Нега дунё бойларининг аксарияти яҳудий?
Ҳозирги кунда улар турли қудратли давлатлардаги лоббилар орқали Исроилга мунтазам ёрдам бериш, уни ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун бор куч ва маблағларини аяшмаяпти.
Айни пайтда дунёдаги миллиардерларнинг деярли ярми яҳудий миллатига мансуб. Бу миллат вакиллари дунё сиёсати, иқтисодиёти ва ижтимоий-маданий қиёфасига таъсир қила оладиган қудратга эга. Айримларининг қудрат ва имкониятлари авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтиб келади: улар йирик ва машҳур сулолаларга айланиб кетишган. Жумладан, Ротшилдлар сулоласи ўз вақтида қироллар ва йирик компанияларни қарздор қилиб қўя олган, бутун бошли урушларни ва инқилобларни молиялаштирган, улкан сиёсий-иқтиқодий лойиҳаларга сармоя киритган. Ҳозир ҳам айрим конспирологик қарашлар Ротшилдларни бутун дунё сиёсати ва иқтисодиётини хуфёна бошқарувчи куч сифатида кўради.
“Қизил қалқонли” уй
XVIII асрнинг 60-йили. Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳридаги яҳудийлар геттоси – “Юденгассе”да ҳаёт қайнайди. Яқинда ёққан ёмғирдан балчиққа айланган ва бетартиб сочилган ахлат уюмларидан бефайз кўринувчи тор ҳамда нимқоронғу кўчалар шом олдидан доимгидек гавжум. Одамлар кеч тушмасдан уйларига етиб олиш учун шошилади. Чунки шаҳар қонунларига кўра, кеч тушганидан кейин, байрам ҳамда дам олиш кунлари яҳудийларнинг кўчада юришлари тақиқланади.
“Юденгассе” маҳалласининг бир тарафи шаҳарнинг баланд деворлари, бир тарафи зовга тақалиб туради. Мана шу тор ва иркит жойда бир неча минг яҳудийга яшаш учун изн берилган. Бечоралар шунга ҳам хурсанд. Чунки ўша даврларда Германияда, умуман Европа ва Россия империясида яҳудийларнинг аҳволи оғир эди. Уларга фақат маълум бир ҳудудларда яшашга рухсат беришар, турли ҳужжат, шартнома, қонун ва солиқлар билан тинка-мадорларини қуритишар эди. Бу ҳам камлик қилгандек, бирор миш-миш ёки ҳодисадан норози бўлган маҳаллий аҳоли тўсатдан яҳудий маҳаллаларига босқин – “погром” уюштирар, яҳудийларнинг уйларига ўт қўйиб, дуч келган яҳудийни уриб, ўлдириб, хотин-қизларини зўрлаб, қўлларига илашган матоҳ ва пулларни тортиб олиб кетишарди. Бу нафратга эса яҳудийларнинг энг катта гуноҳи – Исо Масиҳни хочга торттиришгани рўкач қилинарди. Аслида эса уларнинг шундай хўрлик ва босим остида ҳам бою бадавлат яшашларидан хасад қилишган.
“Юденгассе” маҳалласидаги кўп қаватли, улкан чумоли уясига ўхшаб кетадиган уйларнинг эшикларига турли суратли тамғалар ўрнатилган. Айрим уйларнинг рақамлари бўлса-да, одамлар ана шу суратга қараб уйга таъриф беришган. Геттодаги 152-уй деворида эса қизил қалқон тамғаси туширилган эди. Бу уй геттодаги бошқа уйлардан деяли фарқ қилмайди. Аммо ундаги одамлар асосан савдо билан шуғулланишгани боис, нисбатан тўқ ҳаёт кечиришган.
Гап шундаки, насронийлик динида бой бўлиш маъқулланмаган. Энг асосийси – судхўрлик қилиш, яъни фоизга пул қарз бериш тақиқланган. Яҳудийлик динида ҳам бу иш тақиқланган, бироқ яҳудий бўлмаган халқлар билан судхўрлик қилишга рухсат берилган.
Шу боис Европада судхўрлик билан асосан яҳудийлар шуғулланган. Банк, биржа, кредит иттифоқи каби молиявий муассасалар ривожига ҳам айнан яҳудий тадбиркорлар катта ҳисса қўшган.
“Юденгассе”даги “қизил қалқонли” уйда ҳам дўкондор Ицхак Элханан Ротшилд ҳамда унинг бир неча аждод-авлоди яшаб ўтишган. Унинг фамилияси эса шу уйдаги тамға номидан олинган. (немисча zum rothen Schild — «қизил қалқонли») Ицхакнинг меросхўрлари 1664 йилда бошқа уйга кўчиб ўтишганида барчалари Ротшилд фамилиясини ўзларига мерос қилиб олишди. Бу янги уй 30 нафар Ротшилдлар учун XIX асргача нафақат истиқомат қилиш, балки бизнес юритиш учун ҳам бошпана вазифасини ўтаган.
