platina.uz

Қозоғистон ягона вақт минтақасига ўтди

Ҳозиргача Қозоғистонда иккита вақт зонаси UTC+5 ва UTC+6 қўллаб келинган. Мамлакат ҳудудининг катта қисми (ғарбий вилоятлар бундан мустасно) UTC+6 зонасида жойлашган.

Жаҳон
1 март, 9:40
Қозоғистон ягона вақт минтақасига ўтди

Бугун, 1 мартдан Қозоғистон ягона вақт минтақасига ўтди. “Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги ҳукумат қарорига киритилган ўзгартиришларга кўра, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб бутун Қозоғистон ҳудуди ягона UTC+5 соат минтақасига ўтади.

Остона, Олмаота, Чимкент, Ақмола, Олмаота, Жамбил, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон вилоятлари ҳамда Абай, Жетису, Улитов вилоятларида 29 февралдан 1 мартга ўтар кечаси соат 00:00 да соат миллари 1 соат орқага сурилди.

Атирау, Оқтўби, Ғарбий Қозоғистон, Манғистау ва Қизилўрда вилоятлари UTC+5 соат зонасида жойлашгани боис вақт аввалгидек қолади.

Маълумки, ҳозиргача Қозоғистонда иккита вақт зонаси UTC+5 ва UTC+6 қўллаб келинган. Мамлакат ҳудудининг катта қисми (ғарбий вилоятлар бундан мустасно) UTC+6 зонасида жойлашган.

Мутахассисларнинг фикрича, соат зоналарининг бир хил қилингани ҳудудлар аҳолиси ўртасидаги вақт билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, транспорт ва бошқа коммуникациялар фаолиятини мувофиқлаштириш, бизнес юритиш ҳамда давлат органлари ва фавқулодда вазиятлар хизматларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш жараёнлари учун катта қулайлик туғдиради.

Бироқ аҳоли ўртасида турли электрон гаджетларда вақт автоматик равишда ўзгарадими ёки қўлда ўзгартириш керакми, деган саволлар кўпайган. Мутахассисларнинг айтишича, бу қандай гаджет эканлиги ва интернет орқали вақтни синхронлаштириш функцияси ёқилганми-йўқми, шу каби омилларга боғлиқ. Лекин ҳар эҳтимолга қарши соат, смартфон ва компютерлардаги вақтни текшириб қўйиш ёки интернетга уланиб, операцион тизим ва иловаларни янгилаш тавсия этилмоқда.

Шунингдек, Қозоғистондаги банк ва мобил операторлар айрим хизматларда узилиш ва муаммолар юзага келиш эҳтимоли ҳақида мижозларни огоҳлантирган. Шу боис ҳар эҳтимолга нақд пул ғамлаб олиш ва зарур ҳолларда банк ва компанияларга зудлик билан мурожаат қилиш тавсия қилинган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+