Тери касалликлари жинс танламайди
Танамиздаги энг катта аъзо бўлмиш терида ҳам кўп касалликлар бор. Platina.uz Ўзбекистон дерматовенерология ва косметология марказининг дерматовенеролог шифокори Жаҳонгир Турдиев билан ана шулар ҳақида суҳбатлашди.
Тиббиётнинг тери саломатлиги билан шуғулланадиган соҳаси – дерматология деб аталади. Кўпинча бу соҳа вакиллари тери-таносил касалликлари билан шуғулланувчи тиббий муассасалар таркибида фаолият юритишади. Чунки таносил – яъни жинсий йўл билан юқадиган касалликларнинг аксарияти асосан терида (шунингдек, суяк ва бошқа тўқималарда хам) яра-чақа, турли рангдаги доғлар, тери рангининг ўзгариши, йирингли тугунлар ёки чандиқлар тарзида кўриниш беради. Шу боис бу икки соҳа умумлаштирилган.
Айтиш жоиз, тер ва ёғ (ҳатто сут) безлари, теридаги тукларнинг саломатлиги (трихология) билан ҳам тери касалликлари шифокори шуғулланади. Масалан, меъёридан ортиқча ёки кутилмаган жойларда тук ўсиши, тукларнинг (бош терисида) тўкилиб кетиши – алопеция (кал бўлиш), себория (қазғоқ) ёки педикулёз (битлаш) каби муаммолар ҳақида ҳам дерматолог қайғуради.
Platina.uz шундай юқори малакали шифокорлардан бири – Ўзбекистон дерматовенерология ва косметология марказининг дерматовенеролог шифокори Жаҳонгир Турдиев билан суҳбатлашди.
– Халқимизда “ранг кўр, ҳол сўр” ёхуд “истараси иссиқ экан”, деган нақллар бор. Биринчи кўрган одамимиз ҳақидаги илк таассуротимиз унинг юзи, бўй-басти ва қомати, тирноқ ва сочларининг аҳволини баҳолаш натижасида ҳосил бўлади. Одамнинг ёши, характери, покиза ва саришталиги, жисмоний ва руҳий саломатлиги, ҳатто синчковлик билан қаралса, касбий фаолияти ва моддий-ижтимоий мақоми ҳам юз ва тана терисида акс этади. Юз ва тери саломатлиги ва кўркамлиги борасида қайғуриш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозим?
– Албатта, гигиеник-косметик парвариш, макияж, тату, пластик операция ва бошқа воситалар орқали теридаги камчиликларни яшириш, нормал ва соғлом тери ҳолатини имитация қилиш мумкин. Бироқ табиий нормал (гўзал) ва соғлом терига етмайди барибир.
Шу боис инсон жамиятда унга муносабат соғлом бўлишини истаса, терисини парваришлаш, унинг саломатлиги ҳақида қайғуришга мажбур.
Тери хасталиклари охирги пайтда юртимиз аҳолисини ҳам кўпроқ безовта қила бошлади. Тўғрироғи, касалликлар аввалдан мавжуд эди, бироқ интернетнинг ҳаётимиздан кенг ўрин олаётгани, глобаллашув ҳамда моддий фаровонлик ва хабардорликнинг ортиши натижасида уларга, уларни даволашга эътибор кучая бошлади.
Шу боис айни вазиятда аҳолининг ушбу муҳим мавзу – тери касалликлари ва уларни даволаш юзасидан хабардорликларини ошириш долзарб бўлиб турибди.
Шахсан ўзим тери касалликлари ҳамда жинсий йўл орқали юқувчи инфекцион касалликлар замонавий диагностикаси ва даволаш усуллари, тери ва аллергик касалликларда плазмаферез амалиётини бажариш, СО2 лазери ёрдамида яхши сифатли ҳосилалар лазер диструкциясини ўтказиш каби соҳаларга ихтисослашганимнинг ҳам сабаби шу. Чунки айни шу соҳаларга эътибор берсак, юртимиз аҳолисининг соғлом ҳамда кўркам бўлиши ва албатта, сиз айтгандек, истараси иссиқ халқ бўлишига ҳисса қўша оламан, деб ўйлаганман.
– Кўпчилик “ички органлар соғлом бўлса етарли, косметика ва юз саломатлиги аёлларнинг иши”, деган хаёл билан юришади. Бу масалага шифокор сифатида қандай ёндашасиз?
