Рамзан Қодировнинг касаллиги нега оммадан сир тутилди?
Чеченистон раҳбарининг касал экани ва унинг ўрнига ким келиши мумкинлиги бўйича турли қарашлар мавжуд.
Жаҳон
9 май, 18:30
29 апрел куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 16 яшар ўғли Адам Қодиров В.Путин номидаги Россия махсус кучлар университетининг куратори этиб тайинланди.
Чеченистоннинг Гудермес шаҳрида жойлашган ушбу таълим даргоҳига ҳали ўрта мактабни тугатмаган ва вояга етмаган боланинг масъул лавозимга тайинланиши, унинг отаси Рамзан Қодиров эканлиги инобатга олинса, унчалик ҳам ғалати туюлмайди.
Ундан аввалроқ эса, 2023 йилда 15 ёшли Адам Чеченистон раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Рамзан Қодиров буни ўғлининг Чеченистон олдида хизматлари улканлиги ва бундай лавозимни эгаллашга қодир экани билан изоҳлади.
Шу йили Адам Қодиров бир ой аввал ташкил этилган, Шайх Мансур номидаги чечен батальонининг ҳам куратори этиб тайинланиб, Шайх Мансур баталони юлдузи билан тақдирланган эди.
Бироқ, бир савол туғилади: нега айнан 2023 йилдан бошлаб Адам Қодиров бошига бундай эътибор ва мукофотлар ёмғирдек ёғила бошлади?
Ҳаммаси оддий бир видеороликдан бошланган. Оммавий равишда Қуръон китобини ёққан рус фуқароси Никита Журавлёв қўлга олиниб, судланган, Путин унинг Чеченистонда жазони ўташи ҳақида маълум қилган эди.
Журавлёв Чеченистондаги ҳибсхонада сақланаётган пайтида Адам Қодиров унинг олдига кирган ва уни калтаклаб, телефонга видеосуратга олган. (Аслида бундай махсус тартибли биноларга бегона шахсларнинг кириши ва маҳбуслар билан мулоқот қилиши тақиқланади).
Бу видеоролик интернетда тарқалиб кетгач, Россия интернет жамиятида катта норозилик ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бироқ Рамзан Қодировнинг ўзи чиқиш қилиб, ўғлининг бу ишини маъқуллади ва “уни (Журавлевни) ўлдирса ҳам яхши бўларди” деди. Шундан кейин Адамга узлуксиз мукофот ва унвонлар бериш жараёни бошланиб кетди.
Суюкли ўғил
2023 йил 6 октябрда Адамни отаси Чеченистон давлат мукофоти - Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвони билан тақдирлади.
2023 йил 9 ноябрда Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов Aдамни (шунингдек, Рамзан Қодировнинг яна икки ўғли Aхмат ва Элини) Чеченистон Республикаси парламентининг мукофоти – “Даймехкан Сий” (“Ватан шон-шуҳрати”) ордени билан тақдирлади.
2023 йил 24 октябрда Адам Татаристон Республикасининг иккинчи даражали муҳим мукофоти – “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. ОАВларнинг хабар беришича, Татаристон раҳбари Рустам Минниханов шахсан ўзи шахсий самолётида Чеченистонга учиб келиб, Адамнинг кўксига ўз қўли билан ушбу орденни тақиб кетган эмиш.
2023 йил 25 октябрда Қорачой-Черкес Республикаси раҳбари Рашид Темрезов Адамни Республиканинг олий мукофоти – “Қорачай-Черкес Республикаси олдидаги хизматлари учун” орденини муносиб кўрди.
2023 йил 7 ноябрда Кабардин-Болқор Республикаси раҳбари Казбек Коков Aдам Қодировга Республикасининг олий мукофоти – “Кабардин-Болқор Республикаси олдидаги хизматлари учун” орденини топширди.
“Верстка” нашрининг ёзишича, бундан аввалроқ Чеченистон вакиллари Кабардин-Болқор раҳбарига мурожаат қилиб, Aдам Қодировни миллий мукофотлардан бири билан тақдирлаш, “қанчалик баланд бўлса, шунча яхши” деган сўров билан мурожаат қилган экан. Aдигея раҳбариятига ҳам худди шундай сўровнома жўнатилган эмиш. Бу маълумотларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги манбаларнинг виждонига ҳавола!
