Россияда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўйича чекловлар кучга кирди
Бу Ўзбекистондан борган фуқароларга ҳам таъсир қилади.
Энди чет элда олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари эгалари Россияга келгандан кейин бир йил ичида уларни ушбу мамлакат гувоҳномаларига алмаштиришлари керак бўлади. 1 апрелдан "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги федерал қонунга тегишли ўзгартиришлар кучга кирди.
Бошқа давлатда ҳужжат олиб, кейин Россияга кўчиб ўтганлар энди бир йил ичида ҳайдовчилик гувоҳномасини Россияникига алмаштиришлари керак.
Бу Россияда яшаш рухсатномасини ёки мамлакат фуқаролигини янги олганлар учун амал қилади.
"М" (мопедлар, скутерлар), "А" (двигатель ҳажми 125 куб сантиметрдан ортиқ ва қуввати 11 киловатт ва ундан кўп бўлган мототцикллар) ва "Б" (енгил автомобиллар) тоифаларидаги Россия лицензияларини олиш учун хорижлик ҳайдовчилик гувоҳномаси эгалари фақат тиббий маълумотнома (003-Б/у шакл) тақдим этишлари ва йўл ҳаракати полициясида назарий имтиҳон топширишлари керак. "C" (юк машиналари) ва "Д" (автобуслар) тоифалари учун эса тўлиқ қайта тайёрлаш ва имтиҳондан ўтиш керак. Истисно фақат Беларус лицензиялари эгалари учун қўлланилади - уларни ўзгартиришга ҳожат йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳудудида кўплаб ўзбекистонлик фуқаролар ҳайдовчилик фаолиятини амалга оширади. Бу ўзгаришлар уларга ҳам тааллуқли бўлади.
Таъкидлаш керакки, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда ҳам автомобиллар билан боғлиқ янги ўзгаришлар кучга кирди. Жумладан, бензин ва газда юрадиган автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш 68 баравар қимматлаб, 2 млн. 325 минг сўмни ташкил этди (аввал 34 минг сўм эди). Электромобиллар учун бу миқдор 510 минг сўмни ташкил қилади.