platina.uz

Санъат асарлари нега қиммат баҳоланади?

Улардаги тушунарсиз манзараларни тушунишга уринишади, ўзларича талқин қилишади, қандайдир маъно ва тимсоллар қидиришади, китоблар ва мақолалар битишади. Бунинг нимаси санъат, деганларни эса дидсизлик ва санъатни тушунмасликда айблашади.

Маданият
20 апрель, 13:40
Санъат асарлари нега қиммат баҳоланади?

Француз режиссёрлари Оливье Накаш ва Эрик Толеданонинг “1+1” фильми қаҳрамони Идрис ногирон хўжайини билан бирга рассомлик кўргазмасига боради. Бу ерда “бурни қонаган одамнинг қони суртилганга” ўхшаш суратнинг қимматга сотилганини кўриб, ҳайратга тушади. “Буни мен ҳам чиза оламан-да” дейди.

Дарҳақиқат, худди ёш бола инжиқлик қилиб, турли рангдаги бўёқларни сепиб ташлаганга ўхшаган суратларнинг обрўли ким ошди савдоларида фалон миллион долларга сотилаётганини кўриб, ҳайратга тушмаган одам бўлмаса керак.

Айниқса XX аср боши, 60-70 йиллардан кейин шундай сюрреалистик суратларнинг ошиғи олчи бўла бошлади. Улардаги тушунарсиз манзараларни тушунишга ҳаракат қилишади, ўзларича талқин қилишади, қандайдир маъно ва тимсоллар қидиришади, китоблар ва мақолалар битишади. Бунинг нимаси санъат, деганларни эса дидсизлик ва санъатни тушунмасликда айблашади.

Ҳозир ҳам буюк санъат асарлари олдида туриб қолсак, унинг буюклиги ва нима маънони ифодалашини тушуна олмай ткилиб қоламиз. Буюк санъат қаршисида ўзимизни ёш боладек ҳис қиламиз.

Санъат асарида акс эттирилган бола санъат асарини томоша қилмоқда.

Санъат – санъат учунми?

Санъатдан узоқ бўлган одам бирор санъат асарига баҳо беришда аввало унинг реал ҳаётга қанчалик ўхшашлигига эътибор беради. Содда қилиб айтганда, рассом чизган портрет одамга қанчалик ўхшашлиги, натюрмортдаги мева ёки буюмлар реал прототипларига қанчалик ўхшата олингани, пейзажда эса табиат манзараси қанчалик ҳақиқий тасвирлангани билан баҳолайди.

Эстетик дидга эга, санъатдан бироз хабари бор томошабин эса ушбу санъат асаридан руҳий ва эстетик завқ олади, тимсолий маънолар қидиради, рассом нима демоқчи бўлгани, қандай муаммо ёки кечинмаларни тасвирлашга урингани билан қизиқади.

Ҳозир миллионлаб долларга баҳоланаётган асарларга эса бу икки тоифанинг ҳам “тиши” ўтмайди.

1818 йилда “Санъат – санъат учун” деган эстетик концепция яратилган. Яъни, санъат азбаройи санъат учун яратилади, тасвирий ва бадиий ижод ҳамда санъат мутлақо мустақил бўлиши керак, ижтимоий ҳаёт, одоб-ахлоқ, маънавият, илм-фан ва сиёсатга қарам бўлмаслиги лозим, деган мафкура пайдо бўлган. Ҳозирги абстракт суратларни баҳолашда мана шу тамойилдан келиб чиқиш ҳақиқатга яқинроқ бўлади.

Ҳозирги замонга келиб, санъатда ҳам турли йўналишлар кўпайиб кетган. Анаъанавий кўргазмалар билан бирга, турли инсталяциялар шаклидаги санъат асарлари ҳам мавжуд. Баъзан бу абсурд даражасига ҳам чиқади.

 “Катта портлаш” инсталляцияси. Муаллиф рассомлар: Иван Чигасов ва Оганес Айрапетян. Санкт-Петербург (Россия). Бу асарнинг маъноси: “қурилиш доим бузилишдан бошланади”.

