Каспаровнинг асл қиёфаси: ватани, оиласи ва мухлисларини сотган шахматчи
Гарри олтин қоидани писанд қилмаётгани тушунмовчиликлар келтириб чиқараётган бўлса эҳтимол...
Жорий йилнинг 24 апрел куни Россиянинг Сиктивкар шаҳар суди Гарри Каспаровни террорчилик жамиятини тузиш, террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва оммавий равишда террорчиликка чақириқлар каби айбловлар билан сиртдан қамоққа олди.
У билан бирга Озод Россия форуми сиёсий ҳаракатининг бошқа аъзолари – Иван Тютрин, Евгения Чирикова ва Геннадий Гудков ҳам сиртдан қамоққа олинган.
Бироқ ОАВ бу ҳодисани форумнинг 2023 йил ноябр ойида Украина учун уришаётган рус кўнгиллиларини қўллаб-қувватлаш учун кимошди савдоси ўтказганига жазо сифатида баҳолашмоқда
Who is Mr. Kasparov?
Гарри Каспаровни ҳозирги авлод сиёсатчи ва журналист сифатида билади. Бироқ яқин ўтмишда унинг номи фақат шахмат билан боғлиқ ҳолда тилга олинар эди.
Гарри Каспаров гроссмейстер, 1985 йилда амалдаги чемпион Анатолий Карповни мағлуб этиб, шахмат бўйича 13-жаҳон чемпиони бўлгани, яна кўплаб нуфузли шахмат мусобақаларида ғолиб чиққани билан машҳур. Ҳозир хорижда яшайди. Амалдаги Россия ҳукуматига қарши сиёсий фаолияти ва баёнотлари билан тилга тушган.
Каспаров 1963 йилда Озарбайжон ССР пойтахти Боку шаҳрида, яҳудий зиёлиси Ким Моисеевич Вайнштейн оиласида туғилган. Отаси барвақт вафот этиб кетгани боис ёш Гарик Вайнштейн онаси Клара, бобоси Шаген ва ўша пайтдаги Тоғли Қорабоғда туғилган бувиси Сюзаннанинг тўлиқ таъсири остида тарбияланган. Шахмат бўйича таълим ва тарбияни эса машҳур шахматчи чемпион Михаил Ботвинник мактабида олган.
Бўлажак жаҳон чемпионининг яҳудий қариндошлари дарҳол болани тарбиялашдан четлаштирилди. Гарик бутунлай арманча тарбия олди. “Арманларнинг ҳамма халқлардан буюкроқ ва қадимийроқ” экани, “турклар ва умуман туркий халқлар дунёдаги энг ёвуз халқлар” экани ҳақидаги сафсаталар унга ёшлигидан сингдириб борилди. Айниқса, Озарбайжон ва Туркияга нисбатан нафрат туйғуси билан ўсди.
Гарри Каспаровнинг "ҳақиқий арман" сифатида якуний шаклланиш жараёни унинг фамилиясини ўзгартириш билан якунланди. 13 ёшида Гаррик Вайнштейн – Гарри Каспаровга айланди. Ҳозир вафот этган Клара Шагеновна Каспарова кейинчалик бу қарорни Гаррининг устозларидан бири, жаҳон чемпиони Михаил Ботвинникнинг дўстона маслаҳати билан изоҳлаган. Унинг сўзларига кўра, афсонавий совет гроссмейстери унга Вайнштейн каби яҳудий фамилия билан Гарик ҳаётда қийналиши мумкинлигини, бу фамилия билан ҳеч қачон жаҳон чемпиони бўла олмаслигини уқтирган эмиш.
Лекин орадан бир неча йил ўтгач, Михаил Ботвинникка "Шахматда ярим аср" китобини ёзишда ёрдам берган истеъдодли совет эссечиси Юрий Зерчанинов Михаил Моисеевичдан Каспаровнинг онаси айтган воқеа қанчалик ҳақиқат эканини сўраган. Ботвинник бунга шундай жавоб берган: "Дўстим, мен нафақат яҳудийман, балки ортодокс раввиннинг (руҳонийси) набирасиман!.. Нима деб ўйлайсиз, мен шундай дейишим мумкинми?!.."
Сиёсий фаолиятининг бошланиши
Каспаров 2005 йилда шахмат спортидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Бундан буён ўзини сиёсатга бағишлашини айтди.