– Бир маълумот айтсам, эҳтимол ўқувчиларимиз учун янгилик бўлар, лекин тери – инсон танасидаги энг катта орган ҳисобланади! Бир қарашда энг катта орган жигар, бироқ терининг оғирлиги жигардан уч баробар катта. Тери вазни тана умумий оғирлигининг 6 фоизини, тери остидаги ёғ тўқималари билан бирга 17 фоизини ташкил этади. Тери майдони бўйича ҳам энг катта аъзо – унинг майдони ўртача 1,6 – 2,5 метр квадратга тенг.
Инсон танасидаги ҳамма орган муҳим, лекин терининг аҳамияти жуда катта. Тери мускул ва скелетимизни ушлаб туриш вазифасини бажаради. Айрим кам учрайдиган хасталикларда тери осилиб қолиши натижасида бўғинлар меъёридан кўп, нормал бўлмаган тарзда букилади.
Шунингдек, тери эстетик вазифани ҳам бажаради. Соғлом тери ёғли мувозанати сақланган, ялтирамаган, ажин, доғ ва чандиқларсиз бўлади.
Терининг ҳосила элементлари, содда қилиб айтганда, қўшимчалари ҳам мавжуд. Тирноқлар, соч ва бошқа туклар, тер, ёғ ва сут безлари шулар жумласидандир.
– Инсон териси фақат ҳусн ва ёшлик ойнасими ёки бутун тана саломатлиги учун ҳам ҳисса қўшадими?
– Терининг функциялари жуда кўп. Айримлари фақат терига хос бўлса, айримлари бошқа органларга хос вазифаларни улар билан уйғунликда, бир тизим ўлароқ бажаришини ҳам таъкидлашни истардим.
Терининг энг сезиларли хусусиятларидан бири – у тана ҳароратини мувозанатда ушлаб туради. Теридаги тешиклар ташқи муҳитдаги ҳаво ҳароратига мослашиш учун очилиб-ёпилиш ҳамда асаб толалари ёрдамида қон томирларини қисқартириш-кенгайтириш орқали қон оқимини пасайтириш-кўпайтириш, энг муҳими, тер безлари орқали танадаги суюқликни буғлантириш воситасида ҳароратимизни саломатлик учун қулай мувозанатда ушлаб туради. Гипертермия (қизиб кетиш) ва гипотермия (совқотиш)дан асрайди.
Теридаги тешиклар нафас олади ва танани кислород билан таъминлашда ўпкага ёрдам беради. Ўпканинг нафас олиш майдони 120 м2, териники 1-2,5 квадрат метр. Терининг кислородни қабул қилиш, карбонат ангидрид чиқариш жараёни тана умумий ҳаво алмашинув жараёнининг 1,5–2,0 % ни ташкил этади.
Теримиз терлаш орқали сув-туз алмашинувида иштирок этади. Баъзан танадаги зарур органлар ўз вазифасини бажара олмай қолса, терининг экскретор функцияси кучайиб кетади. Масалан, буйрак яхши ишламаса, организм қондаги ортиқча ва зарарли моддаларни, жумладан, мочевина, ёғ, тузлар, ортиқча сув, шунингдек, дори воситалари ҳамда бошқа модда алмашинув жараёни қолдиқ маҳсулотларини тери орқали чиқариб юборишга ҳаракат қилади.
Одам териси D витамини ҳамда айрим гормонларни синтез қилиш ва тўплаш орқали эндокрин ва метаболик функцияни ҳам бажаради. Айниқса, терида D3 витамини ишлаб чиқарилиши жуда муҳим, чунки бу витаминсиз суяклар нормал ривожлана ва шакллана олмайди.
Тери қонни захирада сақлаш хусусиятига ҳам эга. Дермадаги қон-томирли тизимда 1 литргача қон мавжуд бўлади. Шу билан бирга терида кўплаб нерв толалари ва сезги рецепторлари жойлашган ва у бизнинг 5 та сезгимиздан бирини бошқаради. Бу организмнинг ташқи муҳитда хавфсиз бўлишини, организм учун зарарли муҳит ҳақида огоҳлантириб туришини таъминлайди.