Масалан, 2001 йилда Англиядаги музейлардан бирида фаррош қаттиқ танбеҳ эшитади. Уни вандализмда (санъат асарларига жоҳилона путур етказиш) айблашади. Фаррош бечора ҳайрон. Кейин маълум бўлишича, асарлари жуда қимматга сотилувчи британиялик замонавий рассом Дэмьен Хёрст зиёфатдан қолган ахлат – чала чекилган сигареталар, шампан шароби қолдиғи қолган қадаҳлар, очилган сигарет қутилари ва қаҳваси чала ичилган финжонлардан ўзига хос инсталляция ясаб, Eyestorm галереясида ўтаёган кўргазмасига қўйган экан. Фаррош эса уни оддий ахлат деб ўйлаб, қопга солиб, ахлат қутисига чиқариб ташлаган экан.

Фаррош буни санъат асари деб ўйламаган...

Санъатшуносларнинг айтишича, бундай тушунмовчилик аввал ҳам рўй берган. 80-йилларда рассом Жозеф Бейюс (Joseph Beuys) жуда ифлос бир ваннадан ўзича инсталляция ясаб галереяга қўйган. Кўргазма ходимларидан бири уни санъат асари деб ўйламасдан, топ-тоза қилиб ювиб қўйган.

Айтиб ўтиш керак, инсталляциялар ҳар доим битта жойда қолмайди. Уни кўргазма ўтгач, ёки мусобақа якунлангач, олиб ташлашади. Ўрнига бошқа ижодкорлар ўз асарларини намойиш этишлари мумкин. Бироқ айримлари ўз ўрнида қолади.

Масалан, Парижда 1889 йилда Халқаро кўргазма бўлиб ўтади. Унда машҳур конструктор ва муҳандис Гюстав Эйфел ҳам ўз асари – “300 метрли минора” билан қатнашади. Шаҳар марказида, дарё қирғоғида ўрнатилган минора 20 йилдан кейин бузиб ташланиши лозим эди. Бироқ кўргазма якунланган заҳоти Парижнинг кўплаб машҳур ижодкор ҳамда рассомлари минора “шаҳар гўзаллигини бузаётган хунук темир конструкция” дея дарҳол бузиб ташлашни талаб қилишади. Бироқ у 20 йил эмас, 100 йилдан кейин ҳам бузиб ташланмади. Аксинча, Парижнинг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан бирига, миллионлаб сайёҳлар ва даромадни жалб этувчи объект, Франция тимсолига айланди. Бу Эйфел минораси эди.

 Эйфел минораси.

Нега айрим асарлар жуда машҳур бўлиб кетган?

Санъат асарларининг машҳур бўлиб кетиши ёки қиммат баҳоланишига бир неча омиллар таъсир қилади.

1. Таниқлилик, шов-шув ёки ижтимоий реклама

Умуман, бир санъат асарининг қиммати ҳақида гапирганда нисбийлик тушунчасини унутмаслик лозим. Масалан, нега Чингиз Айтматов буюк ёзувчи ҳисобланади? СССР ҳудудида ундан буюкроқ ижодкор бўлмаган, дейиш нотўғри бўларди. Бироқ, гап шундаки, Айтматовнинг бир таржимон дўсти унинг асарларини хорижий тилларга таржима қилиб, чоп этилишига ҳисса қўшган. Кейин эса худди қор уюми тоғ тепадан тушган сари катталашиб борганидек, унинг шуҳрати ҳам юксалиб борган.

Олимлар бир тажриба ўтказишган. Тасодифий танланган одамларга бир неча санъат асарларини кўрсатишган. Улардан баъзилари кўпроқ кўрсатилган. Тажриба охирида қайси санъат асарини яхшироқ деб ҳисоблайсиз, деб сўралганида, улар ўзларига таниш ёки бошқалар кўп гапирган, кўп намойиш этилган санъат асарларини кўрсатишган.

Бундан келиб чиқадики, бирор асарни кўпроқ тилга олиш, уни кўпроқ намоён этиш натижасида унга “кўз ва қулоқ ўрганади”. “Одамлар гапиряптими, демак яхшига ўхшайди”, деган фикр шаклланади. Бундай хулосага “омма психологияси” ёхуд умумэътироф этилган ижтимоий фикрга эргашиш омили ҳам катта рол ўйнайди.

