Садир Жапаров "хорижий вакиллар" тўғрисидаги қонунни имзолади
Халқаро ташкилотлар, Қирғизистон жамоатчилик фаоллари, шунингдек, Европа Иттифоқи дипломатик миссиялари президентни ҳужжатни имзоламасликка чақирганди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Айрим қонун ҳужжатларига ("Нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги қонун ва Жиноят кодексига) ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. У "хорижий вакиллар" тўғрисидаги масалани ҳам кўзда тутади. Бу ҳақда президент ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Қонун эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.
14 март куни қонун республика парламенти томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. Шундан сўнг халқаро ташкилотлар, Қирғизистон жамоатчилик фаоллари, шунингдек, Европа Иттифоқи дипломатик миссиялари президентни ҳужжатни имзоламасликка чақириб, халқаро жамғарма ва компаниялар ёрдами қисқартирилиши мумкинлигини таъкидлади.
Садир Жапаров қонундан оммавий норозилик сабабини тушунишини ёзган. "Мамлакатимизда 30 йилдан бери фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган. Улар ҳеч кимга ҳисобот беришмаган. Улар фақат банк ҳисоб рақамларини очиб, хорижий донорлардан пул олиб, ўз ихтиёрига кўра, шу жумладан шахсий мақсадларда ҳам ишлатган. Бундан буён улар ҳам бошқалар қатори Адлия вазирлигида рўйхатга олинади", деб тушунтирди давлат раҳбари. Жапаров қонун имзолангач, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг вакилларини жавобгарликка тортиш кутилмаслигини ваъда қилди.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу қонун билан мамлакат расмийлари "ҳамма тенг шароитда ишлаши учун бор нарсани очиқ кўрсатмоқчи". "Нима учун ривожланган Ғарб давлатларининг нодавлат ташкилотлари ўзларида Адлия вазирлигида, солиқ хизматида рўйхатдан ўтади, банкда ҳисоб рақами очадию, бизга келганида ҳам шундай қилмайди? Ёки биз иккинчи даражали давлатмизми? Ёқ бу ундай эмас. Биз бундан буён бундай шубҳали ҳаракатларга йўл қўймаймиз", — деб ёзган президент.
Энди Қирғизистонда хориждан маблағ оладиган ва "сиёсий фаолият" билан шуғулланувчи нотижорат ташкилотлари "хорижий вакиллар" деб тан олинади – бу русча "хорижий агент" атамасининг ўхшаши. Бундай нодавлат нотижорат ташкилотлари қўшимча ҳисоботларни тақдим этишлари керак ва улар режадан ташқари текширувларга дучор бўлиши мумкин. Шунингдек, улар махсус реэстрга киритилади. Шу билан бирга, қирғизистонлик ҳуқуқшуносларнинг қайд этишича, қонунга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқа ташкилотлар сингари Миллий статистика қўмитасига, солиқ хизматига, 2021 йилги қонунга кўра эса алоҳида шаклда молиявий ҳисобот тақдим этган.
Таъкидлаш керакки, Грузияда шунга ўхшаш қонун ташаббуси сабаб оммавий норозиликлар юз берган ва якунда лойиҳа қабул қилинмаганди.
Телеграмда кузатиб боринг!