platina.uz

Университетлар монополияси: айбсиз айбдор ёшлар

Хусусий ОТМларни тўп-тўп қилиб лицензиядан маҳрум қилишаётгани, уларга қўйилаётган талабларнинг йил сайин оғирлашиб бораётганини қандай тушуниш мумкин?

Мақола
22 февраль, 19:29
Университетлар монополияси: айбсиз айбдор ёшлар

Россияда таҳсил олаётган хорижлик талабалар орасида Ўзбекистондан борган толиби илмлар сони бўйича иккинчи ўринда туради. 2024 йил ҳолатига 63 минг ўзбекистонлик таҳсил олиш учун Россия таълим даргоҳларини танлаган бўлиб, бу 5 йил аввалги кўрсаткичдан 2 марта кўп.

Қўшни Қирғизистонда эса биринчи ўриндамиз. Бу ерда жами хорижлик талабалар 71,7 минг бўлиб, уларнинг 40282 нафари ўзбекистонликлар.

Қозоғистонда ҳам биринчи ўриндамиз: пандемиядан олдин жами 30 минг хорижлик талабанинг 53,79 фоизини ўзбекистонликлар ташкил этган. Тўғри, кейинчалик уларнинг кўпчилиги Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига (ОТМ) қайтарилди. Бироқ ўшанда ҳам ТОП-5 таликдан тушганимиз йўқ.

Жанубий Кореяда 2023 йил ҳолатига жами хорижлик талабалар (118 минг) миқдори рейтингида ўзбекистонликлар 3-ўринда туради.

Хўш, бу билан фахрланишимиз керакми? Мунозарали ва риторик савол!

Нега хорижни танлашяпти?

Сир эмас, балиқ чуқурроқ сувни қидирса, одам яхшироқ маконни қидиради. Меҳнат мигрантларимиз жонини гаровга қўйиб, хорижга ошиқаётганининг сабаблари тушунарли. Бироқ таҳсил олиш учун хорижга кетаётган ёшларимизни нима бундай қарорга ундаяпти? Маълум бўлишича, ҳамма талабанинг сабаблари ҳар хил.

Сирдарёлик Орифхўжа ҳам Россиядаги 63 минг талабанинг бири. Москва давлат юридик институтини тамомлаш арафасида. Ўқишдан бўш вақтларида ишлаб, шартнома пулини тўлашнинг ҳам уддасидан чиқади.

– Ўзбекистонда ўқишга топшириб кира олмаганман, – дея эслайди Орифхўжа. – Тарихдан роса тайёрланганман. Лекин контрактга тушдим. Шу балл билан бошқа ОТМга кирсам бўларди, лекин бизнинг пайтимизда фақат битта университетга топшириш мумкин эди. Уйдагиларимнинг шароити кўтармагани боис, “контракт”га ўқимасдан, Россияга ишлаш учун келдим. Ишларим ва топиш-тутишим яхшиланиб, уйимга ҳам пул жўната бошладим. Ҳамма қатори уй солиш, оила қуриш ва албатта битта машина олишни дилимга тугиб юрардим, ниятларимга деярли эришдим. Қурбим етганича, қариб, кучдан қолгунимча шу ерда ишлаб юравераман, деган фикрга ҳам кўникдим. Лекин 3 йилча аввал Вологда шаҳридаги Ўзбекистонликлар миллий-маданий маркази раиси Абдухолиқ Аллабердиев билан учрашувимизда унинг бир гапи менга қаттиқ таъсир қилди. “Қачонгача шундай юрмоқчисан? Билиминг дурустгина экан, илмингни хор қилмасдан, олий маълумот олиб, ўзингга мос ишларда меҳнат қилсанг бўлмайдими?”, дея менга танбеҳ берди. Вазиятни тушунтиргандим, “Москва юридик институтининг Вологда шаҳридаги филиали хорижликлар учун фақат суҳбат асосида ўқишга қабул эълон қилибди. Бахтингни синаб кўр”, дея йўл-йўриқ кўрсатди, – дейди Орифхўжа.

Рус тилини ва тарихни яхши ўргангани, қолаверса, тиришқоқлиги боис, Орифхўжанинг ўқишга кириши қийин бўлмади. Бунинг устига футболни яхши ўйнагани учун университет футбол жамоасига қабул қилинди. Футбол мусобақаларида университет шарафини ҳимоя этаётгани учун доим устозлар алқовига мушарраф бўлиб келяпти.

Талаб кўп, таклиф-чи?

