Тирноқ ичидан кир қидириш(ми?): давлат ва хусусий ОТМ жанги – Расул Кушербаев билан суҳбат
Platina.uz “Ёш зиёкор” нодавлат таълим ташкилотлари уюшмаси раиси Расул Кушербаев билан суҳбатлашди.
Янги Ўзбекистонда таълим соҳасида хусусий сектор фаолиятига рухсат берилаётгани ўз самарасини кўрсатмоқда. Таълим даргоҳларида коррупция йўқолиб, таълим сифати ошиб боряпти. Бироқ охирги пайтда хусусий олий таълим муассасалари фаолиятига тўсқинлик, уларни такомиллаштириш эмас, йўқ қилишга бўлган интилиш кучайиб бораётгани ҳақида хабарлар кўпайди. Хўш, муаммо нимадаю, айб кимда? Platina.uz шу саволлар юзасидан “Ёш зиёкор” нодавлат таълим ташкилотлари уюшмаси раиси Расул Кушербаев билан суҳбатлашди.
– Ассалому алайкум! Бугунги суҳбатдошимиз – “Ёш зиёкор” нодавлат таълим ташкилотлари уюшмаси раиси Расул Кушербаев.
Расул ака, охирги пайтларда бир парадоксни пайқаяпмиз: агар кимдир боласини нодавлат мактабга берган бўлса, дарров яхши таълим стандартлари, ҳатто давлат мактабидан кўра яхшироқ билим берадиган масканни тасаввур қиламиз. Лекин нодавлат университетда ўқийман дейилса, бунинг аксини тушунамиз-да. Бунга сабаб нима? Уларда ҳақиқатан ҳам таълим стандартлари талабларига жавоб бермайдими ёки бошқа сабаблари борми?
– Асосий сабаб – нодавлат олий таълим йўналиши бизда ҳали янги. Адашмасам, эндигина тўрт-беш йил бўлди. Ҳали одамлар бунга кўникмаган. Узоқ йиллар давомида “олий таълим фақат давлатга тегишли бўлади”, фақат давлат дипломи бўлиши керак деган тасаввур бор эди. Бу собиқ социалистик режимидаги тафаккур асоратларидан бири. Бир вақтлар хусусий мулкчиликка нисбатан ҳам шундай қараш мавжуд эди. Лекин аста-секин хусусий мулкка бўлган муносабат ўзгара бошлади. Аммо ҳалигача, 30 йилдан ошган бўлса-да, хусусий мулк дахлсизлиги масаласи бизда амалда ҳали тўлиқ таъминлангани йўқ. Бу мазкур жараённи назорат қилувчиларнинг холислиги билан боғлиқ. Айни пайтда нодавлат олий таълим йўналиши янги соҳа бўлиши билан бир қаторда давлат таълим ташкилотларига нисбатан рақобатчи сифатида ҳам кўриляпти. Яна тағин, нодавлат олий таълим муассасаларига лицезия бериш, уларнинг кейинчалик ишлаш-ишламаслигини ҳал қилиш ваколатлари эса давлат таълимини ҳимоя қиладиган вазирликларимиз қўлига топшириб қўйилган. Назорат қилувчи ва рухсат берувчи идора – Олий таълим вазирлиги ўз қарамоғида университетлар бўлгани учун нодавлат олий таълим муасасаларини ўзига рақобатчи сифатида кўряпти ва уларга ёқмаяпти. Шу билан бирга НОТМлар давлат ўқув юртларидаги жуда кўп ақлли ҳамда тажрибали ўқитувчи-педагогларни яхши маош тўлаш эвазига ўзига тортиб оляпти. Бу эса табиий равишда носоғлом рақобатни пайдо қиляпти ва бу жараёнда вазирликларимиз каттароқ имконият ва ваколатга эга. НОТМлар билан соғлом рақобатга киришгандан кўра, уларни шунчаки ёптириб қўйиш имконияти бор. Биз ўрганаётган, лицензияси олиб қўйилаётган НОТМлардаги камчиликларни таҳлил қилсак, улар аслида тўғрилаб қўйиш мумкин бўлган камчиликлар эди. Бироқ бунга эътибор қилмасдан, шунчаки чопиб ташлашни маъқул кўришмоқда. Шунингдек, давлат ОАВ, айниқса, вазирлик таъсир қила оладиган жуда кўп ахборот тарқатиш манбалари орқали “нодавлат таълим яхши эмас” деган маънодаги фикрлар тарқатиляпти. Бу носоғлом рақобатнинг оқибати деб ҳисоблайман. Демак 2 та асосий сабаб мавжуд бўлиб, биринчиси – бу йўналишнинг ҳали ёш экани, энди кириб келаётгани билан боғлиқ, иккинчиси – давлат монополияси одамларда НОТМ фойдасига ишламайдиган фикрни шакллантиришга ҳаракат қилаётгани билан боғлиқ. Одамлар хусусий эмас, давлат университетларини танласин, деган маънода ҳаракатлар кетяпти. Чунки давлат университетларига борадиган маблағни ҳам хусусий олиб қўйяпти-да. Талабалар хусусийда ўқигани боис, давлат ОТМ пулдан қуруқ қолишмоқда.
