"Шантаж"чилар учун жазо оғирлаштирилади
Қўрқитиб пул талаб қилиш эндиликда товламачилик дея баҳоланади.
Эндиликда шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб пул талаб қилиш товламачилик деб баҳоланади.
Президент имзолаган Қонун билан Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, унга кўра:
Эндиликда жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, эгаллаб олиш ёки тўсиб қўйиш, уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб мулк талаб қилиш ҳам товламачилик сифатида жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш ёхуд крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилиши мумкин:
- БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда жарима;
- 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- 1 йилгача озодликни чеклаш;
- 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Аноним крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш ёки белгиланган тартибни бузган ҳолда майнинг фаолиятини амалга ошириш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:
- БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда жарима;
- 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- 1 йилгача озодликни чеклаш;
- 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Шунингдек, яширин майнингни амалга ошириш БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.