platina.uz

Руслар мактабларда ҳарбий тайёргарликка эътиборни кучайтиряпти

Россия ҳукумати собиқ СССР каби милитаризм кайфияти ва мафкурасини мактабдан бошлаб фуқароларга онггига сингдиришни ҳам аллақачон бошлаб юборган.

Жамият
16 март, 20:34
Руслар мактабларда ҳарбий тайёргарликка эътиборни кучайтиряпти

Тинчлик истасанг, урушга тайёр тур, деган қадимий ҳикматли сўз бор.

Албатта ҳар қандай давлат ўз мустақиллигини сақлаб қолиш учун ўз ҳарбий қудратини юксалтиришга интилади. Ер шарининг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар авж олаётган, ҳатто ядро уруши хавфи пайдо бўлган айни кунларда бу масала, хусусан ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш масаласи янада устувор тус ола бошлади.

Ҳеч кимга сир эмас, Россияда айни пайтда сиёсий пропагандага кучли эътибор қаратилмоқда. Турли ОАВлар ҳамда тадбирлар орқали оммавий тарғиботга куч бериш билан бирга, тарихни ҳам ўз истакларига муносиб қилиб қайта ёзиш, одамлар онгини ювишни мактабдан бошлашга қарор қилинган. Жумладан, Россия тарихи бўйича янги дарсликларда 1970, 1980, 1990 ва 2000-йилларга оид боблар батамом қайта ёзиб, “тузатиб” чиқилган. Бу ҳақда 2023 йилда Россия президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский хабар берган эди. Мединскийнинг айтишича, ушбу йилларга оид боблар тўла қайта ишланиб, қайта ёзилган. Шунингдек, 2014 йилдан (яъни, Қрим босиб олинганидан – муал.) бошлаб ҳозирги кунгача бўлган тарих ҳамда “махсус ҳарбий операция” (Украинага ҳарбий босқин – муал.) ҳақидаги бўлим ва боблар қўшилган.

Россия ҳукумати, шунингдек, худди собиқ СССР каби милитаризм кайфияти ва мафкурасини, ватан учун қурбон бўлиш муқаддас бурч эканлигини мактабдан бошлаб фуқароларга онггига сингдиришни ҳам аллақачон бошлаб юборган.

Жумладан, Россия мактабларида 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб «Хавфсизлик ва Ватан мудофааси асослари» фани ўқитила бошлайди. Россия парламенти - Давлат Думаси 2023 йил 20 июлда ўтказган пленар йиғилишида “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги асослари” фанинининг номини «Хавфсизлик ва Ватан мудофааси асослари»га ўзгартириш ҳақидаги тузатишни ёқлаб овоз берган эди. Янги ўқув предмети нафақат ном жиҳатдан балки, мазмун жиҳатдан ҳам бошқача тус олади.

Коммунистик режимнинг илк даврларида

Россиядаги уруш мафкураси бўйича таълим аслида коммунистлар Россия ҳукуматини эгаллаган даврлардан бошланади. Хусусан, ёш Совет Россиясида Фуқаролик уруши даврида ёшларни ҳарбий тайёргарликка ўқитиш Бутунроссия марказий ижроия қўмитасининг 1918 йил 22 апрелдаги "Ҳарбий санъатга мажбурий ўқитиш ҳақида”ги декрети билан амалга татбиқ этилган эди.

Қизил Aрмиянинг жанговар захиралари учун ташкил этилган ҳарбий тайёргарлик тизими, хусусан, 16-17 ёшдаги чақирувгача бўлган ёшларнинг Ҳудудий қўшинларнинг умумий ҳарбий тайёргарлиги бош бошқармасидаги курсларга қатнашини назарда тутган. 1930-йилларда 18-19 яшар ёшлар жами икки ойлик ўқув-машғулот йиғинларида қатнашган.