Авваллари лицензия берадиган идора Вазирлар маҳкамасида эди. Кейин бу функцияси олий таълим вазирлигига бериб юборилди. Ва асосий муаммолар шу вақтдан юзага чиқа бошлади. Ҳа, тан олиш керак, олий таълим муассасалари тажриба бўлмаслиги мумкин. Ўзбекистонда бу йўналишда тажриба кам. Лекин умумий мақсад бор. Яъни давлатимиз раҳбари олий таълим қамровини кенгайтириш керак, деган масалани олдимизга қўймоқда. Ҳаммани ўқитишга. давлатнинг кучи етмаяпти. Бу жараёнда нормал ҳолат – моддий қудрати борларга шу соҳага пул тикиб, одамларни ўқитишга имкон бериш керак. Лекин қуйи тизимлардан мана ҳар хил тушунмовчиликлар юз бермоқда.
Албатта, нодавлат олий таълим муассасаларида ҳам камчиликлар мавжуд. Уларнинг ҳаммасини идеал, зўр ишлаяпти деб айтиб бўлмайди. Масалан, лицензиясидан маҳрум этилаётган НОТМларни кўрсак, ҳақиқатан улар ҳам камчиликка йўл қўйган. Лекин булар бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар эди. Энди худди шу призмадан олий таълимга қарайдиган бўлсангиз, давлат олий таълим муассасаларида бундан баттар камчиликлар бор. Айнан давлат олий таълим соҳасида коррупция даражаси юқорилигича қолмоқда. Хусусий олий таълимда коррупция ҳолати деярли йўқ. Лекин бугунги кунда давлатникидан эмас, фақат нодавлат ОТМлари фаолиятидан хато қидирилмоқда. Бу носоғлом рақобат натижасида келиб чиқяпти, деб ҳисоблаймиз. Ва даҳшатли жиҳати нимада, биласизми? Ҳаттоки бутун бир суд тизимимизга айрим топшириқлар бериляпти. Балки нотўғридир, лекин мендаги маълумотларга кўра, судлар НОТМлар бўйича холис қарор чиқармаяпти. Масалан, бир неча олий таълим муассасаларининг лицензияси олиб қўйилди. Улар судга шикоят киритишди. Лекин судларга бу шикоятларни албатта рад қилинглар, деган топшириқлар бўлгани ҳақида эшитяпмиз.
Ва ҳозирги суд жараёнларида очиқчасига нодавлат олий таълим ташкилотларига беписанд қаралаётганини кузатиб, ҳақиқатан ҳам судларга шундай хуфёна тошириқ берган бўлишлари мумкин деган хулосага боряпман. Бу гапларда жон бор, шекилли. Яъни улар фақат вазирлик позициясини ҳимоя қилишмоқда. Айтайлик, қайсидир нодавлат университет кутубхонасининг майдони, вазирлик талабига кўра, 2-3 квадрат метрдан камроқ экан. Шуни ҳам катта айб дея баҳона қилиб, лицензияни олиб қўйишга уринишмоқда. Бу камчиликни НОТМ 1-2 кунда тўғрилаб қўймоқда. Лекин “барибир камчиликка йўл қўйгансан” деб туриб олишяпти.