Бундан ташқари, 2023 йил 6 ноябрда Қорачой-Черкесия муфтийси Исмоил Бердиев Адам Қодировга Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг мукофоти - 1-даражали “Умматга хизматлари учун” орденини топширди.
2023 йил 15 ноябрда Чеченистон Республикаси Мусулмонлари диний бошқармаси Адамни “Ислом динига хизматлари учун” 1-даражали ордени билан тақдирлади.
2023 йил 17 ноябрда Адам "Россия меҳнат жасорати" ордени билан, шунингдек, 1-даражали "Россия махсус кучлари университетини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" медали билан мукофотланган.
Адамга кетма-кет орден-медаллар ва фахрий унвонлар берилгани рус жамиятида бироз норозилик, бироз истеҳзо ҳамда кулгуга сабаб бўлди. Интернет тармоқларини Адамнинг бошдан-оёқ медалларга бурканган фотомонтаж “мем”лари босиб кетди.
Экспертларнинг айтишича, Адам Қодировга бундай эътибор берилгани ва шов-шув кўтарилгани бекорга бўлмаган. Бу “спектакл” унданда ўткирроқ муаммодан одамларни чалғитиш, ОАВ ҳамда аудитория “чайнаб туриши” учун атайлаб уюштирилган. Ўткир муаммо эса Адам эмас, Рамзан Қодировнинг ўзи билан боғлиқ.
Беморлик ҳақидаги илк шубҳалар
2022 йилдан бошлаб, Рамзан Қодировнинг интернет фаоллиги кескин пасайиб кетди. У бир муддат ОАВ саҳифаларидан ғойиб бўлгани унинг ёки ўлгани ёки оғир (ҳатто тузалмас) хасталикка чалингани ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлди. Шундай кейин Чеченистон раҳбари спорт билан шуғулланаётган, оғир тош кўтараётган ёки мажлис ўтказаётгани тасвирланган видеоматериаллари билан яна оммага кўриниш бера бошлади.
Бироқ, кузатувчиларнинг айтишича, янги видеотасвирларда республика раҳбарининг хасталиги шундайгина “юзига уриб турарди”. Гарчи Рамзан Қодиров ҳар доимгидек соғлом ва тетик кўринишга уринсада, унинг кўзи ва юзлари шишгани, гапириш ва юришлари ҳам сустлашгани оғир хасталик аломатларидан дарак беради. Видеокадрларда ҳам у фақат бир позада ўтиради, кўп гапирмайди. Уни йирик “план”да кўп кўрсатишмайди. Буни интернет фойдаланувчилари республика раҳбари танасидаги оғриқлар ва умумий аҳволининг оғирлиги билан изоҳлашган.
Шундай видеолардан бирида Рамзан Қодиров “одам барибир ўлади, гап кўп ёки кам яшашда эмас, уни қандай ўтказишда” дегани ҳам унинг интернетдаги мухлислари қалбига қайғу солиб қўйди. Расмий Москва бунга изоҳ бермади. Уни касалхонада кўришгани ҳақидаги хабарларни рад этиш учун ўзининг амакисини кўргани шифохонага борганини айтиб, шу мазмундаги видео интернетга жойланди.
Шу миш-мишлар фонида Рамзан Қодиров расман таътилга чиққанини маълум қилди. Тегишли буйруқ мамлакат раҳбари ва ҳукумати сайтида эълон қилинди. “Мен 2023 йил 3 июлдан йиллик тўланадиган таътилга чиқаман. Таътил давридаги Чеченистон Республикаси раҳбарининг вазифаларини Чеченистон Республикаси ҳукумати раиси Хучиев Муслим Магомедовичга топшираман”, дейилади ҳужжатда.
2023 йил кузида даволаниб чиққан Рамзан Қодиров аввалгидан ҳам кўра кўпроқ оммага кўриниш бера бошлади. “Вёрстка” нашрининг ёзишича, Россия федерал “Пи-Ар”чи мутахассислари Путин администрацияси билан келишган ҳолда Чеченистон мулозимларига шундай йўл тутишни маслаҳат беришган. Адамни тақдирлаш билан боғлиқ маросимлар занжири ҳам уларнинг маслаҳати бўлиши мумкин.
