platina.uz

Қирғизистонда жасадни ёқишга рухсат берилди

Кремация аслида нима ва унга қандай зарурат бор? Келиб чиқиш тарихи, динлар томонидан ёқланиши қанақа?

Таҳлил
1 март, 14:29
Қирғизистонда жасадни ёқишга рухсат берилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Дафн маросими ва дафн этиш фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади. Илгари Қирғизистонда бундай қонун бўлмаган.

Мазкур қонуннинг диққатни тортадиган жиҳати – унда Марказий Осиё халқлари учун ноодатий реаллик – крематорийлар ҳақидаги модда ҳам мавжуд. Янги қонун крематориялар қуришни назарда тутади, уларнинг асосий вазифаси биологик чиқиндиларни ёқиш бўлади. Aгар шахс тириклигида маълум диний эътиқод ва урф-одатларга амал қилган бўлса, тегишли ҳужжатлар, қариндошларининг рухсати ва Дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг рухсати билангина унинг жасадини ёқишга рухсат этилади.

Кремациянинг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари

Кремация лотинча cremare сўзидан олинган бўлиб, “ёқмоқ” деган маънони англатади. Қадимги динларда махсус дафн гулханлари ёқилган. Ҳозирда эса мурдалар 1000 даража иссиқлик ҳосил қилинадиган махсус ёпиқ печларда ёқилади. Европада урф бўлган қоидаларга кўра, мурда ёнишидан ҳосил бўлган кул махсус дафн кўзасига солиб берилади ва уни турли йўллар билан дафн этиш мумкин.

Архелоглар мурдани ёқиш маросимлари илк марта ўрта палеолит даврида урф бўлганини аниқлашган.

Ўрта асрларда эса Европада вабо, ўлат каби эпидемиялар кенг тарқалгани боис касалликдан ўлган мурдаларни ёқиб юборишган. Шунингдек, бундай эпидемиялар қабристонга яқин ҳудудларда кўп учраши аниқланган ва ерга дафн қилиш ўрнига крематорийлардан фойдаланишга ўта бошлашган.

Охирги пайтларда кремацияни кенг татбиқ этишга чақириқлар яна кўпаймоқда. Чунки аҳоли сони ошиб боряпти, ерлар танқис бўлиб кетяпти. Бунинг устига кремация жараёни ерга кўмиш учун кетадиган харажатларга қараганда жуда арзон тушади. Қолаверса, мурданинг крематорийдан олинган кули атроф-муҳит ва инсон учун мутлақо зарарсиз.

Турли давлатлар қонунларидаги ёндашув

Россия қонунларида мурдани кремация қилиш тақиқланмаган. Россия ҳудудида 1917 йилгача санитар-тиббий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ўликларни ва биологик чиқиндиларни крематорийларда ёқиш амалиёти кенг қўлланилган. Масалан, турли хавфли эпидемия туфайли ёки лаборатория тадқиқотларида хавфли инфекцион хасталиклардан ўлган ҳайвонлар ёқиб юборилган.

Россияда илк крематорий 1908 йилда Владивосток шаҳрида очилган бўлиб, япон асирларининг мурдаларини ёқиш учун мўлжалланган.

СССР даврида биринчи крематорий 1927 йилда Москва шаҳрида очилган бўлиб, 1992 йилгача ишлатилган. Бироқ православларда ўликни ёқиш тақиқлангани боис крематорий хизматидан фойдаланиш халқ орасида оммалашмаган. Лекин коммунист-болшевиклар диндорлар фикрига зид равишда бу хизматни кенг оммалаштиришга ҳаракат қилишган. 1919 йилда Ленин ўликларни кўмиш эмас, ёқиш афзаллиги ҳақида декрет(муҳимқонун)га имзо чеккан. Қабрга дафн этиш эскилик сарқити сифатида тарғиб этилган. Янги крематорийлар қуриш – “янги пролетар маданият” белгиси деб кўрсатилган. Коммунист етакчиларидан бири Лев Троцкий эса совет ҳукумати раҳбарларини ўлганларидан кейин жасадларини ёқиш борасида васият қилишга чақирган. Натижада 150 нафар кекса болшевиклар ўлганидан кейин мурдаларини кремациялашни васият қилишган.

Биргина 1929 йилда Москва шаҳрида 5208 та мурда ёқилган бўлиб, улар умумий ўлганларнинг 17,25 фоизини ташкил этган. Жами ёқилганларнинг 3432 таси ўлик туғилган ёки чала тушган ҳомилалар, ёриб кўрилган мурдалар, кимлиги номаълум ёки қариндошлари йўқ мурдалар эди.