Ёки дарсликлар билан таъминлаш масаласи мавжуд. Ёки айрим НОТМга айтяптики, “сен лицензияда кўрсатган бино мана бу, нега бошқа бинода ишлаяпсан?” дея тирғалишмоқда.
Барака топгур, сен бориб қизиқмадингми, “нима учун шундай бўлди” деб. Ва агар ўша бино ўзгарган бўлса, унга имконият бериб,“кел ариза бер-да, мана буни тўғрилаб қўй” деган маънода муомала қилиш мумкин-ку? Лекин бу камчиликларга жуда катта қонунбузарлик сифатида қараляпти-да. Яъни профилактика йўқ.
Бошқа тадбиркорлар фаолиятига қарайдиган бўлсак, худди шунга ўхшаган камчиликларга йўл қўйилса, сайёр қабулларда, жойларда бўлаётган учрашувларда бу камчиликлар кўриб чиқилиб, тадбиркорликни ёпиб ташламасдан, уларга тузатиш учун имконият берилмоқда.
Иккинчи савол: хўш, нега айрим университетларимиз бу каби камчиликларка йўл қўймоқда? Чунки лицензияни олиш ва унга ўзгартириш киритиш масаласи шунчалик мураккаб, бюрократлашиб кетганки, одамни ўзидан бездириб юборади. Ахир, айтайлик, НОТМ манзили ўзгаргани билан, ундаги таълим сифати ўзгариб қолмайди-ку?!
Манзили ўзгараётгани ҳақидаги маълумотлар, яна 1-2 та қўшимча маълумотлар киритиб, масалани ҳал қилса бўлади-ку!? Хуллас, айни пайтда бундай жараёнлар жуда мураккаб ва кўп вақтни олади.
Бир вазирлик қошида ўз университетлари бўлиб туриб, шу билан биргаликда бошқа НОТМларга лицензия бериши – мантиқсизлик, деб ўйлаймиз. Лицензия берувчи идора умуман мустақил бўлиши керак. Ва у фақат қонун асосида ишлаши керак. Шундай қонун бор, у лицензия бериш фаолиятини тартибга солади. Бироқ суд ҳужжатлари билан танишиб, судларнинг мазкур қонун талабларига ҳам риоя қилмаётгани фош бўлмоқда.
– Қонунчиликка кўра, давлат олий таълим муассасаси билан хусусий олий таълим муассасасининг мақоми бир хилми?
– Албатта, ҳар икки йўналишдаги университетларнинг ҳам дипломи бир хил, тенг кучга эга. Ва давлат буни тан оляпти. Зеро, хусусийга лицензия беряптими, демак, унинг битирувчиларига берилган дипломлар ҳам давлатники билан тенг кучга эга бўлади. Бу жиҳатдан олганда, Таълим тўғрисидаги қонуннинг талаблари ҳар иккисига ҳам бир хил қўлланилади.
– Нодавлат олий таълим муассасалари сифати билан ўзини кўрсата олдими? Масалан, нодавлат мактаблар буни қайсидир даражада кўрсата олди, тўғрими? Ўқувчилари ўқишга осон киряпти, олимпиадаларга боришяпти. Лекин нодавлат университетлар, ўша институтлар кўзга кўринадиган ишлар қилишдими, ўзидаги таълим сифати яхшироқ эканини исботлай олишдими?
– Юқорида айтганимдек, хусусий олий таълим бизга энди кириб келмоқда. Кўпчилиги ҳали битирувчи чиқаргани йўқ. Улар орасида сифати пастроқлари ҳам бор, албатта. Мижоздан пулни олиб, бўлди ўқишга кирдинг, деб кейин диплом бериб юбориш ҳолатлари учраши мумкин. Қолаверса, хусусий олий таълимнинг ичида рейтинги юқорилари бор.
