Яқин Шарқ: абадий шахмат тахтаси ва тақдир чархпалаги
Яқин Шарқ минтақасида урушлар сурони ва қурбонлар фарёди тингани йўқ. Минтақа нотинчлигидан манфаатдор ҳамда бу можароларни ўт олдириб, уни қўллаб-қувватловчи кучларнинг аксарияти ташқарида.
Яқин Шарқ азалдан дунёнинг сиёсий, диний ва маданий тарихида муҳим ўрин тутган. Бу ерга кўз тикканлар, бу маконда ўз назоратини ўрнатишни истаганлар азалдан кўп бўлган. Шу боис Яқин Шарқ минтақаси ҳар доим турли можаро ва урушлар, буюк империя ва сиёсий-диний кучлар ўртасидаги тўқнашувлар майдони бўлиб келган.
Охири кўринмаётган шахмат ўйини
Ҳозир ҳам Яқин Шарқ минтақасида урушлар сурони ва қурбонлар фарёди тингани йўқ. Энг қизиғи, мазкур минтақа нотинчлигидан манфаатдор ҳамда бу можароларни ўт олдириб, уни моддий- техникавий ва ҳарбий-сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи кучларнинг аксарияти ташқарида. Уларнинг ўзаро ўйинлари ва манфаатлари тўқнашувидан минтақанинг муқим аҳолиси жабр чекиши уларга қизиқ эмас, афусуски. Минтақа улар учун шахмат тахтаси, ундаги президент-қирол-султон-подшолар, ҳукумат-парламент-кенгашлар, исёнчи-сепаратист-экстремист-террорчилар эса шунчаки шахмат доналари. Қайси дона қайси катакда туришини, қайси дона қайси катакка юришини, қайси пиёда фарзинга, ҳаттоки шоҳга айланишини улар ҳал қилишади: бу юриш асосий ва тепадаги ўйинчи-“шахматчи”нинг манфаатига мос келса бас. Мабодо фарзинга чиқарилган пиёда “шахматчи”га бўйсунмай қолса, тахтадан улоқтирилади.
Тарихда бунга мисоллар кўп. Масалан, XIX аср охирларида Усмонийлар империясини яксон қилишга бел боғлаган Буюк Британия қироллиги ва бошқа Ғарб кучлари минтақадаги арабларни усмонийларга қарши “қайради”, уларга мустақиллик ваъда қилди. Ҳатто биз бугун кўз ёши тўкаётган фаластинликларнинг аждодлари ҳам Усмонийлар халифасига қарши қўлларига қурол олишган. Бироқ минтақа Ғарб қўлига ўтгач, инглизлар минтақа харитасида ўзлари билганича чегаралар чизиб, бир неча янги давлатларни яратишди. 1947 йилда Исроил давлати тузилгач, Фаластин аҳолиси уларга қарам бўлиб қолди, “ёмғирдан қочиб, дўлга дучор бўлди”.
Ўзим кўтардим, ўзим тушираман...
Ёки яна бир мисол. АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими Рожер Морриснинг Reuters’га берган интервьюсида айтишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси 1968 йилда БААС партияси ва унинг етакчиси, сунний мусулмон Саддам Ҳусайннинг аксарият аҳолиси шиа бўлган Ироқ ҳукумати тепасига келиши учун йўл очган. Чунки 1963 йилда Саддам Ҳусайн Қоҳирада ҳуқуқшуносликка ўқиётганида МРБ томонидан вербовка қилинган.
Бироқ Саддам ҳокимият мазасини татиб кўриб, ўзини шахмат донаси эмас - шахматчи, деб ҳисоблаб, ҳақиқий “шахматчи”ларга қарши “осий”лик қила бошлади. Шунинг учун бир неча мураккаб сиёсий-ҳарбий комбинациялар ўтказилиб, 2006 йилда уни президентликдан ағдариб, осиб ўлдириши учун шароит яратиб берилди. Унинг ўрнига шиалар ҳукумат тепасига келтирилди. Энди эса Ироқдаги, умуман бутун Яқин Шарқдаги шиалар Эрон билан (демакки Россия билан ҳам) тил бириктирган ҳолда яна дунё ҳамжамияти (тўғрироғи АҚШ, Европа ва Исроил учун) муаммо туғдирмоқда. Хусийларнинг Қизил денгиздаги “шўхлик”ларини ҳам ана шу сиёсат натижаси дейиш мумкин.
