Телефонсиз яшай оласизми? (сўровнома)
Телефонга қарамлик шу даражага келдики, кечқурун уйқуга ётишдан аввал ҳам, эрталаб уйғонганимизда ҳам уни ёнимизда кўрмасак, энг муҳим нарсамизни йўқотгандек бўламиз.
Интернет ривожланиб, ижтимоий тармоқларнинг тури кўпайгани сайин гаджетлар бизнинг доимий ҳамроҳимизга айланди. Бугун қўл телефонидан ёшу қари бирдек макон (ишда, ўқишда, уйда, кўчада, йўлда) ва замон (овқатланаётганда, уй тозалаётганда, таом тайёрлаётганда, автобус кутаётганда) танламасдан фойдаланмоқда. Телефонга қарамлик шу даражага келдики, кечқурун уйқуга ётишдан аввал ҳам, эрталаб уйғонганимизда ҳам уни ёнимизда кўрмасак, энг муҳим нарсамизни йўқотгандек бўламиз.
Хўш, телефонга қарамлик касаллиги шундай авж олиб турган пайтда аҳоли бир кунда қанча вақт телефондан фойдаланади? Улар телефонсиз яшай олишадими? Platina.uz шу мавзуда аҳолидан сўровнома ўтказди.
Аҳолининг жавобларига кўра, уларнинг кўпчилиги бир кунда ўртача ҳисобда 3-4 соат телефондан фойдаланишади. Баъзилар фақат зарурат туғилганда ёки қўнғироқ қилишсагина, телефонга қарайман деса, баъзилар фақат дарсларимни тайёрлаш учун фойдаланаман, чунки кўп китобларим телефонда, акс ҳолда, кўп ишлатмас эдим деб жавобларини изоҳлашди. Бошқа респондентлар ичида, телефондан 5-6, 12, ҳатто 24 соат ҳам фойдаланадиганлар бор. Улардан бири, “агар доимий иш билан банд бўлсам, бир-бир ярим соатдан ошиқ ишлатмайман, аксинча бўш бўлсак, кўп ўтириб қоламиз”, дейди.
Шунингдек, аҳолига “Телефонсиз яшай оласизми?” деган саволни бериб, фикрларини эшитдик. Фикрлар икки хил. Бири “Ҳа, яшай оламан. Аввал ҳам яшаганмиз-ку”, “Яшаса бўлади” каби жавоблари билан ҳайратда қолдирганлар бўлди. Энг қувонарлиси, “ телефонсиз яшай оламан” деб тасдиқ жавобини берганларнинг кўпчилиги ёшлар эди.
Одинахон Деҳқонова