Масалан, биттасини биламиз мана, “Миллат умиди университети”, уюшмамиз аъзоси. Унга асос солган инсонлар Ўзбекистонга IELTS тизимини олиб келган одамлар. Булар мана шу ерда ўқияпти. Улар ҳеч кимни тан олмайди. IELTS даражаси қанчадандир пастини олмайди. Ва ҳозир ёки мана ПДП университетини ўзим бориб кўрганман. Ўша университетда талабалар 3-4-курсдан бошлаб деярли ҳаммаси ишлай бошлайди экан. Талаба ҳолининг ўзида камида 5-6 млн. сўм маош олишар экан. Мен ҳам ҳайратда қолдим. Уларнинг талабалари катта-катта давлат идораларида ишлаяпти, IT йўналишида меҳнат қилишмоқда. Бу ҳали мен билганларим. Албатта, ярқ этиб кўриниш, ёрқин натижа кўрсатиш учун яна озгина вақт керак, ҳеч бўлмаса битирувчилари кўпайсин. Маълум бир жойларда, катта-катта корпорацияларда кўп йиллар давомида ишлаб, ўзини кўрсатсин. Эртага уларнинг бирортаси ишсиз қолмайди, менинг фикримча. Ҳозирда хусусий университетлар халқаро даражада ҳам ҳамкорлик қилишга жуда катта эътибор қаратяпти. Баъзи хусусий таълим университетларининг дипломлари хорижда ҳам қадрланадиган даражага чиқишяпти.
– Маълумки, университетларнинг ТОП-500 талик, ТОП-1000 талик деган рейтинглари тузилади. Ўзбекистонда ҳам шундай рейтинглар борми?
– Уюшмамиз нодавлат таълим муассасалари рейтингини шакллантирмоқчимиз. Насиб қилса, йил якуни бўйича шундай рейтинг тузмоқчимиз. Ҳозир бунинг стандартлари ва баҳолаш мезонлари устида ишлаяпмиз. Имкониятимизга қараб, албатта. Лекин адашмасам, Олий таълим вазирлиги шундай рейтинглар қилишади. Лекин уларнинг холислигига ишонмайман, ҳозирги шароитда. Лекин умумий халқаро рейтинглар бор. Ва уюшма аъзолари учун ТОП-500, ТОП-1000 талик рейтингларга кириш – энг асосий мақсад ҳисобланади айни пайтда. Бу биз учун устувор вазифалардан бири. Ишончим комил, агар НОТМлар фаолияти шу тарзда давом этса, университетларимиз тезроқ шу рейтинглардан ўрин олишади.
Вазирлар Маҳкамасининг 80-сонли қарори бор. Мазкур қарорда хусусий университетлар қандай бўлиши кўрсатиб берилган. Афсуски, мана шу қарорда ҳаётга тўғри келмайдиган талаблар ҳам бор. Бу талаблар хусусий университетларга имконият бериш эмас, кўпроқ уларни имкониятдан маҳрум қилиб, унга лицензия бермасликка, рағбатлантирмасликка қаратилган, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун мазкур қарордаги талабларни ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрлаб, масъул идораларга, жумладан, Олий таълим вазирлигига ҳам бердик. Масалан, НОТМларга қўйиладиган техник талаблар мантиққа зид. Дейлик, умумий бино, ўқув корпусининг майдони қанча бўлиши керак, деганда, фақат ер майдонига нисбатан ҳисобланяпти. Лекин бино бир неча қават бўлса-да, бу инобатга олинмаяпти. Лекин бундай талаблар, давлат олий таълим муассасаларига нисбатан қўйилганини билмаймиз. Лекин хусусийлардан талаб қилишмоқда. Ҳозир ўша 80-сонли қарорга ўзгартириш киритиш жараёни кетяпти, дейишди бизга. Лекин қонунда ҳозирча катта камчилик кўрмаяпмиз. Фақат қонунни ҳамма учун тенг қўллаш масаласи ҳозир долзарб бўлиб турибди.
Шунингдек, олий таълимда академик эркинлик масаласи бўйича ўз таклифларимизни бермоқчимиз. Чунки қўйиладиган айрим талаблар болаларнинг психологиясига салбий таъсир кўрсатишни бошлаяпти. Яъни таълим олишда эркинлик бериш тарафдоримиз. Шундан келиб чиқиб таклифларимизни ишлаб чиқяпмиз.
