Англия, Германия, Кореяда иш: катта ойликлар, оилавий кетиш, тайинли меҳнат ва бошқалар ҳақида
Platina.uz хорижий иш берувчиларнинг талаблари, номзодларни танлаш, имтиҳонлардан ўтказиш, юртдошларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили билан суҳбатлашди.
Ҳозирда меҳнат бозорини диверсификация қилиш, хорижда ишлаш истагини билдирган юртдошларимизни муносиб шароит ва маош таклиф этадиган иш жойлари билан таъминлаш жараёни такомиллашмоқда. Platina.uz хорижий иш берувчиларнинг талаблари, номзодларни танлаш, имтиҳонлардан ўтказиш, юртдошларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори матбуот котиби Ортиқхўжа Норов билан суҳбатлашди.
– Ассалому алайкум, хуш келибсиз!
– Ассалому алайкум! Раҳмат.
– Нега охирги пайтларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги жуда кўплаб давлатларга ваканциялар очилганлиги ҳақидаги эълонларни кўпайтирди? Бу хориждаги иш берувчиларнинг ташаббусими ёки Ташқи ишлар миграцияси агентлигининг режаларига мувофиқ бўляптими?
– Меҳнат миграциясини диверсификация қилиш, умуман янги меҳнат бозорларини очиш, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар анча олдинроқ бошланган. Охирги пайтлардаги хорижий иш берувчиларнинг ваканциялари кўпайиб бораётганидаврларда бошланган саъй-ҳаракатларнинг бир натижаси. Бу ҳали биринчи босқичи, бундан кейинваканциялар сони янада кўпайиши керак. Бу Ўзбекистон томонининг хорижий давлатларнинг салоҳиятли ва йирик иш берувчилари ҳамда соҳага оид ваколатли ташкилотлар билан олиб борилган музокаралар натижасидир. Иккинчи томондан, бугунги иқтисодиёти рвиожланган давлатларда хорижий ишчи кучига эҳтиёж катта ҳамда ваканциялар сони кўпайганини шу омил билан изоҳлаш мумкин.
– Охирги пайтларда, масалан, Россияда мигрантларга бўлган муносабатнинг ёмонлашувига гувоҳ бўляпмиз. Диверсификация масаласига мана шундай омиллар ҳам сабаб бўлмаяптими?
– Эътибор берадиган бўлсак, 2018 йилда мамлакатимизда хусусий бандлик агентликлари тўғрисида қонун қабул қилинган. Ушбу қонунни миграция соҳасини диверсификация қилиш бўйича биринчи жиддийқадамдеб ҳисоблаш мумкин. Мазкур қонун билан шу пайтгача миграция меҳнат миграцияси соҳаси бўйича фақат ягона давлат ташкилоти сифатида ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиб келган бўлса, бу ваколат энди хусусий секторга берилди. Демак хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам шундай фаолият билан шуғулланиш ваколатига эга бўлди. Тўғри ўртада озгинаҳар хил фирибгарлик ҳолатлари бўлди, ушбу қонунга ўзгартиришлар киритилди, қайта таҳрирда эълон қилинди. Нима бўлганда ҳам, бу саъй-ҳаракатлар анча олдин бошланган. Ундан кейин бу масала юзасидан бир неча президентқарорлари эълон қилинди ва уларнинг барчаси соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга замин яратди. Шунингдек, пандемия пайтида миграция соҳасида нозик жиҳатлар кўзга ташланиб қолди. Шундайн кейин бу жараён янада тезлашиб кетди. Демакки, ривожланган давлатларга фуқароларни ишга жалб қилишга зарурат кучайди.
Умуман олганда, ишлаш истагидаги у инсон учун танлов бўлиши керак: хоҳ бу ватанда бўлсин, хоҳ бу хорижда. Хориждаям фақат 1-2 та давлат билан боғланиб қолиш керак эмас. Мисол учунинсонни салоҳиятидан,инсоннинг имкониятидан, билим даражаси, малака даражасидан келиб чиқиб у инсонда албатта танлов бўлиши керак. Бугун мана шу нуқтаи назардан фуқароларга кўплаб ваканциялар таклиф этилмоқда
– Хориждаги иш берувчилар билан шартномалар тузаётганда уларда яратилажак меҳнат ва яшаш шароитларни ҳам ўрганасизларми? Масалан Исроил томони фаластинликларнинг ўрнига Ўзбекистон ва Ҳиндистондан одамлар чақираётган экан, шу таклифга дарров лаббай, деб жавоб берасизларми ёки мигрантларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган шарт-шароитлари билан ҳам танишиб келдингларми?
