Хавф солиб келаётган бюджет тақчиллиги
Иқтисодий дефицит аслида қай даражада хавфли ва уни зудлик билан бартараф этиш чоралари борми?
Ўзбекистон давлат бюджети дефицити (тақчиллиги) жорий йилнинг биринчи чорагида рекорд даражадаги 19,8 триллион сўмга(1,56 миллиард долларга) етди. Бу охирги 12 йилдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Бюджет даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 %га, харажатлари эса 19,3 %га ўсган.
Бюджет даромадлари ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 6,8 фоизга, харажатлари эса 19,3 фоизга ошган.
2024 йилда давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўм, харажатлари 280,7 триллион сўм, тақчиллиги эса 10,3 триллион сўм бўлиши прогноз қилинмоқда.
Умуман олганда, охирги 4 йилда бюджет дефицитининг белгиланган лимитлари узлуксиз бузиб келинмоқда. Хусусан, 2023 йилда консолидациялашган бюджет дефицити чекланган миқдори 3,0% этиб белгиланган бўлса-да, 5,5%ни ташкил этган.
2024 йил консолидациялашган бюджети 52,6 трлн. сўмлик дефицит билан қабул қилинган.
Дефицит қандай пайдо бўлади?
Давлат бюджетни шакллантириш ва ижро этиш жараёнида бюджетнинг даромад ва харажат қисмлари баланси бузилиши мумкин. Бундай тақчилликни ҳар қандай давлат ҳар қандай даврда бошидан кечириши мумкин.
Бюжет тақчилллиги, яъни дефицити (латинча deficit – етишмайди) ҳолатида шундай молиявий вазият вужудга келадики, унда давлат барча солиқ ва тўловлардан тушадиган маблағлар миқдоридан кўпроқ маблағ талаб қилувчи харажатларни режалаштиради.
Яъни муайян даврда бюджет харажатларининг бюджет даромадларидан ортиқ бўлган суммасига дефицит дейилади.
Бошқачароқ айтилса, давлат “таги йўқ” даромадлар – келгусида тушум бўлиши мумкин даромадлар ҳисобидан харажатларни ошириб юборади.
Дефицитга олиб борувчи омиллар турлича бўлади:
- фавқулодда вазиятлар (табиий офатлар, техноген фалокатлар, урушлар, оммавий тартибсизликлар);
- давлат секторидаги коррупция;
- ишлаб чиқаришнинг пасайиб кетиши, мудофаага харажатларнинг ортиб кетиши;
- давлат молиявий тизимининг самарасизлиги; нотўғри иқтисодий-молиявий сиёсат;
- солиқ тизимининг номукаммаллиги ва бунинг натижасида хуфёна иқтисодиёт улушининг ортиши;
- иқтисодий инқироз пайтида давлат бюджетига тушумларнинг камайиши шулар жумласидандир.
Ўзбекистон шароитида эса, экспертларнинг айтишича, бюджет тақчиллиги сифатида асосий актив ва пул оқимларини эгаллаб олган олигархия ва монополияларга имтиёз ва преференциялар, қолганларга, айниқса, кичик ва ўрта бизнесга нотенг имкониятлар, давлат ва бошқарув харажатларининг тийилмагани ва иқтисодий харажатларнинг самарасизлиги, ўғирлик ва халқ пулини ноқонуний ўзлаштиришга асосланган энергетика сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Баъзан давлат бюджетида юз берган тақчилликка сабаб қилиб давлат самарали маъмурий ва молиявий бошқарувни эплай олмаётгани, коррупция ва назоратсизлик боис пулни исроф қилиб, ўғирланишига йўл қўйгани эмас, балки ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ ажратилгани билан изоҳлашади.
Масалан, экспертларнинг айтишича, 2023 йилда юзага келган бюджет дефицити ошганини амалдорлар ижтимоий харажатлар ошгани билан тушунтиришга уринади. Аслида бунинг тескариси юз берган.
2023 йилда ижтимоий харажатларнинг давлат бюджети харажатларидаги улуши 49,7%дан 48,9% гача пасайган. Айниқса, соғлиқни сақлаш, нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларида бу яққол кўринади. Соғлиқни сақлаш учун харажатларнинг улуши 2022 йилдаги 11,5%дан 11,0%гача, нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация улуши эса 8,2%дан 6,8%гача пасайган.