– Лицензияси олиб қўйилган, яъни фаолияти тугатилган нодавлат таълим муассасаларининг талабалари кўчада қоляпти. Уларнинг ўқишини кўчириш бўйича меъёрий ҳужжатлар борми?... Ёки бу вазият қонун доирасидан ташқаридами?
– Бор, масалан агар мабодо НОТМ фаолияти тугатилса, талабалар бошқа ОТМга ўқишларини кўчириш ҳуқуқига эга. Лекин бу жараён борасида қонунчиликда камчиликлар бор. Масалан, ўқишни кўчиришга оид қарорлар бор, у маълум бир даврларга татбиқ этилади холос. Чунки ўқишни кўчириш муддатлари бор. Йилда бир ёки икки марта кўчириш мумкин. Лекин университетнинг лицензиясини хоҳлаган пайтда олиб қўйишлари мумкин. Бундай вазият мавжуд қонунчиликда ҳисобга олинмаган. Лекин йилнинг истаган пайтида кўчириш ҳолатлари учраяпти, яъни қонунчиликдан четга чиқиш ҳолатлари рўй бермоқда. Бу биринчи жараён. Иккинчиси, нодавлат таълимга нисбатан алоҳида қоидалар бўлиши керак-да. Умумий тадбиркорлик субъектларига нисбатан жорий қилинаётган айрим талаблар буларга тўғри келмас экан. Бу кўчириши билан боғлиқ жараёнда кўзга кўриниб қолди.
– Яна қандай талаблар, масалан?
– Масалан, ҳозир битта университетимизнинг лицензияси олиниш жараёнида кўряпмизки, унга ҳали ўқув жараёнлари бошланмасидан олдин огоҳлантириш берилган. Лекин судда бу жараёнлар ойлаб чўзилиши мумкин. Ўша университет биринчи инстанцияда ютқазди, лицензияси олиб қўйилди. Кейин улар апелляцияга берди. Апелляцияда яна ютқазди. Ва қонунчиликка кўра, апелляция инстанциясида кучида қолдирилса қарор автоматик тарзда кучга кириб кетади. Олий таълим муассасаси энди олий судга шикоят киритса, Олий суд қуйи инстанция судининг қарори ижросини тўхтатиб туриш мақсадида алоҳида ажрим қабул қилиши мумкин. Чунки университет Олий судда ютиб чиқса нима бўлади? Хусусий университет ҳақ бўлиб чиқса-чи? Лицензияси ўзида қолса-чи? Шунинг учун “қарорни ижро қилмай туринглар, ҳозир ижро қилиб қўйсанглар, кейин орқага қайтара олмай қоласизлар” дейишлари керак-ку. Талабаларни тарқатиб юборсанг, кейин ютиб чиқса, қандай қайтарасан, деганга ўхшаш ҳолатлар бўлиши мумкин. Шу боис амалдаги қонунларга ўзгартиришлар киритиш керак. Агар шундай жараён давом этадиган бўлса, ҳеч бўлмаса, университетга шу ўқув йилини тугатиб қўйиш имкониятини бериш керак.
Ва энг қизиғи, бу университетларимизнинг айримлари ҳали Олий судда жараёнларда курашяпти. Лекин уларнинг талабаларини тарқатиб ташлашди. Улар Олий судда ютиб чиқса, нима бўлади? Қандай қилиб унинг талабаларини университетга қайтариб беришади кейин? Буни ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Уларда гўёки судда албатта ютиб чиқишга қатъий ишонч бор. Бундай ҳаракатлар ҳамма нарса аввалдан келишиб олинган деган шубҳа туғдиради. Қани бу ерда холислик?
– Фаолияти тугатилган нодавлат таълим муассасаларининг талабалари, агар нодавлат университетга кирмоқчи бўлишса, имтиҳонсиз қабул қилинар экан. Агар давлатникига кираман деса, имтиҳон билан олинаркан. Агар қонун олдида иккаласининг ҳам мақоми бир хил бўлса, иккисига ҳам имтиҳонсиз қабул қилинмайди?