Британиялик рассом Саша Жафрининг "Инсоният саёҳати" (The Journey of Humanity) асари Дубайдаги аукционда 62 млн. га сотилган.

Катталиги футбол майдони билан тенг бу асар дунёдаги энг катта сурат сифатида Гиннесс рекордлар китобига кирган.

2. Машҳур асар яратган ижодкорнинг бошқа асарлари ҳам машҳур бўлади

Ўзбек адиби Ўткир Ҳошимовнинг бир сўзи бор: ёзувчи ўз ижодий фаолиятида иккита нозик даврни бошидан ўтказадики, улардан тўғри ўтиб олиши керак: аввал унинг ҳеч қайси асарини нашр қилишмайди. Бундан ёш ижодкор тушкунликка тушмаслиги, ижодини тўхтатиб қўймаслиги ёки ўз услубига хиёнат қилиб, бошқа машҳурроқ ёки осонроқ, аммо унга нотаниш, қалбига ёт бўлган услуб ва йўлларга ўтиб кетмаслиги керак.

Иккинчи давр ёзувчи машҳур бўлганидан кейин келади. Бу даврда у нима ёзса ҳам босиб чиқараверишади. Чунки ижодкор ўз шахсий брендини шакллантириб бўлган. Бу даврда ҳам ёзувчи сифатни туширмаслиги, виждонан ишлаши лозим. Ўзига талабни ва ўз устида ишлашни тўхтатмаслиги лозим.

"Люсьен Фрейд портретига учта хомаки чизма" асари Фрэнсис Бэкон қаламига мансуб, 142,4 млн. долларга сотилган. Машҳур рассомнинг ҳамма асари қиммат нархланади.

Нафсиламбирини айтганда, Ўткир Ҳошимовнинг машҳур бўлишида ҳам телевидиниеда кўрсатувлар олиб боргани, шу орқали одамлар меҳрига эришганини сабаб қилиб кўрсатишади.

Шунга ўхшаб, ном қозонган машҳур рассомларнинг деярли барча асарлари ҳам инерция натижасида қиммат нархга баҳоланади ва машҳур бўлади. Масалан, Пабло Пикассо таниқли рассом бўлган. Унинг шунчаки бир марталик қоғоз сочиққа чизиб берган сурати ҳам катта қимматга эга. Худди шу суратни бошқа номсиз рассом чизса, ҳеч ким эътибор бермаслиги ҳам мумкин эди.

“Аёлнинг боши”. Рассом: Пабло Пикассо. (Мато, мойбўёқ) 1939 йилда чизилган. Рассом уни 1949 йилда Грециянинг Миллий бадиий галереясига совға қилган. (Грекларнинг фашистлар Германиясига кўрсатган қаршилик ҳаракатидан миннатдорлик рамзи сифатида). Ҳозир сурат 20 млн. долларга баҳоланади.

3. Ҳиссиёт, тарих ва машҳурлик занжири

Дунёда қимматга сотилган суратлар кўп. Аммо бир асар борки у бебаҳо ҳисобланади. Бу “Жоконда” (Мона Лиза) асаридир. Нега бу асар бунчалик қимматли?

Бу сурат Леонардо да Винчи қаламига мансуб бўлгани учун аввалдан ҳам санъатшунослар орасида таниқли бўлган. Бу асарнинг бадиий-эстетик қиммати юксак. Қолаверса, Мона Лиза лабининг бир чети истеҳзоли ва сирли тарзда тасвирлангани унга сирли табассум бахш этади. Бироқ бу асарнинг машҳур бўлишига унинг Париждаги Лувр музейидан ўғирлангани сабаб бўлган.

1911 йил 21 август куни ушбу сурат Лувр музейи ходими, италиялик декоратор-рассом Винченцо Перужа (Vincenzo Peruggia) томонидан ўғирлаб кетилган. Йўқолган пичоқнинг сопи олтин бўлади, дейишганидек, бу воқеа матбуотда катта шов-шувга сабаб бўлди. Ҳатто халқаро муносабатларда совуқлик тушиш эҳтимоли пайдо бўлди. Бу воқеа сурат топилгунига қадар газета ва ва журналларнинг бош саҳифаларидан тушмади. Қидирув ва кейинчалик тергов жараёнининг ҳар бир тафсилоти диққат билан ёритиб борилди.