Дефицитнинг нимаси ёмон?
Дефицит пайдо бўлиши дарров ваҳимали сигнал ҳисобланмайди. Дефицитнинг қанчалиги ва қайси даврлар мобайнида сақланиб қолишига эътибор қаратилади.
Масалан, 2023 йилда президент қарори билан бюджет дефицитининг “қизил” чегараси (лимити) ЯИМнинг 3% дан 5%га, яъни жорий лимит 53,4 трлн. сўмдан 20,87 трлн. сўмга (тахминан 1,8 млрд. долларга) оширилган эди. Яъни Ўзбекистон учун бюджет дефицити ЯИМнинг 5 фоизидан ошса, ўта хавотирли ҳолат ҳисобланади.
Аслини олганда, масалан, Россия шароитида давлат бюджетининг дефицити ЯИМнинг 3 % дан ошмаса, уни бартараф этиш мумкин деб ҳисобланади. Бундай дефицитни ҳатто вақтинчалик деб ҳам аташади. Агар тақчиллик 10 %дан ошса, “йўл қўйиш мумкин бўлган” дефицит, 20 % дан ошганда эса ташвишли дефицит деб аталади.
Шунингдек, Россия қонунчилигига кўра, федерал бюджет дефицитининг миқдори бюджет инвестициялари ва Россия давлат қарзига йўналтирилувчи харажатлардан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Дефицит миқдори иқтисодиётга таъсир қилувчи турли омилларга боғлиқ бўлади ва у ўзгариб туради. У ёки ЯИМ, ёки ЯНМга нисбатан, ёхуд тасдиқланган бюждет харажатларига нисбатан баҳоланади.
Дефицитнинг оқибатлари
Бюджетдаги тақчилликнинг ортиши мамлакат иқтисодиёти учун ёмон ва ўнглаш қийин оқибатларга олиб келиши мумкин.
Масалан, уни ёпиш мақсадида қўшимча пул ишлаб чиқарилиши натижасида инфляция даражаси ортиб кетиши мумкин. Чунки пул оқимининг кўпайиши товар ва хизматларга қўшимча талаб пайдо бўлишга олиб келади. Талабнинг таклифга нисбатан кўпайиши эса нархлар ошишига сабаб бўлади.
Қарз билан қоплаш натижасида давлатнинг ташқи қарзи кўпайиб кетади. Натижада давлат ўз мустақиллигини қисман йўқотади – қарз олган давлатлар ва тузилмаларга қарамлик пайдо бўлади. Пировардида давлатнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етади. Бундай давлатга ишонч йўқолиши боис кейинчалик қарз бермай қўйишлари ҳам мумкин.
Бюджет тақчиллиги давлат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш миқдори пасаяди, мамлакат валюта захиралари “қурийди”, экспорт камаяди аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати пасаяди. Инфляция ошиши, давлат қарзининг ортиб кетиши кузатилади.
Агар ҳукумат бюджет тақчиллигига эътибор қилмасдан, бюджет интизомини сурункали бузишда давом этса, чуқур сиёсий инқироз юз бериши мумкин. Масалан, Шри-Ланкада пандемия натижасида одатда туризмдан тушадиган даромадлар тушиб кетган. Ҳукумат эса бюджет пулини сарфлашда давом этган. Натижада аввал бюджетда тақчиллик, сўнгра эса қуролли тўқнашувларга айланган халқ норлозиликлари юзага келган эди.
Дефицитни бартараф этиш учун нима қилинади?
Давлат бюджетида тақчиллик юз берганида асосан 3 хил ҳаракат: харажатларни қисқартириш, даромад ва тушумларни ошириш ёки дефицитни молиялаштириш амалга оширилади.
(Айрим мутахассислар бу услубларни: бюджет дефицитини монетизациялаш; қарз олиш ҳисобидан молиялаштириш; солиққа тортишни ошириш тарзида кўрсатишади).
Харажатларни қисқартириш, аслини олганда, энг қийин усул. Чунки жамият ва давлат ҳар йили бирор-бир соҳага маълум бир маблағни йўналтириб турган бўлса, энди шу йўсинга “ўрганиб” қолади. Уни бекор қилиш ёки тежамкорликка уриниш ижтимоий норозиликка сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонда тежамкорликни айни ижтимоий соҳадан бошлашга қарор қилишга уринишди: бола туғилганда бериладиган 1 марталик пулни фақат биринчи болага бериш, қолган фарзандларга эса беришни тўхтатиш ёки турли бюрократик тўсиқлар билан бермасликка қарор қилинди.