– Тўғри айтяпсиз, аввало иш берувчи қандай баҳоланади, деган саволга жавоб топишимиз керак. Биринчидан, бу иш фуқароларимиз манфаатига тўғри келадими-йўқми? Фуқароларимиз талаб қиладиган ойлик маошни бера оладими йўқми? Унифуқароларимиз боргандан кейин қанақа яшаш жойи таклиф этяпти. Мисол учун йўл харажатлари, виза харажатлари, эртага унинг ижтимоий ҳимояси, қийин аҳволда қолса унга ёрдам, суғуртаси ва бошқа-бошқа масалалар албатта кўзда тутилади. Керак бўлса биз уни ўрганиб, жойига чиққан ҳолда, ётоқ жойигача, ҳамма-ҳамма масаласини батафсил ўрганамиз. Мисол учун ривожланган давлатларнинг аксарияти бугунги кунда маҳаллий, ўзларини фуқароларига тенг бўлган меҳнат шароитлари, шартларни таклиф этяпти. Мисол учун Германия иш берувчилари ўз фуқаролари қандай имкониятлар ва ваколатларга эга бўлса, худди шундай шароитни бизнинг фуқароларга ҳам таклиф этяпти.
Энди, ҳалиги сиз айтган баҳсли ҳудудлар масаласига келсак. Мисол учун биз бугунги кунда Қримга ҳам фуқароларни жўната олмаймиз. Чунки бу баҳсли ҳудуд. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар кетаётган Донбасс ҳудудларига ҳам жўната олмаймиз. Бундай таклиф бўлгани ҳам йўқ. Агар бўлган тақдирда ҳам фуқароларимиз хавфсизлиги ва бошқа жиҳатларни ўйлаб, бундай таклифларни қабул қилмаймиз ва рад этамиз.
Тўғри, Исроил билан меҳнат миграцияси соҳасида келишув бор. Фаластин ва Исроил ўртасидаги низолардан олдин бу ҳаракатлар бошланган эди. Ҳозир ҳам Исроилда меҳнат мигрантларимиз бор. Бу ҳақда у ердаги элчихонамиз ҳам ўз пайтида маълумот берган. Энди вазият ўзгарли,ҳудудда сиёсий барқарорлик таъминланмагунича фуқароларимизни жўната олмаймиз. Бу ҳақда расмий хабарлар ҳам тарқатдик. Жавобимиз шу! Чунки фуқароларимиз маълум бир давлатга ишга бораётганида йўлда, умуман яшашида, ишлашида қандайдир манфаатларига зид ҳолатлар мавжуд бўлса, албатта, бундай таклифларга рози бўла олмаймиз.
– Агар меҳнат мигрантлари қандайдир муаммоларга дуч келишса, уларнинг соғлиги ёки иш берувчилар билан муаммолар келиб чиқса, биринчи навбатда консул ёки элчихонамизга мурожаат қилиши керакми ёки агентликками?