– Айтяпман-ку, нодавлат таълимни ўзларига душман деб кўришяптики. Булар президентимиз ўтказаётган ислоҳотларга ғирт тескари ишлар. Улар умумий мақсад – мамлакатнинг таълим тизимини кўтариш, халқнинг интеллегенция даражасини ошириш каби мақсадни инобатга олишмаяпти, шахсий манфаатлари йўлида ҳаракат қилишмоқда. Шу кетиш бўладиган бўлса, таълим тизимимиз яна орқага кетишни бошлайди. Узоқ йиллар яна ботқоқда қоламиз, қўпол қилиб айтганда. Шунинг учун, олий таълим вазирлиги НОТМни ўзига рақобатчи сифатида кўриши керак эмас. Кейин эса лицензия бериш функциясини ундан бошқага олиб бериш керак.
– Статистикага қарайдиган бўлсак, Россияда ҳам, умуман қўшни давлатларда, ҳаттоки, менимча, Жанубий Кореядаги университетларда ҳам хорижлик талабалар ичида ўзбекистонлик талабалар миқдор жиҳатидан биринчи ўринда. Мажбуран бошқа давлатларда ўқишмоқда, бошқаларга шартнома пули тўлашмоқда.
– Уларни кейин қайтариб олиб кела олмаймиз, энг ёмони шу. Яъни энг иқтидорли, Ўзбекистон ривожи учун ҳисса қўшиши мумкин бўлган болаларнинг ҳам четга чиқиб кетишига сабаб бўламиз. Менимча, бу соҳада яхши ўзгаришлар бўлиши учун ҳар томонлама кенг фикрлайдиган, самарали қарор қабул қила оладиган одамлар бошқарувга келиши лозим, деб ўйлайман. Яъни бу кадрлар ислоҳоти билан боғлиқ. Афсуски, ҳозир асосий қарор қабул қилувчи кадрларимиз бу эски совет иттифоқи даврида коммунистик ғоялар билан тарбия топган, мана шу фақат ҳамма нарса давлатники бўлиши керак, давлат қилиши керак, деган ғоя билан улғайган, таълим олган одамлар. Булар янгича, замонавий дунёқараш, замонавий фикрлаш даражасида эмас. Шу сабабдан шундай ишлар бўляпти деб ҳисоблайман.
Масалан, вазирлик монопол баъзи талабларни ҳам қўйиб ташлаган-да. Жумладан, HEMIS деган тизим бор. Шунга уланмадинг деб баъзи университетларни жазолаяпти. Буни қайсидир хусусий бир тадбиркор, адашмасам, вазирлик билан келишган ҳолда амалга жорий этган. Фақат ҳамманг мана шу тизимга уланасан, мана шу бўйича маълумотларни киритиб боришинг керак, деган шарт қўйган. У текин эмас, пулини тўлаб бориш керак.Мана шундай талаблар кўп. Уларга бўйсуниш шарт. Хусусий ОТМларнинг ўзлари келишиб, ўз дастурини яратишларига имкон беришмаяпти. Албатта, бундай дастур керак, у талаба ҳақиқатан ҳам шу ОТМда ўқигани, шу йўналишда билим олгани, қандай баҳолар олгани, диплом олгани ҳақидаги маълумотлар киритилади. Бундай дастурлар кўп, лекин фақат ўзлариникини тиқиштиришган. Улар фақат қўрқитиш, фақат зўравонлик қилиш билан мақсадга эришмоқчи. Албатта, бу соғлом рақобатни келтириб чиқармайди. Шунинг учун кадрлар ислоҳоти бу соҳада ижобий ўзгаришларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайман.
– Умуман, инвесторлар нодавлат таълим ташкилотлари очишга қанчалик қизиқяпти?