1939 йил 1 сентябрда СССР Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган "Умумий ҳарбий мажбурият тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, СССР мактабларида “бошланғич ва чақирувгача ҳарбий тайёргарлик” тизими жорий этилган. Барча умумтаълим мактабларида 5-синфдан 7-синфгача бошланғич ҳарбий тайёргарлик (БҲМ) фани ўқитилган, ўрта мактаб ўқувчилари (8-10-синфлар) учун чақирувгача бўлган ҳарбий тайёргарлик амалий машғулотлари ўтказилган. Хусусан, қуролдан фойдаланиш, сафда юриш ва бошқа бошланғич ҳарбий билимлар берилган.

Урушдан кейинги давр

Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, 1950-1960-йилларда СССР Қуролли кучлари аскарлари сони мунтазам қисқартириб борилган. Чунки уруш зарурияти туфайли йиғилган кўп миллионли армияни боқиш ва ушлаб туриш иқтисодий зарардан бошқа самара бермасди. Шунингдек, ёшларни урушга тайёрлаш ҳам долзарблигини йўқота бошлади. Жумладан, СССР Министрлар советининг 1962 йил 25 январдаги қарори билан мактабларда чақирувгача бўлган ҳарбий тайёргарлик фанлари бекор қилинди. Ҳарбий-ватанпарварлик таълим-тарбияси эса дарсдан ташқари тизимга ўтказилди.

Бироқ 1967 йил 12 октябрда СССР Олий Совети умумий ҳарбий хизмат тўғрисидаги иттифоқ қонунининг янги таҳририни қабул қилди. Ҳужжат ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатини бир йилга (қуруқликдаги кучларда икки йилгача) қисқартирди ва яна бошланғич ва ўрта таълим даргоҳларига “Бошланғич ҳарбий тайёргарлик” (БҲТ) фанини қайтарди.

Эндиликда мазкур фан муддатли ҳарбий хизмат ва чақирув ёшидаги йигитлар учун, ишдан ва ўқишдан узилишларсиз – умумтаълим мактабларида (9-синфдан бошлаб), ўрта махсус таълим муассасаларида ва касб-ҳунар таълими муассасаларида ўтказилди; корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, совхозлар ва колхозларда ташкил етилган ўқув марказларида; ДОСAAФ (Армия, авиация ва флотга ёрдам кўрсатиш кўнгилли жамияти) таълим муассасаларида кенг ўқитила бошланди.

Боиси, СССР ва Ғарб энди тўқнашувнинг янги палласи - “совуқ уруш” даврига кирган, сиёсий вазият таранглаша бошлаган, айниқса 1961 йилдаги “Кариб инқирози” ҳамда “Фазони забт этиш пойгаси” фонида коммунистларда яна эҳтимолий урушга, ҳатто ядро урушига тайёргарланиш васвасаси бошланган эди.

БҲТ курси доирасида жанговар, ёнғин, тактик, тиббий, топографик ва муҳандислик тайёргарлиги, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш ва умуман фуқаролик мудофааси, СССР Қуролли Кучларининг умумий ҳарбий низомлари ўргатила бошланди. Бунинг учун синфлар ўғил ва қизлар гуруҳларига бўлинган, қизлар санитария бригадаси дастури бўйича ўқитилган. Ўқув режасида БҲТ учун жами 140 соат ажратилган. 1967 йилдан бошлаб эса пионерлар лагерларида БҲТ дастури билан қамраб олинмаган 4 -7-синф ўқувчилари учун “Зарница" (“Тонг шафағи”) Бутуниттифоқ пионерлар ҳарбий спорт ўйинларини ўтказиш ҳам йўлга қўйилди.

Кейинчалик эса ўрта мактаб ўқувчилари учун ҳам шунга ўхшаш "Орленок" (“Бургутча”) ҳарбий-ватанварлик мусобақалари ташкил этила бошланди.