– Албатта, иссиқ жон, бундай ҳолатлар бўлиши мумкин. Аввало меҳнат шартномасида мана шундай вазиятларда нима қилинади, деган савол акс этиши керак. Агар меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолди ёки иш берувчи ваъда қилинган иш ҳажмини таъминлаб бера олмади, дейлик. Бундай пайтда компенсация масалалари кўзда тутилган. Бошқа масалалар ҳам бор. Албатта бу ҳуқуқий нуқтаи назардан меҳнат шартномаси ва бошқа келишувларда ўз аксини топади. Мисол учун фуқароларимизнинг бир давлатга, бир иш берувчига жўнатишдан олдиниш берувчи ва миграция агентлиги ўртасида шартнома келишуви имзоланади. Ушбу келишув шартномасига асосан фуқароларимизни танловлардан ўтказиб, кейин жўнатилади. Улар қийин аҳволга тушиб қолишса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳридаги ваколатхонасига мурожаат этишлари мумкин. Шунингдек, Россиянинг яна 16 та йирик шаҳарларида ваколатхона ходимлари доимий фаолият юритишади. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида, Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида, Туркиянинг Истанбул шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг доимий вакиллари иш юритади. Ҳозирча фақат шу давлатларда. Биз вакилларимизни манзиллари ва телефон рақамларини ўзимизнинг ахборот каналларимизда такрор ва такрор эълон қилиб турамиз. Бошқа давлатларда ҳам консуллик идоралари, элчихоналаримиз мавжуд. Шу билан бирга меҳнат миграцияси бўйича атташе лавозими ҳам жорий этилган. Умуман олганда, фуқароларимиз мана шу жойларга бориб мурожаат қилиши мумкин. Энди фуқароларда савол туғилиши мумкин. Мисол учун, “мен расман ёки Миграция агентлиги орқали келмаганман-ку, мен ёрдам сўрай олманми” дейишлари мумкин. Лекин у барибир Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистон ҳимоясида бўлиши керак. Шунинг учун, нима бўлишидан қатъи назар, агар фуқаро қийин аҳволда қоладиган бўлса, юқорида зикр этилган идора ва вакилларга мурожаат қилиши керак бўлади.
Умуман олганда, муроажаат қилиш шароитлари қонунлар билан тартибга солинган. Қуйидаги ҳолатларда фуқароларга ёрдам берилиши мумкин: Биринчи навбатда, хорижда қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси бир марталик моддий ёрдам олиши мумкин. Бу бугунги кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни 50-60 доллар миқдорида бўлади. Бу катта маблағ бўлмаса-да, ўзини тиклаб олишга ёрдам беради. Бундан ташқари, улар хорижда вақтинчалик ҳостелларга жойлаштирилиши мумкин. Чунки хориждаги ҳостеллар билан келишувларимиз бор. Агар фуқаро мурожаат қиладиган бўлса, унга ҳудуддаги ҳостел манзили берилади. Ҳостел харажатлари Ўзбекистон томонидан қоплаб берилади. Агар у касал бўлса ёки меҳнатга лаёқатсиз аҳволга келиб қолган бўлса, давлатда ишини давом эттира олмайдиган даражага келиб қолган бўлса, ундай фуқарони албатта ватанга қайтариш зарур бўлади ва бунинг сарф-харажатлари ҳам албатта Ўзбекистон томонидан қоплаб берилади.
– Ҳозиргина айтдингиз, хориждаги иш берувчилар давлатдаги меҳнаткашлар билан тузилган шартномага мувофиқ, баравар тенг шароитларни яратади, деяпсиз. Лекин эшитишимизга қараганда, ойлик маошлари нисбатан кам экан.
– Албатта, гапингизда жон бор. Лекин сиз танишган вазиятларда хорижий давлат, айтайлик, Германия фуқароси бошқа соҳада ишлаётган бўлиши мумкин. Лекин айнан бир жойда ва битта турдаги ишда меҳнат қилишса, меҳнат мигрантларимиз ва хориж фуқароси бир хил шароит, ҳуқуқ, имконият ва маошларда ишлашади. Бу ҳақда эълонларимизда ҳам ёзиб қўйганмиз. Бу ерда албатта иқтисодиёти ривожланган давлатлар ҳақида гап кетяпти. Албатта айрим давлатларнинг қонунчилигида баъзи бир истисно ҳолатлар кўзда тутилган бўлиши мумкин. Лекин биз, ҳали юқорида айтганимиздек, иш берувчини танлашда, улар билан музокаралар ўтказилаётганда бу жиҳатларниалбатта инобатга оламиз.
– Бизнинг фуқароларимиз, меҳнат мигрантларимиз хорижий иш берувчиларнинг қанчалик талабларга жавоб беряпти? Масалан, тил билиши талабга жавоб берадими, ҳунарга эгами? Шу жиҳатдан олганда, кадр топиш қийин бўлмаяптими?
