platina.uz

Эронга қўйилган тузоқ: Исроилнинг найранги

Бундай ўзгаришлардан сўнг Фаластин давлатининг ташкил этилишидан ҳали-бери умид қилмаса ҳам бўлади. “Эрон” варианти ҳали анча вақт Исроил ва айниқса унинг раҳбари Нетаняҳу учун фойда келтириб туради, дунё ҳамжамиятини Фаластин муаммосидан чалғитади.

Таҳлил
15 апрель, 21:56
Эронга қўйилган тузоқ: Исроилнинг найранги

Маккор раҳбардан яна бир маккор қадам

Яқин Шарқдаги охирги кескинликлар фонида Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу “маккор” раҳбар эканини яна бир бор намоён қилди. Деярли бутун дунё, ҳаттоки унинг ўз аҳолиси ва доимий ҳомийси АҚШ раҳбари ҳам унинг Фаластиндаги қонхўрликларидан безор бўлиб, ундан юз ўгира бошлаганида, унинг истеъфоси мақбуллиги ҳақида гапира бошлаганида Нетаняҳу самарали ва янги сиёсий қадам қўйди: Эронни минтақавий можарога тортди. Халқаро ҳамжамиятнинг Фаластинга симпатияси ва Исроилга нафрати ошиб бораётган, Фаластин инқирозининг Исроилни изоляция қилишлари билан тугаши прогноз қилинаётган, Европада Исроилга қарши санкциялар қўллаш ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган бир шароитда бор диққатни Эрон билан можарога буриб юборди: жорий йилнинг 1 апрел куни Исроил кучлари Эроннинг Дамашқдаги консулхонасига авиазарба берди. Натижада Эрон махсус хизматларининг 10 дан зиёд ходими ҳалок бўлди.

Бунга жавобан Эрон бор нафрати билан Исроилга ҳужум қилишга, унга “жаҳаннам дарвозаларини кўрсатишга” ваъда берди. Эронпараст ОАВлар ва журналистлар даҳанаки жангни қиздириб беришди. Эрон расмийлари тез кунлар, соатлар ва дақиқалар ичида Исроилга зарба бериши ҳақида тинимсиз баёнотлар қилишди.

Натижада Исроилнинг барча жиноятлари бир зумда “унут” бўлди. Исроил халқи ҳам умумий ва азалий душман таҳдиди рўпарасида бирлашди, Нетаняҳунинг номақбул раҳбар эканлиги масаласи номаълум муддатга четга сурилди.

Умуман, ҳар қандай диктатура сиёсий-иқтисодий фаолиятини эплай олмай қолганида бирор уруш бошлашга ҳаракат қилади. Буни Путиннинг Украинага ҳужум қилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунки уруш шароитида сиёсий эркинликлар ва иқтисодий муваффақиятсизликлар кун тартибидан тушиб қолади. Инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигига қарши кураш легитим тус олади. Ҳукуматни танқид қилиш хоинлик ва жосуслик билан тенглаштирилади. Ҳукуматнинг нўноқлиги ва ўғирликларига кўз юмилади.

Исроил ҳам ана шу “фокус”дан фойдаланишга қарор қилган кўринади. Фаластиндаги можаро деярли ниҳоясига етиб қолган, Нетаняҳунинг шармандали мағлубияти ва халқаро изоляция билан тугашини прогноз қилаётган Фаластин-Исроил можароси ўрнига Исроил-Эрон можароси халқаро янгиликларнинг биринчи дақиқалари ва мисраларидан ўрин олди.

