platina.uz

Наманганда аҳолининг маблағини ўзлаштирган солиқчи фош бўлди

Солиқ инспектори фуқароларнинг тўлаган пулларини кирим қилмасдан шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. 

Жамият
9 май, 16:11
Наманганда аҳолининг маблағини ўзлаштирган солиқчи фош бўлди

Наманган вилояти, Уйчи туманида аҳолининг солиқ учун тўлаган пулларини кирим қилмасдан шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган солиқ инспекторига жазо тайинланди. Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг очиқ суд мажлисида мазкур иш кўриб чиқилган. Суд ҳуми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Айтилишича, судланувчи 2020-2023 йиллар оралиғида солиқ инспекцияси жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлимининг давлат солиқ бош инспектори лавозимида ишлаб келган. У фуқаролардан Уйчи тумани ДСИ биносида маҳаллий ер ва мол-мулк солиқлари учун пул маблағи ундирилиши юклатилганлигидан фойдаланиб, 2020-2022 йил ҳамда 2023 йилнинг май ойига қадар жами 229 нафар фуқаролардан 254 та ҳолатда 77.733.000 сўм маҳаллий ер ҳамда мол-мулк солиғи пул маблағи ундириб, уларга пул маблағи солиқ тўловлари учун олинганлиги тўғрисида тўлов квитанциялари тақдим қилиб, ундирилган пул маблағини инспекциянинг банкдаги ҳисоб рақамига топширмасдан талон-торож қилган.

Судланувчи суд муҳокамасида айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг айби судда гувоҳлар кўрсатмасига кўра ҳам исботланди, дейилади ҳукмда. Шу билан бирга Жиноят кодекси 167-моддасининг 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.

Суд солиқчини ЖК 59-моддасига кўра, узил-кесил, 1 йил 3 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Айбдор сутканинг соат 22-00дан соат 06-00гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиши тақиқланади. Шунингдек, у етказган зарар ҳам қопланиши белгиланган.

Бунда Наманган вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига тўланган 46.602.000 сўм пул маблағи Уйчи туман давлат солиқ инспекцияси ҳисоб рақамига ўтказилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+