Огоҳлик қўнғироғи: Ер куни нега нишонланади?
Ердаги экотизим жуда нозик мувозанатда яратилган. Ушбу тизимнинг ҳар бир элементи бир неча функцияни бажариши билан бирга, бошқа элементлар билан мувофиқликда “ишлайди”.
Бугун, 22 апрел - Бутунжаҳон Она Ер куни. Аввал бу сана илк марта баҳорги тенг кунликда янгиланиш фасли киришини қайд этиш мақсадида нишонланган.
22 апрел куни эса илк марта 1970 йилда АҚШда таниқли сенатор Гейлорд Нелсон Ҳарвард университети талабаси Деннис Хаес раҳбарлигида бир гуруҳ талабалардан иборат махсус гуруҳ билан экологик тадбир шаклида нишонланган. Фаол талабаларнинг бу акцияси кенг жамоатчилик диққатини ўзига торта олди. Шундан буён бу сана ҳар йили бутун жаҳон миқёсида нишонлаб келинмоқда. 2009 йилда БМТ Бош ассамблеяси 22 аперлни Халқаро Она Ер куни сифатида расман белгилади.
Ер кунида нималар қилинади?
Ер кунида дунёнинг турли чеккаларида Тинчлик қўнғироғи (World Рeace Вell) чалинади, инсониятни сайёрамизда тинчликни, ҳаёт ва табиатни асрашга чақириш мақсадида рамзий бонг урилади.
Дастлабки Тинлик қўнғироғи БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳи олдида ўрнатилган. У турли минтақаларда яшовчи болалар хайрия қилган тангалардан ҳамда фан, санъат ва маданият соҳасида машҳур арбобларнинг орден ва медалларини эритиб ҳосил қилинган қотишмадан қуйилган.
Тинчлик қўнғироғида «Яшасин бутун дунёда тинлик» сўзлари ёзилган.
1996 йилда худди шундай қўнғироқ БМТнинг Венада қароргоҳи олдида, шунингдек, Япония, Германия, Польша, Туркия, Мексика, Австралия, Монголия, Филиппин, Канада, Бразилия, Аргентина, Эквадорнинг йирик шаҳарларида ўрнатилган. Ўзбекистонда эса Тинчлик қўнғироғи 2003 йил 21 апрелда Тошкент шаҳридаги Бобур номли хиёбонда ўрнатилган.
Ушбу ёдгорлик одамларнинг тинчликка интилишининг тимсоли бўлиб, унинг жаранги халқларни бирдамликка, қуролли тўқнашувларни тўхтатишга чақиради.
Шаклланган анъанага кўра, бу қўнғироқ бир йилда уч марта — баҳорги тенг кунли куни - 20 мартда, 22 апрел куни Ер кунида ва 21 сентябрда - Тинчлик кунида чалинади. Дунёнинг 103 мамлакатида шу тарзда қўнғироқ бонги одамларни ҳушёрликка даъват қилади.
Тинчлик ва табиатни боғловчи тушунча
Ер кунининг моҳияти асосан тинчликни асрашга, урушларнинг олдини олишга қаратилган. Бу мазкур халқаро тадбирнинг ижтимоий-сиёсий қирраси. Лекин бу сананинг яна бир жиҳати табиатни асраш, яъни экологик ва иқлим муаммоларига ҳам урғу беради. Хўш, бир қарашда икки қутбда жойлашган бу муаммоларни нима боғлаб туради?
Бу аввало ягона ва устқурма тушунча – Ерда ҳаётни сақлаб қолишга асосланган! Зеро, Ер юзида урушлар бўлса ҳам, табиатга зарар етказсак ҳам, пировардида оқибат ягона – Ерда ҳаёт йўқ бўлиб кетишига олиб келади.
Зеро, нафақат бутун коинот, балки Ер сайёрасидаги экотизим ҳам жуда нозик бир мувозанатда яратилган. Ушбу тизимнинг ҳар бир элементи бир неча функцияни бажариши билан бирга, бошқа элементлар билан ҳам уйғунликда ва мувофиқликда “ишлайди”. Бу элементлардан бирортасини йўқ қилиш ёки вазифасини ўзгартириш бутун катта тизимнинг бузилишига олиб келади. Буни худди Рубик кубигидаги битта қиррани ўзгартириш бутун манзарани бузиб юборишга менгзаш мумкин.
