Россия давлат амалдорларининг хорижга чиқишини қаттиқ чеклади
Бу давлат сирлари билан боғлиқлиги айтилмоқда. Амалдорлар ҳатто "дўст" давлат сифатида кўриладиган мамлакатларга боришда ҳам қийинчиликка дуч келишяпти.
Россия давлат сирлари туфайли расмийларнинг хорижга саёҳат қилишига қаттиқ чекловлар қўймоқда. Мамлакат ҳозирги оғир инқироз даврида хорижий кучлар давлат сирларини билиб олишга ҳаракат қилиши мумкинлигидан қўрқиб, айрим амалдорларнинг хорижга саёҳатини таъқиқламоқда, дея хабар беради Reuters агентлиги.
Манбанинг таъкидлашича, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) вазирликлар ходимларига Россияни умуман тарк этмаслик, ҳаттоки Москвага қарши санкциялар қўлламаган "дўст" мамлакатларга ҳам ташриф буюрмаслик бўйича босим ўтказмоқда.
Совет даврида хорижий саёҳатлар жуда чекланган эди ва ҳатто Украина урушидан олдин ҳам маълум махфий маълумотларга эга бўлганларнинг Россиядан чиқиб кетиши таъқиқланган эди. Ғарбнинг йирик давлатлари ҳам юқори даражадаги сирларга эга бўлганлар учун қатъий саёҳат қоидаларига эга.
Бироқ, Россиянинг ҳозирги чегаралари бироз тартибсиз, қоидалар давлат органларида фарқланади, дейди масаланинг нозиклиги сабабли номини ошкор қилмасликни сўраган баъзи манбалар. Вазиятнинг жиддийлигини уларнинг ҳатто Ўзбекистон ёки Беларусга ҳам бора олмаслиги ҳақида берилган маълумотдан билса бўлади, деди манбалардан бири.
ФСБ эса Reuters нашридан изоҳ сўралганда сўровига жавоб бермаган.
Украина уруши Москванинг Ғарб билан муносабатларида 1962 йилги Куба ракета инқирозидан бери энг чуқур инқирозни келтириб чиқарди ва президент Владимир Путиннинг айтишича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари моҳиятан Россияга қарши гибрид уруш олиб бормоқда.
Манбаларга кўра, россиялик амалдорлар тузоққа тушиб қолиши ва миллий хавфсизликка таъсир этувчи сирлардан воз кечишга мажбур бўлиши мумкинлигидан қўрқиш, қоидаларни кучайтиришнинг асосий сабабидир.
Ҳукуматдагиларга 2022 йилда норасмий равишда саёҳат қилиш тақиқланган, бу чора 2023 йил ўрталарида расман қабул қилинган. Эндиликда вазирликлар бўйлаб давлат сирларига эга бўлган шахслар учун ҳам худди шундай чекловлар жорий этилди.
"Давлат сири" таърифи Россияда кенг тарқалган ва урушдан кейин янада кенгайтирилди. У Россия давлатига зарар етказиши мумкин бўлган барча нарсаларни, жумладан, нафақат ҳарбий, ядровий ёки хавфсизлик разведкаси, балки захира маълумотлари, табиий ресурсларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш, экспорт маълумотлари, баъзи иқтисодий сиёсатлар, баъзи илмий хулосалар ва сирлар қандай ҳимояланганлиги ҳақидаги ҳар қандай тафсилотларни ўз ичига олади.
2014 йилда Россия томонидан ноқонуний равишда аннекция қилинган Украина яримороли Қримдаги Севастопол шаҳрининг собиқ губернатори Дмитрий Овсянниковнинг январь ойида Лондонда ҳибсга олиниши қоидаларнинг қаттиқлашишига сабаб бўлган, дейди расмийлардан бири. Овсянников ҳозир Британияда гаровда, судни кутмоқда.
Россия ўз фуқаролари, хусусан, дипломатлар ва расмийлар Ғарбга сафар қилганларида хавфсизлик хизматлари томонидан таъқиб қилинаётганидан узоқ вақтдан бери шикоят қилиб келади.
Парламентдаги манбанинг айтишича, Россия Давлат Думаси қуйи палатаси ходимларига ҳар қандай чет элга саёҳат қилиш таъқиқланган. Агар касаллик ёки дафн маросимида қатнашиш каби жиддий сабаблар бўлмаса, бошқа ҳар қандай сўровлар рад этилади, деган очиқ қоида бор.
Давлат компанияси ходимининг Reuters`га айтишича, давлат сирларига эга бўлган ходимларнинг паспортлари махсус ички бўлимда қулфланган.