Худди шу уйда танга ва буюмлар олди-сотдиси билан шуғулланувчи Амшел Мозес Ротшилд ҳам ўзининг 8 нафар фарзанди билан бирга умргузаронлик қилган. У ҳар хил нодир буюмлар, қадимий тангалар билан савдо қилган ва жуда камтарона ҳаёт кечирган. Амшел бир қоидага қатъий амал қилган: "Кўп пул топган одам эмас, кўп пул тежаб қолган одам бой бўлади”. Шундай бўлса-да, Амшел кўп ҳам пул орттирмади, у ўзидан 1,5 минг флоринни тежаган.
Унинг ўғли Майер Aмшел оилада энг қобилиятли фарзанд бўлган. У 3 ёшида иврит тилини ўрганиб, яҳудийлик диний китобини ёд олган. 12 ёшида етим қолиб, қариндошлари қўлида тарбияланган. Ота-онасининг васиятига кўра, уни Фюртдаги машҳур синагога диний ўқишга жўнатишади. Aммо дарслар уни қизиқтира олмайди – Ротшилд раввин эмас, савдогар бўлишни хоҳларди. У мактабдаёқ пул алмашлаш – саррофлик билан шуғуллана бошлади ва доим кармонида пул билан юрарди. У ҳатто бир нечта ноёб тангаларни сотиб олишга ва уларни катта фойда билан сотишга муваффақ бўлди. Қолаверса, у турли антиқа коллекцияларни тузиб, муомалага чиқарар эди. У шу тариқа ўртоқлари орасида уддабурон савдогар ва сарроф сифатида шуҳрат қозонди.
Ниҳоят Майер диний ўқишни ташлаб Франкфуртга қайтиб келди. Бу ерда у ўз молиявий амалиётлари доирасини аста-секин кенгайтириб борди. Фаолият кўламини янада кенгайтириш мақсададида Майер Амшел Ганновердаги Оппенгеймер банк офисига ишга кирди. Майер банкда мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарилди ва тез орада компанияга шерик сифатида қабул қилинди. Лекин Майер ўз бизнесини очиш орзусида юрарди. Етарли пул ва тажриба тўплаган Майер шерикларини ташлаб, яна Франкфуртга қайтиб келди. Бу ерда у дастлаб қадимий тангалар савдоси билан шуғулланди, ўзи каталоглар тузди ва бир немис князлигидан бошқасига буюртмаларни етказиш билан шуғулланди.
Ўша даврда Европада турли майда давлат ва қиролииклар кўп бўлган. Уларнинг ҳар бири ўзи пул зарб қилган – ҳар бир давлатчада ўз пул бирлиги мавжуд бўлган. Бунинг устига Шарқ ва Хитой билан ҳам савдо алоқалари ўрнатилган. Натижада Европада турли пул бирликлари ва валюта курслари кўпайиб кетди. Майер мана шу валюталар курсларининг “ўйнаб туриши” ва турли хиллиги орасида балиқдек сузиб, фойда кўра бошлади. Қолаверса у саррофлик дўкони ташкил қилди. Бу ерда савдогарлар бошқа немис князликларининг пулларини бошқасига алмаштиришлари мумкин эди. Майер ўз фаолиятини янада кенгайтириб, қийин вазиятга тушиб қолган, инқирозга учраган саррофларга тегишли бир нечта дўконларни ҳам сотиб олди. Лекин Майернинг ҳақиқатан ҳам юксалиши унинг Гессен шаҳзодаси – курфюрст Вилгелм билан танишганидан кейин бошланди.
Саройга яқин юрсанг...
Майер Амшел ўз фаолиятини 1764 йилда валиаҳд шаҳзода саройига антиқа танга ва медаллар етказиб берувчи сифатида бошлаган, 5 йилдан сўнг у сарой саррофига, кейин эса Гессен-Ганау князлик уйининг асосий сарой молиявий агентига айланди. Таъкидлаш керакки, шаҳзода Вилгелм жуда ишбилармон одам бўлган. Унинг ўзи ҳам банкир бўлиши мумкин эди, чунки у немис князлари орасида биринчи бўлиб фоизли кредитлар беришни бошлаган. Тез орада Европа суверенларининг ярмидан кўпи ундан қарздор бўлиб қолишди. Секин-аста Майер Ротшилд ҳам бу иш билан шуғуллана бошлади. У ўз қудратли танишларидан фойдаланиб, бошқа саррофлар ва судхўрлар билан биргаликда қарзлар ва фоизларни ундириб бериш фаолияти билан шуғулланган.
