platina.uz

Қуёши ботмайдиган минтақалар

Ер куррасининг қутблари ва унга яқин жойларда ойлаб қуёш чиқмайдиган ёки ботмайдиган, ярим йиллаб тун ва ярим йиллаб кун давом этадиган ҳудудлар бор.

Жамият
22 март, 12:30
Қуёши ботмайдиган минтақалар

Француз адиби Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” аллегорик қисса-эртагида шундай саҳна бор: Кичкина шаҳзода кўнгли ғуссага ботган пайти қуёш ботишини кузатиб таскин топади. У истаса соатлаб бу жараённи кузатиши мумкин. Чунки унинг сайёраси кичкина, ўзи ўтирган курсисини сал олдинга сурса бас, хоҳласа ботаётган қуёш шафағини абадий кузатиб ўтириши мумкин...

Лекин бизнинг сайёрамиз жуда катта. Биз қуёш ботишини бир суткада фақат бир марта кузата оламиз. Курсимизни сал олдинга суришимиз кифоя қилмайди. Бироқ шу ҳам бизнинг минтақаларда яшовчилар учун катта неъмат. Зеро Ер куррасининг қутблари ва унга яқин жойларда ойлаб қуёш чиқмайдиган ёки ботмайдиган, ярим йиллаб тун ва ярим йиллаб кун давом этадиган ҳудудлар бор.

Халқимизда тўрт томонинг қибла, деган нақл бор. Одатда ҳамма мусулмонлар Макка шаҳридагги Каъбага қараб намоз ўқишади. Бироқ Каъбанинг ичида турган одам дунёнинг истаган нуқтага қараб намоз ўқиши мумкин: унинг учун дунёнинг 4 томони ҳам қибла бўлиб қолади.

Шимолий қутбда ҳам шу ўхшатишни татбиқ этиш мумкин. Шимолий қутбда турган одам учун 4 томони ҳам жануб бўлади, чунки шимолий қутб диаметрал тарзда Жанубий қутбга қарама қарши томонда жойлашган. Ер куррасининг бошқа ҳудудларидан фарқли равишда, Шимолий қутбнинг географик координатасида географик узунлик тушунчаси йўқ, чунки сайёрамизнинг барча меридианлари шу қутбда бирлашади. Бу ерда фақат 90°00′00″ шимолий кенглик мавжуд холос. Шу боисдан мазқур қутб бирор бир вақт зонасига ҳам кирмайди. Зеро вақт зоналари меридианлар ўзгариши билан белгиланади. Шунга қарамасдан, Шимолий қутбда, шунингдек, жанубий қутбдагилар Гринвич вақти билан (GMT (Greenwich Mean Time), UTC±0:00; Буюк Британия пойтахти Лондоннинг Гринвич туманида жойлашган Гринвич қироллик обсерваторияси “устидан ўтган” меридиан бошланғич “0” нуқта деб қабул қилинган; географик координаталари - 51°28′40″ шимолий кенглик, 0°00′05″ ғарбий узунлик. Масалан Ўзбекистон UTC+5 соат зонасида, демак Лондонда соат 1 бўлса, бизда 6 бўлади – таҳр.) ёки ўз ватанларининг соат зоналари бўйича фаолият юритади.

Гринвич қироллик обсерваторияси.

Шимолий қутб Қутб юлдузига тик қарайди. Қутб юлдузи эса осмондаги юлдузларнинг Ердаги кузатувчига нисбатан “ҳаракат”ида иштирок этмайди – қўзғалмайди. Қутб юлдузи осмонда Кичик айиқ туркуми, хал тилида Етти қароқчи юлдузига ўхшаган, аммо ундан тепароқда ва кичикроқ бўлган юлдуз туркумининг “дум” тарафидаги охирги юлдуз.

Қутб юлдузи.

Осмон юлдузлари айланиши.

Сайёрамизнинг жанубий қутбида деярли одам муқим яшамайди. Лекин шимолий қутбга яқин ерларда инсонлар минглаб йиллар давомида ҳаёт кечириб келмоқда. Жумладан, Скандинавия ярим оролидаги Швеция, Норвегия, Финляндия, Дания, шунингдек, Россия, Канада ва АҚШнинг шимолий ҳудудлари шимолий қутб доирасига киради.

Нега қутбларда Қуёш чиқиш ва ботиши кўриниши экваторга яқин ҳудудлардагидан фарқ қилади?

