“Мақсадметр” ихтиро қилиндими?

Сенат бу лойиҳани қабул қилса, Ўзбекистон ва президент йиллар давомида мисқоллаб топган халқаро обрў ва имиж ер билан яксон бўлади, мамлакат полиция давлатига айланади.

Мақола
19 январь, 20:29
“Мақсадметр” ихтиро қилиндими?

АҚШда ёстиқ, кўрпа ва матрасларнинг ёрлиғини юлиб ташлаш қонунан тақиқланади! Ёрлиқларга катта ҳарфлар билан “Ёрлиқни олиб ташлаш қонун билан жазоланади”, деб ёзиб қўйилган. Бу ҳазил ёки афсона эмас, ҳақиқатан амалдаги қонуний меъёр. Бир қарашда ғалати, ҳатто ахмоқона қонун, тўғрими? Лекин сабабини қарасангиз, бу ғалати талаб аслида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун амалга татбиқ этилган. Боиси, ўз даврида, XIX асрда виждонсиз ишлаб чиқарувчилар кўрпа, ёстиқ ва матрасларни дуч келган юмшоқ нарсалар, ҳатто чиқиндихонадан териб келинган материаллар билан тўлдиришган. Натижада, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, санитария-гигиена ҳамда халқ саломатлигини таъминлаш йўлида шундай қонунни амалга киритишган. Чунки ёрлиқни юлмаслик талаби ишлаб чиқарувчига жавобгарлик ва масъулият юклайди. Қарангки, биз учун ахмоқона бўлиб туюлган қонун аслида халқ манфаати учун ишлаб чиқилган.

Бироқ Ўзбекистонда ростан ахмоқона, бу ҳам етмагандек, халқ манфаатларига зид қонунлар одатий ҳолга айланиши мумкин. Гап шундаки, ҳозирги тартибга кўра (ҳар ҳолда 2020 йил 15 декабрда ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов шундай деганди), ички ишлар органлари давлат хизматчиси бўлгани боис, давлат хизматчисини хоҳлаган одам, хоҳлаган вақтда тасвирга олиши мумкин ва бу тасвирни хоҳлаган платформага қўйиши мумкин. Бу ҳеч қаерда тақиқланмаган (ҳозирча). Фақат тақиқланган жойи шундаки, ходимларнинг ишига халақит бериш керак эмас. Тамом.

Бироқ айни кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тасвирларини интернетга жойлаганлик учун жазо жорий этилиши мумкин.

Шу кунларда Олий Мажлис Сенатида йўл ҳаракати хавфсизлигини такомиллаштириш мақсадида мавжуд қонунчиликка айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган қонун кўриб чиқилмоқда. Бироқ жамоатчилик ва ОАВ вакиллари бу лойиҳага йўл ҳаракати хавфсизлигига умуман алоқаси бўлмаган бошқа бир чекловни ҳам тиқиштириб юборишга уриниш бўлаётганини пайқаб қолишди. Улар Ички ишлар, Миллий гвардия, прокуратура, ДХХ каби ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг тасвирларини ҳам уларни обрўсизлантириш мақсадида интернет тармоғига жойлаганлик учун жазога тортишни кўзда тутувчи норма қўшиб юборилганидан айниқса норози бўлишмоқда.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, барча “машмаша” – кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасига 1952-модда сифатида қўшимча қилинаётган қуйидаги мисралар устида:

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариши чоғида олинган фото- ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни Интернет жаҳон тармоғига жойлаштириш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари бу ахмоқона таклифнинг деярли ҳар бир сўзига эътироз билдиришди. Масалан:

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг” – йўл-транспорт ҳодисаларига барча ходимларнинг нима алоқаси бор?

“уларни обрўсизлантириш мақсадида” – одамнинг кўнглидаги мақсадини қаердан билиш мумкин? Ёки “Мақсадметр” ўлчов асбоби яратилдию, биз бехабар қолдикми?