Отадан мерос қолган диктатура
Умуман, тарих ва тақдир чархпалаги кутилмаган вазиятларни яратади. Бугун энг паст ва ҳақир бўлган шахс ёки қатлам эртага подшога ёки ҳукуматга айланиши мумкин. Сурияни ярим асрдан зиёд вақт мобайнида узлуксиз бошқариб келаётган Асадлар оиласи ҳам бунга ёрқин мисол. Ота ҳукмдор - Ҳафиз Асад - Сурия, умуман Яқин Шарқдаги энг хўрланган шиалик оқими – алавийлар вакилидир.
Алавийлар гарчи ўзларини шиа-мусулмон ҳисобласада, Ислом динидан ўта узоқлашиб, мустақил дин яратиб олган. Улар масжидда ибодат қилмайди, аёллари ҳижоб ўрамайди, реинкарнация, яъни одам ўлса, бошқа одам қиёфасида яна дунёга келишига ишонади, Муҳаммад пайғамбарнинг куёви Алини худо деб ҳисоблайди, спиртли ичимликлар ичиш тақиқланмайди, аёлларни одам ўрнига кўрмайди ва ҳоказо. Қолаверса, суннийларнинг фикрича, алавийлар Қуддусга бостириб келган салбчиларга ёрдам берган эмиш. Шу боис сунний мусулмонлар уларни ёқтирмайди ва уларга ишонмайди.
Алавийлар тарихан таъқиб остида яшаб келган. Улар ҳозирги Ливан ва Туркия жануби ўртасида, Ўрта ер денгизи қирғоғидаги унумсиз ерларда ҳадиксираб ҳаёт кечирган.
Биринчи Жаҳон урушидан кейин бугунги Ливан ва Сурия ерлари Усмонийлар қўлидан тортиб олинди. Бироқ янги истилочилар француз ва инглизларга қарам бўлди.
Франция бешта алоҳида давлат, шу жумладан, Алавийлар давлатини яратди. Бу давлат ҳатто ўз байроғига ҳам эга бўлган. Лекин Буюк Британия ва Франция 1918 йилда Яқин Шарқ харитасини бошқатдан чизиб берди. Улар минтақада айнан озчиликларга кўпроқ ҳокимият ва қудрат берди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, аксарият мустамлакачилар миллий ва сиёсий озчиликларни юқорига кўтаришга кўпроқ урғу беради. Чунки бу уларнинг империалистик ва оккупацион таъсири сақланиб қолишига ёрдам беради. Одатда, миллий, сиёсий, диний озчиликлар ўз ҳукмрони ва давлатини ёқтирмайди. “Жон деб” ташқи кучларга ёрдам беради. Уни бошқалар босиб олсалар ҳам майли, фақат шу душманидан қутулса бас.
Ғарб истилочилари эса Иккинчи жаҳон урушидан кейин Яқин Шарқ харитасини яна ўзгартиришди. Суриянинг 1946 йилда мустақилликка эришиши натижасида Алавийлар давлати тугатилди. Бироқ алавийлар учун янги имкониятлар пайдо бўлди. Улар қашшоқ алавий тоғларини тарк этиб, барқарор маошли Сурия армиясига ёллана бошлади.
Гап шундаки, алавийлар нисбатан камбағал ҳаёт кечирган. Энг паст ва даромади кам ишларни бажаришга мажбур бўлишган. Шу боис алавийлар фарзандларини ҳарбий хизматга, ҳарбий мактаб-интернатларга беришга ишқибоз бўлишган. Чунки ҳарбий мактабда текин овқат ва ҳарбий кийим берилган. Эртага “тузукроқ” иш топиш имконияти ҳам бўлган.