Эроннинг вазиятга реакциясини олдиндан башорат қилиш қийин эмасди. Шахмат тили билан айтганда, юришни бошлаб берган Исроил Эронни цугцванг вазиятига туширди (немисча Zugzwang “юришга мажбурлаш”). Яъни Эрон бу вазиятда қандай йўл тутишидан қатъи назар, унинг позицияси ёмонлашувига хизмат қилар эди. Теҳрон бу ҳужумга жим қараб тура олмаслигини, керак бўлса, жиддий жавоб қайтара олишини исботлаши керак эди. Бироқ Эрон катта ва узоқ муддатли урушга тайёр эмас. Шундай ҳам бир неча йиллардан бери халқаро санкциялар остида яшаётган, атрофидаги ҳамма давлатлар билан муносабатлари совуқлашиб қолган Оятулло режимининг ўзи яратган шиа жангари гуруҳлари ва эронпараст ҳукмдорлар ва албатта Россиядан бошқа иттифоқчиси йўқ. Россия эса айни пайтда Украина билан “овора” – фаол ёрдам бериш имкониятига эга эмас.

Шу боис 1980-йилларда Ироқда, 2020-йилларда эса Сурияда сунний мусулмонларни қирғин қилишда жонбозлик кўрсатган генерал, диктатор ва золим президент Башар Асаднинг йирик ҳимоячиси Қосим Сулаймоний 2020 йил 3 январда АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг аэродромга берган авиазарбалари натижасида ҳалок бўлганида ҳам Эрон ваҳимага тушиб, даҳанаки жангни ва пропагандани авж олдирган эди.

(Сулаймонийнинг ҳалокатли аурасидан у ўлгач ҳам қутулишмади: унинг дафн маросимида қатнашган эронликларнинг 56 нафари тиқилинчда қолиб ўлди, 212 киши жароҳат олди. 2023 йил 3 январда унинг қабри олдида ўтказилган хотирлаш маросимида юз берган портлаш оқибатида эса 50 эронлик ҳалок бўлди, 70 дан зиёди яраланди.)

Эронликлар яна ҳар доимгидек АҚШ байроқларини ёқишди, “АҚШга ўлим”, “АҚШ – шайтон давлати” деган эски шиорларини айтиб майдонларга чиқишди. Шундан сўнг Теҳрон ўзининг заифлигини намоён қилмаслик мақсадида АҚШнинг бирор ҳарбий базасига зарба беришни ваъда қилган эди. Қизиғи шундаки, у қайси ҳарбий базага зарба беришини айтиб, АҚШни огоҳлантирди. Бу билан АҚШни олдиндан расман огоҳлантирди гўё. Кутилмаган ҳужум эффекти юз бермади. АҚШ томони ҳам эҳтимолий ҳужумдан олдин барча аскар ва ходимларни бошқа жойларга кўчириб турди. Эрон 2020 йил 8 январга ўтар кечаси АҚШнинг Ирбилдаги (Ироқ) Ал-Асад ҳарбий базасига 10 дан зиёд баллистик ракета учирди. Гарчи бу ҳужум натижасида ҳеч бир америкалик зарар кўрмаган бўлса-да, Эрон ҳукумати ғолиб чиққанини, ўз мақсадларига эришганини эълон қилди. Шу билан “спектакл” тугади, ҳамма бир қадар қониқиш ҳосил қилди.

Бу сафар ҳам шу сценарий деярли “бирга-бир” такрорланди. Исроил қўйган тузоққа Эрон осонгина тушди. Исроилга жавоб беришини ва бу жавоб даҳшатли бўлиши ҳақида олдиндан жар солди. Ҳатто жавоб куни ҳам аниқ айтилган баёнотлар янгради.

АҚШ ва Ғарб дарров Фаластин муаммосини ва Исроилнинг хунрезликларини унутиб, “жабирдийда” Исроил тарафида эканликлари ва унга албатта ёрдам беришларини маълум қилишди.

Жорий йилнинг 3 апрел куни Эроннинг прокси жангарилар гуруҳи «Ҳизбуллоҳ» Исроилга 40 та ракета отди. Кейинчалик Эрон ва унинг ҳамтовоқ гуруҳлари тахминан 170 та учувчисиз парвоз аппаратлари (дронлар) ва 120 зиёд баллистик ракеталар учирди. АҚШ, Буюк Британия ва Иорданиянинг ҳавода ҳимоя тизимлари 100 тан ошиқ дронларни уриб туширишди.

