Халқни қачон рози қиламиз?
Жамиятда негатив ахборот улуши тобора ортиб бормоқда. Ҳатто энг оммабоп бўлган, ҳам информацион, ҳам кўнгилочар кўрсатувларни тақдим этувчи ОАВларда ҳам шу аҳвол кузатилмоқда.
Бугун ижтимоий тармоқларга разм солсак, ҳар бир хабар, пост, видеолар изоҳларида ёки кўча-кўйда ким биландир суҳбатлашсак айтган гап-сўзларида норозилик уфуриб турган туҳмат, бўҳтон, фисқ-фасодга тўла фикрларга кўзимиз тушади.
Фалон ҳоким ишдан бўшатилибди.
—Баттар бўлсин!
—Халқни пулини еб ётганди,ўзи.
Фалон туманга ҳоким тайинланибди.
—Ишлар пачава, энди буям аввал ўзиникиларни "тўйдиради", ортса халққа.
—Яна кўзбўямачилик кўпаяди
Фалон давлатда ўзбекистонлик фуқаронинг мурдаси топилибди.
—Нимага борибди у ерга?
—Борадида, Ўзбекистонда ривожланиш бўлмагандан кейин.
Ҳатто кулгили видеолар ёки кўча-куйдаги шундай ҳаракатларга — "бачкана", таъсирли видео ёки маслаҳат берганга — "ўзи амал қилармикан", камбағаллигини кўрсатса — "нима бор ҳаммага ўзини бечора кўрсатиб, бойлигини кўрсатса —кўз кўз қилиш шартмиди", дейдиган бўлдик. Шу даражадаки, бора-бора клише (нутқий қолип) га айланиб бормоқда бундай сўзлар.
Биз қачон бу даражада негативлашдик? Норозилик қачон бу даражага етди? Нега ҳар нарса бизни норози қиляпти?
Сабаб нимада?
Мутахассисларнинг фикрича, асосан оммавий ахборот воситаларининг ҳар қандай тури бунга асосий сабаб бўлмоқда. Бу бир тарафдан тўғри. Чунки баъзи (деярли ҳаммаси) ОАВ вакиллари ўз ташкилотининг рейтинги ёки "просмотр"ларга интилиши ортидан қувиб, одамларнинг руҳияти билан ўйнашишдан ҳам қайтмаяпти.
Аниқроғи авваллари "уриб ўлдирди", "жонига қасд қилди", "ўғрилади"... каби маънони берувчи ахборотлар ОАВ ларида эълон қилинмаган, айтилса ҳам қоғозга ўраб айтилган.
Хўш, ҳозирчи? Ижтимоий тармоқлар, телевиденияда нафақат бундай ахборотларнинг ўзи, балки уларнинг видеолари ҳам бетга айтганнинг заҳри йўқ қабилида халқ билан "баҳам кўриляпти".
Ҳозирги кунда энг оммабоп бўлган, ҳам информацион, ҳам кўнгилочар кўрсатувларни тақдим этувчи хусусий телеканалларда ҳам шу аҳвол. Юртимиздаги шундай телеканалнинг вилоятдаги мухбири сифатида ишлайдиган танишим билан суҳбатлашганимда у: "Мен тайёрлаб берадиган лавҳалардан, фақат пичоқбозлик, жиноят, ўғрилик каби мавзудагиларинигина танлаб олишади. Бирор жойдаги тадбир ёки маърифий лавҳаларим деярли тасдиқдан ўтмайди. Шунинг учун "суддагилар" билан яхши алоқа ўрнатиб олганман. Яхши жиноятлар чиқса, айтиб туринглар деб", деганди. Шунинг ўзи фожиа эмасми?
Қачондан мавжуд жиноятни ёритиш қолиб, унинг тезроқ пайдо бўлишини кутиш журналистнинг "вазифаси"га айланиб қолди?
Бундан 1 йил аввал мутахассислар ўртасида бундай хабарларнинг тинимсиз эълон қилинавериши, аҳолида ўрганиш ҳиссини шакллантириб, дийдаси қотишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида фикрлар илгари сурилган эди. Бугун истеъмолчининг ўзи ҳам фикрлари орқали негативлик тарқатаётгани, бу фикрлар аллақачон ўз тасдиғини топиб бўлганидан далолат бермайдими? Ҳатто ижтимоий тармоқлардаги баъзи норасмий ва расмий каналлар ўз аудиториясини айнан шундай "негатив ахборотлар" билан ушлаб туриши ҳам истеъмолчиларга нисбатан адолатсизлк.
Кейинги сабаб, ишонтириш. Йиллар давомида ҳукумат идораларидаги "каттакон"лар халқни "қиламиз, бажарамиз" деб ишонтириб келишади (бажарадиганлари ҳам йўқ эмас). Халқ эса табиийки бу гапларга ишонади, умидвор бўлади. Бажарилмагандан кейин эса нима бўлади? Қўйни пуч ёнғоққа тўлаверганидан секин-аста ваъдаларга ишонмай қўяди. Ваколатига кирувчи вазифаларини ўз вақтида бажармай, ишга масъулиятсизлик билан ёндашгани учун лавозимидан озод этилаётган ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари бунга яққол мисол.
Балки энди ваъдабозлик, баландпарвоз гаплар керак эмасдир. Вазият тўғри келмайдими, қила олмайдими хўжакўрсинга айтилган "қиламиз, бажарамиздан" нима фойда? Шундайларга: Сиз ваъда бераётган ишингизни (ваколатингизга кирса ҳам) бажаришга ўзингизда куч ёки имконият бор деб ўйламаяпсизми, у ишни бажара олишингиз ҳақида бошқаларга айтмаганингиз маъқул, дегингиз келади.
Оддий мисол, болалигимизда дадамиз ишга кетишидан аввал, "Келишимда нима олиб келай?" деган саволига ўзимизнинг эҳтиёжимиз бўлган нарсани айтганмиз. Кейин дадамиз ишдан тезроқ келишини ва биз ўша нарсага тезроқ етишишни орзиқиб кутганмиз. Агар қандайдир сабаб билан сўралган нарса айтилган вақтда етиб келмаса қанақа ҳафсаламиз пир бўлиб кетарди.
Назаримизда, ҳукумат вакиллари бажара олмаётган ваъдаларининг сабаблари ҳақида очиқроқ, ОАВ лар эса инсон руҳиятига таъсир қилувчи мавзуларда ёпиқроқ бўлишлари керак.
Одинахон Деҳқонова