Ташхис ҳам қўйилган...
«Новая газета. Европа» нашрининг ёзишича, 47 ёшли Рамзан Қодиров ростан ҳам оғир бемор. Нашрнинг аноним манбалари хабар қилишича, шифокорлар 2019 йил январ ойида Қодировга “панкреонекроз” – “ошқозон ости безининг некрози (ўлиши)” ташхисини қўйишган.
2019 - 2020 йилларда Чеченистон раҳбари бир неча марта режадан ташқари таътил олиб, даволаниш учун Москвага бориб келган. Бироқ Қодировнинг атрофидагилари унинг соғлиги бўйича муаммолар борлигини рад этиб келишади.
2020 йилга келиб, Қодиров тез озиб кета бошлади. Буни панкреонекроз кучайиб кетаётгани билан изоҳлашади. Бу хасталикнинг илк белгиларидан бири тез вазн йўқотиш ҳисобланади. Чунки панкреонекрозда тез-тез ва кучли қайт қилиш ҳамда ич кетиши бунга сабаб бўлади.
Панкреонекроз қандай хасталик?
Панкреонекроз - ошқозон ости безининг некрози хасталиги бўлиб, у кўпинча панкреатит – ошқозон ости безининг яллиғланиши билан бошланади. Маълумки, ошқозон ости бези овқат ҳазм қилиш жараёнида иштирок этади. Шунингдек бу без инсулин гормони ишлаб чиқаради. Безнинг издан чиқиши ёки тўлақонли фаолият юритмаслиги беморда овқат ҳазм қилиш тизими ишининг издан чиқиши ҳамда қандли диабет хасталиги бошланишига олиб келиши мумкин. Кўпинча бу безнинг овқат ҳазм қилишга ёрдам берувчи секрецияси (суюқлиги) бевосита без ичида фаоллашиб кетади ва безнинг яллиғланишига олиб келади.
Бу жараён даволанмаса ёки кучайиб борса, панкреонекрозга айланади, яъни без тўқималари ўла бошлайди. Бу эса бутун тананинг интоксикацияси – заҳарланишига, бошқа аъзоларга ҳам салбий таъсир қилишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу хасталикнинг леталлиги, яъни ўлим билан якунланиш эҳтимоли унинг қанчалик оғирлигига боғлиқ. Агар панкреонекроз натижасида йирингли перитонит бошланса, турли тиббий манбаларга кўра, 10-60 фоизни ташкил этади.
Масалан, Россия статистика идорасидаги маълумотларга кўра, 2021 йилда ошқозон ости бези хасталикларидан, айниқса уларнинг энг кўп тарқалган шакли – ўткир панкреатитдан Россияда 10 минг киши вафот этган.
Панкреонекрозга сурункали алкоголизм, наслий омил, оқсилли овқатни кам истеъмол қилиш, ўт қопида тош йиғилиши ва бошқа жиҳатлар сабаб бўлиши мумкин.
“Коронавирус дардни оғирлаштирган”
Гарчи Рамзан Қодировга панкреонекроз ташхиси 2019 йил январда қўйилган бўлсада, 2020 йилда пандемияга айланган короновирус хасталикнинг оғирлашиб кетишига сабаб бўлган. Бу ҳам камлик қилгандек, короновирус асоратлари натижасида Рамзан Қодировнинг эндокрин тизимида ҳам муаммолар пайдо бўлган.
Рамзан Қодиров 2020 йилда 2 марта Марказий клиник шифохонага ётиб чиққан. Буни ўзи ҳам тан олган. Лекин беморлиги учун эмас, “йилига 2 марта режали диспансеризация”дан ўтиб туришини айтган.
Спорт билан шуғулланишини оммага ошкор этишга ўрганган Рамзан Қодировнинг 2022 йил баҳор ойидан кейинги видеоларида унинг қорни каттаргани ва юзида шишлар пайдо бўлганини кўриш мумкин. Ҳар ҳолда синчков журналистлар шу ҳақда ёза бошлади. Қодиров кўринишидаги ўзгаришларни улар соғлиғи ёмонлаша бошлагани ва ўпка ҳамда буйракларда сув йиғила бошлагани билан изоҳлашга уринган. Шундан бошлаб республика раҳбари омма олдига камроқ чиқаётгани ва у одатдагидан кўра қалинроқ кийина бошлагани кўзга ташланади.
