Ҳарбий саноатдан ўйин саноатига – Тетрис

Бу ўйин нафақат ақлни чархлаш, тез қарор чиқаришни ўргатади, балки энг кўп тарқалган бир касалликни даволашда ҳам ёрдам беради.

Таҳлил
21 февраль, 14:18
Ҳарбий саноатдан ўйин саноатига – Тетрис

«Тетрис» ўйини ҳақида билмаган одам кам. 1984 йилда яратилган бу видеоўйин сотилган нусхалари бўйича Minecraft (300 млн.), GTA V (195 млн.) дан кейин учинчи ўринда туради! Ҳозиргача бу ўйин 100 млн. зиёд нусхада сотилган.

Ўйин муракаб эмас, дарров ўзига жалб этиб, соатлаб қўйиб юбормайди. Шарт оддий – тепадан ўз ҳолича тушаётган шаклларни имкон қадар бақамти жойлаштириш керак. Яхши тахланган девор едирилиб кетади ва янги қатор учун жой очилади. Акс ҳолда девор баландлашиб, янги шакллар учун жой қолмайди ва ўйинчи ютқазади. Ҳар бир жойлаштирилган шакл ва тактик муваффақият учун очко (балл) берилади.

Жарроҳ ҳам, қассоб ҳам пичоқ ишлатади

Қизиғи шундаки, «Тетрис» ўйини аслида ҳарбий саноатга хизмат қилган муассасада яратилган.

Маълумки, ҳар қандай кашфиёт дунё юзини кўргач, уни бошқа мақсадларда ҳам қўллаб кўришга уринишади. Масалан, динамит аввал тоғ-кон ва йўл қурилиши ишларига ёрдам бериш – катта қоятошларни портлатиб, йўл очиш учун яратилган. Аммо у ҳарбий соҳага ўтиб, одамларни қирғин этишга хизмат қила бошлади.

Атом-ядро қувватини жиловлаш, инсониятга арзон ва доимий энергия тақдим этиш борасидаги илмий тадқиқотлар эса охирида яна ўша одамларни қирғин қилишга мўлжалланган атом бомбаси ишлаб чиқариш учун қўлланилди.

Лекин баъзан бунинг тескариси ҳам бўлади: ҳарбий соҳа учун мўлжалланган кашфиётлар кўнгилочар мақсадларга хизмат қилади.

Масалан, радар устида ишлаган олимлар микротўлқинларнинг қизитиш хусусиятини ҳам пайқаб қолиб, ҳозирги микротўлқинли печларни яратишди.

Ёки компютер ихтиро қилинишига сабаб бўлган мақсад – иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар Германияси армиясининг махфий кодли хабарларини дешифрлаш бўлган. Бироқ орадан ҳеч қанча ўтмай, радар тизимининг бир қисми бўлган осциллографлар базасида илк видеоўйинлар яратилди.

1962 йилда яратилган илк видеоўйин – Spacewar!

Кейинчалик компютер ўйинларига талаб ортгани боис, бир пайтлар ҳарбий буюртмаларни бажарган фирмалар батамом ўйин саноатига ўтиб кетишди.

Бор кучини ҳарбий саноатни ривожлантиришга сарфлаган СССРда ҳам шундай ҳолат рўй берган. Гарчи СССР илм-фани деярли барча ихтиро ва кашфиётларни Ғарбдан ўғирлаган бўлишига қарамай, бир лойиҳа борки, уни ҳеч иккиланмай “совет маҳсулоти” деб атасак бўлади.

1980 йиллар охирида СССРдаги сиёсий иқлим бироз юмшагач, ҳарбий заводлар ва махфий илмий-текшириш институтлари олдига “халқ истеъмоли молларини” ишлаб чиқариш вазифаси қўйилади. Улар мамлакатда дефицит бўлган, хориждан олиб келиш қимматга тушадиган, аниқроғи, муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлувчи видеоўйин автоматларини ишлаб чиқара бошлади. Тўғри, уларга ўрнатилган ўйинларнинг деярли барчаси АҚШ ва Европада яратилган эса-да, совет компютер дастурчилари учун илҳом манбаи сифатида хизмат қилди.

“Ўйиндан ўт чиққан” кун

СССР Фанлар академиясининг Ҳисоблаш марказида оддий дастурчи бўлиб ишлаган муҳандис Алексей Пажитнов видеоўйинлар яратишни хобби қилиб олади. Гарчи унинг асосий вазифаси сунъий онг борасида тадқиқотлар ўтказиш бўлса-да, ҳали ишлов берилмаган ғоялар устида бош қотириб юрарди. Пажитнов бирор янги ўйин яратиб, бойиб кетиш ёки машҳур бўлишни мақсад қилмаган. Ҳар ҳолда у орадан бир неча йил ўтиб, АҚШда туриб берган интервюларида шундай деган.