Москвадаги асосий Донской крематорийсида ёзувчи Максим Горкий, учувчи Валерий Чкалов, шоир Владимир Маяковский каби кўпгина машҳур шахсларнинг ҳам мурдалари ёқилган, уларнинг кули кейинчалик Кремл деворига дафн этилган. Шунингдек, Лаврентий Берия, Маршал Михаил Тухачевский, ёзувчилар Исаак Бабел ва Михаил Колцов, режиссёр Всеволод Мейерхолд ва крематорий архитектори Дмитрий Осипов ҳамда репрессия қилинган шахсларнинг мурдалари ҳам шу крематорийда ёқилган.

Ҳозирги даврда Москва шаҳрида 4 та крематорий фаолият кўрсатади. Уларда ҳар йили ўлганларнинг 40 фоизига яқини ёқилади. Бу ерда кремация дафн қилишдан кўра арзонроққа тушадиган дафн хизмати ҳисобланади. 2023 йилги маълумотларга қараганда, кремация жараёни 3400 рублга тушади. Бироқ ёқишдан қолган кулни солиш учун кўза сотиб олиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга кетадиган маблағлар ҳисобланса, қабр кавлаш билан тенг харажатга – 10770 рублга тушади.

Умуман олганда, Россияда православлик дини устувор бўлгани боис, мурдаларни ёқиш тавсия этилмайди. Бироқ эпидемиядан ўлганлар каби зарур ҳолатларда ёқиш тақиқланмайди. Ҳозирги православ руҳонийларининг кўпчилиги кремация қилингани билан инсон руҳи ўлмаслиги, унга азоб берилмаслигини айтиб, кремацияга қаршилик қилишмайди.

Қозоғистонда эса аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлгани боис, бу ерда крематорийлар ҳамда кремация жараёнини тартибга солувчи қонунчилик йўқ. Агар марҳум васият қилган бўлса ёки санитар-тиббий жиҳатдан зарурият туғилса, ёндириш учун энг яқин Россия шаҳри – Новосибирскка олиб боришади.

Тожикистон ва Туркманистонда ҳам вазият деярли шунга ўхшаш. Бироқ айрим фирмаларнинг рекламаларида кремация хизмати таклиф этилган. Улар катта эҳтимол билан мурдаларни турли тиббий муассасалар қошидаги биологик чиқиндиларни ёқиш печларида кремация қилишса керак.

АҚШ ва Европанинг аксарият давлатларида кремация амалиёти кенг тарқалган дафн этиш усули ҳисобланади. Крематорийда ёқилган мурданинг кули (агар суяклари чала ёнган бўлса майдаланиб, кукун ҳолига келтирилади) мурда соҳибларига топширилади. Кейин уни марҳум васияти ёки қариндошларининг хоҳиш-иродасига кўра, диний ёки фуқаролик дафн маросими ўтказилиб, ерга кўмилади ёки кули шамолга совурилади ёки колумбарийларга – шундай кул солинган кўзалар сақланадиган маконларга қўйилади.

АҚШдаги крематорийлардан бирида марҳумнинг жасадини печга жойлаш жараёни.

Динларда мурдани ёқишга ёндашув

Эрамиздан аввалги даврларда, қадимги Мисрда бой ва амалдор марҳумларни мумиёлашган.

Айрим динларда, шунингдек, кемада вафот этганларнинг мурдалари сувга оқизиб юбориш йўли билан дафн этилган.

Зардуштийлик ва оташпарастлик динида эса мурда харом нарса ҳисобланган. Шу боис мурдани ерга кўмсак, ерни харом қилади, деган эътиқодда уни баланд тепаликка чиқариб қўйишган. Ўша ерда мурда қурт-қумусқа, қушлар ва ваҳший ҳайвонларга ем бўлган. Олов муқаддас ҳисоблангани боис мурдаларни оловда ёқишмаган.

Қадимги Юнонистонда мурдаларни ёқиш муқаддас иш ҳисобланган. Кейинчалик бу маросим усули Римга ҳам кўчган.

Мурдаларни ёқиш буддавийлик ва ҳиндувийлик динларида ҳам асосий ва диний маросим ҳисобланади.

Афсоналарга кўра, Будда вафот этганида унинг мурдасини ёқишган. Кулини эса Ҳиндистоннинг турли қисмларига табаррук кул сифатида тарқатишган. Улар махсус гумбазларда – ступаларда сақланган.

Ҳиндисонда ҳозир ҳам мурдаларни ёқишади. Бироқ очиқ оловда мурда чала ёнгани боис, уни шу ҳолича Ганга дарёсига ташлаб юборишади. Ҳиндлар Ганга сувини муқаддас ҳисоблашади ва худди шу дарёда оқиб келаётган, чала куйган ўликлар даврасида бемалол чўмилишади, оғизларини чайишади. Бундай антисанитар-гигиеник амаллар инфекцион касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади.

“Муқаддас” дарёдаги манзара.