Чунки Ер ўз ўқи атрофида айланади. Унинг белбоғи ва унга яқин ҳудудлар 24 соат ичида тўлиқ бир марта айланади. Қуёшга қараган томонидан кундуз, акс ҳолатда тун киради. Бу сутка деб ҳисобланади. Бироқ Ер Қуёш атрофида ҳам айланади ва 23,44 даража бурчак остида оғиб ҳаракатланади. Ер ўқининг оғиш бурчагидаги ўзгариш боис йилнинг ҳар бир куни бошқасидан фарқ қилади: доим 12 соат тун ва 12 соат кун бўлмайди. Ернинг Қуёшга тушаётган нурлари бурчаги ўзгариши ҳароратнинг ўзгаришига, пировардида фасллар ўзгаришига ҳам сабаб бўлади

Ер курраси ўқининг оғиш бурчаги схемаси.

Қуёш нурлари тик тушса, кучлироқ қиздиради, ва аксинча, қанча қия бўлса, унинг иситиш “кучи” шунчалик камаяди. Ер қутблари эса доимо Қуёшга “ноқулай” бурчак – ўта қия бурчакда “қараб” туради. Натижада бу ерда йил-12 ой совуқ, қиш ва қор ҳукмрон. Табиийки, кун ва тун ўзгариши ҳам бошқа жойлардагидан фарқ қилади. Бу ердаги айрим нуқталарда қуёш умуман ботмаслиги, “оқ тунлар” – ёруғлик кучли бўлган тунги соатлар кузатилиши мумкин.

Шимолий қутбда “Қутб ёғдуси” ҳам кузатилади. У саёрамиз атмосфераси энг юқори қисмларида магнитосферанинг “қуёш шамоли”нинг зарядланган зарралари билан таъсирланиши натижасида митти чақнашлар оқибатида пайдо бўлади.

 Қутб ёғдуси.

Шимолий қутбда доимий музлик ҳукмрон Арктика муз океани жойлашган. Бу ердан эртак ва афсоналарнинг қаҳрамонлари ҳам “паноҳ топган”. Масалан афсонавий Санта Клауснинг (фин тилида – Йоулупукки) “қароргоҳи” Финляндиянинг Лапландия минтақаси пойтахти Рованиеми шаҳридаги Санта Клаус қишлоғида жойлашган.

Санта-Клаус қароргоҳи.

Қутбларда ҳаёт қанда кечади?

Шимолий қутбда яшовчи ёки ишловчилар 6 ой тун, 6 ой кун, ёки “оқ тунлар”, ёки қуёш горизонтда ботмай ёки чиқмай туришига кўникиб кетишади. Илк марта бу ҳудудларга келган одамлар мослашув учун Ернинг қутбдан ташқари ҳудудларидаги “кун соатлари” пайтида деразаларни ёпиб, хонани қоронғилатиб ухлашади.

Шимолий қутбда асосий транспорт воситаси –буғу қўшилган чаналар.

Бироқ шимолда ҳам мусулмонлар бориб, ўрнаша бошлагач, бошқа бир муаммо пайдо бўлди. Бу аввало намоз вақтлари ва Рамазон рўзасини тутиш билан боғлиқ. Маълумки, исломда намоз маълум бир вақтларда фарз бўлади. Вақт эса қуёш чиқиши, қиём – тепада тик турган ва ботадиган пайтларга қараб аниқланади. Бироқ шимолий ва жанубий қутбларда бу вазиятда қандай йўл тутилади? Масалан бу ерда рўза пайтида 22-23 сотлаб кун давом этса, саҳарлик, ифтор ва таровеҳнинг ҳаммасига 1-2 соат ичида “улгуришга мажбур” бўласиз.

Бу борада шариат уламоларининг фикри якдил эмас. Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси мутахассисларининг тушунтиришича, дин буйруқларига бўйсуниш - инсониятга у қаерда яшашидан ва қандай ҳолатда яшаётганидан қатъи назар лозим вазифа.

1) Демак, кеча ва кундузи мавжуд шаҳарларда гарчи кеча ёки кундуз узун ва қисқа бўлса-да, шунга қараб намоз ўқиш ва рўза тутиш керак. Ҳатто кундузи 22 соат бўлса-да, рўза тутилади. Кун ботган заҳоти шом ўқилади ва ярим соат ўтказиб хуфтон намози ўқилади. Тонг отиши билан эса бомдод ўқилади. Шунинг орасида рўза тутадиганлар ифторлик ва саҳарлик ҳам қилиб олиши лозим. Таровеҳга ҳам улгуришлари керак, албатта.

