platina.uz

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанча?

Беш йил ичида ташқи қарз деярли икки баробар ортди. Бюджет тақчиллиги эса 2024 йилнинг биринчи чорагидаёқ 20 триллион сўмни ташкил этган.

Иқтисод
6 май, 10:23
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанча?

Ўзбекистон ташқи қарзи 2023 йилнинг охирига келиб 29,6 миллиард АҚШ долларига етди. Бу 2022 йилга қараганда бироз кўп. Бироқ халқаро валюта жамғармаси йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг давлат қарзини "мўътадил" дея баҳолаган.

Дарвоқе, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий маълумотларига кўра Ўзбекистоннинг давлат қарзи сўнгги йилнинг тўртинчи чорагида 31,9 миллиард АҚШ доллар кўрсаткичига эга. Ташқи қарз давлат умумий қарзининг катта улушига тўғри келади. Яъни 2023 йилнинг биринчи чорагида 25,9 миллиард АҚШ доллар, иккинчи чорагида 25,8 миллиард АҚШ доллар, учинчи чорагида 26,1 миллиард АҚШ доллар, тўртинчи чорагида 29,6 миллиард АҚШ долларни ташкил этади. Бунинг ЯИМга нисбати мос равишда 31.3%, 30.2%, 29.9%, 32.6% га тенг.

Ташқи қарз, асосан, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, ёқилғи-энергетика саноати, транспорт ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ ва сув хўжалиги, уй-жой коммунал хўжалиги, тадбиркорлик фаолияти ва саноат ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот ва коммуникация технологиялари каби соҳаларга йўналтирилган.

Давлат ташқи қарзи 5 йиллик даврда:
- 2019 йилда - 15.7 миллиард АҚШ доллар;
- 2020 йилда - 21.1 миллиард АҚШ доллар;
- 2021 йилда - 23.6 миллиард АҚШ доллар;
- 2022- йилда - 25.9 миллиард АҚШ доллар;
- 2023- йилда - 29.6 миллиард АҚШ доллар.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонга ташқи қарз Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молиявий институтлардан жалб қилинган ва бунинг ижобий томони уларда ставкалар нисбатан паст эканлиги билан характерланади.

2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра давлат ташқи қарзи кредиторлари кесимида Хитой, Япония, Жанубий Корея, Франция, Россия ва бошқа давлатлар ўрин олган.

Қарзнинг қайтарилиш жараёни қандай?

Finlit.uz сайтининг маълумотига кўра қарзнинг асосий миқдоридан фойдаланиш эвазига қарз шартномасига амал қилиш даврида қарз олувчи томонидан қарз берувчига ҳисобланган устама кўринишида фоиз тўловлари ҳамда қарзни қайтариш жадвалига мувофиқ асосий миқдор тўловлари амалга оширилади. Бунда таҳлилий мақсадларда ташқи қарзлар муддатлари бўйича қисқа (сўндирилиш муддати 1 йилгача бўлган) ва узоқ муддатли (сўндирилиш муддати 1 йилдан узоқ бўлган) қарзларга таснифланиши мумкин.Таҳлилан...

Ташқи қарз келажак ҳаётда аҳоли елкасига юк бўлади, дея куйинаётганларга Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим қилган маълумотга асосан 2024 йилнинг биринчи чорагида давлат бюджети тақчиллиги қарийб 20 триллионни ташкил қилгани гўё дард устига чипқондек туйилади. Гап шундаки, "Давлат буджети ҳақида"ги қонунга кўра 2024 йил учун бюджет даромадлари 270.4 триллион сўмни, харажатлар эса 280.7 триллион сўмни, яъни 10 триллионлик тақчилликни ташкил этиши прогноз қилинган эди. Бироқ натижа кутилмагандек: прогноздаги 10 триллионлик тақчиллик ва 2024 йилнинг биринчи чорагидаёқ 20 триллион сўмлик тақчиллик. Иқтисодчи Жамшид Муслимовга кўра "У ёки бу молиявий режа катта суръатда меъёрдан ошаётган бўлса, бунга икки хил сабаб бор: ё кутилмаган ҳодисалар ( масалан, пандемия, табиий офатлар, ҳар хил сиёсий вазиятлар, дейлик, уруш), ё даромадлар камайиб кетиши ёки харажат кўпайишига параллель равишда даромад кўрсаткичларининг ҳам пасайиши. Агар жиддий ўзгариш содир бўлмай, дефицит ортиб бораётган бўлса, демак, чигаллик режаларда ёки режалаш тўғри бўлгану, ижрода муаммо бор".

Агар дефицит ортиб борса, нима бўлади?

Давлат ё ички, ё ташқи қарзга мурожаат қилади. Давлат қарзи - бу халқнинг қарзи. Унинг сўндирилиши солиқлар, жарималар ҳисобига бўлса, ижтимоий фойда чоғроққина миқдорга тушиб қолиши аниқ. Хўш, бундай вазиятда нима мувофиқ чора бўла олади? Иқтисодчи Жамшид Муслимовга кўра Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида ўз ўрнини қатъий топиб олиши муҳим. Табиий газ, пахта каби ресурсларни ташқарига чиқариш самарасиз, чунки уларнинг нархи кескин тушиб, кескин кўтарилади. Агар технологик ихтисослашган тизимга улансак, у ерда узоқ муддатли шартномалар ишлаши ҳисобига Ўзбекистон кафолатланган савдога эга бўлади. Тасаввур қилинг: литий қазиб олинди. Энди уни дарров сотиб юборишга шошилмаслик керак. Литийдан қимматбаҳо аккумуляторлар ясайдиган заводларни Ўзбекистонда қурган мақбул, чунки бу йўл ишлаб чиқарилган маҳсулотни қимматга сотиш, бўш иш ўринларини яратиш, мутахассислашган глобал тизимга уланиш билан ниҳояланади. Бунда логистик масалага ҳам аҳамият бериш шарт.

Хулласи калом, бюджет шундай бир доираки, унинг тенг ярмида даромад турса, иккинчи бўлаги харажатларга тааллуқли. Демак, ташқи қарз қўрқинчли эмас. Зеро бирор мамлакатга қарз бераётган давлатлар ўз номига инвестиция жалб қилаётган томоннинг иқтисодий аҳволини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилади. Аммо ташқи қарзнинг қандай сўндирилиши, чиндан ҳам, ҳафсала билан ўйлашни талаб қиладиган жиҳат.

Сўғдиёна Собирова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+