Аслида гроссмейстрнинг сиёсат дунёсига кириб келиши узоқ 1984 йилда – у СССРдаги ягона ва ҳукмрон партия – КПССга қабул қилинганида бошланган. Каспаров бир йиллик номзодлик даврини ўтамасдан партияга ўтган, чунки ўша пайтда республика раҳбари бўлган Ҳайдар Алиевнинг кўрсатмаси унга кўмак берган.
Каспаров 1990 йилда Тоғли Қорабоғ ва арман-озарбайжон тўқнашувлари бошланганида оиласи билан Москвага кўчиб ўтди. Кейинчалик у бу воқеаларда СССР раҳбари Михаил Горбачев ва СССР махсус хизмати КГБни айблаб чиқди. Шу йили у КПСС сафидан чиққан.
Тоғли Қорабоғ масаласида Каспаров тўлиқ арманлар тарафида бўлди. Бир пайтлар туз ичган ва туғилган жойи – Озарбайжонни қоралаб чиқди. Арман қўшинлари Тоғли Қорабоғни босиб олиб, бу ерда бир неча асрдан бери яшаб келаётган минглаб озарбайжонлар кўчиб кетишлари учун чекланган вақт беришганига ҳам, озарлар ҳеч нарсаларини олишга улгурмай, жонини ҳовучлаб қочишганига ҳам, арман миллатчилари озарбайжонликларни хўрлаб ўлдиришганига ҳам “кўз юмди”. Бошқа арманлар каби у битта гапни тўтиқушдек такрорлаб, “Арманларни турклар геноцид қилган. Арманлар буюк, аммо жафокаш халқ, улар нимаики қилишмасин, доимо ҳақ” , дейишдан нариёғига ўтмади.
Каспаров озарбайжонлар уни ўз юртдошлари деб доимо мухлислик қилишлари ва ҳукумат даражасида ёрдам бериб келишганини ҳам осон унутди.
Шахмат бўйича уч карра жаҳон чемпиони Aнатолий Карпов кейинчалик чин дилдан ғазабланиб шундай сўзларни айтган:
“...У (Гарри Каспаров – муаллиф) Озарбайжондан олган ёрдамни унга бошқа ҳеч ким бера олмаган. Мен фақат тахмин қила оламан, лекин менимча, у Озарбайжондан мен бутун умрим давомида олганимдан кўпроқ нарсани олган. Ҳамма Каспаровни ёқтирар эди; унинг имкониятлари чексиз эди. Шундан кейин ҳам ношукурлик қилиш мумкинми?! Бу тўғри эмас! Aхир унинг ортида Озарбайжон турарди!..”
FIDE – Халқаро шахмат федерацияси собиқ президенти Кирсан Илюмжинов ҳам худди шундай руҳда гапирган:
“Унутмайликки, айнан Озарбайжон Гарри Каспаровни тарбиялаган. Агар Ҳайдар Aлиевнинг ғамхўрлиги бўлмаганида, Каспаров ҳеч қачон жаҳон чемпиони бўла олмасди. Ҳа, спортдаги маҳорат кўп нарсани ҳал қилади, лекин ҳамма нарсани эмас. Aгар сизга керакли эътибор ва ғамхўрлик беришмаса, катта ғалабалар ҳақида орзу қилиш жуда қийин."
Жаҳон чемпиони Гарри Каспаров озарбайжон халқининг меҳр-муҳаббатига, шахмат санъатининг юз минглаб мухлислари қўллаб-қувватлашига, Озарбайжон халқи етакчисининг оталарча ғамхўрлиги ва этиборига номуносиб жавоб берганини тан олишимиз керак...
Мухолифат – машҳурлик сари йўл
Гарри Каспаров сиёсатга киришини эълон қилгач, таваккалчилик катта, аммо машҳур бўлишга осонроқ йўлни танлади – мухолифат йўлига ўтди. Аввал “Бирлашган фуқаролик фронти” раиси бўлди. 2008 йилда эса “Солидарность” (Бирдамлик) Бирлашган демократик ҳаракатининг федерал бюроси таъсисчиларидан бири ва аъзоси бўлди. 2011 йилда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фондига етакчилик қилди. 2012 йил октябр ойида Россия мухолифати мувофиқлаштирувчи кенгашига сайланди. 2013 йилда эса “Путин режими” билан курашни давом эттириш мақсадида Россиядан чиқиб кетишини эълон қилди. 2014 йилда у Хорватия фуқаролигини олди. 2016 йилда Озод Россия форумининг ҳаммуассисларидан бирига айланди.
