platina.uz

Путинга гўрида ҳам тинчлик бермайди

Ҳаётлигида нафақат фаолияти билан, балки қамоқхонада, карцерда ётган ҳолда Россия президентига хавф солиб турган Навалний ҳақида.

Жаҳон
2 март, 20:19
Путинга гўрида ҳам тинчлик бермайди

Қаҳрамонлар қаҳрамон бўлиб туғилмайди, уларни давр ва ёвузлар қаҳрамонга айлантиради. Алексей Навалнийни ҳам мана шундай омиллар сиёсий қаҳрамон сифатида вояга етказди. Аммо Навалнийнинг қамоқхонадаги ўлими уни нафақат қаҳрамон сифатида, балки ёвуз тузумдан жабр чеккан мазлум қаҳрамон сифатида тарихга муҳрлади.

Путин режимининг навбатдаги қурбони

Баҳорнинг илк куни аксарият халқлар учун қувончли кун бўлса-да, онгли ва эрксевар россияликлар учун қора кун сифатида бошланди. Шу куни Россиянинг ягона ва ўзгармас ҳукмдори Путин ва унинг шотирларига қарши тик гапира олган, унинг чиркин томонларини ошкор қилган сиёсатчи, Коррупцияга қарши кураш фондининг суриштирувлари воситасида юқори ҳокимиятдаги коррупция, зулм ҳамда адолатсизликни, ҳатто Путин ва бошқа юқори мансабдор шахсларнинг мамлакат ва халқни талаш йўли билан миллиардерга айланишганини фош қилган Алексей Навалний тупроққа қўйилди.

Путин ўз мухолифларини аввал туҳмат ва шантаж ҳамда обрўсизлантириш, сўнгра қамоқ, булар ҳам иш бермаса, ўлдириш билан йўлидан супуриб ташлашга ўрганган. Борис Немцов ва Евгений Пригожин каби шахслар фаолиятининг ниҳояси ўлдириш билан тугаганини унутмаслигимиз керак.

Алексей Навалнийни турли баҳоналар билан кўп йиллик қамоққа тиқиб ҳам овозини ўчира олмаган Путин режими унинг ўлигидан ҳам қўрқиши маълум бўлиб қолди. Гарчи Россия Федерацияси Жазони ижро этиш федерал хизмати ҳудудий бошқармаси Алексей Навалний 16 феврал куни қамоқхонада вафот этганини билдирган бўлса-да, деярли 2 ҳафта давомида унинг жасади қариндошларига берилмади. Алексейнинг онаси Людмила Навалнаянинг маълум қилишича, ҳукумат вакиллари Навалнийни махфий равишда, ими-жимида кўмишни талаб қилиб кўп босим ўтказган. Бироқ онаизор бу ноқонуний талабларга кўнмаган. Ҳар бир ҳур инсоннинг ҳаққи – одамдек кўмилиш ҳуқуқини поймол этмасликларини сўраган. Ниҳоят, 2 ҳафта деганда унга жасадни беришди, аммо имкон қадар тез кўмишни талаб қилишди. Людмила Навалнаянинг бу талабга кўнишдан бошқа иложи қолмади.

Муносабат

Путин Навалнийнинг ўлими борасида бирор фикр билдирмади. Россия давлат каналлари бу жараённи шунчаки игнор қилди. Халқаро журналистлар Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковдан “Навалний сиёсий фаолиятига баҳо бериладими?”, деб сўрашганида, йўқ, дейиш билан чекланди. Матбуот котиби Навалнийнинг қариндошларига айтадиган гапи йўқлигини билдириб, аҳолини Навалнийни дафн этиш маросимида қатнашмасликка чақирди, “бу рухсат берилмаган оммавий тадбирда” қатнашганлар қонунга кўра жавобгарликка тортилишини эслатди.