Шунингдек, “Build” нашрининг маълум қилишича, Қодиров Абу Дабидаги (БАА) шахсий клиниканинг нефролог (буйрак хасталиги бўйича) шифокори қўлида даволаниб туради.
Журналистларнинг ёзишича, 2023 йил кузда Рамзан Қодиров Россия президенти Ишлар бошқармасига тегишли Марказий клиник шифохона реанимация бўлимига ётқизилади. Беморда ўткир ўпка етишмовчилиги, яъни ўпкани сув олгани боис нафас олиш қийинлашгани қайд этилади. Шифокорлар беморнинг аҳволини яхшилаш учун уни тиббий комага туширишади ва сунъий нафас олдириш аппаратига улаб қўйишади.
«Новая газета»нинг ёзишича, Москва шифокорлари, шунингдек, Қодиров бош миясини МРТ қилишган ва унинг хасталиги когнитив функцияларига салбий таъсир кўрсатишини аниқлашган. Бу эса Қодиров ҳудуд бошқарувини эплай олиши қийин деган хулосага олиб келган.
Журналистларнинг айтишича, Рамзан Қодировнинг хасталиги тузалиш эҳтимоли жуда камлиги ва унинг раҳбарлик қобилиятига путур етказиши мумкинлиги боис, Кремл унинг ўрнига раҳбарликка янги номзодларни аллақачон кўриб чиқа бошлаган. Бу борада расмий муносабатлар йўқлиги туфайли, фақат эҳтимолий номзодларни тахмин қилиш мумкин холос.
Адам Қодиров
Юқорида кўп тилга олинган Адам Қодиров, гарчи Қодировнинг суюкли фарзанди ва ака-укалари ўртасида “ўткирроғи” бўлсада, унинг чеченлар, Чеченистон элитаси ва Кремл ҳузуридаги обрўси катта эмас. Қолаверса, бу лавозимга ўтиришга ҳали том маънода ёшлик қилади. Боз устига, ундан катта акаси ҳам бор. Эслатиб ўтадиган бўлсак, Қодировнинг отаси Ахмат Қодиров портлашда ҳалок бўлганида, чеченистонлик фаоллар Владимир Путиндан қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиб, Чеченистон президентлигига (ўша пайтда президент лавозими мавжуд эди) ўтиш ёшини камайтиришни илтимос қилган эди. Чунки ўшанда Қодиров 28 ёшда бўлиб, қонунчилик бўйича Чеченистон президенти 30 ёшга тўлган бўлиши керак бўлган. Бироқ Путин бунга рози бўлмаган.
Қодиров 30 ёшигача турли лавозимларда ишлаб, 30 ёшга тўлгачгина ҳозирги лавозимига тайинланган эди. 17 ёшли Адам учун бундан ҳам қулайроқ шароит яратиб беришлари мантиққа тўғри келмайди.
Лекин Қодировнинг кўнгли Адамда, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Қодиров ҳам ёшлигида отасининг хавфсизлик хизмати бошлиғи бўлган. Адам ҳам ҳозир шундай лавозимда.
Апти Алаудинов
Апти Алаудинов (1973 йилда туғилган) 202-2021 йилларда Чеченистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари – полиция бошлиғи лавозимида ишлаган. Полиция генерал-майори (2012). Генерал-майор (2022). Россия Федерацияси қаҳрамони (2022). Чечен Республикаси қаҳрамони (2023). Сиёсатшунослик фанлари номзоди (2013). Алаудинов аввал Чеченистон раҳбарига қариндош бўлмасда, “оила”га жуда яқин шахс ҳисобланган.
Бироқ шу орада бир кичик хатоси билан Қодировга ёмон кўриниб қолган. Россия Украинага бостириб киргач, Апти ўзини кўрсатиб, яна номини оқлаб олди. 2022 йилдан асосан Украинага қарши уруш учун ташкил этилган “Ахмат” кўнгилли ҳарбий тузилмасининг қўмондонига айланди. 2022 йилда Алаудинов “Ахмат” махсус кучларига бош бўлиб, Украинага қарши урушга кирди. Шу ерда у генерал-майор ҳарбий унвони ва “Россия Федерацияси қаҳрамони” юлдузини олди.