Ҳарбий-техник мактаблар ва парвоз клублари мавжуд бўлган ДОСAAФ ташкилотларида эса хоҳловчиларга мотоцикл, юк машиналари, занжирли транспорт воситаларини бошқариш, парашютдан сакраш, спорт самолётларини бошқариш, радиотехника иши ва бошқа билимлар бепул ўргатилган. Бошқаришни ўрганган йигитларга ҳайдовчилик гувоҳномалари берилган.

Одатда БҲТ ўқитувчилари (ҳарбий раҳбарлар, ҳарбий инструкторлар), қоида тариқасида, олий ёки ўрта ҳарбий маълумотга эга бўлган заҳирадаги офицерлар орасидан танлаб олинган.

СССР Министрлар Советининг 1980 йил 11 сентябрдаги "Ёшларнинг дастлабки ҳарбий тайёргарлиги тўғрисида"ги қарори билан БҲТга умумий раҳбарлик ва назорат Мудофаа вазирлигига юкланган. Янги ўқув дастури ишлаб чиқилган. Шу тариқа, 9-синфда ўтказиладиган беш кунлик дала машғулотлари ўрнига таълимнинг якуний босқичида уч кунлик дала машғулотлари назарда тутилган. 1987 йилда мудофаа ва спорт соғломлаштириш лагерлари фаолият кўрсатаётган туман ва шаҳарлардаги ўрта таълим муассасалари учун янги БҲТ дастури жорий этилди: ёзги таътилда лагерларда йигитлар учун 14 кунлик дала машғулотларини ўтказиш дастуридаги 140 та ўқув соатига яна 70 соат қўшилди.

СССРда Михаил Горбачёв бошлаб берган қайта қуриш ва ошкоралик йилларида бошқа турли соҳалардаги ислоҳотлар билан бир қаторда қуролли кучларнинг роли ва қиёфасини қайта баҳолаш жараёни бошланди. 1990 йил июн ойидан бошлаб, БҲТ фани “чақириққа тайёргарлик” деб атала бошланди. Ўша йили РСФСР Таълим вазирлигининг 17 октябрдаги буйруғи билан ўрта мактабларда бундай дарслар деярли бекор қилинди – мазкур ҳужжатга кўра, умумий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонуннинг 17-моддаси бекор қилинмагунича, чақирувдан олдинги машғулотлар дала ўқув-машғулот йиғинлари доирасида, мудофаа спорт соғломлаштириш лагерларида ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Ҳозирги вазият

Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий хизматга тайёрлаш 1998 йил 12 мартдаги "Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида" Федерал қонун ва 2030 йилгача бўлган муддатда Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий хизматга тайёрлашнинг федерал тизимининг концепцияси (2021 йил 30 октябрдаги таҳрирда) билан тартибга солинади. Бундай тайёргарлик тизими давлат, жамоат ва мудофаа ташкилотлари, шу жумладан, Россия ДОСAAФ томонидан ўтказиладиган мажбурий ва ихтиёрий тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади.

Ҳозирда БҲТнинг айрим элементлари мажбурий мактаб ўқув дастуридаги "Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги асослари" курсига киритилган. Бу фан доирасида ўқувчилар, хусусан, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларига эга бўлишади, муддатли ҳарбий хизмат аскари ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрганишади. Баъзи мактабларларда дарсларда ёки ўқув йиғинларида саф машғулотлари ҳамда қуролдан отиш бўйича машғулотлар ҳам мавжуд.

Шунингдек, 2016 йилдан буён Россия Федерациясида "Юнармия" (Ёш армия”) Бутунроссия болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ижтимоий ҳаракати фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳаракат гуруҳлари, жумладан, таълим муассасалари негизида ҳам тузилади. 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1 миллиондан зиёд “Юнармия”чилар ҳарбий спорт ўйинлари, ҳарбий амалий спорт турлари бўйича спартакиадалар, хотира соатлари, ҳарбий шон-шуҳрат масканларига саёҳатлар ва ҳоказоларда иштирок этишмоқда.