Шунингдек, ҳиндларда сати диний маросими ҳам мавжуд бўлган. Яъни бирор аёлнинг эри ўлса, уни тирик ҳолида эрининг мурдаси билан бирга гулханда ёқиб юборишган. Бироқ шоҳ ва шоир Бобур мирзо ҳинд ерларини босиб олгач, бу одатларга чек қўйган.

“Ҳинд бевасини эрининг мурдаси билан бирга ёқиш маросими” “Хитой, Ҳиндистон тарихи суратларда” китобидан, 1851 йил.

Ўзбекистонда қандай?

Ўзбекистонда асосан ислом ва насронийлик динига эътиқод қилувчи одамлар яшаётгани, ушбу динларда ўликларни ёқиб утилизация қилиш номақбул иш ҳисоблангани боис, фақат ерга дафн этиш амалиёти қўлланилади. Шунингдек, кремация фаолияти қонунчилик билан ҳам тартибга солинмаган. Мамлакатда айнан ўликларни ёқадиган крематорийлар йўқ.
Лекин Тошкент давлат тиббиёт академияси қошида крематорий печи мавжуд ва ундан, асосан, фавқулодда ҳолатларда, биологик чиқиндилар ҳамда ўткир эпидемия пайтида мурдаларни ёқиш учун фойдаланилади. Кремация хизматини истаган шахслар эса мурдани рух тобутга солган ҳолда бошқа яқинроқ давлатларга, айтайлик, Россияга олиб чиқиб ёқдириши мумкин.
Ўзбекистонда кремация масаласи қайта қуриш давридаёқ муҳокама қилинган. Бироқ аҳоли ўртасида ўтказилган сўровларда бу ғоя ўз тарафдорларини топмаган. Бу диний эътиқодлар билан боғлиқ бўлгани эҳтимолга яқин.

Шу билан бирга, 2020 – “Фан, таълим ва рақамли иқтисодиёт йили” давлат дастурида Ўзбекистонда биологик чиқиндиларни утилизация қилиш учун стационар крематорийлар қуриш кўзда тутилган эди. Бундай крематорийларни Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг Қорақалпоғистон ҳамда вилоятлардаги бўлимлари қошида ташкил этиш талаби қўйилган.

Экологларнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳали мурдаларни ёқиш учун крематорийлар қуришга эҳтиёж йўқ. Чунки одатий қабристонларнинг атроф-муҳит, ерости сувлари ва экологияга салбий таъсири ҳақида маълумотлар йўқ. Бу борадаги эҳтимолий санитар-эпидемиологик зарарларнинг олдини олиш билан эса ваколатли тиббий тузилмалар шуғулланади. Шунингдек, қабристон учун жой етишмаслиги ҳам мамлакатимизда ҳали долзарб муаммо эмас.

Ислом дини таълимотларига кўра, илк қотиллик Одам Атонинг ўғли Қобилнинг ўз укаси Ҳобилни ўлдириб қўйганида рўй берган. Қобил мурдани биринчи марта кўраётгани боис, нима қилишини билмаган. Шунда худонинг қудрати билан унинг олдига икки қарға қўнади ва бир-бири билан уришиб кетади. Улардан бири иккинчисини чўқилаб ўлдириб қўяди. Кейин панжалари билан ерни кавлаб, ўлик қарғани унга кўмиб кетади. Қобил ҳам ундан ўрнак олиб, Ҳобилни дафн этади. Шундан буён инсон мурдасини ерга дафн қилиш урф бўлган экан.

Аслида Исломда ўликларни ҳам тирикдек ҳурмат қилиш ва тезроқ ерга дафн этиш буюрилади. Шунингдек, ҳадисларда ўликларга азоб бермаслик, уларнинг суякларини синдирмаслик керак, бундан марҳум азоб чекади, дейилади.

Бироқ асосий догмаларга кўра, одам ўлгач, унинг руҳи танани тарк этади ва ўз мустақил ҳаётини бошлайди. Шу боисдан айрим уламолар зарурият туғилган ҳолларда ўликларни ёқишга рухсат беришган. Чунки қиёматда худо суяклари тўрт қитъага ёйилиб кетган ўликларнинг қолдиқларидан ҳам тирилтириш қудратига эга, мурдани ёқиш ёки ёқмаслик унинг қудратига халал бермайди, деб изоҳлашади.

Шунингдек, бошқа самовий динлар – яҳудийлик ва насронийлик динида ҳам мурдаларни фақат ва фақат ерга кўмиш талаб этилади, ёқиш мумкин эмас. Лекин айрим оқимларида истисно ҳолатларда мурдаларни ёқиш мумкин деб ҳисоблашади.

Масалан, Юнонистонда 2016 йилгача крематорий бўлмаган, Кипрда ҳозир ҳам йўқ. Чунки уларда насронийликнинг православ оқими ҳукмрон бўлгани боис мурдаларни ёқиш тақиқланади. Лекин насронийларнинг кейин пайдо бўлган оқими – Иегова шоҳидлари кремацияни тақиқламайди.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+