– Албатта қийин. Масалан, Германия меҳнат бозорига бугунги кунда 50 мингта ваканция, талабнома олганмиз. Шунча фуқарони биз чет давлатга ишга жўнатиш имкониятига эгамиз. Ёки бўлмаса биринчи марта, ҳалиги бунақаси бўлмаган: Жанубий Кореяга ишга жўнатиш олдидан имтиҳон жараёнларига биринчи марта 100 минг номзодни жалб қилишмоқчи. 100 минг! Бу олдингиларига қараганда жуда катта фарқ. Лекин ҳар бир иш берувчининг талаби ўзига хос. Мисол учун, ҳозир Германиядаги 15 нафар иш берувчи билан фаол ҳамкорлик қилаётган бўлсак, ҳар бирининг талаблари ҳар хил. Биз ҳар бир иш берувчи билан индивидуал ишлаймиз ва албатта унинг талабларини фуқароларимизга етказамиз. Энди шунга мос келадиган номзодлар борми, йўқми, дейилса, албатта талабга қараганда таклиф қилинаётган фуқароларимизнинг сони камроқ. Мисол учун 2023 йилда Жанубий Корея 9000 та фуқарони ишга олмоқчи эди. Лекин 5000 га яқин фуқаро ишга кетди. Сабаби шундаки, ҳамма номзодлар ҳам талабга жавоб бера олишмади. Германия борасида ҳам вазият шундай: ҳар бир давлат уларга ишга келаётганхорижий давлат фуқароси давлат тилини қайсидир даражада билишини талаб қилади. Энг минимал талаблар бор. Масалан, Жанубий Кореянинг талаблари HRD – инсон ресусрларини ривожлантириш хизмати томонидан тартибга солинади. Ўзбекистонга ўхшаган 16 та хорижий давлатларда бир хил талаблар асосида ишчи кучини жалб қилади. EPS TOPIK, яъни имтиҳон орқали корейс тилини билиш даражасини текширади. Тестдан, агар адашмаётган бўлсам, 55 балл олиш керак, энг камида. Лекин 55 баллдан кам натижа кўрсатган фуқаро кейинги танловларда қатнаша олмайди. Корея томони кўзи билан қараганда бу корейс тилини тушунмайди, англамайди, дегани. Эртага айрим муаммолар юзага келиши мумкин. Лекин керакли миқдорда фуқаро йиғилмади. Агар шу 55 баллдан юқори балл олган фуқароларнинг сони кўпроқ бўлганида демак бу рақам ортиши мумкин эди. Ҳозир Германия бўйича ҳам шундай. Англия йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишларга фуқароларимиз кетяпти. Ўтган йили 2000 га яқини кетган бўлса, бу йил мана йил бошидан бери, биринчи кунларидан фуқароларни жўнатишни бошладик. Йил якунигача бу рақам кўпроқ бўлиши керак. Албатта уларнинг талаблари осонроқ, чунки инглиз тилини билиш керак деган талаби йўқ. Лекин рус тилини барибир билиши керак. Кўряпсизми, ҳамма иш берувчининг талабида тил билиш даражаси бўйича ва малака талаби бор. Энди тўғри келган ишга бориш, кейин бир гап бўлар, деган тасаввур билан хорижга кетадиган замон эмас ҳозир, фуқаро қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин. Барқарор иш керак бўлса, яхши даромад керак бўлса, яхши меҳнат шароити керак бўлса, албатта тил билиши ва малакага эга бўлиши керак.
Масалан, Жанубий Кореяда Е-9 ишчи визаси бор. Бу малака талаб этилмайдиган ишчи визаси. 18 ёшга тўлган ва 40 ёшга тўлмаган, жисмонан соғлом бўлган ва шу корейс тилини улар талаб қиладиган даражада биладиган фуқаролар қатнашиши мумкин бу танловда. Е-9 ишчи визаси фақат ишчининг ўзига берилади, унинг қариндоши ёки оила аъзосига берилмайди. Кореяда Е-7 ишчи визаси ҳам бор. Бу малакали ишчиларнинг ишчи визаси. Агар малакасиз бўлсангиз, сизга Е-9 оддий ишчи визаси беради, фақат ўзингизни чақиради. Агар сизнинг малакангиз бўлса, ҳам иш ҳақингиз кўпроқ бўлади, ҳам оила аъзоларингиз билан бирга бориш имконияти пайдо бўлади. Бу борада ҳар бир давлатнинг ёндашуви ҳар хил.