Лекин Навалнийни дафн этишларидан хабар топган москваликлар ва бошқа ҳудудлардан етиб келган 10 минглаб россияликлар эрта тонгдан бир неча километрлик навбатга туришди. Гарчи ҳокимият қўрқитган бўлса-да, гарчи атрофни тумонат полициячилар ва аскарлар ўраб олган бўлса-да, томларда снайперлар отиб ўлдиришга шай турган бўлса-да, одамлар қўлларида гуллар ва Навалнийнинг портретларини кўтариб олган ҳолда унга сўнгги ҳурмат бажо келтириш, у билан видолашиб, сўнгги йўлга кузатиб қўйишга журъат қилишди. Яна миллионлаб одамлар эса интернет ва телевизор орқали бу маросимни кузатиб, мотам тутишди. Дунёнинг деярли барча шаҳарларида Навалнийни заррача ҳурмат қилган, унинг сиёсий фаолиятини қўллаган инсонлар Россиянинг хориждаги элчихоналари олдига ёхуд стихияли тарзда ташкил этилган маконларда Навалнийни хотирлаб гул ва шам қўйишни ўз бурчлари деб билишди. Ҳатто Навалний тобути узра диний маросим ўтказилаётган черковга киритишмаса ҳам, “Хайр Алексей, барчаси учун сенга раҳмат” “Алексей, сен бизга қўрқмасликни ўргатдинг”, “Россия озод бўлади”, “Путин – қотил”, “Урушга йўқ деймиз”, “Сиёсий маҳбуслар озод қилинсин” қабилидаги шиорларни жўр бўлиб айтишдан қўрқишмади.

Навалнийни дафн этиш маросими дунёнинг деярли барча йирик ОАВлари томонидан бевосита ёритилди, бир неча миллионлаб инсонлар бу маросимни кузатиб, Навалний тарафдорларининг жасоратига, уларнинг инсонийлигига тан беришди.

Аслида Навалний ўлими эълон қилинганидаёқ дунё унга мотам тутиб бошлаган эди. Россиянинг кўплаб шаҳарларида ҳам Навалнийнинг ўлими ва унинг хотирасига бағишланган спонтан норозилик намойишлари ўтказилди. Сиёсатчи хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун чиққан одамларнинг кўпчилиги ҳибсга олинди.

Навалнийнинг ўлимига дунё муносабат билдирди. Бу муносабатларда “Путин қўрқди” ва “Путин – қотил” деган сўзлар кўп кузатилди.

“Навалнийнинг ўлими билан боғлиқ барча фактларга ойдинлик киритилиши керак, Россия жиддий саволларга жавоб бериши керак”, деди НAТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Европа кенгаши президенти Шарл Мишел Навалнийнинг ўлими учун Россия расмийлари жавобгар эканини таъкидлади.

Германия канцлери Олаф Шолс "Навалний Россияга қайтишга журъат қилгани учун ўлими билан бадал тўлади”, деди.

“Даҳшатли янгилик. Aлексей Навалний Россия демократиясининг энг ашаддий ҳимоячиси сифатида бутун умри давомида ақл бовар қилмайдиган жасорат кўрсатди”, – деди Британия бош вазири Риши Сунак.

Франция президенти Эммануэл Макрон Навалнийнинг ўлимида бевосита Россия расмийларини айблади.

Украина президенти Владимир Зеленский “Навалнийни Россия президенти Владимир Путин ўлдиргани аниқ”, деди.

Aмерика президенти Жо Байден эса 2021 йилда Путинга Навалний қамоқда ўлса, ҳалокатли оқибатларга олиб келиши билан таҳдид қилган ва “Навалнийнинг ўлими учун Путин жавобгар бўлади”, деб айтган эди. Журналистнинг у ваъда қилган ҳалокатли оқибатлар келадими, деган саволига Байден шундай жавоб берди: "Бу уч йил олдин эди. Ўшандан бери улар жуда кўп оқибатларга дуч келишди".

“Aлексей Навалнийнинг ўлдирилиши Россия тарихидаги энг шармандали саҳифалардан биридир. Навалний жуда қатъиятли, истеъдодли ва ёрқин сиёсатчи эди. Режим уни асосий таҳдид деб билди ва уни ўлдиришга қарор қилди”, – деди Озарбайжон Халқ фронти партияси раҳбари Aли Каримли.

Марҳум қандай одам эди?