Ўзбекистон аҳолиси катта суръатлар билан 40 миллионга яқинлашиб бормоқда. Ҳар йили 800 минг аҳоли сафимизга қўшилмоқда. Аҳолининг 60 фоиздан зиёди ёшлар, ҳар йили деярли 500 минг ўқувчи мактабдан учирма бўлади ва уларнинг камида 60 фоизи қалбида ОТМда ўқиш истаги бўлади. Масалан, 2023-2024 ўқув йилида 1 млн. 18 минг киши бакалавриат йўналишига ҳужжат топширган. (2023 йил битирувчиларидан ташқари, аввал мактабни битирганлар ҳам топширади – муал.) Уларнинг 888,5 минги тест имтиҳонларини топширган.

Ким айбдор?

Ёш юртдошларимиз аввало мамлакатимизда талабалар ўрнининг камлиги боис, юзага келган машаққатли рақобат сабабидан хорижда ўқишни маъқул кўришади. Бунинг устига айрим гуруҳлар учун минг хил имтиёзлар бериб ташланганки, уларнинг касрига ҳатто тестдан максимал балл олган талабалар ҳам 2023 йилда “контрактга тушиб қолишди”.

Ўқишнинг сифати алоҳида мавзу. Россияда ўқиётган Орифхўжанинг айтишича, Россия ва Ўзбекистондаги ОТМлар орасидаги битта асосий фарққа эътибор қаратган: Россиядаги университетларга кириш осон, лекин ўқишни давом эттириш, битириб диплом олиш қийин.

– Осон ўқишга кирганим билан, ўқиб кетишим осон бўлмади, – дейди Орифхўжа. – Бу ерда таълим бериш даражаси ва билим олиш устидан назорат ўта юқори. Таниш-билиш, совға-салом деган гаплар йўқ. Зўр билим беришади ва жиддий талаб қилишади. Мен билан бирга ўқишга кирган юртдошларимиз кўп эди. Ҳозир 3-4 киши қолдик холос. Айримлари ўқиш ва ишни баравар олиб боришга қийналишди, айримлари имтиҳонлардан ўта олмади. Ўзбекистонда ўқиётган дўстларимнинг айтишича, уларнинг ўқишга кириши қийин бўлган. Чунки талабгор кўп, ОТМлар ва улардаги жой эса жуда кам. Лекин дўстларим ўқишга кириб олгач, ҳеч қийналмасдан ўқишни тугатишди. Жуда ҳавас қилдим уларга. Биз эса (МДЮИни назарда тутяпти – муал.) сессиялар олдидан ухламасдан турли лойиҳалар тайёрлаб чиқамиз, тинмай ўқиймиз. Акс ҳолда ўқишдан ҳайдашлари жуда осон. “Раҳм” қилиб ўтиришмайди, – дейди Орифхўжа.

Албатта, Ўзбекистонда ҳам талабаларга катта эътибор беришади. Тўғри, ҳозирча фақат уларнинг давомати, турли ижтимоий тадбирлардаги иштироки, баданида қанча туки борлиги ва қандай кийим кийишига кўпроқ эътибор қаратишмоқда. Лекин қачондир таълимга ҳам эътибор бериб қолишар, деган умидимиз ҳали сўнмаган...

Муаммо аниқ, ечим аниқ, бироқ...

Таълим сифатини яхшилашга-ку, давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Энг аввало, янги Ўзбекистонда талабаларни мажбуран пахта теримига олиб чиқишга чек қўйилгани катта ютуқ бўлди. Бир йилда 5 та ОТМга ариза топшириш имконияти яратилгани, хорижий ОТМларнинг филиаллари очилаётган, хусусий ОТМлар очишнинг осонлаштирилгани ва бошқа имкониятлар келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз. Лекин талабалик ўрнини ошириш масаласи нега ҳамон долзарблигича қолмоқда?

Яхшиямки, бозор иқтисодиётига ўтганмиз, ОТМлар очиш эса даромад олиш учун яхши бизнес-лойиҳа. Тадбиркор фуқароларимиз тепадан оташин чақириқ ва буйруқларни кутиб ўтирмасдан, ОТМлар очишга қизиқиш билдиряпти. Зеро, таълим соҳаси сердаромад соҳа, айниқса тиббиёт йўналишини йўлга қўйсангиз. Масалан, Россияда ҳамда бизга қўшни давлатларда хорижлик, асосан ҳиндистонлик талабалар айнан тиббиёт соҳаси учун бу ерда ўқишга келишган. Чунки Ҳиндистонда ва умуман бошқа давлатларда таълим, айниқса тиббиётни ўрганиш жуда қиммат. Улар ўқишнинг ва албатта яшашнинг арзонлиги учун собиқ совет давлатларини танлашган.

Мисол учун, Project Atlas лойиҳаси маълумотларига кўра, 2022 йилда тиббиёт йўналишини танлаган хоижликлар Россияда 76 029 кишини ташкил этган. Уларнинг 20 мингга яқини ҳиндистонлик, 3150 нафари эса ўзбекистонлик талабалар бўлган.