Ниҳоят, 1914 йил 4 январ куни сурат Парижга қайтарилди. Шундан сўнг бу асар том маънода санъат дурдонаси тимсолига айланди. Барча санъат юлдузлари ва қўшиқчилардан ҳам юксакроқ машҳурликка эришди. Оммавий гипноз каби таъсир қилган бу воқеа натижасида оддий одамлар ҳам Мона Лизадан репродукцияларни (босма нусхалар) уйларининг деворига илиб қўядиган бўлишди. Одамлар Лувр музейига аввало Мона Лизани кўриш учун оқиб кела бошлади.

Бронланган, мустаҳкам шиша ортидаги “Мона Лиза” асарининг зиёратчилари оқими ҳеч қачон сусаймайди.

Шунингдек, кўпчилик рассом ва ҳайкалтарошлар катта мавқеага эга шахслар ва ташкилотлар, ҳатто давлат раҳбарлари ва қиролларнинг буюртмасини бажариб машҳур бўлишган. Диний мотивлар, саройларни безаш орқали тарихда қолишган. Натижада, унинг буюртма учун чизган асарларидан бошқалари хам машҳур булиб, қиймати ошиб кетган. Масалан, санъаткор Микеланжело Рим папаси Юлий Иккинчининг буюртмасига кўра, Сикстин капелласи (ибодат ўтказиладиган ва диний қўшиқлар хор бўлиб айтиладиган ибодатхона) шифтини безатган. Унда Инжилда баён этилган воқеалар ва бошқа диний мотивлар ўз аксини топган.

Сикстин капелласининг шифти.

Ёки яқинда рўй берган бир воқеа ҳам санъат ва сенсация ўртасидаги муносабатни кўрсатади:

2023 йил июн ойида Мисрнинг Хургада соҳилида дам олаётган бир россияликка акула ҳужум қилиб еб қўяди. Кейин акулани мўмиёлаб, музейга қўйишади. Демак, бунинг ортида тарих турибди. Натижада юз минглаб акулалар ичидан айнан биттаси санъат асарига айланди.

Ёки ҳеч қандай ҳужумсиз ҳам жуда қимматга сотилган акула тулупи мавжуд.

Британиялик рассом Дэмьен Хёрст - ҳозир ҳаёт бўлган ижодкорлар ичида энг бой шахс ҳисобланади. Унинг энг қиммат асари 100 млн. долларга сотилган. Хёрст асарларида ҳаётнинг яшиндек тез ўтиб кетиши ва умр тугаб қолишидан қўрқув мотивлари устувор.

Гарчи Дэмьен табиатан ажойиб тадбиркор, арт-бозорнинг тузилиши ва механизмларини яхши тушунадиган билимдон бўлсада, ўзи ва асарларининг машҳур ва қиммат бўлишида кўпроқ ҳомийси, коллекционер ва реклама магнати Чарлз Саатчидан миннатдор бўлиши лозим. Нима бўлганда ҳам, у ҳатто ахлат уюмини кўрсатиб, “мана шу санъат” деса ҳам мутахассислар олқишлаб, коллекционерлар сотиб олиш учун навбатга туришади.

Бир куни Хёрст Австралия қирғоқларидан ушланган бир акула ўлигини 6000 фунтга сотиб олади. Кейин айнимаслиги учун формалдегид суюқлиги тўлатилган герметик шиша аквариумга солади. 1991 йилда бу “санъат дурдонаси”ни Хёртснинг доимий ҳомийси Саатчи “атиги” 50 минг долларга сотиб олади. Саатчи уни 2005 йилда 12 млн. долларга америкалик миллиардер Стив Коэнга сотиб юборади.