Бироқ терининг энг катта функцияларидан бири – бу ҳимоя бўлиб, у турли зарарли ва патоген микроорганизмларни танага киритмайди. Механик ва кимёвий таъсирлардан, ултрабинафша нурланишдан ҳимоя қилади. Баданнинг сув йўқотиши ёки ташқаридан сув кириб кетишининг олдини олади. Ҳамда одам териси ёрдамида чиниқиш орқали ташқи муҳитга мослашади.
Шунингдек, тери ўзининг иммун функцияси ўлароқ, антигенларни ушлаш, ташиш ва процессинг вазифасини бажариб, пировардида иммун реакциясининг ривожига таъсир қилади.
– Охирги пайтларда экология ва иш ҳамда ҳаёт тарзимизнинг саломатликка путур етказадиган жиҳатлари ҳақида хавотирлар кўпайган. Шу муносабат билан турли зарарли одатлар ва атроф-муҳит таъсирида терида рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.
– Нафақат экология ва ҳаёт тарзимиз, балки вақт ҳам энг катта “зарар етказувчи” омил. Бекорга айтишмаган-ку, инсон туғилган заҳоти қарий бошлайди деб. Тўғри, инсон танасидаги ҳужайра ва тўқималар тўхтовсиз янгиланиб туради. Аммо ҳар бир янги органик тузилма аввалгисидан нусха олади. Бу худди асл суратдан ксерокопия машинаси орқали нусха олиш, кейинги сафар эса оригинал суратдан эмас, балки шу нусхадан нусха олиш ва шу тарзда давом этишни англатади. Бошқача қилиб айтганда, организм вақт ўтиши билан табиий қариб, аввалги сифатини йўқотиб бораверади. Ёш ўзгаришлари айниқса терида яққол кўриниб туради. Бундан аёллар кўпроқ ташвишга тушади.
Умуман олганда, одам 20 ёшга чиққандаёқ, кўз атрофидаги терининг таъсирчанлиги ортади, илк майда ажинлар пайдо бўлади. Ўттиз ёшга чиққанда юз мимикаси (кулиш, ғазабланиш ва ҳоказо туйғуларда юз терисининг вақтинча нотекис ҳолатга келиши) оқибатидаги ажинлар пайдо бўлади. Яна 10 йил ўтгач эса кўз атрофидаги ва мимик майда ажинлар ҳақиқий, кетмайдиган чуқур ажинларга айланади. Тери қуруқлашиб боради, унда чарчоқ аломатлари яққол намоён бўла бошлайди, ранги ўзгаради, лаб атрофида ажинлар юзага келади.
Танамизнинг бошқа қисмидаги терилар ҳам қарийди: оёқ ва қўлларнинг ички тарафидаги терилар бўшашиб, осилиб қола бошлайди, айрим ҳудудларда целлюлит пайдо бўлади.
Элликдан ўтган аёлларда эса юз овали ўзгаради, юз териси гўё пастга “оқиб тушади”, қўл, юз, елка терисида пигмент доғлар пайдо бўлади. Бу даврда қариш айниқса тезлашиб кетади, чунки терининг мустаҳкам ва қайишқоқлиги, таранглигини таъминловчи коллагентез йўқола бошлайди, шунингдек, аёлларда эстероген, эркакларда тестостерон гормони камаяди. Баъзи одамлар, айниқса аёлларнинг қомати ўзгаради, семириб кетади.
Энди ёмон одатларга келсак, носоғлом ҳаёт тарзи, яъни стресс, тушкунлик, кўп асабийлашиш, чекиш, ёмон ва тартибсиз овқатланиш, очиқ ҳавода кам бўлиш, кам ҳаракатлилик тери ҳужайраларининг зарарланиши ва кучсизланишига олиб келади. Кучли ёруғлик, кўп вақт қуёш тиғида юриш, телевизор ва компютерларнинг нурланиши ҳам тери қаришига сабаб бўлади. Аёлларнинг арзон, декоратив косметика воситаларидан фойдаланиши ҳам терига заҳарли, ифлослантирувчи ва зарар келтирувчи таъсир кўрсатади.
Теримиз айниқса спиртли ичимликлар ичиш, тамаки ва наркотик маҳсулотларни истеъмол қилиш, тўйиб ухламаслик ва ҳатто айрим ўта шўр, аччиқ, ширин ва қовурилган таомлар, зираворларга ружу қўйишдан катта зарар кўради.