Бошқалар-ку майли, бироқ Иорданиянинг Исроилга ёрдам бергани кўпчиликда таажжуб ва ғазаб уйғотди. Масалан, Покистоннинг собиқ сенат аъзоси Муштоқ Аҳмад Хон Иордания қироли Абдулло II ибн Ҳусайнни «хоин отанинг хоин фарзанди, хоин бобонинг хоин набираси” деб атади. У эҳтимол Иордания қиролининг бобокалони Ҳусайн ибн Али ал-Ҳошимий 1916 йилда Буюк Британияга “орқа қилиб”, Усмонийлар империясига қарши ҳошимийлар исёнини ташкил этиб, унга бошчилик қилганини назарда тутган бўлса керак. Бугунги қиролнинг ҳам Исроилга ёрдам бергани, ҳатто Иордания қироличасинниг Эрон ракета ва дронларини тутиб олишгани билан фахрланиб интервью бергани собиқ сенаторга ўша даврларни эслатган бўлса эҳтимол.

Таъкидлаш керак, Эроннинг фақатгина Сурия устидан учиб ўтган ракета ва дронларига қаршилик бўлмаган. Чунки Суриядаги ҳаводан ҳимоя тизимлари Россия назорати остида. Шу боис Исроил ҳукумати Россиядан норози бўлди ва Москва Эрон ҳужумларини қатъий қоралашига умид билдирди.

Исроил ва унинг иттифоқчилари айтишича, учирилган ракета ва дронларнинг 90 фоиздан зиёди манзилга етиб бора олмаган бўлса-да, айримлари Исроил ҳудуди, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Жўлон тепаликларига келиб тушган. Ҳужумлар натижасида Нетавим ва Рамондаги Исроил авиабазалари енгил талафот кўрган, 33 киши жароҳат олган.

Россия томони Эроннинг ҳужумини “жавоб реакцияси” дея баёнот берди. Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя ушбу ташкилот Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишида сўзга чиқиб, “14 апрелга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум вакуумда рўй бергани йўқ. Эроннинг бу қадами БМТ хавфсизлик кенгашининг шармандали ҳаракатсизлиги ва Исроилнинг Дамашққа берган зарбасига жавоб реакцияси бўлди”, деди.

Эроннинг бу ҳужуми ҳам кутилмаган зарба эффектисиз ташкил этилди. Олдиндан етти иқлимга жар солинди. Исроил томони бу зарбаларга қаттиқ тайёргарлик кўрди. Баҳонада АҚШ ва Европадан қўшимча ҳаводан ҳимоя тизимлари ва уларга ўқ-дориларни “ундириб” олди. Исроил армиясининг Фаластиндаги жиноятлари боис кучайиб бораётган америкаликларнинг норозилик намойишлари туфайли Тел-Авивга қурол-яроғ беришга истиҳола қилиб турган Вашингтон ҳам “тоза виждон” билан ҳарбий-молиявий ёрдамини давом эттира бошлади. АҚШнинг иккита қирувчи самолётлар ташувчи кемаси ҳимояга шай қилиб қўйилди. Қолаверса, Эрон ракеталари ва дронлари юзлаб километр масофани босиб ўтгани боис, Исроил ва унинг тарафдорларида бу объектларни аввалдан пайқаш ва уриб тушириш учун кенг имконият туғилди. “Ҳаво-ҳаво” ракеталари ишга солинди.

Лекин Эрон томони бу ҳужумдан қониқиш ҳосил қилгани ва ўз мақсадига эришгани ҳақида баёнот берди. Исроил томони эса бунга жавобан зарба беришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. Бироқ АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатлашгач, Исроил бу мақсадидан қайтганини айтиб, яна “ҳурмат” қозонди. АҚШ эса Эрон билан уришиш нияти йўқлигини расман билдирди. Бироқ ваъдага вафо қилиш Исроил ҳукуматига хос бўлмаган хислат эканлиги боис бу баёнотга жиддий қараш ярамайди.

Эроннинг жавоб зарбаси – кимга фойда ва кимга зарар бўлди?

