platina.uz

Эндиликда грантлар юқори баҳога ўқиган талабаларга ҳам берилади

Давлат грантини 4 йилга битта талабага бериш тартиби бекор қилинади. Президент бу тизимни адолатни йўлга қўйиш кераклигини айтди. 

Жамият
7 май, 8:11
Эндиликда грантлар юқори баҳога ўқиган талабаларга ҳам берилади

Энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади. Бу ҳақда президент Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Малака талаблари бўйича ҳам долзарб масалалар кўп. Юртимиздаги айрим мезонлар халқаро стандартларга ва иш берувчи талабларига тўлиқ мос келмайди. Меҳнат бозорида мавжуд 8 мингга яқин ишчи касбдан 5 мингдан ортиғи бўйича малака стандартлари ишлаб чиқилмаган. Борлари ҳам аниқ ва сифатли эмас.

Шунингдек, малакани баҳолаш марказларида сертификатлаш йўлга қўйилмаган. Миллий малака тизимига доир жараён ва ҳужжатлар Электрон платформада юритилмайди.

Шу боис Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил қилиб, иш берувчилар билан бирга малака талабларини тўлиқ ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

– Бу аҳоли бандлигига бевосита дахлдор долзарб масала. Шунинг учун бу борада қонунлар ишлаб чиқиб, вазирлик ва идоралар масъулиятини белгилаш, ижроси устидан назоратни кучайтириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тақдимотда муҳандислик соҳасидаги таълим сифати ҳам таҳлил қилинди.

Мамлакатимизда йилига 3 мингдан зиёд саноат корхоналари ташкил этилиб, 146 минг иш ўрни яратилаяпти. Уларда йилига 25 мингдан зиёд муҳандис ва технологларга эҳтиёж бор.

Бу йўналишда 33 та давлат олийгоҳида кадрлар тайёрланса-да, таълим сифати талаб даражасида эмас. Илғор хорижий университетларда аллақачон тўхтатилган айрим фан ва мутахассисликлар ҳали ҳам ўқитилмоқда. Ўқув режа ва дастурларининг қарийб ярми меҳнат бозори ва халқаро стандартларга жавоб бермайди.

Мутасаддиларга ушбу таълим йўналишида кескин ўзгариш ясаш бўйича кўрсатмалар берилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+