Қолаверса, бу омиллар ҳеч кутилмаган жойларда янги ажинлар ҳамда турли ҳуснбузар яра-чақалар ва пигмент доғлар пайдо бўлишига, тери текстураси ва юз контури ўзгаришига олиб келади. Айниқса, чекиш юз терисида ажин кўпайиши ва ҳатто соч оқаришига бевосита сабабчи бўлиши исботланган. Чунки тамаки таркибидаги никотин ва канцероген моддалар теридаги коллагенни парчалайди, янги коллаген ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади ва ҳатто терида, умуман тананинг бошқа аъзоларида ҳам саратон хасталиги пайдо бўлишига олиб келади.
Шунингдек, экология ёмонлашган муҳитда, меҳнат-ўқиш ва яшаш гигиенаси талаблари бузилган биноларда кўп вақт ўтказиш ҳам одам терисига ўта салбий таъсир кўрсатади.
– Сизнинг шифкорлик амалиётингизда қандай тери хасталиклари кўп учрайди ва нима омиллар уларга сабаб бўлади?
– Менинг иш жойим – Республика дерматовенерология ва косметология маркази бўлгани учун кундалик иш жараёним давомида бутун республикамизнинг турли ҳудудларидан шифо истаб келган, асосан оғир даражадаги беморлар мурожаат қилишади.
Сўнгги 10 йилни сарҳисоб қилсак, асосан витилиго, псориаз, ҳуснбузар каби аутоиммун, алиментар ва экологик шароитнинг ёмонлашуви билан боғлиқ бўлган хасталиклар жуда кўп учраётганини қайд этган бўлардим.
Қолаверса, жинсий йўл орқали юқувчи касалликлар ҳам аҳоли орасида ортиб бормоқда. Бунга пала-партиш жинсий хаёт, миграциянинг кучайиши, аҳоли мобиллигининг ортиб бораётгани, пандемия ва бошқа жиҳатлар сабаб бўляпти.
Афсуски, бир марҳум қизиқчимиз айтганидек, халқимиз касалликни ўтказиб юбориб, “ҳил-ҳил пишиб қолгач”, шифокорга мурожаат қилишади. Нафақат менинг соҳам, балки бошқа ҳар қандай шифокорга ҳам касалликнинг дастлабки аломатлари, илк шикоятлар пайдо бўлгандаёқ кўринишни маслаҳат берган бўлардим. Шифокорга қанча барвақт мурожаат қилинса, хасталикни даволаш, ундан бутунлай фориғ бўлиш шунчалик осон ва арзон кечади, асоратлари қолиб кетмайди.
Қолаверса, ҳали айтганимиздек, айрим эркаклар юзидаги ўзгаришлар, турли яра-чақаларга унчалик эътибор бермайди, юз териси парваришини аёлларга хос иш деб ўйлашади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, юз гўё организм монитори, унинг индикатори: танада бошланган ёки авж олаётган кўплаб хасталиклар юзда ўз ифодасини топади. Организм шу тарзда бизга сигнал беради, огоҳлантиришга уринади.
– Тери хасталикларини даволашда қандай усуллар мавжуд эди ва қандай янги усуллар пайдо бўлди? Қандай усуллардан эскириб қолгани ёки самарасизлиги боис воз кечилди?
– Илгари тери хасталикларини даволашда кўпроқ медикаментоз ва турли малҳамлардан фойдаланилган бўлса, ҳозир замонавий инновацион технологиялар, физиотерапевтик муолажалар хамда лазер ва бошқа усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Бу усуллар илгаригиларидан фарқли ўлароқ, беморни қисқа вақт ичида, оғриқсиз ва асоратларсиз даволаш имконини беради. Шунингдек, моддий томондан хам иқтисодий тежамкорликка олиб келади.
