Амударё сувидан энг кўп фойдаланаётган давлат маълум бўлди
Ушбу мамлакат дарё сувининг қарийб 42 фоизини ишлатиб юборган.
2023 йилда Амударёдан жами сув олиш 47,5 куб километр сувни ташкил қилди (Афғонистон оладиган сувни ҳисобга олмаганда). Ўтган йили сув олиш бўйича рекордчи Туркманистон бўлди, бу мамлакат Амударё сувининг қарийб 42 фоизини ёки 19,9 куб километрини ишлатган.
Сув сарфининг 38,4 фоизи (тахминан 18,3 км3) Ўзбекистонга, Тожикистонга эса 19,8 фоизи (9,4 км3 дан ортиқ) тўғри келади.
Афғонистон бўйича маълумотлар йўқ, лекин прогнозларга кўра, ушбу мамлакат 4 мамлакат ичида охирги ўринда туради.
"Бу статистик маълумотлар минтақадаги аҳоли сони энг кам бўлган Туркманистонда сувдан ниҳоятда самарасиз фойдаланилаётганининг ёрқин далилидир. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 7 миллиондан сал кўпроқ аҳоли истиқомат қилади, мустақил ҳисоб-китобларга кўра, 5 миллиондан сал кўпроқ. Расмий аҳоли маълумотларидан келиб чиқадиган бўлсак ҳам, Туркманистоннинг 2023 йилда Амударёдан сув олиши аҳоли жон бошига 6741,7 м3 сувни ташкил қилди.
Аҳоли жон бошига умумий сув истеъмоли бундан ҳам юқори, Туркманистон сув ресурсларининг қарийб 10% Амударёдан ташқари Мурғоб, Теджен, Атрек, Сумбар, Копетдоғ дарёлари, шунингдек, ер ости сувларидир" дейилади "Метеожурнал" нашрида.
Бу кўрсаткич бўйича Туркманистон минтақадаги барча қўшни давлатлардан олдинда, бутун дунёда рекордчилардан бири ҳисобланади.
2010 йилда қўшни Ўзбекистонда сув истеъмоли 2295 м3, Тожикистонда 1895 м3, Қирғизистонда 1989 м3, Қозоғистонда 2345 м3, Афғонистонда 1061 м3 ни ташкил этган. Кўриб турганингиздек, Туркманистон табиий ва иқлимий хусусиятлари ўхшаш бўлган қўшниларига қараганда бир неча баробар кўп сув истеъмол қилади. Маълумотларга кўра, юқори сув сарфи қолоқ қишлоқ хўжалиги тизими, мутахассисларнинг етишмаслиги ва бошқа факторлар билан боғланади.
Эслатиб ўтамиз, Толибон раҳбарияти Амударё суви ҳисобига Қўштепа каналини барпо этмоқда. Қўштепа канали тўла ишга тушгач, Амударё суви деярли ярмига камайиши мумкин.
Шунингдек, сув масаласида Ўзбекистон ва Толибон ўртасида низо чиқиши эҳтимоли ҳақида ҳам суҳбат тақдим этилганди.