Ер тизими эса Қуёш тизими билан чамбарчас боғлиқ. Астрономларнинг таъкидлашича, Қуёш тизимидаги ҳар бир сайёранинг ўз вазифаси бор ва уларнинг ягона вазифаси – Ер тизимининг бус-бутунлигини сақлаб қолиш, яъни сайёраизда ҳаётни асрашга қаратилган. Айтайлик, Қуёш тизимидаги катта сайёралар – Юпитер ва Сатурн коинотда санғиб юрган улкан самовий жисмлар – астероидларни ўзига тортиб олиши боис уларнинг Ерга бориб урилишининг олдини олади. Кичикроқ жисмларнинг ҳалокатли зарбаларини эса Ерга яқин кичик сайёра - Марс ҳамда Ернинг табиий йўлдоши Ой “кутиб олади”. Қолган кичикроқ осмон жисмлари эса Ерга йўналган тақдирда ҳам, катта тезликда Ер атмосферасига кирганида ҳаво молекулалари билан ишқаланиб, кислород ёрдамида ёниб кетади ва ерга ҳалокатсиз майда тошчалар шаклида ёғилади. Ой, шунингдек, тортишиш кучи натижасида Ердаги денгиз ва умммонларнинг ҳаракатини таъминлайди, тунда эса қуёш нурини ойна каби ерга узатиб туради.
Энди тасаввур қилинг, мана шу тизимдаги мувозанат салгина бузилса ҳам Ер ва ундаги ҳаёт алллақачон йўқ бўлиб кетган бўларди.
Атмосферамизни олсак, у астероидлар ва қуёшнинг ҳалокатли ултрабинафша нурлари ҳамда радиацияни тўсиб қолиши билан бирга, шамоллар ёрдамида ҳарорат ҳамда ёмғир ва қорларнинг булутлар билан бир текис тақсимланишини таъминлайди. Ва албатта Ердаги ҳаёт ҳам кислородсиз яшай олмаган бўларди.
Яна бир мувозанат мўъжизасига мисол – Ер атмосферасидаги кислород миқдори 20,95 фоиз бўлади. (Қолгани эса инерт ва бошқа газлар) Бу миқдор бир неча баландликкача ўзгармайди. Агар шу мувозанат бузилса чақмоқлар натижасида ер атмосфераси бир зумда ёниб кетиб, ҳаёт тугаб қолган бўларди.
Экомувозанатни бузиш ҳаёт учун хавфли!
Ернинг ўзидаги ҳаёт тизими ҳам гўзал тарзда мувозанатлашган. Масалан, ўтган асрда айрим жойларда бўриларни йўқ қилиш кампанияси бошланган. Улар кийикларни еб қўйиб, популяциясини камайтириб юборяпти деган шубҳа билан қрашган. Бироқ бўрилар камайиб кетгач, негадир кийиклар ҳам камайиб кетган. Уларни бўрилар емаган, балки касалликлар тарқалиши ва ногирон ҳамда кучсиз индивидлар кўп туғилиши натижасида шундай ҳолат юз берган. Маълум бўлишича, бўрилар кийикларни қувганда фақат нозик ва ногиронларини, носоғломларига осон етиб олиб, ер экан. Натижада энг соғлом ва кучли кийиклар яшаб қолиб, соғлом ва кучли авлод пайдо бўлишига ҳисса қўшар экан.
Ёки Хитойда коммунист режимининг ахмоқлиги ва ўзбошимчалиги кучайган пайтда партия раҳбари Мао Цзэдун гуруч ва буғдой каби дон маҳсулотларининг ҳосилдорлиги камайиб кетяпти, дея соҳа ходимларини танқид қилади. Мутахассилар бунга сабаб қилиб турли агротехник муаммолар билан бир қаторда чумчуқларнинг бошоқдаги донларни ҳали хом, сутлик пайтида сўриб қўйиб йўқ қилаётганини баҳона қилишади.
Мао Цзэдун 1958 йил 12 февралда мамлакатдаги тўртта “зараркунанда” – каламуш, чивин, пашша ва чумчуқларга қарши кураш ҳақидаги фармонга имзо чекади. Чумчуқ ушлаб келганларга мукофотлар берилиши белгиланади. Натижада оммавий қирғин бошланади. Каламуш, пашша ва чивинга қарши кураш қийинроқ бўлгани учун халқ миллионлаб чумчуқларни қириб ташлайди. Чумчуқлар билан бирга арча майда қушлар ҳам йўқ қилинади. Бу кампанияга айниқса мактаб ўқувчилари кенг жалб этилади. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларга давлат ҳисобидан чўзма (рогатка) лар ясаб бериб, марказлашган ҳолда тарқатилади.
Қушларни уриб тушириш қийин бўлгани учун бир “айёрлик” қўллашади. Маълумки чумчуқ ҳавода 15 дақиқадан кўп учиб юра олмайди. У қўниб дам олиши керак. Одамдар шу нозик жиҳатга зарба беришади – бақириб, темир идишларни уриб шовқин солиб, латталар силкитиб ҳайдаб қушларнинг дам олишига йўл қўйишмайди. Натижада бечора чумчуқларнинг ўзи чарчаб ерга йиқилиб туша бошлайди. Уларни осонгина тутиб олишади. Хитойликлар эса улаон осонгина тутиб олиб ўлдира бошлайди.
