platina.uz

Ўқитувчиларни беҳурмат қилиш қонунан тақиқланди

Педагогнинг қадр-қиймати ва шаъни борасида янги қонун имзоланди. 

Жамият
1 февраль, 21:17
Ўқитувчиларни беҳурмат қилиш қонунан тақиқланди

Айтишларича, Япониянинг замонавий технологик ва иқтисодий қудратли давлатга айланишининг асосий сабабларидан бири - таълимга ва ўқитувчиларга эътибор кучайтирилганида экан. Зеро, фундаменти носоз бинонинг тепасига ҳар қанча зеб берманг, таги қийшиқ ва омонат бўлгани боис бирибир қачондир қулаб тушади.

Ўзбекистонда ҳам мактаб таълими ва ўқитувчиларга эътиборни кучайтириш масаласи кўп йиллардан бери муҳокамалар мавзуси бўлиб келади. Бироқ амалий ишга ўтишда тезкорлик ва ирода етишмаётган эди. Мактаб таълимининг сифатини яхшиламасдан, ўқитувчининг обрўсини кўтармасдан, унинг яшаш шароитларини яхшиламасдан таълим соҳасида катта ўзгаришлар ҳақида гапириш бефойда. Ҳар қандай ўзгариш эса қонуний асосга эга бўлиши лозим.

Президент имзолаган янги қонун ана шундай қонуний асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунда педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгилаб қўйилди.

Жумладан, янги қонунга кўра, шу пайтгача ўқитувчини ва умуман бу касбни хўрлаб келаётган бир қатор амалиётлар энди қонунан тақиқланади. Сир эмас, ўқитувчилар яна бир жафокаш касб эгалари – шифокорлар билан бирга маҳаллий ҳокимчаларнинг югурдакларига айланиб қолишган эди. Ҳамма қора ишларга, оммавий-сиёсий тадбирларга, ҳатто деҳқончилик ишларига ҳам шу ўқитувчилар жалб этиб келинди. Ягона айби – бюджетдан маош олиши! Гўёки уларга ишлагани учун эмас, текин пул берилаётгандек! Шу қулдорларча муносабат боис, бир неча йил олдин кўча супуришга мажбурлаб чиқарилган бир ёш ўқитувчи жувонни машина уриб кетгани ва шунга ўхшаш кўплаб нохуш воқеалар ҳали халқимиз ёдидан чиққани йўқ.

Бу манфур ишларга чек қўйиш борасида чиқарилган турли қарорлар қоғозда қолиб кетди, юқори минбардан туриб айтилган оғзаки таҳдидлар ҳокимларнинг бу қулоғидан чиқиб, наргисидан чиқиб кетди.

Янги қонун мана шундай ахмоқгарчилик ва зўравонликларга чек қўйиши, умид қиламизки, охирги нуқтани қўйиши мумкин.

Жумладан, ушбу қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш тақиланади. Шунингдек, педагоглардан уларнинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этишини талаб қилиш энди мумкин бўлмайди.

Қолаверса, педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш каби ўқитувчи обрўсини ерга урадиган амалиётлар ҳам қонундан ташқари, деб эълон қилинади.

“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунда, шунингдек, педагогларнинг касбий фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, рағбатлантириш, имтиёзлар бериш ва дам олиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Шу билан бирга, педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Масалан, улар учун қисқартирилган иш вақти белгиланади. Олис ҳудудларга бориб дарс берадиган ўқитувчиларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жой ижараси учун ҳар ойда компенсация тўлаб берилади. Қонунда, шунингдек, педагогларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли асосда қабул қилиш, юқумли касалликларга қарши бепул эмлаш ва мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтказиш каби улкан имтиёзлар берилган.

Бу қонунда педагогларнинг таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларга муносабатини ўзгартириш масаласига ҳам кенг ўрин ажратилган. Беш қўл баробар эмас, айрим педагогларнинг ўз мақомларига номуносиб эканликлари, ўз устида ишламасликлари, ўқувчиларга қўл кўтариш ва уларни ҳақорат қилиш каби педагогик этикага зид ишларни ўзларига эп кўришлари ҳам учраб туради. Янги қонун мана шу жиҳатларни ҳам тартибга солади. Қонуннинг 8-моддаси – Педагогик этика қоидалари ана шу ҳуқуқий чегераларин белгилаб беради.

Албатта янги қонундаги имтиёзлар айрим соҳа вакиларига бериладиган имтиёзлар олдида унчалик катта кўринмайди. (Ҳар ҳолда, ўқитувчининг фарзанди ОЎВга имтиёз асосида қабул қилинмайди!). Бироқ “шунча бўлди, хўжа бўлди” деганларидек, шунисига ҳам шукр.

Қисқа қилиб айтганда, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунга ўқитувчилар билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ечим топиш учун ўзига хос дастуруламал ва йўл харитаси сифатида қараш мумкин. Табиийки, мазкур қонун асосида тегишли дастур ва режалар ишлаб чиқилади. Гап фақат уларнинг ижросини таъминлашда. Ҳар қандай қонун ижроси билан гўзал. Аввалгидек фақат қоғозда қолиб кетган қарор ва буйруқлар, оғзаки похол дўқлар каби бу қонун ҳам чиройли китобча бўлиб, китоб жавонини безаб туришдан бошқасига ярамаса, вазият барибир ўзгармайди.

Албатта, Қонун чиққани яхши, лекин ўқитувчилар ҳам сал фаолроқ бўлса, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни ўрганса мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, мажбурий меҳнатга жалб этилган ўқитувчиларнинг бу борада судга ёки юқори инстанцияларга мурожаат ва шикоят қилишганига жуда кам гувоҳ бўламиз. Хуллас, бир сатирик ёзувчи ўз асарида киноя қилганидек, “чўкаётганни қутқариш – аввало чўкаётган одамнинг зиммасидаги вазифа”.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+