Алексей Пажитнов

Ўша даврларда совет одамлари орасида домино, тримино, тетрамино ва пентамино каби бошқотирма ўйинлар машҳур эди. Айниқса пентамино илм аҳли учун ақлий машғулот ўрнини босган. Чунки янги шаклларни ва юришларни ўйлаб топиш жуда мароқли бўлган.

Алексей Пажитнов ҳам кунлардан бир кун пентамино ўйинига диққат қаратади. Стол устида ўйналадиган бу ўйинда ёғоч ёки пластмассадан ясалган шаклларни маълум ўлчамдаги қутига сиғдириб, жойлаштириш талаб этилади.

Пажитнов бу ўйинни ўша пайтдаги энг содда совет компютерига (аслида у ҳам КГБ жосусларининг IBM дан ўғирлаган схемалари асосида яратилган) мослаштиришга уриниб кўрди. Паскал дастурлаш тилида керакли алгоритмларни ёзиб чиқди. Гарчи янги ўйин пентаминога унчалик ўхшамаса-да, асосий ғоя асос қилиб олинган эди.

“Тетрис”нинг “Электроника-60” компютерида яратилган энг биринчи талқини.

Муҳандис бу ўйинни ҳамкасб дўстларига кўрсатади. Ўйин уларга ёқади ва бошқаларга ҳам дискетларга ёзиб тарқатишади. Шу тариқа деярли бутун совет халқи (компютери борлари, албатта) «Тетрис» ўйинига муккасидан кетади. Орадан бир неча ой ўтиб, ушбу ўйин бутун дунё бўйлаб тарқалади.

Бу шов-шув венгриялик дастурий таъминот импортчиси Роберт Стейнга ҳам етиб боради. Стейн дарров Москвага келади ва Алексей Пажитновни топади. Стейн ўйинни расмий равишда, кўп нусхада тарқатиш учун Пажитновдан рухсат олади. Нимадир сабабга кўра, Пажитнов унга текинга рухсат беради. Уддабурон Роберт Стейн эса бу ўйинни бемалол кўпайтириб сотиш имкониятини қўлга киритдим, деган фикрга келади.

Лицензия муаммолари

Роберт Стейн «Тетрис» учун ҳуқуқларни буюк британиялик медиамагнат Роберт Максвеллга тегишли Mirrorsoft компаниясига сотади. Бироқ глобал ишлаб чиқариш учун ҳақиқий муаллифлик ҳуқуқига эга ташкилотдан рухсат олиш талаб этилади. Натижада Стейн яна Москвага учиб келади. Гарчи Алексей Пажитнов «Тетрис»ни ўзи яратган бўлса-да, у меҳнат қилаётган Ҳисоблаш маркази “асил муаллиф” бизмиз, деб “оёқ тираб” олади.

СССРда электрон маҳсулотлар давлатга қарашли «ЭЛОРГ» («Электроноргтехника») ташкилоти томонидан экспорт қилинган. «ЭЛОРГ» эса Стейн таклиф этган шартларга рози бўлмагани боис ўйинга ҳуқуқларни сотмайди.

“Тетрис” ўйин автомати.

Бу Максвеллни тўхтатиб қола олмайди. У Стейннинг Пажитновдан олган розилигини асос қилган ҳолда, «Тетрис»ни ўзгартириб ва такомиллаштириб (мусиқа ва дизайнини яхшилаб) оммавий равишда ишлаб чиқариб сота бошлайди.

Бошқа вазиятда шу билан Пажитнов қиссаси тугаган ва муҳандис номи чиқмасдан ва ўз ихтиросидан фойда олмасдан ўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Бироқ АҚШнинг CBS телеканали шов-шув бўлган ўйин муаллифи Пажитнов билан интервю уюштиради. Натижада барча даъвогарлар ҳушёр тортишади.

1989 йилга келиб, «Тетрис» лицензияси учун курашлар авж олади. Ўша пайтда 6 компания «Тетрис»ни турли компютер, ўйин консоллари ва чўнтак ўйин тизимлари учун қўллашга эксклюзив ҳуқуқлари борлигини даъво қилади. Бироқ «ЭЛОРГ» уларга айнан ўйин автоматларида қўллаш учун рухсат бермаганини билдиради. «ЭЛОРГ» бу ҳуқуқни Atari компаниясига сотади. Турли компаниялар ўртасида лицензия борасида судлашувлар бошланади ва уларда Nintendo ютиб чиқади.

Nintendo’нинг GameBoy чўнтак консоли ва “Тетрис” ўйини картрижи.