Мен ҳозир биринчи қадамни айтяпман. У оиласи билан боргандан кейин албатта у иккинчи қадам – оила аъзосига ҳам иш қидириш, иш топиш имконияти бўлади. Энди бошқа давлатлар, Германияга тўхталсак. Умуман олганда бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари учун истиқболли лойиҳалардан бири бу Германия билан миграция соҳасида ҳамкорлик. Улардан кўплаб соҳалардан таклифлар бўляпти. Биламиз, Германия бугунги кунда демографик муаммоларни бошидан кечиряпти. Ёшлар, туғилиш билан боғлиқ муаммолар юқори. Шу сабабдан Германия ҳукумати мигрантлар учун эшикларни очяпти, қонунчиликни юмшатяпти. Германия ҳам нафақат ишчининг ўзига, шу билан бирга унинг оила аъзосига ҳам шароитлар яратиб беришни кўзда тутяпти. Бундай имконият мавжуд.
Буюк Британия масаласида эса, ўтган 2023 йилда фақат мавсумий қишлоқ хўжалиги соҳасида 2000га яқин фуқарони жалб қилган эдик. У ташкиллаштирилган, қонуний йўллар билан 6 ойга боради ва 6 ойдан кейин албатта мамлакатдан чиқиб кетиши керак бўлади.Агар иш берувчига маъқул келса, яхши тавсия берилса,у кейин ҳеч қандай тўсиқларсиз, имтиҳонларсиз янаиш берувчига қайтиб бориши мумкин. Яқин кунларда мана шундай эълон берилиши кутиляпти. Буюк Британияда янги йўналиш – тиббиёт соҳасида ҳамширалик ишлари бўйича янги ваканция очиляпти. Ва бу йўналишда оила аъзоларини таклиф қилиш, оила аъзоларини иш билан таъминлаш масалалари кўзда тутиляпти.
Албатта, дунё меҳнат бозори кенг ва ҳамма имкониятига қараб, талабига қараб қобилиятига қараб иш топиши уммкин бўлади. Ва умуман олганда, бундан буён, прогнозларга қараганда, яқин йилларда иқтисодиёти ривожланган давлатларни хорижий ишчиларга бўлган талаби ошиб бораверади. Бу демографик муаммолар билан боғлиқ. Ёки бошқа масалалар билан боғлиқ. Шу боис ҳалиям кеч эмас.Тасаввур қилинг, кимлардирдоимий ўрганиб қолган, бориш осон бўлган давлатларга ишга кетди. Боради, 1 ойда дейлик, 200-300-400 доллар ойлик маош олади. Лекин унинг маҳалладоши, бошқа бир шериги бошқа ривожланган давлатларга ишга бормоқчи. Тўғри бугун кета олмайди. Чунки у давлатнинг тилини билмайди. Ёки унинг бир малакаси йўқ. Малакасини тасдиқлайдиган бир сертификат ҳужжати йўқ. Дейлик 3 ой, 6 ой – немис тилини ўрганади. Ёки бўлмаса, юк машинаси учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқийди. Тўғри талаб вақт кетяпти. Қанчадир сармоя сарфлайди. Лекин 6 ойдан кейин бориб, 6 ойгача у 300 доллардан ишлаган бўлса, демак у 1800 доллар ишлаган бўлади. Энди у еттинчи ой иккаласи ҳам хорижда юрибди. 6 ой олдин кетган шериги ёки қўшниси кейинги ойда ҳам 300 доллар маош олади. Буниси эса 2000 доллар ойлик маош олади.
Лекин энг ёмони, таваккалчилик – қайси давлатга бориши, қайси шаҳарга боришини режа қилмаслик. Қанча ойлик маош олишини, қаерда яшайди, нима қилади – билмайди. Бир гап бўлар, деб кетаверади. Бу энг ёмон тоифа. Фуқароларимиз Ўзбекистон чегарасидан чиқмасдан туриб, қаерга бораман, қандай шароитда яшайман, ким мени кутиб олади, қанча ойлик маош оламан, агар мабодо қийин аҳволда қолсам нима қиламан, кимга мурожаат қиламан, ким менга ёрдам бериши керак, деган саволларни ўзига бериб кўриши керак.
– Энди бир рақамларга ҳам тўхталиб ўтсак, ҳозирги пайтда мавжуд таклифлар қайси давлатлардан қанчадан ваквоталарни ким белгилаган?
– Аслида квота деган нарса йўқ.
– 50 минг-100 минг деяпсиз-ку?