1955 йилга келиб эса, аввалига Сурия армиясида ҳам энг паст табақа бўлган алавийлар мамлакат армиясининг 65 фоизини ташкил этди. Кўпчилик – барибир кўпчилик! Гарчи алавийлар Сурия аҳолисининг атиги 10 фоизини ташкил этса-да, оз муддатлар ичида аввал армияни, кейин эса давлатни қўлга олишди.
1947 йилда тузилган БААС (Араб социалистик уйғониш) партиясининг 1963 йилда генерал Абдулкарим Қосим етакчилигида Ироқда давлат тўнтариши уюштириб, давлат тепасига келгани (кейинчалик у ҳам 1968 йилда партиядош издоши Саддам Ҳусайн томонидан ағдарилди) Суриядаги исёнчиларни ҳам руҳлантириб юборди. 1963 йилда БААС Сурияда ҳам давлат тўнтаришини амалга оширди ва ҳукумат тепасига келди. Бу исёнда фаол қатнашган алавий ҳарбий Ҳафиз Асад Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони (1966 йилда эса Мудофаа вазири) этиб тайинланди. Бироқ Асад бир неча сиёсий-ҳарбий ўйинлар комбинациясини ўтказиб, ўз “устозлари”ни ҳам ағдариб, охир-оқибат 1970 йилда ўзи бош вазир, 1971 йилда эса Сурия президенти бўлиб олди. Ва қайсидир маънода Асадлар сулоласига асос солди. Мана ярим асрдан зиёд вақт давомида Сурия халқи Асадлар сулоласининг зулмидан азоб чекиб келмоқда.
Ҳафиз Асад друзлар ва насронийлар каби бошқа диний озчиликларни ҳам атрофида тўплади. Уларни суннийлар таъсиридан ҳимоя қилишга ваъда берди. Ҳафиз суннийларга ишонмади, уларни ўзига душман деб билди. Сурия ҳокимиятидаги миллий хавфсизлик ва ички ишларга оид муҳим лавозимларни фақат ўз қариндошлари ва алавийларга “тарқатиб” берди. “Ой туғса ҳам, кун туғса ҳам – алавийларга” қабилида сиёсат юритилди. Суннийларга бўлган тарихий, ҳатто айтиш мумкинки, ирсий-генетик адоват сиёсий бошқарувда ҳам ўз ифодасини топди.
Масалан, 1982 йилда Ҳама шаҳрида сунний мусулмонлар ҳукуматдаги адолатсизлик, тенгсизлик, коррупция ва зулмга қарши исён кўтаришганида, намойишлар президент Ҳафиз Асад армияси томонидан шафқатсизларча бостирилди, тақиқланган кимёвий қирғин қуроллари ишлатилиб, 20 мингдан зиёд сунний мусулмонлар қириб ташланди.
2000 йил 10 июнда Ҳафиз Асад аждодлари ҳузурига равона бўлганида, Сурия халқи эркин нафас олди, қувончдан йиғлади. “Ниҳоят золим ва ваҳший подшодан” қутулдик, деб ўйлашди. Бироқ Сурия халқининг бу қувончи узоққа чўзилмади: диктатор Ҳафиз Асаднинг ўғли Башар Асад ҳокимиятни, у билан бирга ваҳшийлик ва золимликни ҳам мерос қилиб олди. Башар Асад даврида сунний мусулмонлар янада кўпроқ чеклов ва адолатсизликларга дуч келди. Мамлакатнинг 80 фоизини ташкил этувчи сунний мусулмонлар 12 фоиз алавийларнинг ҳақорат ва хўрлашларига чидаб яшашга маҳкум бўлди. Башар Асад ёши ўтгани сайин суннийларга, яъники мусулмонларга адовати кучайиб борди. Мусулмонларнинг эркин ибодат қилишлари чекланди, Башар Асадни ёқтирмаган мусулмонларни таъқиб қилиш кучайди, уларни экстремизмда айблаб, ноҳақ қамоққа тиқиш ҳолатлари кўпайди. 2010 йилда эса ҳижоб ўраш қонун билан бутунлай тақиқланди.
