platina.uz

АҚШ давлат котибининг Хитойга ташрифи нимани англатади?

Хитой АҚШ Давлат котибининг ташрифидан унчалик ҳам хурсанд бўлмаганини айрим деталлардан билиш мумкин. Жумладан, унга ҳурмат юзасидан қизил поёндоз солинмади, Блинкен АҚШга қайтаётганда уни деярли ҳеч ким кузатиб қўймади. 

Таҳлил
3 май, 11:00
АҚШ давлат котибининг Хитойга ташрифи нимани англатади?

AҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта Хитойга уч кунлик ташрифини якунлади. Бу салкам 1 йил ичида АҚШ Давлат котибининг Хитойга иккинчи ташрифи ҳисобланади. Гарчи мазкур ташрифнинг давомийлиги қисқа бўлсада, унда кўтарилган масалаларнинг салмоғи ва айрим нохушликлар, ҳатто дипломатик протокол қоидаларининг бузилишлари ҳамда айрим манфаатдор давлатлар (асосан Россия) нинг хавотир ила қараши билан ёдда қоладиган бўлди.

Блинкенни кутиб олиш “маросими”да қизил поёндоз тўшалмади.

Кескин музокаралар

Aмерика дипломатиясининг очиқ эълон қилинган асосий вазифаларидан бири - Пекинни Россияга ҳарбий-саноат комплексини ривожлантиришда ёрдам беришдан, Москвага замонавий технологиялар етказишдан воз кечишга мажбур қилиш эди. Шунга қарамасдан, расмий Вашингтон Пекиннинг бу масалада, шунингдек, икки томонлама муносабатлардаги бошқа долзарб муаммоларга тушуниш билан ёнлдашувидан умид қилиш соддалик бўларди. Қолаверса, Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И жаноб Блинкен билан учрашув чоғида сўзлаган табрик нутқи кўпроқ танбеҳ оҳангида бўлди.

Бундан ташқари, AҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитой раҳбари Си Цзинпин билан расмий учрашувга бироз кечикиб келди. Хитой раҳбари биундан бироз асабийлашгани ва “у қачон кетади ўзи” дея мулозимларидан сўрагани шов-шувга сабаб бўлди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитой раиси Си Цзинпин билан суҳбат чоғида.

AҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитойга ташрифидан сўнг мамлакат раҳбариятини Россияни бундан буён қўллаб-қувватлашдан огоҳлантирди. Aкс ҳолда, Вашингтон жиддий санкциялар қўллашга ваъда берди. Шу билан бирга, Блинкен АҚШнинг "ягона Хитой" тамойилига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Президент Си Цзинпин, ўз навбатида, Aмерикани икки томонлама стандартларда айблади ва Оқ уй босимини қабул қилиб бўлмаслигини эълон қилди.

Одатда сиёсий жиҳатдан ҳушёр, бағрикенг, ақлли Энтони Блинкен бу ташрифда бироз бошқача образга киргани сезилди. Унинг руҳиятида “сабр косамизни тўлдирманг” деган маънони уқиш мумкин эди. АҚШ Давлат котиби озгина кескин ва, айтиш мумкинки, қўпол оҳангда музокаралар олиб борди. “Агар ўзингиз муаммоларни ҳал қила олмасангиз, биз уларни сиз учун ҳал қиламиз” деган маънода сўзлади.

Мағрурлик яхши, лекин санкциялар ёмон

Бир нарса аниқки, АҚШ анчадан бери, агар Хитой Россияга қўша мақсадли (ҳам тинчлик, ҳам уруш шароитида фойдаланиш мумкин бўлган) маҳсулотларни етказишдан тўхтамаса, унга қарши санкциялар киритишини шамаъ қилиб келмоқда. Бу ерда энг аввало микрочиплар, турли машиналар ва ускуналар, снарядлар ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмлар ҳақида гап бормоқда. Бундай ҳаракатлар нафақат Украина, балки Европага ҳам таҳдид солади. Табиийки, Вашингтон бунга йўл қўя олмайди. Хитой раҳбариятига бу муаммони ҳал қилиш учун муддат ҳам берилган эди. Aкс ҳолда, суҳбат бошқача давом этиши аниқ. Буни бироз бўрттириб, ултиматум деб аташ мумкин.

Ҳали санкциялар киритилмаган бўлсада, аллақачон “тест қадамлари” қўйилган: Хитойнинг айрим банклари Россия Федерациясига ва Россия Федерациясидан Хитойга пул ўтказмаларини амалга оширишга қийналмоқда.