Марказий Осиёдаги айрим Россия ва Эрон пропагандаси қурбонлари бу можарода Эрон тарафида бўлишди. “Эрон АҚШ ва Исроилга тенг кела олди, зарба беришдан қўрқмади” деган примитив хулосалар ёлқинида бу спектаклни “маҳлиё” бўлиб кузатишди. Бироқ холис таҳлилларга таянадиган бўлсак, Эроннинг Исроил қутқусига учиб, ҳарбий жавоб бергани бир ҳовуч эронлик раҳбарлардан бошқасига фойда келтиргани йўқ. Аксинча зарар бўлди холос.

Зеро, худди Исроил раҳбарияти каби Эронга ҳам шундай ҳарбий спектакллар жуда зарур. Мамлакатда охирги 10 йил ичида ҳукуматдан ва сиёсий режимдан норозилик кучайган. Иқтисодий тушкунлик, инфляция, коррупция ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши эронликларнинг амалдаги ҳукуматга нисбатан ишончини сўндирган. Бундай шароитда умумий ва тарихий душман Исроилга қарши қандайдир ҳарбий қадамлар қўйилиши миллатни бирлаштириб, ҳукуматга мухлислигини ошириши кутилди. Эрон ҳукумати учун ҳам бу можаронинг фаол иштирокчисига айланиши сиёсий-ижтимоий дивидендлар бериши табиий.

Лекин эронпарастлардан ташқари айрим мусулмонларнинг ҳам Эронни олқишлаши ғалати. Эрондаги шиа ҳукумати ташкил топганидан буён на мусулмонларга, на Фаластинга бирор фойдаси ёки ёрдами теккан. Эроннинг расмий номидаги “ислом” сўзи одамларни чалғитмаслиги лозим. Зеро, бу давлат ислом ва мусулмонлар эмас, фақат Эрон ҳукумати ва шиаларнинг манфаатлари учун хизмат қилиб келган. “АҚШ ва Исроилни ер юзидан йўқ қилиб юборамиз”, деган утопик фантазиялар остида яшаётган бу давлатдан ҳозиргача Фаластин ёки мусулмонларга бирор фойда келмаган. Эроннинг айни пайтдаги манфаатлари эса қудратли сунний давлатлар бўлмиш Саудия Арабистони ва Туркиянинг мавқесини тушириш ва минтақада ҳамда мусулмон оламида якка гегемонлик қилиш атрофида айланади холос. Эрон шиалар манфаати учун хизмат қилади, дейиш ҳам нотўғри аслида. Эрон ён қўшниси, ўзига диний эътиқодда энг яқин миллатдан иборат (аксарият аҳолиси шиалар) Озарбайжонга нисбатан нодўстона сиёсат юритаётгани, ҳатто унинг рақиби Арманистонни сиёсий-ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келаётгани, қурол-яроғ билан таъминлаб, арман армиясининг кучайишига ҳисса қўшаётгани ҳам фикримиз далилидир.

Эроннинг айни пайтдаги сиёсати Марказий Осиё манфаатларига ҳам зид. Аввало Эрон Россия тарафдори ва унинг манфаатларига мос ҳаракат қилишини унутмаслик лозим.

Иккинчидан, Эрон Озарбайжоннинг Нахичеван анклав ҳудуди билан бевосита боғловчи Зангиузар коридорининг очилишига ҳам тиш-тирноғи билан қарши. Арманистон раҳбариятини бу йўлакни очишга рухсат беришидан қайтаришга уринмоқда. Зангиузар очилса, Марказий Осиё давлатлари Озарбайжон орқали Туркияга ва ундан Европага ўтиш имкониятига эга бўлишади. Қолаверса, Эрон “рашк қилаётган” туркий бирдамлик мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу йўлнинг Россияни ва Эронни айланиб ўтиши эса ушбу икки давлатни норози қилади, албатта. Шу боис, ҳатто диний эътиқодда унга энг яқин Озарбайжонга нисбатан бундай йўл тутаётган Эроннинг мусулмон олами манфаати учун ҳаракат қилаётгани ҳақида гапириш кулгили.