– Ҳа, бу квота эмас. Миграция агентли, юқорида айтдим, хорижий давлатлардаги иш берувчилар билан доимий музокара олиб боради. Агар қайсидир иш берувчининг талабномалари, таклифлари бизга маъқул келадиган бўлса, уни эълон қилиб борамиз. Мисол учун, бугунги кунда мана Германия меҳнат бозоридан бизга 50 мингта талабнома келиб тушган. Албатта бу осон бўлмаган. Меҳнат бозорини мониторинг қилиш, керак бўлса юзлаб иш берувчилар билан музокаралар натижасида шунча талабнома пайдо бўлди. Ҳаракатлар давом этяпти. Масалан яқин ойлар ичида бундан ҳам кенгайиши мумкин. Бу қандайдир чегара ёки якуний рақам эмас. Жанубий Корея масаласини олсак, у яна 16 та хорижий давлат билан билан бир хил шароитларда ишлайди. Улар бир йилда Жанубий Кореяга келадиган фуқароларнинг сонини ҳар бир давлатга тақсимлаб чиқади. Бу кўп омилларга боғлиқ. Айтайлик, қайси давлат фуқароларининг интизоми, ишга муносабати, ишчанлиги яхши, нолегал ҳолатларга чиқиб кетмайдими, бошқа-бошқа масалалар инобатга олинади. Ёки корейс тилини яхши биладими, йўқми, хуллас бу кўп омилларга боғлиқ. Ва бу йил имтиҳонларга 100 минг номзодни жалб қилиш имкониятимиз бор. Булар кетадиган эмас, имтиҳонга жалб қилинадиган номзодлар. Қанчаси кетади дейишдан аввал, қанчаси имтиҳондан ўта олади, деган саволга жавоб топишимиз керак. Ҳаммаси имтиҳондан ўтган тақдирда ҳам улар одатда 3та номзоддан биттасини танлаб олади. Бу рақам 30 мингдан юқори рақам бўлиши мумкин. Албатта мен ҳозир аниқ айтолмайман – Ўзбекистонда қанча ёшларимиз корейс тилини ўрганяпти, қанча одам Жанубий Кореяда ишламоқчи, лекин талаб шундай.
Бошқа давлатлар ҳам худди шундай. Мисол учун Буюк Британиядаги ваканцияларни олсак ҳам, бу йилнинг ҳисобидан 5000 дан кўпроқ фуқароларни жалб қилмоқчи.Иш берувчилар билан доим ишлаяпмиз. Ва йил якунигача яна ваканциялар пайдо бўлиши ҳам мумкин.
– Яна қайси давлатлар бор?
– Литва давлати бор. Яқинда Литва давлатидан биз янги ваканциялар эълон қилдик. Биласиз, Литва давлати бу Европа иттифоқидаги давлат ҳисобланади. Ва бунда текстил соҳасида, қурилиш, ишлаб чиқариш соҳасида, энг кўпроғи юк машинаси ҳайдовчилари талаб этилади. Савол туғилиши мумкин, Литвага бориб, фақат Литванинг ичида ишлайдими, деган. Литвадаги иш берувчи Европа Иттифоқининг бошқа давлатларида ҳам иш билан таъминлаши мумкин.Литвадан 5000 га яқин шундай талабномамиз мавжуд.
– Жами олганда бу йилги ваканциялар қанча?
– Президентимиз бошчилигидаги селектор йиғилишларида хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни чет тилларига ва касбга ўқитиш вазифаси қўйилган. Умуман олганда 100 минг мигрантни жўнатиш талаби қўйилди. Албатта бу катта рақам ва бу вазифа бажарилиши керак. Бугунги кундаги мавжуд таклифлар эса 160 мингтани ташкил этади. Лекин ваканциялар миқдори жуда ўзгарувчан. Масалан, мавсумга қараб, иш берувчининг талабига қараб, бу ўзгариб боради. Дейлик, бугун эълон қилинган ваканцияга одам йиғилса, у тугайди, лекин кейинчалик янги ваканциялар пайдо бўлиши мумкин. Йил якунигача бу рақамлар кўпайиши керак.
– Энди ойлик маошларга ҳам тўхталиб ўтсак. Энг катта маошни қайси давлат ва қайси соҳалар таклиф қиляпти?