Тўғри, Ўзбекистонда ҳам кўп йиллик музлик давридан сўнг сиёсий-иқтисодий эркинлик шабадалари эсгач, жуда кўп хусусий ОТМлар очилди. Уларнинг айримлари давлат стандартларига жавоб бермагани боис ёпилиб ҳам кетди. Буни тушуниш мумкин. Бундан инвесторлар ҳам керакли хулосалар чиқаришган, албатта. Лекин ҳозирги замонда худди сочма ўқ билан каптар тўдасини отгандек, хусусий ОТМларни тўп-тўп қилиб лицензиядан маҳрум қилишаётгани, уларга қўйилаётган талабларнинг йил сайин оғирлашиб бораётганини қандай тушуниш мумкин?

Масалан, куни кеча Туркистон инновациялар университети ва Наманган халқаро университети суд уларнинг ишини 15-20 дақиқада кўриб, лицензиясини бекор қилиб ташлагани ҳақида маълумотлар тарқалди. “Ёш зиёкор” нодавлат таълим муассасалари уюшмаси раиси Расул Кушербаевнинг айтишича, “ваколатли орган нодавлат ОТМга лицензия беряпти. Ва давлат олий таълим ташкилотлари ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланяпти. Мана шу жараёнларда вазирлик хусусий таълим ташкилотларига бегона кўз билан қараш тенденцияси кузатиляпти. Яъни хусусий таълим ташкилотлари давлат ОТМ билан рақобат қила олиб, керак бўлса, яхши нарх таклиф қилиб, у ердаги энг яхши кадрларни ўзига чақириб оляпти. Нодавлат ОТМдаги шароит, дарс сифатидан кўплаб одамлар рози бўляпти", – дейди Кушербаев.

У нодавлат ОТМларда камчиликлар аниқланган текширувларни “тирноқ остидан кир қидириш” дея таърифлаган. Хусусий ОТМларга сунъий тўсиқ қўйилаётгани давом этаверса, ўзбек талабалари ва инвесторларнинг хорижга “оқиб кетиши” кескин кўпайиши мумкин.

Қолаверса, яна бир муаммо ҳам қонунан ҳал этилмаган: лицензиядан маҳрум этилган ОТМларнинг собиқ талабалари қандай тартибда бошқа ОТМларга ўқишини кўчириши мумкин? Уларни қайтадан кириш имтиҳони топширишга ёки қайтадан, 1-курсдан бошлаб ўқишга мажбурламасликаларига ким кафолат беради?

Ўзи умуман, аввал-бошда хусусий ОТМларга “сабр” қилган лицензияловчи идоралар нега сўнгги пайтларда уларга ўгай кўз билан қарайдиган бўлиб қолишди?

Сабаби оддий. Тахмин қилишимизча, айрим амалдорларимиз миясида советдан қолган бир фикр ҳамон ҳукмрон: давлат ОТМ яхши, хусусийлари шубҳали!

Жаҳондаги энг машҳур ва обрўли, таълим сифати ва стандартлари бутун дунёга намуна бўлаётган, президентлару, Нобел мукофоти совриндорларини, буюк инноватор ва кашфиётчи тадбиркорларни етиштириб чиқараётган ОТМларнинг деярли барчаси хусусий университетлар, барака топгурлар, дейдиган одам йўқ.

Лекин хусусий университетларга шубҳа билан қараётган амалдорларнинг мақсадлари барибир тушунарсиз. Эҳтимол улар “таълим сифатини ошириш учун шундай қилишимиз шарт” дейишар. Бироқ бу баҳоналари мамлакатимиздаги айрим монополист корхоналарнинг “юртимизга кираётган товарларнинг сифати яхши бўлиши учун божхона тўловларини кўтариб қўйдиришга мажбурмиз” дегандек эшитилади қулоққа. Лекин, шуни унутмаслик керакки, битта эски кинофилм қаҳрамони айтганидек, карвон бир, ризқи бўлак – бу бир, рақобат бор жойда сифат яхшиланади, тараққиёт учун туртки пайдо бўлади – бу икки! Шахсий инжиқликлар билан халқ манфаатларини аралаштирмаслик керак – бу уч!

Афсуски, айрим амалдорларнинг инжиқликлари бу билан тугамаслигининг эҳтимоли катта. Бу кетишда “ёшларимизнинг хорижга ўқишга кетишини чеклаш керак” деган фикрни илгари суриб, турли тўсиқларни ўйлаб топишса ва бу меъёрни қонун ёки қонуности актларига киритиб юборишса ҳам ҳайрон бўлмаймиз.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+