Путин режими Навалнийнинг ўлишини истаб қолганини англаш учун унинг кенг кўламли, узоқ муддатли фаолиятига қисқача бўлса ҳам назар солмоқ керак. Навалний 2015 йилда Борис Немцов ўлдирилганидан кейин Россияда ўз сиёсий дастурини шакллантирган ҳолда, ҳокимият олдига саволлар қўя олган ягона сиёсатчи бўлганининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат беради. Умуман, Навалнийнинг сиёсатчи сифатидаги фаолияти деярли 20 йил давом этди. 2011 йил охирига келиб, Навалний ҳукумат амалдорлари ва Путинга алоқадор бизнесменларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишганини фош этгани боис энг машҳур мухолифатчига айланди. Путиннинг навбатдаги сайловларни ўтказиб, президент сифатида яна тахтда қолишига қарши намойишларга етакчилик қилди. Навалний тайёрлаган, Геленжикдаги Путин саройи ҳақидаги фош этувчи кўрсатув YouTube платформасида 129 миллион марта томоша қилинди.

2013 йилда Навалний Москва мэрлигига номзодини қўйди. Унинг 27 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллагани уни ва тарафдорларини руҳлантириб юборди. Сиёсий курашлар самара беришига ишонч уйғонди.

2017 йилда президентлик сайловлари кампанияси доирасида у, албатта, Путин унга сайловларда иштирок этишга рухсат беришини кутмаган эди. Чунки ўзига ҳамда халқ қўллашига ишончи қолмаган Путин ҳатто Борис Надеждинга ҳам 2024 йил 17 мартга белгиланган президент сайловларида иштирок этишга рухсат беришга қўрққан эди. Бироқ, кейин Навалний русларга "келажакнинг гўзал Россияси"нинг сўл-либерал версиясини тасвирлаб берган сиёсий дастурни тақдим этди. У кучли маҳаллий ҳокимият органлари, мустақил судлар, кўппартиявийлик тизими, давлат иштирокисиз монополиядан чиқарилган иқтисодиёт ва коррупцияга барҳам берилган парламент республикасини тасвирлади. Ва энг муҳими, у бюджетни биринчи навбатда ички эҳтиёжлар, таълим ва соғлиқни сақлашга сарфлайдиган ижтимоий Россия ҳақида кўп гапирди. Навалний россиялик сиёсатчи эди, у русларни "Буюк Пётр ёки Лениннинг улуғвор даврлари"га қайтаришни ваъда қилмади, унинг тасаввуридаги, "келажакдаги гўзал Россия" Путиннинг СССРни, умуман Россия империясини тиклашга бўлган ботиний мақсадларига мутлақо тескари эди.

Путинга тобеъ ва унга мойил кучлар пропагандаси кўпинча Навалнийни миллатчи ва антимигрант, антисломий элемент қилиб кўрсатишади. Бироқ ўзбек сиёсатчиси Камолиддин Раббимов буни жуда чиройли тушунтириб берган. “Навалний – либерал, лекин миллатчи (националист) эди, – деб ёзади Раббимов. – Националист – империалистнинг тескариси. Империалист – ўз атрофидагиларни ўзига интеграция қилишни ўйлайди: визаларни олиб ташлайди, ўқиш ва ишлаш учун шароит қилиб қўяди, ахборот ҳудудини қўшиб олиб бошқаради, иқтисоду сиёсатни интеграция қилади, геосиёсий мустақиллик бермайди – аксинча геосиёсий бошқаради ва ҳ.к.

Националист эса тескариси – у империяни парчалайди, ўз давлатини миллий давлат сифатида кўради, ўз “қулларини”, “мардикорларини” қўйиб юборади, уларнинг ишига камроқ аралашади, эшикни “виза” орқали қулфлаб олади. Натижада, бошида “мардикор” ва “қулларга” қийинроқ бўлади, лекин йиллар ўтиб, кечаги мардикор ва қуллар ҳақиқатда озод ва ҳур бўлиб бошлайди. Навалнийнинг қиймати – унинг миллатчиликка мойиллигида эди. Агар у ҳокимиятга келганда, уни ҳам империячиликка йўналтиришар эди. Лекин ҳамма гап – мойилликларда”, дея муносабат билдирди ўзбек сиёсатчиси Раббимов.

Иккинчидан ҳозир мигрантларга ва мусулмонларга қарши курашаётган режим Навалний эмас, айнан Путин режими шекилли?

