10 йил мажбурий ҳарбий хизмат, армиясиз давлатлар ва хизматга чақириладиган қизлар

Армияси йўқ давлатлар, ҳарбий хизматга чақириладиган аёллар ва бошқа қизиқарли маълумотлар ҳақида фикр юритамиз.

Жамият
13 январь, 10:15
10 йил мажбурий ҳарбий хизмат, армиясиз давлатлар ва хизматга чақириладиган қизлар

Ватан ҳимоячилари деган ном фақатгина йигитларгагина тегишли десангиз, мутлақо адашасиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида аёллар ҳам ҳарбий хизматга чақирилади.

Шимолий Кореяда одамлар ҳарбий хизматда йиллаб қолиб кетишлари мумкин. Эркаклар учун хизмат қилиш муддати 10 йил, аёллар учун эса 7 йилни ташкил қилади. Қизларнинг қуролли кучлар таркибида қандай хизмат қилишларига оид маълумотлар ушбу мамлакат сирли ва ёпиқ бўлгани учун ҳам деярли мавжуд эмас.

Норвегияда тўлақонли гендер тенглиги

Норвегия ҳукумати 2014 йилдан бошлаб аёллар ҳам эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканликларини исботлаш мақсадида уларни армияга чақира бошлаган. 2016 йилдан эса қуролли кучлар сафида хизмат қилувчи хонимлар сони кўпайди. Энг қизиғи, у ердаги ҳарбий йигит ва қизлар умумий казармаларга жойлаштирилади. Мамлакат аёллари ҳарбий хизматга бажонидил йўл оладилар, ҳарбийларга ҳар куни энг камида 15 доллардан маош тўлаб борилади.

Шунингдек, дунёдаги яна бир қатор давлатлар, жумладан Куба, Перу, Тайван, Малайзия, Хитой, Ливия, Россияда ҳам аёллар ва қизлар ҳарбийлар сафида хизмат қилишади.

Исроил аёлларининг 30%и армия таркибида хизмат қилади. Уларнинг одатий кунлари ҳарбий ўқув муассасаларидаги ўқиш жараёнини ёдга солади. Қизларга хизмат давомида ўз уйларига бориш ва яқинларидан хабар олиб келиш учун рухсат берилади, керакли пул маблағлари билан рағбатлантирилади, олийгоҳга киришда ҳам маълум имтиёзларга эга бўладилар.

Дунёда армиядан воз кечган давлатлар ҳам бор

Италия пойтахти Римда жойлашган Ватикан энг кичик бўлиш билан биргаликда БМТ ва дунё ҳамжамияти томонидан тан олингани ҳолда БМТга аъзо бўлмаган ягона давлатдир. Рим католик черковининг маркази бўлган бу давлат Римнинг ичида жойлашганига қарамай, ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо мустақилдир, ҳатто Италияга ҳам бўйсунмайди. Лекин шунга қарамай, Италиянинг 300 мингга яқин қўшини ва 50 минг нафар денгиз пиёда аскарларидан иборат армияси зиммасига Ватиканни ҳам ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.

Тинч океанининг ғарбий қисмидаги Науру оролида жойлашган давлатнинг аҳолиси 15 000 кишидан иборат бўлиб, алоҳида давлат бўлса-да, ҳатто пойтахтга ҳам эга эмас. Ўз мустақиллигига 1968 йилда эришган Науру давлатини Австралия ўз ҳимоясига олган ва бу шунчаки шартнома эмаслигини амалда ҳам исботлаган. 1940 йилда Науру ҳали мустақил давлат мақомига эга бўлмаган даврда Германия ҳужум қилганида Австралия кўмакка келган.

Кариб денгизининг жануби-шарқида жойлашган Гренада ороли ҳам ўз қуролли кучларига эга эмас. Лекин ҳужумга учраган чоғда Антигуа ва Барбуда, Барбадос, Доминика республикаси каби давлатлар ҳимояга чиқишади. Аммо бу давлатларнинг ўзлари ҳам етарли даражада ҳарбий кучларга эга эмаслиги учун барибир АҚШдан мадад кутишга тўғри келади.

Марказий Америкадаги энг кичик давлатлардан бири Коста-Рика икки қитъани боғловчи ҳудудда жойлашган. Пойтахти Сан-Хосе шаҳри бўлган бу давлат армияси 1948 йилда тарқатиб юборилган. Ички тартибни сақлаш учун фуқаролик гвардияси, чегара полицияси, соҳил қўриқчилари ва миллий полиция каби тузилмалар сақлаб қолинган. 1947 йилдаги келишувга кўра, АҚШ, Чили, Куба каби давлатларга ишониб хотиржам кун кўради.

Марказий Европадаги Лихтенштейн Австрия ва Швейцария билан чегарадош. Князликда конституцион монархия тизими ҳукм суради. Гарчи бирор бир давлат расман Лихтенштейн мудофаасини ўз зиммасига олмаган бўлса-да, князлик ҳукумати Швейцарияда ўтказилган музокаралар чоғида бир қатор давлатлар билан бу борада битимлар имзоланганини таъкидлайди.

Аввалроқ Global Firepower Index’нинг янгиланган рейтингида Ўзбекистон қуролли кучлари 65-ўринни қайд этгани ҳақида ёзган эдик.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+