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин, яна ҳарбий тайёргарликни кучайтириш масаласи яна долзарб вазифага айланди. Натижада, 2022 йил октябр ойида Россия Федерацияси маориф вазири Сергей Кравцов “Ҳаёт фаолиятининг хавфсизлиги асослари” фанини дастлабки ҳарбий тайёргарликнинг айрим элементлари билан кенгайтириш мумкинлигини билдирди. Шу йили 8 ноябрда Халқ таълими вазирлиги томонидан фуқароларга мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларни ўргатиш бўйича мактаб ва коллежларда бошланғич ҳарбий тайёргарлик борасидаги йўриқномада белгиланган муддатларда алоҳида ўқув курси ишлаб чиқилаётгани маълум бўлди.

Табиийки, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги мактаблар ва касб-ҳунар мактабларида БҲТни жорий этишни қўллаб-қувватлади. (Аслида ташаббус улардан чиққан бўлса керак – муал.)

2022 йил 9 ноябр куни Россия Федерацияси Маориф вазирлиги раҳбари Сергей Кравцов Россия мактабларида “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги асослари” фанининг бир қисми сифатида дастлабки ҳарбий тайёргарликнинг мажбурий курсини жорий этиш режалаштирилаётганини айтди.

2024 йил 1 сентбярдан бошлаб эса Россия мактабларида БҲТ элементлари ўз ифодасини топган «Хавфсизлик ва Ватан мудофааси асослари» фани ўқитила бошлайди. Россия Мудофаа вазирлиги Бош ҳарбий-сиёсий бошқармаси эксперти, подполковник Михаил Бородиннинг айтишича, Мудофаа вазирлиги Россия Федерацияси Маориф вазирлиги билан биргаликда бошланғич ҳарбий тайёргарликнинг мактабдан ташқари курсини ишлаб чиққан. Мазкур дастур, энг аввало, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича “Aвангард” ўқув-методик марказлари негизида амалга оширилиши кўзда тутилгани айтилмоқда.

Бошқа давлатлар тажрибаси

Таъкидлаш керак, чақирувгача ҳарбий тайёргарлик бўйича машғулотлар деярли барча постсовет республикалари умумтаълим мактабларида ўтказилади. БҲТ фанлари, жумладан, Озарбайжон, Aрманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украинадаги умумтаълим мактаблари дастурига киритилган. 2024 йилдан бошлаб Латвия мактабларида ҳам ҳарбий инструкторлар иштирокида фуқаролик мудофааси машғулотларини мажбурий ўтказиш режалаштирилмоқда. Гувоҳи бўлаётганимиздек, Россия-Украина уруши нафақат Европа давлатларини НАТОга аъзо бўлиш ва ҳарбий қудратини юксалтиришга, балки ёшларга ҳарбий таълим бериш масаласига ҳам эътибор қаратишга чорламоқда.

Ва табиийки, АҚШда ҳам ёшларнинг ҳарбий тайёргарлиги масаласи муҳим сиёсий вазифалардан бири ҳисобланади. АҚШда ҳарбийлаштирилган тайёргарлик машғулотлари Aмерика скаутлар ҳаракати дастурига киритилган бўлиб, у 5 миллионга яқин ўқувчиларни қамраб олади. АҚШ Қуролли кучлари бу скаутларни тайёрлаш учун ўз инфратузилмаларини текинга тақдим этади.

Исроилда эса ёшларни муддатли ҳарбий хизматга чақиришдан олдин ҳарбий-жисмоний тарбиялаш вазифаси “Гадна” ёшлар ҳарбийлаштирилган ташкилоти (“Ёшлар корпуси”) зиммасига юклатилган. Бу муассаса Исроил Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда машғулотлар ўтказади. Дала машғулотларига фақат юқори синф ўқувчилари жалб этилади.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+