Халос бўлишга илк уринишлар

Навалнийнинг оиласи уни мунтазам равишда югурадиган ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилмайдиган мутлақо соғлом одам сифатида тавсифлашган. Шу билан бирга, ҳеч шубҳасиз, Путиннинг таъқиблари натижасида Навалнийнинг саломатлигига жиддий путур етди. 2017 йилда унинг юзига яшил бўёқ сепилганида бир кўзи деярли кўрмай қолди. 2020 йилда уни “Новичок” ҳарбий заҳарли моддаси билан заҳарлаб ўлдиришга уринишди. Алексей ўлмай қолган бўлса-да, комага тушди. Навалний 2021 йил январ ойида заҳарланиш оқибатларини бартараф этиш учун бир неча ой Германияда даволанди. Ўшандаёқ кўпчилик унга Россияга қайтмасликни, Европадан сиёсий бошпана олишини маслаҳат беришди. Навалнийни фақат Россия махфий ташкилотларида мавжуд модда билан заҳарлашгача борган Путин гумашталари, уни ёки қамоққа тиқиб, ёки суиқасд уюштириб албатта йўқ қилишларини тушунтиришга уринишди. Бироқ Навалний “Германия албатта яхши жой, лекин мен даволангани келдим холос. Мен ватанимга қайтмасам бўлмайди”, деди. Ҳозир ҳам айримлар унинг бу иши хато бўлганини таъкидлашади. Эҳтимол Навалний Россияга қайтиб, жамиятни Путиндан қутулишга илҳом беришни мақсад қилгандир, эҳтимол унинг Россиядан чиқиб кетиб, номи унутилиб кетишини орзу қилган ҳолда Германияда даволанишга рухсат берган Путинга қасдма-қасдига ватанга қайтгандир, буни энди ҳеч ким аниқлай олмайди.

Алексей Навалний Россияга қайтиб келгач, бироз фурсат ўтиб, уни турли тўқилган айбловлар билан яна қамоққа олишди. Навалний шифокорлар кўригидан ўтишга рухсат беришмагани учун очлик эълон қилди. Уни турли баҳоналар билан жазо камерасида ушлашди, у руҳий ва жисмоний азобларни бошдан кечирди. Сўнгги йилларда Навалнийнинг куни асосан жазо – карцер камерасида ўтган. Лекин шунга қарамасдан, ўлими арафасида эълон қилинган видеосида Навалний жуда тетик ва соғлом кўринган эди.

Ўлим сабаблари

Россия сиёсати ва иқтисодини хароб этган, ўзи, қариндошлари ва дўстларини бой қилиш ҳисобига россияликларни қашшоқликка маҳкум этган диктатор Путин қаримоқда. Барча қари диктаторларга хос равишда унда параноя ва одамларга ишончсизлик кучайиб бормоқда. Ҳатто ўз амалдорлари билан ҳам 10 метр узоқда туриб гаплашмоқда.

Айниқса, Украинага бостириб кирганидан кейин у нафақат эрксевар руслар, балки бутун дунё демократик жамияти нафратланадиган жирканч персонага айланди. Бундай доимий қўрқув ва даҳшат муҳитида, қолаверса, 17 мартга белгиланган сайловлар олдидан Путин ҳатто панжара ортида бўлса-да, тирик сиёсий рақибга эга бўлишга юраги дов бермади.Чунки Навалний ўз тарафдорларини Путиндан бошқа ҳар қандай номзодга, ҳатто Борис Надеждинга ҳам овоз беришга чақирди. Шу боис манқуртлашмаган россияликлар Надеждинни қўллаб-қувватлаш учун дарҳол навбатларга ёзилишди. Хуллас, ҳатто қамоқхонада ҳам Навалний Путин режими учун хавф туғдиришда давом этди.

Кейинроқ Навалнийни Россиянинг қўлга тушган жосусларига айирбошлаш эҳтимоли ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бироқ Навалнийнинг Европага чиқариб юборилиши у ерда “радикал мухолифат”га асос солиши мумкинлигидан хавфсираб, уни йўқ қилган бўлишлари мумкинлиги тўғрисида фикрлар янгради.

Ҳатто қамоқхонада ҳам Aлексей Навалний кўпчилик учун Россиянинг сиёсий келажагини ифодалаган, Путиндан кейин Россияни бошқариш имкониятига эга бўлган етакчи сифатида кўрилаётган эди. Навалнийни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилса-да, диктаторлар абадий эмас. Ҳар қандай диктатор ҳам барибир бир куни ўлади ва унинг маҳбуслари озод бўлади. Бундай истиқболни эса Путин хаёлига ҳам сиғдира олмасди. Навалний жисмонан йўқ бўлиши керак эди, тамом вассалом!