2011 йил 15 март куни рўй берган воқеа Сурия халқининг сабр косасини тўлдирди. Гап шундаки, сал аввалроқ – Даръа шаҳридаги маҳаллалардан бирига Башар Асаднинг портрети ва мусулмонлар эътиқодига зид алмойи-жалмойи “доно” сўзлари ёзилган улкан баннерни илиб кетишади. (Диктаторлар ўз суратлари ва ҳайкалларини ҳамма жойга ўрнатиб, зўраки меҳр олишга интилишади, доимо. Бу худди итларнинг ҳамма жойга пешоб қилиб, ўз ҳудудларини “белгилаш”ига ўхшайди.)
Айтишларига қараганда, маҳалладаги ёшлар бу баннерни йиртиб ташлаган. Яна бир версияга кўра, ёшлар ҳукумат биноси деворларига Башар Асадга қарши шиорлар ёзиб кетишган. Нима бўлганда ҳам, эртаси куни ҳарбийлар маҳаллага келиб, ёшларни аёвсиз калтаклаган, бир неча йигитни террорчиликда айблаб, қамоққа олган.
Натижада, йиллар давомида тенгсизликдан жабр кўриб, сабр косаси тўлиб бўлган Сурия халқи 18 март куни кўчаларга намойишга чиқди. Қонхўрликни Ҳафиздан мерос олган, худди отаси каби сиёсий репрессиялар ва қалбаки сайловлар ёрдамида 10 йилдан бери ноқонуний равишда (конституцияга тинимсиз ўзгартиришлар киритиб) президентликка “сайланиб” келаётган диктатор Башар Асад бу намойишчиларни ҳам аёвсиз қириб ташлашни буюрди. Бу эса нафақат дунё ҳамжамияти, балки халқ ғазабини ҳам қўзғатди. Намойишлар тўхтамади. Башар Асад эса ўз халқига қарши террорни янада кучайтирди, Даръа шаҳрига танк ва оғир ҳарбий техникаларни олиб келиб, шаҳарни қамал қилди.
Шундай ҳам ярим асрлик коррупция ва непотизм (ўз қариндошларига лавозимлар бериш) туфайли карахт ҳолга келган иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсат баттар инқирозга юз тутди. Қуролли тўқнашувлар ва қурбонлар сони кўпайди. Суриянинг сунний аҳолиси Башар Ашад зулмидан қочиб, жонини сақлаш учун бошқа давлатларга қочишга мажбур бўлди. Ёпирилиб келаётган сурияликлар оқими туфайли Европада муҳожирлар инқирози юзага келди.
Сурияда сиёсий ва ҳарбий мухолифат шаклланди ҳамда уларни қўллаб-қувватловчи кучлар пайдо бўлди. Дунё ҳамжамияти ва араб давлатлари қонхўр Башар Асад билан алоқа ва ҳамкорликни узишди. Ғарб эса 2011 йилдан бошлаб, Башар Асадга қарши санкциялар эълон қилди.
Сурия қуролли можаролар ўчоғига айланди. Пайтдан фойдаланиб, ДАИШ (Исломий давлат) жангари-террорчилари бош кўтарди. (Қизиғи шундаки, айрим таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу “давлат” бирор марта ҳам Исроил манфаатига зид хатти-ҳаракатлар қилмаган, Исроил аскарлари ва сиёсий элитасига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказмаган. Ҳаттоки ДАИШнинг юқори лавозимли етакчилари Исроил ҳудудида даволанган, деган тахминлар ҳам мавжуд. ДАИШ жангларида фақат сунний мусулмонлар – маҳаллий аҳоли ва хориждан келган ёлланма “мужоҳидлар” қирилган холос). Сурияда АҚШ, Россия ва Туркия аскарлари пайдо бўлди. Ғарб Саддам Ҳусайн каби Башарни ҳам “тахт”дан олиб ташлашга уринди. Бироқ Россиянинг фаол аралашуви ва Башар Асадга ёрдами боис бунинг имкони бўлмади.