– Келинг, кўпчиликка таниш бўлган Жанубий Кореядан бошласак. Бу ерда анча барқарор меҳнат шароити таклиф этилади. Яъни у ерга ишлашга борган фуқаро 4 йилу 10 ойгача ишлайди. Бу битта меҳнат шартномаси билан. Агар у Жанубий Кореянинг қонунларини бузмаса, нолегал чиқиб кетмаса, иш берувчи яхши хулоса берса, у янги меҳнат шартномаси билан қайтиб келиб, яна 4 йилу 10 ойга ушбу давлатга ишлаш учун қайтиб бориши мумкин. Агар адашмасам, Жанубий Кореяда энг кам ойлик иш ҳақи, долларда ҳисоблаганда, 1600 АҚШ доллари, шу миқдордан кам бўлиши мумкин эмас. Албатта бу иш ҳажмига қараб, иш турига қараб ёки қўшимча ишларга қараб ортиб бориши мумкин.
Шунингдек, Буюк Британия – мавсумий қишлоқ хўжалик ишларига чақиради. Ўтган йили шу ерга ишга бориб келган инсонлар билан гаплашдим. Улар ойига камида 1500, 2000 доллар, ундан ҳам кўп даромад қилишяпти.
Энди Германия давлатини олсак, у 2 хил тартибда фуқароларни жалб қилади. Биринчиси бу Ausbildung шаклида – дуал таълим тизимида, боргандан кейин у маълум муддат, бир йилгача ўқиши мумкин, ва ўқиш билан параллел равишда амалиёт ўтаб, қаерлардадир қисман ишлаши мумкин. Ўша пайтда ҳам адашмасам унга 1000 еврогача стипендия тўланади. Ва ундан кейин у камида2000 евро, 2500, 3000 бўлиши мумкин. Юқорида айтганимдек, фуқароларимиз қаерда ишлашидан қатъи назар,Германия фуқаролари билан бир хил шароитларда бир хил ойлик маоши олади.
Литва бўйича ишларни олсак, текстил соҳасида ишловчилар учун ойлик маош 700евродан бошланган. Ва энг юқориси буюк машинасини ҳайдовчилар учун 1600 евродан бошланган. Бу албатта қанча иш ҳажмини бажаришига ва қанча ишчанлигига қараб, бу рақамлар ошиб бориши мумкин.
– Сир эмас, эски даврларда Меҳнат миграцияси агентлигида инсон омили жуда юқори эди. Коррупция ҳолатлари ёки бир тушунмовчиликлар учраган. Ҳозирги пайтда шуларни йўқ қилиш учун, уларнинг олдини олиш учун нима ишлар қилиняпти? Масалан, Жанубий Корея мисолида айтиб берсангиз. Чунки айнан шу соҳада жуда кўп норозиликлар, бошқалар бўлган.
– Албатта, ҳозир бу жараёнда инсон омилини йўқотишга қилинган ҳаракатлар амалга ошириляпти. Бу амалга оширилган ҳам. Масалан, Жанубий Корея қандай бўлади? Жанубий Кореяда ишлаш учун авваламбор эълон берилади. Дейлик мана шу йил, шу санада, Жанубий Кореяда ишлаш истагидаги фуқаролар рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Рўйхатдан ўтиш учун ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас. Ҳаттоки хорижда юрган бўлиши ҳам мумкин. Ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни онлайн киритади. Смартфон ва интернет бўлиши кифоя. Фақат белгиланган вақтдан кечикмасдан маълумотларни киритиши керак бўлади. Лекин айрим ҳолларда бировлардан бу маълумотларни тўлдириб беришда ёрдам сўраши мумкин. Бегона одам эса ўзининг телефон рақамини киритиши мумкин. Шахсий кабинети паролларини олиши мумкин. Эртага бу вазиятда воситачи шахслар пайдо бўлиб қолиши мумкин. Лекин қоидаси бўйича имтиҳонда ким қатнашмоқчи бўлса, шахсан ўзи қатнашиш керак бўлади. Рўйхатдан ўтган сўнг фуқаролар EPS TOPIK (Test of Proficiency in Korean) бўйича корейс тили имтиҳонларига жалб этиш керак бўлади. Буни Миграция агентлиги эмас, Корея Республикасининг HRD ташкилоти, яъни инсон ресурсларини ривожлантириш ташкилоти томонидан фуқароларнинг рўйхати бўйича тасодифий танлаш йўли билан компютерда ҳар бир рўйхатдан ўтган фуқаролар учун алоҳида кун белгиланади. Масалан, фалончиев фистончи дейлик 5 март куни соат 12:00 да EPS TOPIK имтиҳонига кириши керак бўлади.