Юртимиз уламоларининг айтишича, “уларнинг бундай узун кунларда рўза тутишлари ҳараж туғдирмайди. Гарчи Аллоҳ таоло бандаларига ҳараж, қийинчиликни раво кўрмаган бўлса-да, аммо, ҳар бир шаръий амалнинг ўзига яраша машаққати, қийинчилиги бўлади. Бу ана шундай машаққатдир. Худойи таоло бандаларини ўшандай кундузи узун, кечаси қисқа шаҳарларда яшатиб қўйибдими, демак, уларни шунга мослаб, ўргатиб яшатмоқда. Бинобарин, у ерларда яшаётганларга рўза тутиш машаққат бўлмайди. (“Мажмуат ал-фатово”). Милодий ўн тўртинчи асрдаёқ Булғорияга сафар қилган араб сайёҳи Ибн Баттута у ерда мусулмонларига қўшилиб, 23 соатлик рўза тутганлиги, хуфтон ва таровеҳни бир амаллаб ўқиб олганини таажжуб ва ҳайрат ила ёзиб қолдирган”.

Саудия Арабистонидан келган сайёҳ Шимолий қутбда, совет атом музёрар кемаси фонида намоз ўқимоқда. 1990 йил.

2) Бироқ иккинчи вазиятда - олти ой кундуз, олти ой тун бўладиган маконларда - қутб шаҳарларида мусулмонлар вақтни ўлчайдилар, белгилаб оладилар.

Қандай белгилаш ҳақида эса уламоларимиз ихтилофга боришган:

а) Баъзи уламолар бундай маконда яшовчилар вақтларини Макка шаҳридаги вақт билан бир хил тарзда белгилайдилар, дейишади. Чунки, Макка шаҳарлар онаси ва бунга барча мусулмонлар келишиб олишган. Она эса эргашишга лойиқ имом кабидир.

б) Бу ерларда яшаётганлар энг ўрта вақтни оладилар, дейдиган уламолар ҳам бор. Яъни, кундуз ва кечани ўн икки соатдан белгилаб оладилар. Зотан, мана шу қишу ёзда энг мўътадил вақтдир.

в) Учинчи қавлни билдирган уламолар бундай дейдилар: қутб шаҳарларида яшовчи мусулмонлар вақтларини кеча ва кундуз мунтазам бўладиган шу шаҳарларга энг яқин шаҳарлар вақтини оладилар. Жуғрофий жиҳатдан ҳам мана шу фикр муносиброқ.

Демак, қутб шаҳарларида яшовчилар охирги қарашни олиб иш тутадилар ва шунга мос равишда намоз ва рўза вақтларини белгилаб оладилар.

Бошқача қилиб айтганда, бизнинг уламоларимиз фикрига кўра, қутбда намоз ўқиш ва рўза тутишга тутинган мусулмон кеча ва кундузи “нормал” бўлган энг яқин шаҳардаги вақтга ростланган ҳолда ибодатларини адо этишади.

Шимолий қубнинг доимий “аҳолиси” – оқ айиқлар, музликлар ва музёрар кема.

Қутбнинг қутбдан фарқи бор

Бир қарашда Шимолий ва Жанубий қутблар бир хилдек туюлади: иккаласи ҳам Ер қутбида, қорли ва совуқ. Бироқ шунга қарамасдан улар бир хил эмас. Аввало, Шимолий қутб сув остида – Арктика муз океани остида жойлашган, Жанубий қутб эса қуруқликда – Антарктида қитъасида жойлашган. Қолаверса, бу минтақаларнинг “тубжой аҳолиси” ҳам фарқ қилади. Шимолий қутбда - оқ айиқлар яшайди, Жанубий қутбда эса – пингвинлар. Шимолий қутб чеккалари унга чегарадош давлатларга тегишли, Жанубий қутб эса нейтрал, ҳеч қайси давлат юрисдикциясига кирмайдиган ҳудуд ҳисобланади. Қолаверса, бошқа фарқлар ҳам арзимас бўлсада, етарли.

Шимолдаги шаҳарчанинг осуда ва қорли ҳаёти. Швеция.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+