Бир қарашда Апти Чеченистон раҳбарлигига муносиб номзод. Ҳатто “фаворит” номзод. У совет армияси зобити оиласида Ставрополда туғилган. Рус ва совет мафкураси муҳитида улғайган. Қодиров каби аввалида Чеченистон мустақиллиги учун курашган эмас: аксинча, унинг отаси ва акаси мустақиллик учун курашган Дудаев қўшинларига қарши курашда вафот этишган. Аптининг миллати чечен бўлсада, характери ва тарбияси кўпроқ русларга тортиб кетади.
Гарчи Алаудинов аскарлари кўп видео олиб, интернетга жойлайверишгани боис “тик-ток қўшинлар” лақабини олган бўлсада, Евгений Пригожин исён кўтарганида ўзини кўрсата олди. Аввалдан Пригожин бошлиқ “Вагнер” қўшини билан келишмай юрган “ахматчилар” Россия армияси тарафида туришди. Ҳатто исёнкор “Вагнер”чилар исёнини бостириш учун уларни таъқиб эта бошлади. Тўғри, улар учрашишга улгурмасдан Пригожин таслим бўлган бўлсада, Алаудинов президент Путин олдида ўз садоқатини исботлаб, унинг меҳрига сазовор бўлишга улгурди.
Бу ҳам “камлик қилгандек”, 2024 йил апрел ойидан Москвага чақиртирилиб, Россия Қуролли Кучлари Бош ҳарбий-сиёсий бошқармасининг бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. Эски совет армияси тили билан айтганда, Апти ҳозир Россия армиясининг бош “политруки” – аскарларнинг давлатга содиқлигини таъминловчи шахслардан бири.
Алаудинов “фойдасига” яна бир факт: 2023 йил декабр куни «Единая Россия» партиясининг Москвада ўтказилган 21-съездида Рамзан Қодиров эмас, шу даврда Украинага қарши урушаётган ҳарбий тузилма раҳбари Апти Алаудинов Чеченистон вакили сифатида сўзга чиққан. Журналистларнинг таъкидлашича, Алаудинов чеченча талаффузсиз, тоза рус тилида, дипломатик ва хотиржам оҳангда сўзлади. Бу билан у “мен сиз ўрганган ваҳший ва чаласавод чечен аскар эмас, мен маданийлашган чеченман” демоқчи бўлган эмиш. Шунга кўра, Алаудиновни Путин ишонган шахслардан бир сифатида кўришади.
Хуллас, “сопини ўзидан чиқариш”нинг ҳадисини олган Кремл учун Апти жуда маъқул “соп”. Лекин шу билан бирга, у барибир чечен ҳисобланади: ўз миллий ва диний илдизларини кесмаган.
Ғарб ОАВ Алаудиновни ҳам гўёки Рамзан Қодировга ёқмаган одамларни ўлдириш ва “махфий чечен қамоқхоналари” қийноққа солишда айблаб келади.
Бироқ, Қодировнинг хорижга қочган танқидчиларидан бири, Чечен Республикаси раҳбарининг оғир хаста эканлиги ҳақида биринчилардан бўлиб хабар тарқатган блогер Тумсо Абдураҳмоновнинг айтишича, бошқа номзодлардан кўра Алаудинов чечен халқига кўпроқ маъқул келиши мумкин. “Икки ёмондан яхшироғи танланса, Алаудиновни танлаш керак” деган блогер.
Лекин, Алаудиновнинг ҳозирги лавозими ва ҳарбий карьераси учун Чеченистон каби кичик бир субъект раҳбарлигига қайтиши - ўсиш эмас, тушиш ҳисобланади. Шу боис унинг ўзида ҳам шахсий ташаббус ёки қизиқиш бўлмаслиги эҳтимоли катта. Тўғри, ҳарбий одам бошлиқ қаёққа жўнатса ўшаёққа кетаверади. Бироқ айни шароитда Алаудиновни Чеченистон раҳбари сифатида тасаввур қилиш қийинроқ. Қолаверса, Кремл ҳам Алаудиновни бошқа сиёсий “миссия”лар учун мўлжаллаб қўйган бўлиши мумкин. Бир ёзувчи айтганидек, атом кучини ўтин ёришга сарфлашмаса керак, ҳар ҳолда.
