн. сўм ва 1 та овоз ёзиш студияси учун 50 млн. сўм маблағлар ҳам ўзлаштириб юборилгани оқибатида кўриш қобилиятида нуқсони бор шахсларни қорақалпоқ тилида зарур адабиёт ва аудио материаллар билан таъминлаш имкони чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.