Шу суҳбатимиздан фойдаланиб, яна бир жиҳатга урғу беришни истардим. Ҳозирги тартибга кўра, бемор бизга мурожаат қилса, унинг шикоятларини тинглаб бўлганимиздан кейин, уни турли лаборатория ва бошқа турдаги текширувларга жўнатамиз. Кўпчилик беморлар бундан ранжишади. “Авваллари шифокор битта кўришда касалликни аниқлар эди, битта малҳам ёки ҳапдори ёзиб берарди, дарров тузалиб кетардик”, дейишади. Лекин унутмайликки, ҳозир касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш услублари тубдан ўзгарган. Қолаверса, ҳозир текширув ва таҳлил имкониятлари ҳам кенгайган. Аниқ ташхис қўйишимиз учун барча эҳтимолларни соқит қилишимиз керак. Бу эса турли таҳлил ва техник қурилмалар ёрдамида текширувларсиз имконсиз. Аниқ ташхис қўйилгач, даволаш учун тавсия этиладиган муолажа ҳам шунчалик фойдали ва самарали бўлади. Нотўғри даволаш нафақат касалликни ўтказиб юбориш, балки бошқа аъзоларимизга ҳам салбий таъсир қилишини унутмаслигимиз лозим.
– Албатта, ҳеч ким хаста бўлишни истамайди. Бироқ, аввало хасталикларнинг олдини олиш, уларни юзага чиқарувчи шароитларга бефарқ бўлмаслик ҳам муҳим. Шу жиҳатдан қараганда, тери хасталикларидан ҳимояланиш, уларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз лозим?
– Албатта, оддий санитария-гигиена қоидаларига амал қилиб юриш, тартибсиз ва никоҳсиз жинсий алоқалардан сақланиш тери хасталикларидан омон бўлиш учун етарли. Бироқ ўзаро мулоқот кучаядиган урбанизация (шаҳарларшув) шароитида, экология ёмонлашуви, овқатланиш тартиби ёхуд иммун тизимининг бузилиши натижасида айрим юқумли тери касалликларини юқтириб олиш жудаям осон.
Шунингдек, аутоиммун хасталиклар – пуфакчали дерматоз, витилиго (пес), бириктирувчи тўқиманинг терини зарарловчи бир қатор тизимли хасталиклари – тизимли қизил югурук, яъни волчанка деймиз уни, склеродермия, дерматомиозит, шунингдек, васкулитлар, масалан, Шенлейн-Генох хасталигида, аутояллиғланиш касалликлари – псориаз ва бошқаларда, ёки ирсий йўл билан ўтувчи ҳамда балоғатга етиш, ҳайз кўриш каби даврлар билан боғлиқ гормонал ўзгаришлар, танадаги модда алмашинуви, метаболизм, органлар фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ хасталиклар натижасида юзага чиқувчи тери хасталикларининг олдини олиш учун шунчаки озода ва эҳтиёт бўлиб юриш кифоя қилмайди.
Албатта, профилактика муҳим. Масалан, ташқи шароит – экологиянинг ёмонлашуви, турли кимёвий ва гипоаллерген шароит ҳамда буюмлар мавжуд биноларда яшаш, бундай моддалар ва буюмлар билан кўп вақт контактда бўлиш ёки шундай озиқ-овқатларни истеъмол қилиш заҳарланишлар ҳамда турли аллергик реакцияларни юзага чиқариши ва бу терида турли тошмалар, қизаришлар ва яллиғланишларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, уйда, ўқиш ва иш жойларида гигиена, санитар-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этилиши керак.
Бироқ, ташқи, зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишда меъёрга риоя этилса, яхши бўларди. Масалан, охирги йилларда Европа давлатларида, умуман ҳаёт фаровонлиги ва тиббиёт ривожланган давлатларда болаларда турли аллергик хасталиклар, айрим озиқ моддаларга акс таъсирлар (масалан, глютен ёки глюкозани қабул қила олмаслик) кучайиб кетгани қайд этилмоқда. Чунки турли талабларга ҳаддан зиёд амал қилиш – инсонга минг йиллардан бери ёрдам бериб келаётган хусусият – чиниқишни йўққа чиқаради. Болаларни ўта авайлаб ўстирсак, қуёш ва чангли табиатда бўлишдан қайтарсак, кийим, овқат ва сувни деярли стерилланган ҳолда тақдим этсак, уларнинг танаси чиниқа олмайди, иммун тизими ривожланмайди. Бундай болалар кейинчалик оғир шароитларга тушиб қолса, турли хасталикларга чалинишига кўпроқ мойил бўлади. Хуллас, ҳамма нарса меъёрида бўлиш керак.
– Катта раҳмат! Ишларингизда муваффақият тилаймиз.
– Раҳмат, соғ бўлинг!
Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.