Гарчи Каспаров инсон ҳуқуқлари ва адолат деган жимжимадор ва жарангдор сўзлардан қурол сифатида фойдаланиб сиёсат оламида “жавлон урса”да, арман-озарбайжон можароси борасида бу тушунчаларни “вақтинча эсдан чиқарди”.
Ҳа, тўғри, вазият жуда оғир, хавотирли эди - этник асосда тўқнашувлар, Aрманистон билан бирлашиш талаблари билан Тоғли Қорабоғ автоном вилоятида арман сепаратизмининг кучайиши, Озарбайжон ерларининг арманлар томонидан босиб олиниши жуда мушкул аҳволга солади.
Воқеаларнинг бундай кучли босими ва ўзгарувчан вазиятлар таъсирида ўз позициясини аниқлаш, албатта, осон эмас. Бироқ, озарбайжонлик экспертларнинг хафа бўлиб ёзишича, агар Каспаров ҳеч бўлмаса жим туришни ва четга чиқишни маъқул деб билганида эди, Aрманистондаги қабиладошлари ҳам, Озарбайжондаги дўстлари ҳам уни тушунишлари мумкин эди.
Бироқ Каспаров Озарбайжонга бир челак туҳмат ёғдириб, ватандаги арман мафкурачилари томонидан ўйлаб топилган нафрат ва ксенофобия клишеларини мунтазам равишда такрорлашдан чарчамади.
Каспаров 2020 йил 13 октябрда “Эхо Москви” студиясига берган интервюсида 1988 йилда Сумгаит, Ганжа ва Бокуда содир бўлган воқеаларни арманларга мойиллик билан изоҳлар экан, озарбайжонларнинг Арманистондаги Кафан, Массист, Мегри туманларидан оммавий қувғин қилинишига сабаб бўлган ҳақиқатни атайлаб яширди.
Каспаров нафақат арманларнинг "ваҳшийликлари ва “погром”лари" ҳақида, балки Боку ва Сумгаитда деярли ҳар иккинчи озарбайжон оиласи ўз фарзандларининг ҳаётини хавф остига қўйиб, юзлаб арман оилаларини қирғинлардан қутқариб қолгани ва хавфсиз ҳудудларга чиқиб кетишга ёрдам бергани ҳақида ҳам сукут сақлади.
Aжабланарлиси ери шундаки, Гарри Каспаров Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси раҳбари сифатида кўр-кўрона ва ўз хоҳишига кўра бир ҳақиқатни бостириши, бошқасини якуний ҳақиқат сифатида кўрсатиши, бир халқни таҳқирлаши ва иккинчисини юксалтириши одатий ҳолга айланди.
Каспаровнинг ўзи жиҳатларни Miassin билан ўтказган интервюсида тан олди: "...Мен арманларнинг Қорабоғ учун адолатли курашида ёрдам бериш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим", деб таъкидлаган Каспаров бу суҳбатда.
Муҳожирлик арафасида...
Тан олиш керак, Россия ҳукумати 2010 йилгача бир қадар демократия ва матбуот эркинлигини имитация қилишга муваффақ бўлди. Халқ ҳаёти аввалгидан кўра фаровон, қонунлар ва улар ижросини таъминлаш деярли Ғарб стандартларига яқинлашиб бораётган эди. Бироқ 2011-2012 йилларга келиб Россия демократияси “осмонига қора булутлар” чиқа бошлади. Миллий ўзликка қайтиш, аслида эса ўтмишда қолган “шону шавкатли” империализм ва мустамлака даврларини қўмсаш туйғулари кучая бошлади. Ҳукумат белгилаб берган йўлдан юришни истамаган ҳур фикр сиёсатчи ҳамда журналистлар, умуман ўз овозига эга ҳар қандай жамият фаоллари таъқиб остига олина бошлади. СССРдан қолган иллат – Ғарб ва демократия билан боғлиқ ҳамма нарсага шубҳа билан қараб, рад этиш, рус миллати ва давлатчилигини ҳаммадан устун қўйиш кайфияти – шовинизм бош кўтара бошлади. Бу тенденция ҳукумат миқёсида, хусусан, Путин ташаббуси билан қўллаб-қувватланди.