“Лорд”
Магомед Даудов - Чеченистон Республикаси парламентининг раиси. Қодиров уни эркалаб “Лорд” деган лақаб билан чақиради. Чеченистонда энг қудратли шахслардан бири. Қодиров “оила”сига жуда яқин ва содиқ мулозимлардан. Ҳатто республикада Қодировдан кейин иккинчи қудратли шахс ҳисобланади. Қодировнинг ўзи тан олишича, Магомед “ўз ишига жуда масъулият билан ёндошади, вазифаларини тўлиқ адо этади”.
Магомед биринчи чечен уруши даврида 14 ёшда бўлсада, қариндошларига қўшилиб, рус армиясига қарши курашган. Иккинчи чечен урушида эса Ахмат Қодиров ортидан бориб, Россия армияси тарафида туриб урушган.
Бироқ россиялик ҳуқуқбонлар ҳамда хориж ОАВлари “Лорд”ни қийноқлар ва инсон ҳуқуқларини бузишда, қўполлик ва ваҳшийликда айблашади. Магомед Даудов шу “хислат”лари боис 2014 йилдан буён кўплаб ғарб давлатларининг санкция рўйхатларига киритилган. Бироқ Кремл миқёсида Даудов номзод сифатида кўрилмаслиги мумкин. Журналистларнинг қайд этишича, Рамзан Қодиров ҳам уни кўпроқ ижрочи сифатида яхши кўради, бошқарувчи сифатида эмас.
Ва бошқалар...
Қолган номзодлар эса у ёки бу белгисига кўра, Чеченистон раҳбарлиги лавозимига муносиб кўрилиши мумкин. Уларнинг аксарияти Рамзан Қодиров маъмурий офисида ишлайдиган маслаҳатчилар, турли кенгашларнинг раислари ва вазирлардир. Масалан, қонун бўйича, республика раҳбари таътил ёки бошқа сабабларга кўра ўз вазифаини бажара олмаса, унинг ўрнига Чеченистон Республикаси ҳукумати раиси (айни пайтда Муслим Хучиев) ҳудудга раҳбарлик қилади.
Бироқ, айрим тахминларга кўра, Рамзан Қодиров ўрнига ўзига маъқул, унинг оиласи манфаатларига зид иш қилмайдиган номзод бўлишини истайди. Шу боис Путин билан “савдолашаётган” ёки ҳеч бўлмаса ўзи амалдан кетганида оиласи хавфсизлиги ҳамда маъмурий-молиявий манфаатлари сақланиб қолиши учун кафолат олишга интилаётган бўлиши мумкин.
Лекин бир нарсани унутмаслик керакки, сиёсат шахмат ўйинига ўхшайди. Урилган доналар қутига тушади. Уларнинг манфаати ёки хоҳиш-иродаси кейин ҳеч кимни қизиқтирмай қўяди. Ён қўшнимиз Қозоғистон мисолида олсак ҳам, собиқ президент Нурсултон Назарбоев бошқа Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари каби ўлгунича президент бўлиш, оиласи, қариндошлари ва ҳамтовоқлари манфаатларини таъминлайдиган муносиб номзод қолдиришга улгурмасдан ўлиб қолишдан қўрққан бўлиши мумкин. Чунки, яқин ўтмишдаги мисоллардан маълумки, бундай ҳолда у ва оиласи тўплаган бойликлар ва манфаатлар дарров йўқ бўлиб кетиши, янги бошлиқ, унинг оиласи ва “команда”си ўртасида қайта тақсимланиши, ҳатто айрим қариндош ва шотирлари қонун олдида жавоб бериши ҳам мумкин. Бироқ Назарбоевнинг режаси ҳам пучга чиқди. У ўзига садоқатли деб ўйлаган янги президент ўз билганича, мустақил сиёсат юритишга ўтди. Шу пайтгача юз берган воқеалардан кўриниб турибдики, эски раҳбарнинг манфаатларини аяб ўтиргани йўқ.
