Хитой ва АҚШнинг ядро қуроли бўйича музокаралари тўхтаб қолди
Давлат департаменти вакилига кўра, икки мамлакат 2023 йилнинг ноябридан бери ядровий қурол назорати бўйича мулоқот қилмаяпти. Хитой ҳам мазкур баёнотга жавоб қайтарди.
АҚШ Давлат департаменти вакилининг айтишича, Қўшма Штатлар ва Хитой 2023 йилнинг ноябридан бери ядровий қурол назорати бўйича мулоқотга киришмаяпти. Пекин бу баёнотга жавобан "мегафон дипломатияси"дан фойдаланишни тўхтатишга чақирди.
"Афсуски, ХХР кейинги учрашувни рад этди ва биз тақдим этган вариантларга мазмунли жавоб бермади", деган Давлат департаменти вакили Semafor нашрига.
Вакилга кўра, Вашингтон Пекинга ядро ва космик соҳаларда можаро ёки кескинлашув хавфига қарши курашиш учун "оқилона қадамлар"ни таклиф қилган. Режа мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш, шунингдек, баллистик ракеталарни синовдан ўтказиш учун огоҳлантириш тизимини яратиш ва коинотдаги кескинликни камайтиришга қаратилган ҳаракатларни ўз ичига олган.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакили Лю Пенгю Давлат департаменти вакилининг сўзларига жавобан, йирик ядровий арсеналларга эга бўлган давлатларни кейинги музокаралар учун ядровий қуролларни сезиларли даражада камайтиришга чақирди.
АҚШ ва Хитой 2023 йилнинг ноябрь ойида Вашингтонда қурол-яроғ назорати бўйича маслаҳатлашувлар ўтказганди. 2024 йилнинг апрель ойида Қўшма Штатлар биринчи марта Осиё-Тинч океани минтақасида ўрта масофага учувчи қуруқликдаги ракета тизимларини жойлаштирди. Машқлар доирасида ФилиппингаTyphon тизимлари жойлаштирилди. Илгари бундай қуроллар Россия-Америка ўрта ва узоқ масофага мўлжалланган ядровий кучлар тўғрисидаги шартномага мувофиқ тақиқланган эди.
Эслатиб ўтамиз, ядровий каллакдан сони бўйича АҚШ дунёда иккинчи (5244 та) , Хитой эса учинчи давлат (410 та) саналади.