2012 йил 21 феврал куни россиянинг феминист панк-рок-гуруҳи Pussy Riot “Биби Марям, Путинни ҳайда!” мавзусида “панк-ибодат” тадбири ўтказди. Жамоанинг барча аъзолари безориликда айбланиб қидирувга берилди ва кейинчалик қўлга олинди. 2012 йил 17 августда бадиий гуруҳ аъзолари Москванинг Хамовники тумани суди томонидан “диний нафрат асосида безорилик қилишда” айбдор деб топилди ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бундан норози бўлган жамоатчилик вакиллари суд биноси олдига йиғилишди. Полиция уларни тарқатишга уриниб, қаршилик қилганларни қўлга ола бошлаган.
Оломон орасида бўлган Гарри Каспаров ҳам бошқа издошлари билан бирга қўлга олиниб, полиция автобуси томон судралган. Шу пайтда, полициянинг иддао қилишича, Гарри Каспаров полиция ходими – прапоршчик Денис Ратниковннг қўлини тишлаб олган.
Бироқ Каспаровнинг ўзи буни рад этди. “Мен тишламадим, балки полициянинг хизмат ити тишлаб олгандир”, дея кўрсатма берди. Aммо полиция вакили "Каспаровнинг тишлари ва унинг хизмат итларининг тишларини қиёсий текширувдан ўтказишга" тайёрлигини билдириши биланоқ, мухолифатчи шошилинч равишда Россияни тарк этди.
Табиийки, "сиёсий таъқиблар" туфайли.
Каспаров Россиядан чиқиб кетгач, ўзини сиёсий диссидент деб қабул қилишларини истаган кўринади. Ҳар ҳолда у Россия ва Путинга қарши берган кўплаб баёнотлар шундан дарак беради.
Каспаровни Озарбайжон ҳудудида сепаратизм ва терроризмни тарғиб қилган ва даъват қилгани учун расмий Баку унга қарши жиноий иш қўзғатишдан тийилган доим. Буни Каспаровнинг ўзи ҳам бир неча бор тан олган.
Лекин Россия суд тизими Каспаровга бошқа имконият беришни истамади, шекилли. Каспаров етакчилик қилувчи Озод Россия форуми 2023 йил ноябр ойида Украина учун уришаётган рус кўнгиллиларини қўллаб-қувватлаш учун кимошди савдоси ўтказгани Россия ҳукуматининг сабр косасини тўлдирди. Натижада Россиянинг Сиктивкар шаҳар суди Гарри Каспаровни террорчилик жамиятини тузиш, террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва оммавий равишда террорчиликка чақириқлар каби айбловлар билан сиртдан қамоққа олиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Айрим мақолаларда иддао қилинишича, Каспаров ўз фамилиясини ўзгартириб, аввал отасининг хотирасига, Қорабоғ воқеасида холис бўлмасдан озарбайжонликлар муҳаббатига, унга Каспаров бўлиб етишишига катта ёрдам берган Ҳайдар Aлиевнинг ишончига, унга ҳамма нарсани берган Россияга хиёнат қилди.
Бироқ танганинг иккинчи тарафи ҳам бор. Сиёсий мухолифат фаолияти демократик қонунларда тақиқланмаган. Бироқ ҳамма ўйиннинг ҳам ўз қоидалари бор. Айтайлик, футбол баскетбол қоидалари билан ўйналмайди. Бироқ Гарри Каспаров ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва демократик қадриятлар тарафдори, дея тақдим этар экан, инсонийликка хос тенглик ва адолат тамойилларига амал қилмаётгани кузатувчиларни таажжублантиради. Чунки инсонийлик фақат бир миллатга хос бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари ҳамма халқ ва элатлар учун, ҳар бир инсон учун баробар. Бир халқни бошқасидан устун қўйиш ёки ўз мафкурасига бўйсунган ҳолда нохолис ёндашиш мақбул иш эмас. Каспаров мана шу олтин қоидани писанд қилмаётгани тушунмовчиликлар келтириб чиқараётган бўлса эҳтимол...