platina.uz

Ботир Қодиров ва Жўраевларга тийилиб туриш тавсия этилди

Аввалроқ ҳар иккала томон ҳам ижтимоий тармоқлар орқали турли чиқишлар қилиб келаётган эди.

Маданият
29 апрель, 16:00
Ботир Қодиров ва Жўраевларга тийилиб туриш тавсия этилди

Судялар олий кенгаши сўнгги вақтларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган хонанда Ботир Қодиров ва Жўраевлар иши бўйича муносабат берди ва томонларни турли маълумот ва баёнотлар беришдан тийилишга чақирди.

Айтилишича, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида даъвогар Ботир Қодировнинг Жўраевларга нисбатан “оталик фактини белгилаш”га оид фуқаролик низоси кўриб чиқилмоқда.

Фуқаролик низоси таниқли шахслар ўртасида кечаётгани ҳамда марҳум ва машҳур инсон ҳаёти билан боғлиқлиги боис воқеалар ривожи кенг жамоатчилик томонидан катта эътибор билан кузатилаётгани, айни жараёнда иш бўйича тарафларнинг ҳолатига тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин. Бироқ низо судлашиш даражасига етиб, процессуал жараёнлар давом этаётган бир пайтда тарафлар (ёки уларнинг вакиллари) томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тармоқлардаги муҳокамаларда ҳали якунига етмаган иш бўйича турли башоратларга берилишлар, суддан аввал “қарор чиқариб қўйиш” ҳолатлари мавжуд, энг ёмони, низо судда холис ва беғараз кўрилишига асоссиз шубҳалар ҳам билдирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилаётганига таъкид шарт эмас.

"Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, иш бўйича тарафларни турли шакл ва кўринишда баёнот беришдан тийилишга, журналист ва блогерларни эса шахсга оид маълумотлар ҳамда суд ишига доир ахборотларни тарқатишдек нозик ва ҳассос масалага масъулият билан ёндашишга чақиради" дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ботир Қодиров нима сабабдан Жўраевларни судга беришга қарор қилгани ва отасига муносабатини очиқлаганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+