1958 йил охирига келиб, мамлакатда чумчуқлар деярли қириб ташланади: 2 млн.зиёд чумчуқ ва майда қушлар йўқ қилинади. Хитойликлар асосий заракунандани йўқ қилдик, дея кейинги йил ҳосил мўл бўлишини кутишади. Афсуски кейинги йил учна кўпаймайди. Ундан кейинги йил эса турли дон касалликлар ҳам заракунда ҳашаротлар донларни батамом еб тугатишади. Чунки чумчуқлар касал донларни ҳамда ҳашаротларни териб еб, уларнинг кўпайишига йўл қўйишмайди, одатда.
Натижада 1959-1961 йилларда Хитойда улкан кўламдаги даҳшатли очарчилик бошланади. 36 миллион одам очликдан ўлиб кетади!
Шундан кейин ахмоқ коммунист раҳбарларнинг “кўзи очилади” Хатони тузатиш учун собиқ СССР ва Канададан вагонлаб, катта пул эвазига чумчуқлар экспорт қилинади. 2 йил ўтгач, экомувозанат яна ўз қаддига қайтади.
Биомигрантларнинг зарари
Табиатдаги мувозанатнинг бузилиши ёмон оқибатларга олиб келишига ҳаётий мисоллар жуда кўп. Масалан, Тинч океанидаги ороллардан бирида илонлар кўплиги боис, уларни қириш учун илонхўр ҳайвон - мангустларини олиб келиб тарқатишади. Бироқ мангустлар кечаси ухлар ва кундузи ов қилар экан. Илонлар эса кечқурун уяларидан чиқиб ов қилишади. Натижада мангустлар илонлар қолиб, оролдаги бошқа майда ҳайвонот оламини еб битиришади.
Инвазив ҳайвон ва ўсимликларни – “биомигрантларни” оқибатини ўйламасдан қабул қилиш доим салбий оқибатларга олиб келган. Масалан 1952 йилда Россияга боршевик ўсимлигини олиб кириб тарқатишади. У чорва моллари учун ем-хашак базасини тўлатишига ёрдам беради деб ўйлашган. Бироқ ҳозирги келиб, рус ҳукумати бу ўсимликдан қутулиш учун катта маблағ ва вақт сарфламоқда.
Ёки Сахалинда каналарга қариш кураш учун ўтлоқлар ва ўрмонларни тақиқланган ДДТ заҳарли дориси билан дезинфекция қилишади. Бир-икки йил каналар хуружи камаяди, кейин улар аввалгидан ҳам 2-3 баравар кўпайиб кетади. Маълум бўлишича, ДДТ нафақат каналларни, балки уларни еб, популяциясини чеклаб турувчи фойдали ҳашаротларни қириб юборган.
Иқлимни бошқаришнинг салбий оқибатлари
Коммунистик режим олимларидан бири Иван Мичурин «Биз табиатдан садақа кутиб ўтирмаймиз. Бизнинг вазифасиз – ундан тортиб олишдир» деган эди. Бундай ёндошув СССР даврида пахта монокултурасига, халқнинг ақлий ва жисмоний соғлиги ёмонлашуви, қашшоқлик ва табиатдаги мувозанатнинг бузилиши ва Орол денгизининг қуришига олиб келди.
Лекин инсоният бу муаммолардан ҳамон тегишли хулоса чиқаргани йўқ. Табиатдан неъматни тортиб олишга уриниш ҳозирда ҳам авж олган. Натижада охирги кунларда Россия, Хитой ва Қозоғистон ва БААда сув тошқинлари авж олиб, кўплаб инсонларнинг ўлимига ва катта иқтисодий зарарларга сабаб бўлмоқда.
Дарё табиий ўзанларини ўзгартириш, турли сув омборлари ва саноат корхоналарининг заҳарлари таъсири беиз кетмайди.
Бироқ Дубайдаги кучли ёғингарчилик ва бунинг натижасида келиб чиққан сув тошқинлари табиат “ишлари”га аралашувнинг хрестоматик мисоли бўла олади.
Чунки БАА раҳбариятининг ташаббуси ва олимларнинг ёрдами билан, мамлакатда сув етишмовчилигини бартараф этиш учун 2002 йилдан буён сунъий ёмғир ёғдириш технологиялари қўлланилмоқда.
Биринчи услубда дронлар ёрдамида булутларга ток урдирилади.