Табиийки, Хитой раҳбари “биз Москва билан ўта конструктив, ўзаро манфаатли савдо алоқаларига эгамиз”, деган руҳда эътироз билдирди. “Нега сиз Украинага қурол етказиб бера оласиз-у, лекин биз Россияга етказиб беролмаймиз? Бу икки томонлама стандартлар эмасми”, деди.

Улоқ кимда кетди?

Лекин, музокаралар якунлари бўйича расмий баённомага кўра, мавжуд статус-кво ижобий ҳолатда сақланади. АҚШ "ягона Хитой" тамойилини тан олади, яъни “Тайван Хитойники эмас”, демайди ҳеч қачон. Томонлар туризм ва талабалар алмашинуви каби қатор ҳамкорликдаги алоқалар, конструктив мулоқотлар янада ривожлантирилади.

Айримлар Блинкеннинг мақсад ва эришган ютуқларини жуда камситиб кўрсатишмоқда. “Хусийларни йўқ қила олмаган, Исроилни Эронга зарба бермасликка кўндириш учун уриниб, натижага эришмаган АҚШ Хитойга қарши нима ҳам қила оларди”, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.

Лекин унутмаслик керакки, Хитой Ғарб дунёси билан жиддий қарама-қаршиликдан манфаатдор эмас. Тўловлар борасида ҳозирданоқ қийинчиликка учраётган Хитой иқтисодиёти жиддий санкцияларни истамайди, албатта.

Иккинчидан, Хитой Кремлни қўллаб-қувватлашда давом этамиз, деган кескин баёнот бера олмади. У фақат Украина учун яна бир тинчлик режасини таклиф қилишга уриниб кўришини маълум қилган холос. Лекин бир нарса аниқ: Хитой “пандаси” ва Америка “бургути” ўртасида қарама-қаршилик фақат кучайиб бормоқда ва қандайдир тарзда вазиятни юмшатиш имконияти умуман йўқ. Кимдир ён босмаса, бу жиддий низолар ва пировардида иқтисодий йўқотишларга, музокараларнинг боши берк кўчага кириб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Дунёни сармояси билан эгаллашни орзу қилаётган Хитой учун бундай йўқотишлар ниҳоятда исталмаган сценарий.

Шу билан бирга, Хитой ҳукумати АҚШ Давлат котибининг ташрифидан унчалик ҳам хурсанд бўлмаганини, Блинкеннинг ташрифи Хитойга “оғир” ботганини айрим проколлар бузилганидан ҳам билиш мумкин. Масалан, Энтони Блинкенни Шанхайдаги Хунцяо аэропортида кутиб олишганида, унинг йўлига ҳурмат юзасидан қизил поёндоз солинмади. Блинкенни трап олдида нисбатан кичик лавозимдаги хитой мулозими – Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг Шанхай бўлими директори Конг Фуан, шунингдек, Хитойда ишловчи АҚШ дипломати кутиб олди, холос. Давлат котиби Хитойни тарк этаётганида аэропортда уни Хитой расмийларидан деярли ҳеч ким кузатиб қўймади.

Блинкенни фақат АҚШнинг Хитойдаги элчиси кузатиб қўйди, холос.

Бироқ, инсон психологиясидан ҳамда Шарқ, аниқроғи Хитой менталитетидан келиб чиқадиган бўлсак, Блинкен бу ташрифдан АҚШ учун катта сиёсий дивидендлар билан қайта олди. Агар Блинкенга барча масалалар бўйича рад жавоби берилганида, бунга компенсация сифатида Давлат котибини “карнай-сурнай” ва қалбаки табассум ҳамда дабдаба билан кузатиб қўйишган бўларди. Бироқ реал вазиятда бунинг аксини кўрдик. Эҳтимол Хитой тарафи шу йўл билан айрим ён босишлари учун аламини олгандир, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Демакки, Хитой норози оҳангда бўлсада, АҚШнинг ултиматум шаклидаги таклифларига рози бўлишга мажбур. Шу кунларда Хитой томонининг Россия қарши айрим санкцияларга, хусусан банклар фаолияти билан боғлиқ қисмларига қўшилгани ҳам бу тахминни мустаҳкамлайди.

Тез орада эса Россия президенти Владимир Путиннинг Хитойга ташрифи кутилмоқда. Бироқ хитой донишмандларига хос муғамбирликда уста бўлиб кетган “панда” вазиятдан норозилиги ортиб бораётган рус “айиғи” учун ҳам аллақачон мақбул жавоблар тайёрлаб қўйганига бирор шубҳамиз йўқ.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+