– Миграция агентлиги баъзи фуқароларни рўйхатдантушириб қолдирсачи?
– Бу база Миграция агентлиги томонидан эмас, бу база Жанубий Кореянинг HRD ташкилоти, яъни инсон ресурсларини ривожлантириш ташкилоти томонидан бошқарилади. Миграция агентлигининг ходимлари бунга таъсир қила олмайди. Бу ҳаттоки Корея сайтларида ҳам эълон қилинади. У сайтни биз Тошкент вақтига мўжаллаб, нусхасини олиб, ўзимизнинг каналларимизда эълон қиламиз. Имтиҳон куни бир соат олдин бориш керак. Чунки имтиҳон бошланган пайтда кўчада эмас, аудиториянинг ичида ўтириши керак. Номзоднинг қўлига планшет берилади. Аудиториянинг ичида фақат Кореядан келган мутахассислар бўлади. Планшетда FaceID яъни одамнинг юзини танийдиган тизим бор, рўйхатдан ўтгандарасмига қараб, ҳақиқатда ўзи бўлса,тест очилади. Агар унинг ўрнидан бошқа одам кирмоқчи бўлса, планшетдаги тест очилмайди. Тест очилса, ундаги саволларни белгилайди. Тестнинг охирги саволига жавоб тугмасини босганида тест натижасишу жойнинг ўзида дарров кўрсатилади. Номзоднинг ўзи натижасини кўради. Кўраётганингиздек, бу ерда инсон омили деярли таъсир қилмайди. Агар имтиҳондан ўтса, унинг маълумотлари HDRнинг SPAS электрон базасига киритилади.У ерда нафақат ўзбекистонлик, балки бошқа давлатлардан ҳам номзодларнинг маълумотлари берилади. Номзод SPAS электрон базасига киритилганидан сўнг, ўз шахсий кабинетидан барча маълумотларни – номзод танландими,йўқми, қайси иш берувчи томонидан танланди, қачон кетиши керак ва бошқа саволларга оид барча маълумотларни шахсий кабинетидаги маълумотлар орқали кўриб туриши мумкин бўлади. Ва бошқа иш берувчилар томонидан ҳам шундай амалиёт йўлга қўйилган.
Масалан Буюк Британияни олайлик. Буюк Британия бўйича ҳам рўйхатдан ўтиш керак бўлади. Рўйхатдан ўтишда фақатgmail.com билан тугайдиган электрон почта орқали ўтилади. Шу электрон почтага и берувчи томонидан унга хат келади. Суҳбатда иш берувчилар билан юзлашади, Миграция агентлиги ходимлари билан эмас. Бу ерда Ўзбекистон томони ёки Миграция агентлиги ходимларининг таъсир ўтказадиган аралашуви кузатилмайди. Шундай бўлиши ҳам керак аслида. Чунки номзодда ҳам, иш берувчидан ҳам савол қолмаслиги керак: қаерда, қандай шароитда ишлайди, бу саволларга жавобларни ўртадаги воситачидан эмас, бевосита иш берувчининг ўзидан эшитиши керак.
Тўғри, ҳозир биз Европа бозорини очяпмиз. Ҳозир жўнатаётган фуқароларимиз, у ерда юрган юртдошларимизга қараб, кейинчалик яна Ўзбекистондан ишчи кучини чақириш ёки чақирмаслик ҳақида қарор қабул қилади. Меҳнат мигранти ишчанлиги, ишга муносабати, меҳнат қонунчилигига риоя қилиши каби омиллар ҳам бу қарорга таъсир қилади. Шунинг учун бу нарсани табиий қабул қилиш керак. Қайси давлатга боришидан қатъи назар,давлатнинг қонунларига риоя қилиш миграция қонун-қоидаларини бузмаслик, ҳаттоки унинг урф-одатлари, дини ва маданиятини ҳурмат қилишларини тавсия қиламиз, доим.
– Сизга катта раҳмат. Вақт ажратиб келганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.
– Катта раҳмат.
Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.