– Қизиқишлари яхши. Лекин охирги ҳаракатлар фонида шу қизиқиш ҳам ўлиб боряпти. Давлат идораларимиз хусусий ОТМларни шармандаларча, намойишкорона, халқ олдида обрўсизлантира олишлари, истаган пайтда лицензиядан маҳрум қилишлари мумкинлигини кўрсатишмоқда. Шу боис инвесторлар ҳам бу соҳага пул тикишдан қўрқиб қолишди. Кўз олдимда қанча тадбиркорлар чиқиб кетган бўлса, ҳозир мана шу олий таълимга пул тикмоқчи бўлганлар ҳам энди бошқа лойиҳаларга инвестиция киритишмоқчи. Бу яхши эмас, албатта.
Яна бир нарсани айтиб ўтиш керак, олий таълим соҳасидан яхши пул келар экан, яхши даромад топса бўлар экан деб, соҳага адашиб кириб қолганлар ҳам бор. Буни тан олиш керак. Лекин уларга нисбатан чора қўллашдан халқ жабр чекиши керак эмас-да. Масалан, ўқув йилини бошлаб қўйдими, тугатишга имкон бериши керак. Ва қайси ҳолатларда тугатилади ўзи, деган савол ҳам очиқ қолмоқда. Агар одамларнинг ҳаётига хавф солаётган бўлса, жамиятга таҳдид солаётган бўлса, тезда тугатилиши мумкин. Лекин ҳозир университетларнинг бирортасида бундай ҳолат кузатилгани йўқ.
Республика ташкилотларининг талаблари, топшириқларидан ташқари, хусусий университетларга маҳаллий амалдорларнинг таъсири ҳам жуда кучли. Масалан, ҳокимлар ҳар хил масалаларда НОТМлар ишига аралашаверади. Фалончи танишимни ишга оласан деб туриб олганлари бор. Улар аввалги тизимда бунга ўрганиб қолишган чунки. Ўз танишларини шу лавозимга ишга оласан, деб талаб қилишади. Нега? Чунки яхши ойлик бераётган экансизлар, дейди. Йўқ, биз ходимларни танлов асосида қабул қиламиз, сифатга эътибор қаратамиз деса, вой сен ҳали айтганимни қилмайдиган бўлиб қолдингми, дейди. Айтганини қилмаса, ҳар хил йўллар билан босим кўрсатади. Ерингни олиб қўяман, жойингни олиб қўяман, солиққа текширтираман ва ҳоказо деб қўрқитади. Мана шундай муаммолар ҳам бор. Чунки авваллари давлат таълимига шундай босим қилишга ўрганиб қолишган. Прокурорлар, ҳокимлар, маҳаллий амалдорлар телефон қилиб, хоҳлаган одамини ишга киргизиб қўйишга ўрганган. Ректор бечора ҳам ишдан кетиб қолмай, муаммо қилмай деб, сифатсиз бўлса-да, уларнинг айтганига кўнишга мажбур бўлган. Чунки уларда манфаатдорлик бўлмаган. Хусусийлар эса буни хоҳламаяпти. Йўқ, таълим сифати тушиб кетса, менга одамлар келмай қўяди, дейишмоқда. Ҳозир шундай муаммога дуч келган НОТМлар билан индивидуал ишлаяпмиз. Шундай босим ўтказилаётган ҳолатлар бор. Ёки бошқа турли талаблар қўйиб ташлайди: мана бу жойга манави нарсани қилиб берасан, мана бу ерга мана буни қилиб берасан, тадбиримиз бор, бошқа деб. Яъни ўзининг қарамоғидаги ташкилотдек НОТМни ҳам турли оммавий тадбирларга жалб этмоқчи бўлади. Умид қиламизки, бундай ҳолатларга чек қўйилади. Хусусий таълим бунинг уддасидан чиқади, деб умид қиламиз. Бизда замонавий дунёқарашли кадрлар кўпроқ чиқса ва улар бошқарувга келса, шундай аҳмоқона одатларга чек қўйилса керак. Энди бунга вақт керак.
– Расул ака, миллий таълим келажаги йўлидаги ишларингизга муваффақият тилаймиз.
– Раҳмат каттакон.
Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.
Platina.uz сайти ушбу мавзуда холис туриш мақсадида иккинчи томонга ҳам минбар беришга тайёрлигини билдиради.