1770 йилда Майер Амшел оддий, камтарин ва жуда тежамкор аёл Гедула Шнаперга уйланди. Улар 5 ўғил ва 5 қиз кўришди. Бу даврга келиб Майер катта бойга айланган эди. Энди унинг эшигидаги яшил тамғани “Ганау шаҳзодаси герцог Вилгелм ҳазрати олийларининг иш бошқарувчиси Майер Ротшилд” деган ёзув безаб турарди.
Майер турли амалдор, зодагон, савдогар ва қиролларга йрик миқдорда қарз бера бошлади. У бошқа рақобатчиларда йўқ имкониятга эга эди: шаҳзоданинг оғайниси бўлгани боис яҳудий савдогарлар тўлайдиган солиқлардан озод этилган эди!
Майер Ротшилднинг барча молиявий операцияларини батафсил тасвирлаб бўлмайди. Уларнинг деярли ҳаммаси барчаси қатъий махфийликда амалга оширилган ва айримларигина оммага ошкор бўлиб қолган холос.
Майер Амшел қариб, касал бўлиб қолганида, кўпинча ўғиллари унинг ўрнига хизмат сафарларига кета бошлади. Майер ва унинг авлодлари битта қатъий қоидага амал қилишар эди: муҳим лавозимларга фақат қариндошларни ишга олишар, уйланишда ҳам шу оила ичидаги амакивачча ёки холаваччаларга уйланишарди. Ташқаридан куёв ва келин топиш тақиқланган эди. Шу боис Ротшилдлар сири ва пуллари асрлар давомида кўз қорачиғидек сақлаб келинди. Ҳеч бир бизнес операция сирлари оиладан ташқарига чиқмади.
Майер 5 та ўғлини 5 та шаҳарга масъул қилиб тайинлади. Германия, Австрия, Англия ва Франциянинг йирик молиявий марказларида ҳам Ротшилдларнинг бизнес империяси туп қўйиб, палак ёза бошлади. Майернинг ўзи эса Франкфуртда, ўша эски уйида яшаб, ўғиллари фаолиятини мувофиқлаштириб, маслаҳатлар бериб, уларни тўғри йўлга йўналтириб ўтирарди.
Унинг уйи олдига вазирлар ва қиролларнинг аравалари тез-тез келиб турарди. Улар қари яҳудий банкирнинг пули ва маслаҳатига муҳтож бўлиб келишарди. Нуфузли меҳмонларнинг кети узилмасди. Майер уларнинг ҳар бири билан шахсан суҳбатлашарди. У воситачиларни жини суймасди.
Майер Амшел Ротшилд 1812 йилда, 66 ёшида вафот этди. Ротшилд қанча бойлик мерос қолдирганини аниқ айтиш қийин. Чунки Майер Амшел ҳар доим 2 хил бухгалтерия юритган: расмий ҳисоб-китоблар ҳокимият ва солиқ идоралари учун мўлжалланган, норасмийси эса махфий бўлиб, молиявий амалиётларнинг ҳақиқий ва махфий жиҳатларини ўзида акс эттирган.
Майернинг ўғиллари оталари ишини у истаганидан ҳам зиёда қилиб давом эттиришди. Кўп жиҳатдан ундан ҳам ошиб кетишди, чунки улар мерос ва таъсир доираларини ўзаро тақсимлаб олишди. Амшел - Германия, Натан - Aнглия, Соломон - Вена, Карл - Неапол ва Жеймс – Париждаги биржалар назоратини ўз қўлига олди. Улар жуда тезкор ва уйғунликда ҳаракат қилишар, доим бир бирларини қўллаб-қувватлашарди.
Aка-ука Ротшилдлар ота изидан бориб, худди у каби моҳирлик ва ғайрат билан Европадаги нотинч вазиятлардан ўз манфаатлари йўлида унумли фойдаланишди. Уларнинг миллионлари бутун бир қўшинларни жиҳозлаш учун ишлатилган. Қироллар ҳам уларга молиявий ёрдам учун мурожаат қилишган. Чунки энди улар нафақат пул эгаси, балки ўз нуфузли таниш-билишларининг қудрати ва ёрдамидан самарали фойдалана оладиган сиёсатчиларга ҳам айланиб қолишган эди.
Шу тариқа Франкфуртнинг иркит яҳудий геттосидан чиққан Майер Амшел Ротшилд бутун Европа молиявий тизимига пойдевор қўйди. Унинг “қизил қалқонли” камтаргина уйи Европа молиявий дунёсининг марказига айланди.
Агарки огоҳсен – шоҳсен...
Ротшилдларнинг қандай қилиб қудратли ва ўта бой сулолага айланишгани, 300 йилдан зиёд вақт мобайнида сақланиб келинаётгани борасидаги турли афсона ва ҳақиқатлар қоришиб кетган.