Афсуски, Сурияда ҳамон вазият яхшиланмаган: Башар Асаднинг асосан алавийлардан иборат армияси ҳамон суннийларни қирғин қилишда, мусулмонлар кўп яшайдиган шаҳарларни Россия ёрдамида бомбалашда давом этмоқда.
Ўзинг очдинг уруш оловин...
Яқин Шарқ деб аталмиш шахмат тахтасида ўйин тўхтагани йўқ. Бу ростмана турнирга айланиб кетган, ҳатто. Ўйинчилар кўпайган, оқ ва қора доналар ўрнига бир неча рангдаги кўплаб курашувчи тарафлар пайдо бўлган.
Бугунги ўйинни эса “Исроил ва янги воқелик” деб атаса бўлади. Айрим таҳлилчиларнинг (ҳаттоки Исроиллик собиқ амалдорларнинг) ишонтиришича, бугун яҳудийлар армияси қирғин қилаётган Ғазо сектори “ҳукмдори” ҲАМАС Исроил қўли билан яратилган эмиш.
Боиси, 1980 йиллар охирида АҚШ ва Европа, шунингдек, СССР ҳам Исроил- Фаластин можаросидан “чарчаб”, ниҳоят Фаластин давлатини ташкил этишга, АҚШ ва Европа эса уни тан олишга яқин бўлишган. Бу эса Исроилга ёқмаган. Турли провокациялар ва сиёсий ўйинлар ёрдамида алал-оқибат фаластинликлар учун ажратилган ерларни ҳам босиб олишни режа қилган Исроил ҳукумати бу келишув имкониятларини йўққа чиқаришга уринган. “Бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил” шиорига амал қилган Исроил ФАТҲ бошчилигидаги Фаластин маъмуриятига қарши чиқадиган ва фаластинликларни “ёмонотлиқ” қилиб турадиган бузғунчи тизимга эҳтиёж сезган. Ва турли йўллар билан, билвосита ҲАМАС тузилишига эришган.
ҲАМАС эса (билиб ёки билмасдан) ўзига “юклатилган” вазифаларни аъло даражада бажарди: ФАТҲга бўйсунмаслигини айтиб, Ғазо секторида алоҳида “давлат” тузиб олди. ФАТҲ халқаро майдонда бирор келишувга эришса, дарров қарши чиқаверди. Натижада кўпгина фойдали халқаро ва сиёсий, ҳаттоки тарихий имкониятлар бой берилди.
Ёки бўлмаса, айтайлик, эндигина тинчлик ўрнатилиб, Фаластинни давлат сифатида тиклаш масаласи кўтарилганида, ҲАМАС “пирт” этиб бирорта ракета ёки ўқ отиб қўярди. Битта-яримта исроилликнинг ҳожатхонасини бузишдан бошқасига ярамайдиган бу ҳужумни баҳона қилган Исроил эса интиқом олиш учун фаластинликлар яшовчи ҳудудларга шиддат билан бостириб кирарди. Бу ерда қатлиом ўтказиб, “мана, ҳамма айб шуларда, мен қордек оппоқман” деб, аввал эришилган барча тинчлик келишувларини бузар, турли халқаро шартномалардан “аразлаб” чиқиб кетарди. Натижада шу пайтгача эришилган барча сиёсий илгари силжишлар “ноллашиб”, ҳаммаси яна қайтадан бошланарди.
1993 йилда эришилган Осло келишувлари ҳам Исроил ҳукуматини қўрқитиб юборган. Гарчи ўзи имзолаган бўлсада, бу пировардида Фаластин давлати тузилишига олиб келишидан хавотир олган. Яхшиямки ҲАМАС бор экан: у мазкур келишувларни тан олмаслигини билдирди. ФАТҲни обрўсизлантирувчи “қитмирликларини” давом эттирди.