“Интернет жаҳон тармоғига жойлаштириш” – буни тақиқлаш цензурани тиклайди ва конституциядаги сўз эркинлиги (ҳар ҳолда қоғозда бўлса-да) деб аталмиш ҳуқуқимизни бузади. Агар кимдир туҳмат ёки ҳақорат қилса, уни жазолаш кўзда тутилган моддалар Жиноят кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида керагидан ортиқ миқдорда! Орган ходимлари учун алоҳида модда яратиш шартми? Унда врачлар, ўқитувчилар, сантехник ва ҳоказолар учун ҳам алоҳида шундай моддалар киритайлик!

“базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади” – бу жазони қаердан топишган? Нимага асосланиб? Одатда жиноятнинг ижтимоий хавфлигига қараб жазо тайинланади. Бу аҳмоқона ва мантиқсиз таклиф бўйича зарарни ўлчаш учун “Зарарметр” ҳам яратилганми?

Шу билан бирга, бу каби мақолаларга изоҳ ёзганлардан бирининг тушунтиришича, “орган” ходими – бу оммавий шахс ва уни суратга ё видеога олиш қонун билан тақиқланмайди. Агар бу ходим формасини ечган ҳолда, уйида чой ичиб ўтиргани суратга олиб тарқатилса, унинг шахсий ҳуқуқларини бузиш, дея баҳоланиши мумкин. Ўшанда ҳам мавжуд қонунлар асосида “айбдор”ни жазолаш учун қонуний ҳужжатлар етарли.

Энг қизиғи, фаоллар мисол келтирганидек, авваллари суратга олинган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими ноҳақ бўлса, суратга олган одам жазосиз қолар эди. Энди эса ходим ноҳақ бўлса-да, суратга олган одам айбдор бўлиб чиқади!

Қолаверса, Ички ишлар идораларида, айниқса, Йўл хавфсизлиги идоралари ходимлари доимо ишлаб турган “бодикамера” билан юришлари лозимлиги тегишли ҳуқуқий нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бироқ бу камералар амалга татбиқ этилганидан кейин аҳолида ИИВ ходимларининг адолатсизликлари устидан шикоятлар камаймаётгани, коррупция ва қонунга риоя этмаслик ҳолатлари учраётгани бу камераларнинг керак пайтда ишлаб, керак эмас пайтда “ишламаётганидан” дарак беради. ИИВнинг ўзи бу муаммони ҳал қилишни эплай олмаганидан кейин, ҳеч бўлмаса, жамоатчилик назоратига тўсқинлик қилмаса яхши бўлар эди.

Албатта, кузатувчиларда “кенг муҳокамалар ва кенг жамоатчилик билан маслаҳатлашувлар ўтказилди” деган иллюзияни яратиш мақсадида ОАВ вакилларини йиғиб олиб, муҳокамалар ўтказилди. Аммо уларда жамоатчилик вакилларининг фикрлари инобатга олинмади ва ҳатто тингланмади ҳам. Айримларининг сўзлари ва саволлари бўлиб қўйилиб, ёш болага қилинадиган муносабат билан дакки берилди.

Бу мантиқсиз таклифнинг қонун болтасига айланмаслиги учун жон куйдираётган фаолларнинг айтишича, агар Сенат ушбу лойиҳани қабул қилса, Ўзбекистон ва унинг президенти йиллар давомида мисқоллаб топган халқаро обрў ва имиж ер билан яксон бўлади, мамлакат полиция давлатига айланади. ИИВнинг обрўси, сенатдагилар даъво қилаётганидек, кўтарилиб қолмайди, баттар тушиб кетади. Ҳатто фото- ва видеога рухсат берилган замонда ҳам айрим нопок ИИВ ходимларининг айби билан туҳматлар уюштирилаётган (погон юлиш воқеасини эсланг), одамларнинг ўлиги чиқиши систематик тус олаётган (Бўка ва бошқа туманлардаги фожиаларни эсланг) бизнинг жамиятда бу аҳмоқона қонун айрим ИИВ ходимларини баттар “қутуртириб” юбормаслигига кафолат йўқ.