Бироқ акула ўлиги барибир бузила бошлайди. Хёрстдан акула мурдасини таъмирлашни талаб қилишади. Бироқ Хёрст рози бўлмайди ва яна 5 та акула ўлигини сотиб олиб, уларни ҳам худди шундай акваруимга солиб, ҳар бирини 4 млн. доллардан пуллайди!

У шунингдек, бутун бошли сигир ва бузоқларни ҳам формалдегидли шиша идишларга солиб, санъат мухлисларига пуллагани билан машҳур.

12 млн. долларли акула ўлиги.

Хулоса қиладиган бўлсак, санъат асарларининг дурдонага айланишида унинг қанчалик профессионал ёки маҳорат билан чизилгани кўп ҳам рол ўйнамайди. Энг муҳими – атмосфера! Энг муҳими - бу асар атрофида айланган тарих! Бу асарни ўраб турган воқеалар ва ҳиссиётлар! Мана шу омиллар асарларни машҳур қилади. Шов-шув ҳамда тарғибот машҳур қилади, одамлар меҳрини қозонтиради. Сурат аураси одамларни ўзига маҳлиё қилади. Одамлар бутун санъат ва нафосатни мана шу сурат тимсолида тасаввур қилади. Ўзини буюклик ва ноёбликка, мўъжиза ва санъатга дахлдор деб ҳис қилади.

Санъар асарлари қандай нархланади?

Бу ёруғ дунёда деярли ҳамма нарсанинг нархи бор. Талаб кўпайса - қиммати ошади, пасайса - пасаяди. Оддий иқтисодий қонун. Лекин нега оддий мато ва бўёқдан иборат суратлар катта баҳога нархланади?

Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи директори Тигран Мкртичевнинг айтишича, санъат асарларининг нархи баъзан суғурталаш жараёнида маълум бўлади. Масалан ушбу музей экспонатларини хорижда вақтинча намойиш этиш учун олиб кетилишидан аввал, уларни суғурталаш керак. Бунинг учун эса асарлар мутахассислар томонидан баҳоланади ва шу асосда суғурталаш суммаси ҳамда суғурта ҳолати рўй берганда тўланадиган маблағ белгиланади.

Санъат асарлари нархланадиган асосий макон эса машҳур ким ошди савдо уйларидир. Кристис (Christie's), Сотбис (Sotheby's), Бонхамс (Bonhams), Доротеум (Dorotheum), МакДуглас (MacDougall’s), Стокҳолм аукцион уйи (Stockholm Auction House) каби савдо уйларида турли осори-атиқалар қаторида санъат асарлари ҳам савдога қўйилади. Уларга қўйиладиган бошланғич нарх эса унинг аввалги олди-соттилар тарихи ҳамда санъатшунос ва танқидчиларнинг баҳолашларидан кейин белгиланади. Машҳур санъат асарларига талабгор кўп бўлса, бошланғич нархдан бир неча баравар қимматга сотилади.

 “Сотбис” аукционида навбатдаги санъат асари учун ким ошди савдоси ўтказилмоқда.

Нега санъат асарлари қимматга баҳоланади?

Суратларни бир қанча мезонлар бўйича баҳолашади. Аввало муаллифининг қанчалик машҳурлиги ёки бирор санхъат йўналишидаги мавқеси инобатга олинади.

Шу билан бирга, асар қайси даврда чизилгани, қандай саргузаштларни бошидан кечиргани (худди “Жоконда” ўғирланганига ўхшаб), санъат тарихига қанчалик таъсир кўрсатгани билан баҳоланади. Шунингдек, қайси санъат оқими ёки услубга мансублиги ҳам асар қимматига таъсир қилади.

Айрим асарлар бебаҳо, уларнинг нархи йўқ. Масалан, Леонардо да Винчининг «Жоконда» ёки Делакруанинг «Одамларни эргаштираётган озодлик” асарлари, Озодлик ҳайкали ва Эйфел минорасининг нархи йўқ. Уларни яратишга кетган меҳнат, иштилган бўёқ ёки темир терсакни баҳолаб нархлаб бўлмайди.

“ Зарғалдоқ, қизи, сариқ”. Америкалик рассом, абстракт экспрессионизм мактабининг таниқли вакили Марка Ротко томонидан 1961 йилда яратилган. (Мато, мойбўёқ). 2012 йилда Christie’s ким ошди савдосида 86,9 млн. долларга сотилган.

