Дрондан фойдаланишда жазолар енгиллаштирилгани изоҳланди
Эндиликда дронлардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун аввал маъмурий, кейин жиноий жавобгарлик белгиланади.
Энди учувчисиз учадиган аппаратлар (дронлар)дан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун аввал маъмурий, кейин жиноий жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган "Қонунчиликда янгиликлар" га бағишланган матбуот анжуманида сўз борди.
Бугун Миллий матбуот марказида қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларниг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказишга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда учувчисиз учадиган аппаратлар (дронлар)ни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун аввал маъмурий, кейин жиноий жавобгарлик белгиланиши айтиб ўтилди. Аввал бу жараёнда тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланар эди.
Анжумандаги мутахасссилар буни инсон ҳуқуқлари, инсон манфаатлари принциплари юзасидан деб изоҳлади.
"Жиноий жавобгарликка тортиш оғир масалада. Бунинг оқибатлари ҳам оғир. Шуни енгиллаштириш учун мазкур қонун ишлаб чиқилди" —дейди улардан бири.
Хусусан, Қонунга мувофиқ Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, қуйидагича жазоланади:
— БҲМ нинг 25 бараваридан 50 бараваригача (8 млн 500 минг сўмдан 17 млн сўмгача) миқдорда жарима;
— 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
— 3 йилгача озодликни чеклаш;
— 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Шунингдек, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қуйидаги қўшимчалар киритилди: учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, бундай аппаратлар ва унинг эҳтиёт қисмларини мусодара қилиб, БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 6 млн 800 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар мазкур ҳаракатларни содир этган шахс, учувчисиз учиш аппаратларини ўз ихтиёри билан топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади. Аввал бу норма мавжуд эмас эди.
Мазкур тадбирда "Геоинновация маркази" ДУК, Фуқаро авиация агентлиги, Адлия вазирлиги мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, анжуманда мутахассислар журналистларнинг "Нима учун Ўзбекистонда (ривожланган давлатлардан фарқли равишда) дронлардан фойдаланиш эркин эмас, аксинча қатъий талаблар мавжуд?", саволига жавоб беришди.
"Мадад" ННТ директор ўринбосари Исломбек Абдураҳимов: “ Ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари бор. Лекин ўзгаларнинг ҳам ҳуқуқлари борда. Одам ўзининг ҳуқуқларини амалга ошираётган пайтда бошқаларнинг ҳуқуқларига даҳл қилмаслиги керак. Ҳозирги шароит( сиёсий вазият)да тинчликни сақлаш биринчи масала. Биз ҳозир ҳаммага дронлардан эркин фойдаланишга рухсат бериб юборолмаймиз. Чунки бизда ҳали бу қурилмалардан фойдаланиш маданияти шаклланмаган.Биз уларга эркин фойдаланишга рухсат берсак, қўпол қилиб айтганда, бир-бирининг уйидаги ҳолатларни ҳам тасвирга олиб, ижтимоий тармоқлар орқали эфирга бериши ҳеч гап эмас. Ҳукумат мана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шундай талабларни қўйган. Бу, албатта, вақтинчалик. “
Одинахон Деҳқонова.