Бу ҳаётда борлигимни исботлаш учун 10 та тил ўрганганман – бир полиглот қиссаси
Қаҳрамонимизнинг айтишича, оилада ўртанча фарзандлиги учун унга етарлича эътибор бўлмаган. Сарвиноз эса аламини тил ўрганишдан олган. Бу қаҳрамонимизнинг келажаги учун энг тўғри инвестиция эди.
Тил ўрганиш — инсоннинг шахсий ривожланишига ёрдам беради, янги маҳоратлар, янги билимлар олишига қўшимча имконият яратади. Ҳар қандай имкониятга эга бўлишимиз учун биздан ҳам нимадир талаб қилинади. Хўш, у ҳолда тил билиш берадиган имкониятлар учун нима керак деб ўйлайсиз? Албатта, хоҳиш-истак, катта сабр, ва кимнингдир турткиси. Бизнинг қаҳрамонимизга ҳам Ўзбекистонда кам сонли полиглот бўлишига қайсидир маънода мана шу туртки сабабчи берди.
Сарвиноз Баҳодирова 1999 йил 6 январда Навоий вилоятида зиёлилар оиласида туғилган. Отаси ҳам, онаси ҳам ўқитувчи. Оилада 3 фарзанд: 2 қиз ва битта ўғил. Қаҳрамонимиз фарзандларнинг ўртанчаси.
2017 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бакалавр босқичига ўқишга кирган. 2021 йилда эса ўқишини магистратура бўйича давом эттирган. Ўқиш билан бирга ўқув марказларида ўқувчиларга рус тилидан дарс берган. Шунингдек, бу вақт давомида ўзи ҳам тил ўрганишни давом эттирган.
“Университетга киргунимча 4 та чет тилини ўрганиб бўлганман, қолганларини ўқиш давомида ўргандим. 10 тилимдан 8 тасини ҳар хил вақт давомида ўрганган бўлсам, бир ҳафтада ўрганганларим хитой ва италян тиллари бўлган. 10 та тилга умумий 12 йил вақтим кетган”, дейди Сарвиноз.
Икки йил аввал, қаҳрамонимиз биладиган тиллар сони 8 та эди, бу йилга келиб 25 ёшли Сарвиноз 10 та тилда бемалол мулоқот қила олади. Булар: рус, инглиз, француз, немис, корейс, испан, турк, араб, хитой, италян.
Одинахон Деҳқонова суҳбатлашди.