Шундай бўлсада, суратларнинг нархлари қимматлаб боришининг ўз сабаблари бор, албатта:

1.Солиқлардан озод бўлиш учун.

Тасдиқланмаган, ҳаттоки конспирологик бир қараш мавжуд. Ғарбдаги бойлар бирор таниқли бўлмаган рассомга атайлаб бирор бемаъни сурат буюртма қилишади. Рассомга 5000 доллар бериб сотиб олишади. Кейин эса пора эвазига ҳамда кенг тарғибот, миш-миш ва шов-шувлар ёрдамида бу суратдан йўқ маъноларни қидириб топиб, уни баҳоловчи санъатшуносларга пора эвазига айтайлик 3 млн. долларга баҳолатишади. Кейин эса бу асарни бирорта музейга хайрия қилишади. Натижада, 3 млн. доллар хайрия қилгани учун шунча миқдордаги солиқдан озод бўлишади. 5 минг доллар бериб, 3 млн. тежаб қолиш - саънатдаги спекуляциянинг бир кўриниши, дейиш мумкин.

Ёки бўлмасам, нархи сунъий, аммо расман оширилган суратдан банкдан кредит олишда гаров сифатида фойдаланишади.

“Пули кетган одамни совунни еган экан”, нақлига амал қилган ҳолда, ўша асарни сотиб олган одам ҳам унга янада қиммат нарх қўйдириб аукцион орқали 2-3 баравар баландроққа нархга сотишга ҳаракат қилади. Аукцион уйлари ҳам бу асарнинг мавқесини ва нархини янада оширишга ҳаракат қилади. Чунки қанча катта нархга сотилса, олинган фоиз ҳам шунча кўп даромад келтиради.

Кўриниб турганидек, санъат ва ижодий профессионаллик эмас, балки оддий бизнес ва фирибгарлик уйғунлиги сурат нархининг ортишига сабаб бўлади, баъзан.

2. Инвестиция сифатида.

Санъат асарларини келажакдаги даромадларни ўйлаб, инвестиция сифатида ҳам сотиб олишади. Кўчмас мулк, олтин ёки долларнинг қиймати тушиб кетиши ёки тез кўтарилиб кетмаслиги мумкин. Лекин санъат дурдоналарининг “ёши каттаргани” сари тарихий ва бадиий аҳамияти ортиб бораверади. Орадан 10-20 йил ўтса, бу асарнинг нархи 10 баравар қимматлаши мумкин. Ёки бирор санъатга “ошуфта” миллардер айнан шу асарни қўлга киритишни истаб қолиши мумкин. Табиийки сурат нархи яна ошиб кетади.

3. Имижни яхшилаш мақсадида.

Лекин коллекционер фақат фойдани ўйламайди. Кўпинча бадавлат санъат ихлосмандлари қимматбаҳо суратларни музейга, ўзи ўқиган университет ёки хайрия ташкилотларига совға қилишади. Ёки ўлганидан кейин уларга совға қилишни васият қилади. Чунки санъат асари аввало тарихий, эстетик ва имиж қимматига ҳам эга. Фалон асарни фалончи одам сотиб олди, ёки фалон машҳур санъат асари фалон одам коллекциясида сақланади, дейиш, худди фалончи одам Роллс Ройс машинаси олибди, деган каби шахс обрўсини оширади. Бундай одам муҳокамалар марказида қолади. Янада машҳур бўлади. Обрўсига обрў қўшилади. “Диди баланд инсон, санъат ҳоимийси” деган ном олади. Шу боис сурат қанча қиммат бўлса, шунча яхши.

Масалан, дунёдаги энг қимматга сотилган асар Леонардо Да винчи мўйқаламига мансуб “Дунёнинг халоскори” асари ҳисобланади. Исо Масиҳ образи акс эттирилган бу санъат асарини 2017 йил ноябрда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол-сауд “Кристис” аукциони орқали 450 миллион долларга сотиб олган.

“Дунёнинг халоскори” асари. Рассом: Леонардо да Винчи. Ёғочга мойбўёқда тахминан 1500 йилда чизилган.