Шубҳали “кафолатлар” ва мавҳум келажак
Шубҳали “кафолатлар” ва мавҳум келажак
Рамзан Қодиров ва унинг тарафдорлари ҳозир ҳар қанча савдолашмасин ва ҳавойи ваъда ҳамда “кафолатсиз” кафолатлар олмасин, келажакда уларга қаттиқ умид боғлаш қийин. Қодировнинг ўзи ҳам бир неча бор айтгандек, у “Путиннинг оддий пиёдаси” холос. Унинг ўрнига ким бўлиши ва оиласи манфаатлари ҳамда хавфсизлиги сақланиши масалаларининг ечими Путин истагандек ҳал қилинади.
Қолаверса, ҳозирги тахминларнинг бирортаси рўёбга чиқмаслиги ҳам мумкин.
Аслини олганда, Кремл Рамзан Қодиров каби садоқатли ва кўпфункционал, чеченларнинг барча “тейп” (уруғлари)га баравар гапи ўтадиган, араб ва мусулмон олами билан муносабатларда воситачилик қила оладиган самарали сиёсатчини топиши мушкул бўлади. Бироқ, Путин ҳеч ким танимаган, аммо ўзига маъқул бир номзодни, Чеченистонда туғилиб-ўсмаган ва ҳатто чечен миллатига мансуб бўлмаган одамни ҳам Республикага бошлиқ қилиб қўйиши мумкин. “Тарбияланиш”га қобилиятли ҳамда садоқатли шахс бўлса кифоя, уни “тарбиялаб” олиш қийин бўлмайди.
Қолаверса, ҳозирги тахминларнинг бирортаси рўёбга чиқмаслиги ҳам мумкин.
Аслини олганда, Кремл Рамзан Қодиров каби садоқатли ва кўпфункционал, чеченларнинг барча “тейп” (уруғлари)га баравар гапи ўтадиган, араб ва мусулмон олами билан муносабатларда воситачилик қила оладиган самарали сиёсатчини топиши мушкул бўлади. Бироқ, Путин ҳеч ким танимаган, аммо ўзига маъқул бир номзодни, Чеченистонда туғилиб-ўсмаган ва ҳатто чечен миллатига мансуб бўлмаган одамни ҳам Республикага бошлиқ қилиб қўйиши мумкин. “Тарбияланиш”га қобилиятли ҳамда садоқатли шахс бўлса кифоя, уни “тарбиялаб” олиш қийин бўлмайди.
Шу билан бирга, Кремлнинг Чеченистондаги “ўтиш даври миссия”си деярли якунланди: чеченларнинг мустақилликка интилиши бостирилди (хорижда юрган айрим диссидентларни айтмаганда) ва бунга имкониятлар йўқ қилинди, 90-йилларда Чеченистон мустақиллиги учун курашган чеченлар шунчаки “террорчилар” экани ҳақида фикрлар, Путин ва Россияга муҳаббат ҳамда садоқат туйғулари чеченлар қалбига “сингдирилди”, республика ҳар жиҳатдан тўла Москва назорати остига ўтказилди. Рус интернет жамияти доимо норози бўлиб келган масала – “Чеченистонга “тинч юриши ва Москвага бўйсуниб туриши” эвазига катта пул ва дотация ҳамда имтиёзлар бериш ҳам энди тўхтатилиши мумкин. Чунки бунга ҳожат қолмади. Чеченистон ҳам худди Россиянинг ҳамма вилоятлари қатори оддий бир субъектига айланиб қолиши мумкин.
Рамзан Қодиров тузган ва ўзига садоқатли деб ҳисобловчи турли қуролли гуруҳларга келсак, улар ҳам аслида Россия армиясининг бир қисми ва Москвада ўтирган вазир ёки қўмондонга бўйсунади. Қисқа қилиб айтганда, улар ҳам барча ҳарбийлар каби, “қирол ўлди, яшасин қирол” шиорига амал қилишга мажбур. Аскарлик бурчи ва ҳарбий низом шуни талаб қилади. Тарихда кўп марта тасдиқланганидек, бугунги баландпарвоз ғоя ҳамда режалар, чиройли шиорлар бугунги раҳбар “тахтда” эканида долзарб бўлиб туради холос. Эртага қандай шиор ва ғоялар урф бўлишини эса эртага хўжайинлик қилувчи раҳбар белгилаб беради...