Тескарига айланиб кетган режа

Путин Навалнийни ўлдириб, унинг номини ўчираман, ўз ҳокимиятимга таҳдидни пасайтираман, деб ўйлаган бўлса эҳтимол. Бироқ қариб қолган Путиннинг режалари бу гал ҳам тескари натижа берди. Сал аввалроқ Путин НАТОни Россиядан узоқлаштираман, деб Украинага ҳужум қилган эди, аммо оқибати бунинг акси бўлди – Россиянинг энг яқин чегарадош қўшнилари Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлди, НАТО аъзолари кўпайиб, НАТО билан чегаралар яна 2000 километрга узайди! Украинани қуролсизлантираман, деб ўйлаган эди, аммо Украина армияси Европадаги энг замонавий ва қаттиқ қуролланган армияга айланди! Украинада рус тилининиг обрўсини мажбуран кўтаришга уринганди, лекин Украинада рус тилига нисбатан битмас-туганмас нафрат уйғонди.

Бу сафар ҳам шундай бўлди: Путин истаги ва режасига зид ўлароқ, Навалнийнинг ўлими уни қаҳрамонга ва Путин зулмидан жабр кўрган авлиёга айлантирди!

Лекин афсусланарли тарафи – Наванийни ўлдириб ҳам тинч қўйишмади: унинг жасадини ҳам сарсон қилишди, одамдек ерга кўмилиши ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи бўлишди. Зеро, бир мақолда айтилганидек, шоқоллар ҳатто шернинг ўлигидан ҳам қўрқишар экан! Путин ҳокимияти бу қилмишлари билан ўзининг инсонийликдан йироқлиги, шунчаки шоқол эканини ошкор қилиб қўйди.

Кураш давом этади

Навалнийнинг рафиқаси Юлия Навалная жамоатчиликка мурожаат қилиб, эрининг ишини давом эттиришини айтди. Унинг видеомурожаати эрининг YouTube каналида эълон қилинди.

"Мен Алексей Навалнийнинг ишини давом эттираман. Сиз билан биргаликда ватанимиз учун курашишда давом этаман. Cизларни ёнимда туришга чақираман. Нафақат бизни ўраб олган ва қўйиб юбормаётган қайғу ва чексиз оғриқни, балки ғазабимни ҳам баҳам кўришингизни сўрайман", – деган Юлия Навалная.

Хотима

Навалний 47 ёшида дунёни тарк этди. Айрим муттаҳам президент ва унинг гумашталарига ўхшаб ўзини ўйламади, у Россия келажаги, унинг халқи учун умрини фидо қилди. Худди ўзи ёнса-да, атрофни ёритган шам каби ёниб-ўчди. Бироқ эриб йўқолган шамдан фарқли равишда Навалний тарихда қолади. Унинг кураши ва ғоялари одамлар қалбида қолади. Озод жамият қуриш йўлидаги янги курашлар учун илҳом бағишлаб туради.

Навалний қисқа умр кўрган бўлса-да, мазмунли ҳаёт кечирди. Халқ меҳрини қозонишга, миллат хотирасидан жой олишга, унинг онгини уйғотишга улгурди. Ўлим аслида бир дунёдан иккинчи дунёга кўчиш холос. Навалний бу дунёда тутқун эди, энди озод бўлди. Аввал, Путин таъбирича, шунчаки “персонаж” эди, энди ҳалқ қаҳрамонига айланди.

Эътибор қилинса, Навалний билан видолашгани келганларнинг аксарияти ёшлар. Булар келишга журъат қилган тарафдорлари холос. Яна қанча миллионлаб ёшлар полициядан қўрқиб кела олмаган бўлса-да, ғойибона тарзда Навалнийга мотам тутгани аниқ. Бундайлар кўпчилик.

Дафн маросимига келганлар нафақат Навалнийга ҳурмат бажо келтириш, балки Путин ва унинг режимига нафратини ва норозилигини ифода қилиш учун ҳам келишганини унутмаслик керак. Албатта улар 72 ёшни уриб қўйган, мункиллаб қолган президентдан кўра кўпроқ умр кўришлари эҳтимолга яқинроқ. Демакки, Путиннинг режалари барибир амалга ошмайди. Навалний Россияга эркинлик шамолини келтирмоқчи бўлган шахс сифатида қалбларда қолади. Унинг ғояларини ёшлар давом эттиради.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+