Шунингдек, машҳур галерея ва музейлар, ҳатто шаҳар ва давлатлар ҳам машҳур ва қиммат асарларини ўзларида бўлишини орзу қилади. Бу сайёҳлар оқими кўпайиши ва машҳурликни таъминлайди.

4. Ноёблик ва оригиналлик жиҳати боис.

Айрим асарлар оригинал ғояга эга. Аввал бошқаларнинг хаёлига келмаган фикрлар амалга оширилган. Ёки бирор оқимни бошлаб берган. Масалан рус рассоми Каземир Малевич, 1915 йилда “Қора квадрат” асарини яратди. Бу асар Sotheby's аукцион уйида 20 млн. долларга баҳоланган. Суратда қора рангдаги тўртбурчак шакл акс этган холос. Айрим талқинларга кўра, бу сурат орқали рассом предметсиз санъат асарини, барча рассомликнинг илк бошланғич нуқтаси - ибтидосини акс эттирган эмиш. Агар рассомликни бир бино деб олсак, ушбу асар орқали бу уйнинг илк лойи ёки ғишти акс эттирилган дейиш ҳам мумкин.

Третьяков галереясида сақланувчи “Қора супрематик квадрат” асари. Рассом: Каземир Малевич, 1915 йил.

Малевичнинг яна бир асари ҳам жуда содда примитив кўринади. Аммо у ҳам ўта таниқли ва қиммат асар дея баҳоланган:

Казимир Малевич яратган "Супрематик композиция" асари. (1916 йил). Рус тасвирий санъатидаги энг қиммат - 85,8 млн. долларга баҳоланган асар.

Малевич асарларининг қимматли жиҳатларидан яна бири – рассом санъатдаги абстракционизмнинг йирик бир йўналиши супрематизм оқимига асос солган. Бутун бир санхат мактабига асос солган рассом асари, қолаверса бу оқимдаги илк чизилган асарларига эга бўлиш - санъат мухлисларининг энг катта орзуларидан бири, десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, оригилан ғоялардан бири – ёш болалар, руҳий касаллар ва ҳатто ҳайвонлар чизган суратлар ҳам шов-шув бўлиб катта пулга сотилади. Масалан, Жанубий Африка Республикасидаги Пигкассо (“Чўчқа Пикассо”) чўчқаси ҳайвон ҳимоячиси Жоанн Лефсон томонида сўйилишдан асраб қолиган. Бу чўчқанинг тишида мўйқалам ушлаб чизган суратлари жами 1 млн. доллар йиғишга муваффақ бўлган. Афссуки чўчқа яқинда, 2024 йил 6 март куни ўлиб қолди.

“Пигкассо” лақабли чўчқа чизган суратлар.

Санъат дурдоналари бугун ҳам пайдо бўлмоқда: “Киев Мадоннаси”

Ўрта асрлардаги уйғониш давридан бошлаб, Исо пайғамбарнинг онаси Биби Марямни чақалоқ Исони кўтариб ёки эмизиб турган ҳолатини акс эттирган суратлар чизиш урф бўлган. Булар кейинчалик иконаларга кўчиб, ибодат пайтида сиғиниш объектига айланган. Унда аёл боши тепасида нимб айланаси – нурли ёғду билан ҳамда ғамгин қиёфада ифодаланган. Уларни умумий ном билан Мадонна (италян тилида Madonna - Mia Donna, Nostra Donna — “Менинг Хонимим, Бизнинг хонимимиз”) иборасининг қисқартма шакли. Ёки латин тилидан - Mater Domini – “Илоҳий она”) деб аташади.

Бу Мадонналарни ўзаро фарқлаш учун у қаерда яратилгани ёки муаллифи номи, ёхуд қайси ташкилот ёки оила коллекциясида сақланганига қараб ном берилган. Масалан, Леонардо да Винчи яратган “Мадонна Литта” (1490-1491 йилларда яратилган) Миландаги Литта оиласи билан боғлиқ.

“Мадонна Литта”. Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланади.