Энг мақбул йўл эса давлат аппарати ва бюрократик “молия ўпқонларини” қисқартириш бўларди. Ўзбекистонда ҳам аввалига бошқарув аппаратини оптималлаштириш ва қисқартиришга уриниб кўришди. Бироқ орадан 1 йил ўтарўтмас, яна турли кераксиз идоралар – “бюджет кушанда”лари ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек кўпая бошлади. Зеро Ўзбекистонда энг ёмон одат урфга кирган: бирор муаммо туғилса, уни таҳлил қилиб ўрганиб, мавжуд имкониятлар ва харажатлар доирасида ҳал қилинмайди, балки дарров алоҳида тузилма ёки лавозим очилиб, ўшанга юкланади. Бюджетни сўрадиган яна бир “ўпқон” пайдо бўлади. Янги вазирлик ёки идора эса бошқа турдош идораларнинг вазифаларини такрорлайди, муаммоларни ҳал қилиш ўрнига “оёқ остида ўралашиб” муаммони баттар оғирлашириб юборади, бир муаммо ўрнига иккитаси пайдо бўлади.
Бюджет тақчиллигини бартараф этишнинг иккинчи йўли – даромад ҳамда тушумларни ошириш шаклида бўлади.
Бунинг учун солиқлар, турли бож ҳамда йиғимлар, жарималар оширилади.
Бюджетни монетизация қилишда эса давлат қўшимча пул ишлаб чиқаради ва муомаладаги миллий валюта оқимини кўпайтиради. Бунда давлат “сеньораж”, яъни фойда кўради.
Қарз билан қоплашда давлат хориждаги ёки халқаро ҳамда минтақавий фондлардан қарз олади. Масалан, совет даврида давлат халқдан қарз олган – заёмлар муомалага чиқарилган. Бу заёмлар учун йилига 6 фоиз атрофида фоизлар берилиши кўзда тутилган. Белгиланган муҳлат ўтгач, давлат ушбу заёмларнинг пулини қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Давлат шунингдек, хориждаги мижозлар учун қарз ётувчи турли облигацияларни – давлат қимматбаҳо қоғозларини (масалан евробонд) чиқаради ва шу орқали пул йиғиб олади.
Ёки ишлаб чиқаришни ҳамда қазилма бойликлари сотишни кўпайтириш, давлат активларини сотиш ёки хусусийлаштириш йўли билан ҳам маблағлар жалб этилиши мумкин.
Бу каби усулларга бюджет тақчиллигини молиялаштириш деб аталади.
Масалан, 2022 йилда Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги қандай қопланганига назар солсак. Давлат бюджети тақчиллигининг 63,5 фоизи ташқи қарзлар, жумладан, молиявий институтлар, халқаро молиявий институтларнинг кредитлари ва еврооблигациялар (16,66 трлн. сўм), мақсадли давлат дастурларини амалга ошириш учун олинган қарзлар (5,73 трлн. сўм) ҳисобидан ёпилган.
Қолган маблағлар – ички молиялаштириш манбалари (10,87 трлн. сўм): давлат активларини хусусийлаштириш (4,5 трлн. сўм), давлат облигацияларини чиқариш – 6, 37 трлн. сўм, шунингдек, йил бошига қолган маблағ қолдиқлари (1,95 трлн. сўм) ҳиссасига тўғри келади.
Давлат, шунингдек, иқтисодиётнинг дотацион (боқиманда) йўналишларига бюджетдан маблағ ажратишни камайтириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ва бошқа усуллардан ҳам фойдаланиши мумкин.
Хулоса қилган ҳолда шуни айтиш мумкинки, бюджет тақчиллиги ва давлат қарзи одатда “қўл ушлашиб” келадиган муаммолар ҳисобланади. Агар давлат уларни назоратга олмаса, хусусан, бюджет интизомига риоя этилмаса, давлат иқтисодиётини вайрон қилувчи молиявий-иқтисодий жараёнларга старт бериши мумкин.