Энг қизиғи, яна бир жамоатчилик вакилининг ёзишича, “ушбу нормани Германия, Франция, Буюк Британияда мавжуд шунга ўхшаш қонунлар билан таққослашмоқда. Нимагадир бизникилар жарима қўллаш, жазолаш, тақиқлашга келгандагина Европани эсга олишади. Аммо улардаги соғлом фуқаролик муҳитини шакллантиришда амалга оширилган ишлар ҳақида лом-лим дейишмайди”.

Шунингдек, Сенат келтирган “халқаро тажриба”га оид қонунга мисолларнинг айримлари бекор қилинган. Айримлари эса мутлақо нотўғри талқин этилган. Улар мантиқ фанидаги хулоса ясашда “тушунчаларни алмаштириш” қоидасини яхши ўзлаштирган кўринишади!

Афсуски, бир таниқли журналист айтганидек, бизда аҳмоқона, аниқроғи, амалдаги қонунларга, конституцияга ва халққа қарши қонун нормасини ўтказиш осон, лекин кейин уни бекор қилиш қийин ёки имконсиз. Шунга ўхшаш, халқ эмас, айрим гуруҳлар манфаатига хизмат қилувчи айрим аҳмоқона қонунлар фақат президент аралашуви билан бекор қилингани ҳамон ёдингизда бўлса керак.

Шу боисдан, мазкур ваҳшиёна таклиф қабул қилинса, унга бош-қош бўлган сенатор ва депутатларга айтар гапимиз бор: эҳтимол сиз, фақат халқ “учун” чиқарилган бу қонун менга зарар бермайди, мен элитадаман, деб кериларсиз. Лекин мансаб ва ваколатни “бойлаб” бермаган. Эртага мана шу ахмоқона қонун “болтаси” бирор қариндошингиз, дўстингиз ёки ўзингизнинг бошингизга тушса, мана шу кунлардаги “хезланган” ҳолатларингизни бир эслаб қўйинг. Лекин унда кеч бўлади. Қолаверса, шу қонун сабабли, унинг касофати билан эртага юз беражак ҳар бир ўлим ва адолатсизликда сизнинг ҳам улушингиз борлигини унутманг! Ҳар бир тўкилган қон томчиси сизнинг ҳам (халқ бераётган ваколат ва маошдан семирган) баданингизга сачрамай иложи йўқ.

Президент очиқлик ва шаффолик учун курашаётган ва бутун тизимни шунга мослашга, “Янги Ўзбекистон” қуришга интилаётган, журналист ва блогерларни тингланг, деб турган бир пайтда ички ишлар идораларининг конституциямиз ва амалдаги қонунларга зид бу нормани тасдиқлатишга уринаётгани “бир қадам олдинга, тўрт қадам орқага” кетиш дея баҳоланиши шубҳасиз. Демакки, айрим амалдорлар халқнинг умид ва ҳурматини йўққа чиқаришмоқчи, президент сиёсатини саботаж қилишмоқчи!

Хуллас, бу мантиқсиз ва халқ манфаатига зид қонун – ИИВ тизимидаги йиринглаб ётган муаммолар – “жароҳатлар”ни хаспўшлаш учун яратилаётган латта холос. Аммо унинг сассиғини нима билан яширишаркин? Яна пропаганда биланми? Ёки бир ёлғонни яшириш учун қирқ ёлғонни тўқиган Афандига ўхшаб, яна 40 та шундай аҳмоқона қонунлар ишлаб чиқишармикан? Ундан кўра тизимни ислоҳ қилиш, соғломлаштириш камхарж ва осонроқ кечмасмиди?

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+