Эроннинг охирги ҳарбий уруши Фаластин ва унинг жафокаш халқи учун ҳам фойдали бўлгани йўқ. Геноцид ва ҳарбий ҳаракатлари аввалгидек суръатда давом этмоқда.

Эроннинг Исроилга қарши зарбалари Фаластин масаласининг халқаро майдонлардаги муҳокамаларга бирор-бир ижобий таъсир кўрсатмади. Фаластиндаги хунрезликлар ҳам тўхтаб қолмади.

Ҳужум натижасида бирорта Исроил аскари ҳалок бўлмади. Исроилнинг сиёсий-иқтисодий ёки ҳарбий қудратига путур етмади.

Аксинча, Исроил тобора яқинлашиб келаётган халқаро нафрат ва изоляция тўридан осон чиқиб кетди. Агрессор мақомидан қутулиб, яна ўзини жабрдийда ва қурбон қилиб кўрсатиш стратегиясини ишга сола бошлади. Ғарб ёрдамининг янги куч билан қайталанишига эришди. “Мусулмонлар агрессор, ваҳший ва террорчи бўлишади”, деган тўқима имижни яна байроқ қилиб кўтариб чопа бошлади.

Эрон жавоб ҳужумининг оқибатлари ёхуд учинчи жаҳон уруши қанчалик муқаррар?

Бугунги воқеликлар халқаро сиёсатнинг кутилмаган ўзгаришларга бойлиги узоқ муддатлар учун прогнозлар беришга халақит қилади. Бироқ экспертларнинг айтишича, Яқин Шарқ минтақаси боис учинчи жаҳон уруши бошланади, дейиш қийин. Зеро, минтақадаги кучлар мувозанати яна статус-кво ҳолатига қайтди. “Исроил – жабрдийда ва қурбон, у ҳар қандай восита ва усуллардан фойдаланиши мумкин. Мусулмон давлатлари эса Исроилнинг тинчгина яшашига кун бермай келмоқда. Фаластинликлар ва эронликлар ёппасига террорчи. Уларни фақат қамоқда, қўлларини боғлаган ҳолда ушлаб туриш Исроил хавфсизлигига кафолат бериши мумкин”, деган эски ва нотўғри ақидалар яна урфга киради. Бундай ўзгаришлардан сўнг Фаластин давлатининг ташкил этилишидан ҳали-бери умид қилмаса ҳам бўлади. “Эрон” варианти ҳали анча вақт Исроил ва айниқса унинг раҳбари Нетаняҳу учун фойда келтириб туради, дунё ҳамжамиятини Фаластин муаммосидан чалғитади. Унгача эса фаластинликлар қирилиб ёки кўчиб кетиб, йўқолиб кетишади ёки Исроил ҳукумати тайинлайдиган раҳбар қўли остида Исроилнинг қонуний бир субъекти сифатида итоаткор ҳаётни бошлайди. Зеро, Исроилнинг Чеченистон сценарийсидан фойдаланмоқчи бўлаётганига кўплаб ишоралар мавжуд. Исроил томони ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш ва бу ерга ўз “одами”ни раҳбар қилиб қўйиш ниятини очиқ маълум қилган. Қолаверса, фаластинликларни Миср ва қўшни араб давлатларига “сиқиб чиқариш” режалари очиқланган. 90-йилларда Россиядан мустақил бўлишга уринган ва қуролли қаршилик кўрсатган Чеченистонни ҳарбий йўл билан бостириб туриш мушкуллигини англаган рус ҳукумати, бир ривоятда келтиришганидек, “сопини ўзидан” чиқарган. Яъни чечен мухолифати ичидан танлаб олинган номзодни русларга мойил раҳбар сифатида ҳудуд устига ҳукмрон қилиб қўйиб, чечен муаммосидан қутулган эди. Агар мавжуд вазият яна кутилмаган томонга ўзгариб кетмаса, Фаластинни ҳам катта эҳтимол билан шундай тақдир кутмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+