Nintendo «Тетрис»ни ўша пайтдаги инқилобий чўнтак ўйин тизими – GameBoy чиқариб, унга «Тетрис»ни қўшади. Компания бундан миллионлаб доллар фойда олади. Бироқ Алексей Пажитнов 1996 йилга келибгина, СССР тарқалиб, «ЭЛОРГ» хусусийлаштирилгач, аввалги лицензиялар муддати тугагачгина, бироз фойда ола бошлайди.

Ушалган ва ушалмаган орзулар

1996 йилда совет муҳандиси Nintendo билан тузилган шартномаларда воситачилик қилган америкалик Хенк Рожерс билан бирга The Tetris Company LLC ва Blue Planet Software компанияларини очишади ва Tetris брендидан фойда кўришга уринишади. The Tetris Company LLC (TTC) Tetris сўзини тижорат белгиси сифатида рўйхатдан ўтказишади. Компаниялар ТТС’дан бу сўзни ўйинларида ишлатиш ҳуқуқини сотиб ола бошлашади. Гарчи «Тетрис» 1984 йилда яратилиб, бир неча шахс компанияларни мултимиллонер қилган бўлса-да, орада 12 йил ўтибгина унинг асл муаллифи ўйиндан эмас, унинг номини сотишдан бироз фойда кўради.

Бироқ бу маблағлар яшаш учун етарли бўлмагани боис, орадан бироз ўтиб, Алексей Пажитнов Microsoft компаниясига ишга киради. Унинг раҳбарлиги остида янги маҳсулотлар – Pandora’s Box бошқотирмалар туркуми ишлаб чиқилади.

Алексей Пажитнов 2005 йилгача Microsoft компаниясида меҳнат қилади. Ҳозирда 68 ёшни қаршилаётган Пажитнов нафақада, АҚШда яшайди. Унинг нияти “холис” бўлган экан: у «Тетрис»ни ишлаб чиққанида катта даромад олишни ният қилмаган – ҳозиргача бевосита «Тетрис» ўйини сотилишидан 1 цент ҳам улуш олмади!

Лекин иккита армони тириклигида ушалди:

  • Шу пайтгача «Тетрис»нинг кўп ўйинчилар томонидан ўйнаш мумкин бўлган вариантини яратиш натижа бермаган эди. Чунки фигуралар жуда тез туша бошласа, шеригинг ўйини билан қизиқишга вақт қолмайди. Бироқ 2019 йилда Nintendo Switch консолида Tetris 99 номли шундай ўйин пайдо бўлди.
  • «Тетрис»нинг “тубига етиш”, унда ғолиб бўлиш имконсиз, деб ҳисобланар эди. Яқинда – 2024 йил 4 январ куни АҚШнинг Оклахома штатида яшовчи 13 яшар ўқувчи Уиллис Гибсон ўзининг YouTube каналида оригинал “Тетрис” ўйинининг охирига ета олганини намойиш қилиб рекорд ўрнатди. Гибсон 38 дақиқа ўйнаб, «Тетрис»нинг 157-босқичига чиқа олган ва 9999999 балл йиққан. Аслида ўйин чексиз давом этиши мумкин, бироқ ўйин дастури кодидаги чеклов туфайли қотиб қолади ва бу ўйинчининг ғалабасини англатади.

Таъкидлаш керак, шу пайтгача «Тетрис» ихлосмандлари 29-босқичдан нарёғига ўта олишмаган.

Гибсонни бу муваффақияти билан шахсан ўйин муаллифи Алексей Пажитнов ва унинг ҳамкори Хенк Рожерс онлайн видеочатда самимий табриклашган.

«Тетрис»нинг бошқа хусусиятлари

«Тетрис»ни ўйнаб нафақат дам олиш ва рекорд ўрнатиб машҳур бўлиш, балки ғилайликка олиб борувчи амблиопия – “ланж кўз” синдромини ҳам даволаш мумкин экан.

Маълумки, ушбу синдромда битта кўз соққаси иккинчиси билан баравар ҳаракатланмайди ва натижада бинокуляр кўриш бузилади, тасвир иккиланади. Кўз ҳаракатдан қолиб, ғилайликни келтириб чиқаради.

Канаданинг Макгилл университети олимларининг Current Biology илмий журналида чоп этилган тадқиқот натижаларида маълум қилишича, «Тетрис» ўйнаш ҳар икки кўзни ҳам машқ қилдиради ва баравар ишлашга мажбурлайди.

Аммо “Тетрис”нинг энг муҳим фойдаси – ақлни чархлайди, тез қарор қабул қилиш хусусиятларини ривожлантиради. Гарчи ўйин саноати йилдан-йилга муракаблашиб кетаётган бўлса-да, эски ва қадрдон “Тетрис” яна кўп йиллар инсониятга фойда келтиришига шубҳа йўқ.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+