Айрим экспертларнинг айтишиича, 2023 йил 17 октябрда ҲАМАСнинг Исроил ҳудудида бостириб кириб, одамларни гаровга олгани ҳам 1980-йилларда бошланган лойиҳанинг давоми холос. Ўткирлиги билан мақталиб келинган Исроил разведкаси бу амалиётни “сезмай” қолгани, ҲАМАС жангариларининг қисқа вақт ичида катта натижаларга эришгани ҳам ғалати. Бу воқеалар ҳам фаластинликларни жаҳонга ёмон кўрсатиш, ижтимоий фикрни Исроил тарафга кўпроқ оғдириш, Ғазо секторини батамом босиб олиш учун баҳона яратиш учун керак бўлган холос. ҲАМАСнинг юқори лавозимдаги кўплаб раҳбарлари Исроил разведкасининг агентлари экани ҳақидаги маълумотлар фонида бу унчалик ҳам ғалати туюлмайди. “ҲАМАС мавжуд экан, Фаластин давлати тузилмайди”, деган тахминлар ҳам асослидек кўринади. Зеро, ҲАМАС сақланиб қолса, яна аввалги сиёсатини давом эттиради: “БМТ 1967 йилда белгилаб берган чегараларда эмас, Исроил ҳудудларини ҳам қўшиб олган ҳолда Фаластин давлатини тузамиз, бошқа ҳар қандай лойиҳага рози эмасмиз” деб, қайсарлик қилиб, депсиниб тураверади. Шифокор ҳам касални даволаса, бутун организм учун дори беради. Тананинг ярми дорини қабул қилмаса, даволаш самара бермайди.
Тескари айланган чархпалак
Бироқ тақдир чархпалаги “сюрприз”ларга бой. ҲАМАСнинг ҳужумини баҳона қилиб, Ғазо секторига бостириб кирган Исроил армиясининг ҳозиргача 30 мингга яқин тинч фаластинликни (аксарияти аёллар ва болалар) ўлдиргани Исроил ҳукуматининг асрий режаларига хилоф вазиятни пайдо қилди. Эндиликда дунё ҳамжамиятининг фаластинликларга раҳми кела бошлади. Ўқ отишни зудлик билан тўхтатиш, Фаластин давлатини тан олишга чақириқлар тобора кўпроқ ва кескинроқ янграмоқда. Бир пайтлар фашистлардан азоб чеккан яҳудийлар ҳукуматининг энди “жабрдийда ва раҳм қилишга муҳтож” эмаслиги фош бўлиб қолди.
Яқин Шарқ минтақасида бошқа ўзгаришлар ҳам бисёр. Шиа Эрон ва сунний Саудия Арабистони Хитой (!) воситачилигида “ярашиб” олишди. Башар Асад ва араб давлатлари етакчилари ўртасида алоқалар тикланмоқда. Минтақада Хитой ва Туркия каби янги ўйинчилар пайдо бўлмоқда, ўйиндан четлатилган ўйинчилар (масалан, Россия) “катта спортга” қайтмоқда. Ҳатто ҲАМАС ҳужуми ҳам Россия тарафидан, Ғарбни Украинага ёрдам беришдан чалғитиш мақсадида уюштирилди, деган баёнотлар пайдо бўлди.
Демакки, Яқин Шарқ шахмат тахтасидаги ўйин ҳали-бери тугамайди. Фақат бу ўйинга томошабин бўлиб турганлар ҳам ўйинга қизиқиб, тахтага чанг солишмаса бўлгани. Унда “Яқин Шарқ шахмат ўйини”га эмас, “Учинчи жаҳон шахмат чемпионати”га гувоҳ бўлиб қоламиз. Аниқроғи, шу улкан ўйиннинг доналарига айланамиз...
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.