Лекин яқинда ҳам яна бир Мадонна сурати пайдо бўлди. 2022 йилда Россия армияси Украинага бостириб киргач, пойтахт Киевга бомбалар ёғдира бошлаган эди. Пойтахтнинг тинч аҳолиси – кексалар, аёллар ва болалар метро бекатларидан паноҳ топган. Бомбалашнинг иккинчи куни Киев метросида боласини эмизиб ўтирган 27 ёшли киевлик аёл Татьянани венгриялик журналист Андраш Фьольдеш суратга олади. Бу сурат бутун дунёга машҳур бўлади, интернет ва босма журналларнинг биринчи ва бош саҳифаларидан ўрин олади.

Кейин днепропетровсклик рассом Марина Соломенникова бу сурат асосидаги мотивни мойбўёқ ёрдамида матога туширади. Унда Киев метросининг харитаси гўёки нимб тарзида аёлнинг боши узра ёғду сочиб турибди. Ҳатто Рим Папасининг коммуникациялар бўйича котибияти маслаҳатчиси Жеймс Мартин ҳам "Метродаги Киев Мадоннаси” суратини чоп этади.

Натижада киевлик бу ёш она украинларнинг Путин босқинига қарши жасорати ва матонати тимсолига айланди. Ҳатто уруш шароитида ҳам ўз фарзанди, яъни мамлакат келажаги учун қайғураётган миллатни ифодалаши билан тилларга тушди. Бу сурат асосида ҳатто икона яратилиб, Италиянинг Неапол шаҳридаги католик черковларидан бирининг меҳробига қўйилган. Унинг олдида доим сариқ ва кўк шамлар (Украина байроғига ишора) ёниб туради.

Юнон-католик черкови руҳонийси Вячеслав Окуннинг айтишича, “Киев Мадоннаси”да рус армиясининг босқинидан қочиб, боласини эмизаётган киевлик аёл – барча туғилган чақалоқларни сўйиш ҳақида буйруқ берган подшоҳ Ироддан қўрқиб, боласини асраб қолиш учун панада ўтирган Биби Марям ва Исо пайғамбарни эслатади. Демакки, бу асарда Путин золим ва қонхўр подшо Иродга менгзалган.

(Инжилда ёзилишича, подшоҳ Ирод янги пайғамбар – “Яҳудия подшоси” туғилганини эшитиб, одамлар унинг зиёратига келишаётганидан хабар топгач, ўзининг тахтига даъвогарни ёшлигидаёқ йўқ қилиш мақсадида музофотдаги барча чақалоқларни ўлдириш ҳақида фармон берган экан.)

Чапдан ўнгга: 1. Киевлик Татяна ва чақалоғи. 2. “Киев Мадоннаси” асари. 3. Неаполдаги икона.

Асил санъат қолади!

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, санъат асарининг қимматга сотилгани ёки машҳурлиги унинг асил маънавий қадр қиммати ва ажойиблигини акс эттирмаслиги мумкин. Қолаверса, ҳозирги турли тренд ва модадаги сурат ва инсталляциялар шунчаки шов-шув, эпатаж ва экзотика ортидан қувиш холос. Баҳсимизни ўзбек ёзувчиси Тоғай Муроднинг “Момо Ер қўшиғи” асаридан олинган қуйидаги мисралар билан якунлаймиз. Уларда адиб замонавий ижод ва санъат борасидаги фикрини баён қилган:

“Баданда бўлмаса, модернизм, футуризм, дея эталмиш оқимлар ўта берсин!

Кўнгилда бўлмаса, сюрреализм, дадаизм, дея аталмиш оқимлар ўта берсин!

Бари-бари оқимлар баданда йўқликдан бино бўлди!

Бари-бари мактаблар кўнгилда йўқликдан бино бўлди!

Бадиий санъат яратилмишдан буён юзлаб оқимлар яратилди, юзлаб мактаблар яратилди.

Барчасида ўз вақтида бир довруғ солди. Барчасида ўз даврида бир шов-шув бўлди.

Барча оқимлар ўтди-кетди, барча мактаблар ўтди-кетди! Фақат номлари қолди!

Аммо асл бадиият қолди! Асл санъат қолди!”



Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+