Шулардан бирига кўра, Ротшилдлар саройдаги ва дунёдаги вазиятдан доимо огоҳ бўлиб туришган. Уларнинг айғоқчилари ва махсус хизматлари мунтазам изланишда бўлган. Кимки ахборотга эгалик қилса, бутун дунёга эгалик қилади, деган қанотли жумлалар ҳам Ротшилдлардан бири – Майернинг учинчи ўғли Натан Ротшилдга (1777 - 1836) тегишли.
Гап шундаки, Наполеон Бонапарт 1815 йил 18 июнда Ватерлоода инглизлар билан жангга киришади. Уруш аввалида устунлик Наполеон тарафида бўлган. Шу боис кузатувчилар Лондонга Наполеон ғалаба қозонади, деб хабар қилишган. Бироқ Веллингтон раҳбарлигидаги прусс қўшини инглиз қўшинларига ёрдамга етиб келади. Улар ғалаб қилишади. Натан Ротшилднинг хабарчиси Роворт урушуни кузатиб туриб, Наполеоннинг Брюссел томон қочганидан хабар топади ва дарров балиқчининг қайиғида Ла-Манш бўғози орқали қитъага ўтиб (бошқа маълумотга кўра, почтачи кабутар орқали) Натан Ротшилдга хабар етказади.
Ҳамма инглизлар ютқазди деб турганида, асил ҳақиқатни биринчи бўлиб билган Ротшильд зудлик билан биржада ўз акцияларини сота бошлайди. Унга эргашиб, бошқалар ҳам ўз қимматли қоғозларини сотишга тушиб кетади. Чунки инглизлар енгилса, уларнинг қимматли қоғозлари нархи кескин тушиб кетишини ҳамма билгани боис, шу жараён рўй бермасидан бу қоғозларни қимматроққа пуллаб қолишга интилган.
Биржада ваҳима бошланади. Акциялар нархи кескин тушиб кетади. Кун охирига бориб эса, Ротшилд агентлари арзонлаб кетган деярли барча акцияларни “сув текинга” сотиб ола бошлайди.
Ниҳоят 21 июн куни соат кечки 11 да Веллингтоннинг адъютанти ҳукуматга “Наполеон тор-мор қилинди” деган хушхабарни келтиради. Ҳамма афсусдан ёқасини ушлайди. Бироқ Натан Ротшильд мақсадига эришиб бўлган ва бу янгиликни бошқалардан олдинроқ билиб олгани эвазига 40 миллион фунтов стерлинг ишлаб олган эди. Айнан ўшанда Натан Ротшильд ўзининг ўша машҳур ва афсонавий ҳикматли сўзини айтган эди: "Ким ахборотга эгалик қилса – бутун дунёга эгалик қилади”.
Бугунги Ротшилдлар
Ҳозир ҳам Ротшилдларни улкан, аммо яширин саккизоёққа ўхшатишади. Дунёдаги ҳар қандай йирик сиёсий-иқтисодий жараёнларда уларнинг қўли бор, деб гумон қилинади. Гарчи Ротшилдлар оиласининг умумий ва расмий бойлиги ҳозирда турли ҳисоб-китобларга кўра 350 миллиарддан 1 триллион долларгача баҳолансада, уларнинг бирортаси “Форбс” журналидаги миллиардерлар рўйхатига киришга ошиқмайди. Аксинча ўз бойликларини пинҳона тутган ҳолда кўпайтиришга интилишади. Ҳатто ҳозир ҳам Ротшилдлар ўз уруғларидаги энг кекса ва қудратли қариндошларига бўйсуниб, унинг айтганини қилиб яшайди ва бизнес юритишади. Шу пайтгача уларнинг “оқсоқоли” инвестицион банкир Жейкоб Ротшильд эди. Афсуски яқинда у 87 ёшида вафот этди.
Ҳозирда Ротшилдлар кўплаб йирик банклар, суғурта фирмалари ва нефт, тоғ-кон саноати, рангли металлургия, темир йўл қурилиши, виночилик ва бошқа кўплаб соҳаларда бизнес юритувчи корпорацияларга эгалик қилади ёки уларнинг акциядорлари ҳисобланади.
Яҳудий бойлар ҳақидаги стереотипларнинг акси ўлароқ, Ротшилдлар хайрия мақсадларига ҳар йили миллиардлаб доллар сарфлашади. Турли илмий-маданий лойиҳаларни беғараз молиялаштиришади. Аммо ўзларининг келиб чиқиши ва ўзликларини ҳам унутишмайди. Исроил давлатининг тузилиши ва уни қўллаб-қувватлашда ҳам Ротшилдлар жуда муҳим рол ўйнаган. Ҳозирги кунда ҳам турли қудратли давлатлардаги лоббилар орқали Исроилга мунтазам ёрдам бериш, уни ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун бор куч ва маблағларини аяшмаяпти.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.