Иккинчи, кенг тарқалган услубда махсус кимёвий кукунлар ёки табий тузлар самолётлар ёрдамида ҳавога сепилади. Натижада улар туман ҳосил қилади ва булутлар билан қўшилиб, уларнинг “оғирлашуви” ва ёмғир ёғишига олиб келади.
14-15 апрел куни бу ерда юз берган ёмғир ёғиши ва шторм чоғида ерга бир неча йиллик ёғингарчилик нормаси ёғилган. Кузатувчиларнинг айтишича, бу ёмғир арафасида “булут экишга” мўлжалланган мхусус самолётлар 7 та парвозни амалга оширган.
Бир биологик тур ҳалокати - бутун экотизим ҳалокатидир!
БМТ бонг уриши, ҳар йили 10 млн. гектар ўрмон кесиб юбортлпдт. Натижада бу экотизимда яшовчи барча жонзод ва ўсимликлар йўқ бўлади.
Ҳар соатда Ер юзида 3 турдаги ( 3та эмас, бутун бошли ҳайвон тури назарда тутиляпти!) ҳайвон йўқ бўлади. кунига 72 та тур, йилига 100 минг турдаги жонзод йўқ бўлиб кетмоқда.
Саноатни ривожлантириш ва даромадни ошириш баҳонасида атроф-муҳит аёвсиз заҳарланмоқда.
Ер ости бойликларини аёвсиз қазиш нафақат атроф-муҳитни кимёвий моддалар билан заҳарлаш, балки ер остида катта ва хавфли бўшлиқлар пайдо бўлишига олиб келяпти. Бундай саноат ривожланиши келгусида ҳалокатли зилзилаларга ва ер чўкишларига сабаб бўлиши аниқ ва бу содир бўляпти ҳам.
Атмосферани заҳарлаш эса озон қатламининг емирилиб, ҳалокатли ултрабинафша нурлар ҳамда радиация зарарини оширади, иқлим исиши натижасида ердаги ҳарорат ва совуқлик мувозанатига путур етади. Абадий музлик даври бошланади.
Барқарор ривожланиш талабларига амал қилмаслик нафақат инсоният, балки бошқа ҳаёт турларига ҳам хавф солмоқда. Деҳқончилик ва қурилиш мақсадида ер усти ландшафтининг ўзгартирилиши, айрим ҳайвон ва ўсимликларнинг йўқ қилиниши боис, табиий “озуқа занжири” узилиб қоляпти. Натижада Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, одамлар яшайдиган жойларга айиқ ва бўриларнинг овқат қидириб келиб қолиш ҳолатлари кўпайган. Чунки уларнинг табиий яшаш ареаллари ўзгармоқда, аввалги озуқа турлари йўқолиб кетган. Натижада озуқа занжиринниг тепасида турган ҳайвонлар очлик ва ўлимга маҳкум бўлиб қоляпти.
Яқинда бир асаларичи нолиб қолди: 10 йилча олдин асалариларнинг кушандаси бўлган, “куркурак” деб аталадиган кўккқуш камайиб кетганига аҳамият беришган. Аввалига хурсанд бўлишган – асаларимиз энди бемалол кўпаяди дейишган. Бироқ асаларилар ҳам камайиб кета бошлаган. Асаларичининг айтишича, куркуракнинг йўқолишига сабаб бўлган омиллар - турли заводлар сонининг ортиб, ҳавога зарарли модда ҳамда чанг чиқариш миқдори кўпайгани асалариларнинг ҳам қирилиб кетишига сабаб бўлмқода. Агар асаларилар бўлмаса турли технологик экинлар ва мева дарахтларининг чангланиши имконсиз бўлиб қолади. Улар ҳисол тугмайди. Бу эса аввал мева ҳамда сабзавотлар ттақчиллиги ва қимматлашувига, кейин эса очарчиликка йўл очиши мумкин.
Ер кунида биз нима қилишимиз керак?
Табиатдаги нозик мувозанатни бузишга уриниш, саноат тараққиёти ва моддий даромад йўлида табиатни қурбон қилиш яхшиликка олиб келмайди. Бу худди бумерангга ўхшайди. 2 миллион чумчуқни ўлдириш 36 миллион хитойликнинг очдан ўлишига олиб келгани каби, бугун табиатни хўрлашимиз эртанги келажак авлодалар учун ҳалокатли бўлади. Табиатга отилган тош яқин келажакда бизга қоятош бўлиб қайтиб келади.
Афсуски, Ер куни худди 8 март байрамига ўхшайди. Айни шу куни байрам сабабчиларини эслаб қоламиз, уларга меҳр-муҳабат кўрсатишга уринамиз. Бироқ табиатни фақат байрам ёки махсус саналарда эмас, йил 12 ой қадрлашимиз ва авайлашимиз керак аслида. Акс ҳолда нима бўлиши эса ҳаммамизга аён.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.