platina.uz

“Қора олтин”ни “ўйнатаётган” урушлар

Гарчи АЭС ва электромобиллар эраси бошлангани башорат қилинаётган бўлса-да, табиий қазиб олинадиган энергоресусрларга бўлган талаб бу яқин келажакда камаймаслиги аниқ.

Иқтисод
10 январь, 12:19
“Қора олтин”ни “ўйнатаётган” урушлар

Янги йил – янги нархлар

Жаҳон энергоресурслар бозоридаги нархлар ўзгаришининг динамикасига назар соладиган бўлсак, жумладан, асосан Европа ҳамда ОПЕК давлатлари бозори учун мўлжалланган эталон Brent (Crude Oil) маркали эталон нефтнинг бир баррели учун энг қиммат нарх ўтган йилда 19 сентябр куни 94,43 доллар эвазига сотилган. Ўтган йилнинг охирги чорагидаги энг баланд нарх эса 19 октбярда қайд этилган (93.04 доллар).

Ўтган йилнинг 26 декабрида бир баррел Brent 80.66 долларга баҳоланган ва шундай кейин нархлар фақат пасайиш тенденциясини кўрсатиб келаётганди.

Ниҳоят янги 2024 йилнинг 2 январида 1 баррел Brent қиймати 76.03 долларлик “чуқурликка тушди” ва эртаси кундан барча маркали қора олтин учун нархлар кўтарила бошлади. Янги йилнинг илк ҳафтаси 78.64 долларлик чўққини забт этиш билан якунланди.

Шу билан бирга, Лондоннинг ICE Futures биржасида Brent маркали нефтнинг март фючерслари нархи Тошкент вақти билан соат 20:15 ҳолатига кўра, бир баррел учун 79,16 долларни ташкил этди, бу аввалги сессия ёпилишидагидан 1,57 долларга (2,02 фоизга) юқоридир.

Ню-Йорк товар биржасидаги савдоларда эса феврал ойидаги WТI нефт шартномалари нархи 1,95 долларга (2,7 фоизга) ошиб, бир баррели учун 74,14 долларни ташкил этди. Умуман, ўтган ҳафтада Brent 2,8 фоизга, WТI 3,5 фоизга қимматлашди.

Табиийки, шанба ва якшанба кунлари биржа ишламаслиги боис, бу ҳафтанинг душанбасида Brent маркали нефт яна 76,37 долларга тушган бўлса-да, сешанба – 9 январдан яна жонланиш кузатилди (Brent – 77.87лик натижа бироз жонланиш билан бошланди: Brent – $77.87, WTI (Texas Light Sweet) – $71.93)

Асосий сабаб – нотинчлик

Ҳеч кимга сир эмас, нефт савдолари ўтадиган биржаларда нархлар дунёдаги йирик сиёсий-иқтисодий воқеаларга ўта сезгир. Ўтган ҳафтада нархларнинг ошишига Эронда генерал Қосим Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллиги муносабати билан қабри яқинидаги портлашларда юзга яқин одам ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар, шунингдек, Ливиядаги норозилик намойишлари сабаб бўлди.

Натижада нефт нархи жума куни савдоларда ўсишини тезлаштирди ва Яқин Шарқ ва Ливияда кескинлик кучайган бир пайтда ҳафтани кучли ўсиш билан якунлади.

Хусусан, Исроил қўшинларининг Ҳизбуллоҳ етакчиларини йўқ қилиш баҳонасида Ливияга уюштираётган ҳаво ва тўп ҳужумларининг оқибати ўлароқ, Ливиядаги энг йирик нефт кони Aш-Шарара фаолияти тўхтатилгани ҳам бозорга етказилаётган нефт ҳажмининг камайишига ва нефт нархининг ортишига сабаб бўлди.

Бундан ташқари, нефт бозори Яман Ҳусийларининг тижорат кемаларига қилган ҳужумларидан кейин Қизил денгиздаги вазиятни хавотир билан кузатишда давом этмоқда.

Истиқболда нима кутиляпти?

Market Watch нашрининг ёзишича, Commerzbank’нинг хомашё сектори бўйича таҳлилчиси Карстен Фритшнинг фикрига кўра, Яқин Шарқдаги вазиятнинг тез орада деэскалация бўлишини тасаввур қилиш қийин ва бу омил нефт нархининг ортишини қўллаб-қувватлашда давом этади.

AҚШ Энергетика вазирлигининг 4 январ куни эълон қилган маълумотларида ўтган ҳафтада маҳаллий бензин ва дистиллятлар захираларининг кескин ўсиши қайд этилган. Бу эса трейдерларнинг энергияга бўлган талаб истиқболлари ҳақидаги хавотирларини кучайтирди, яъни нефтга бўлган талаб пасаяди, деган хулосага олиб келди. Натижада шу куннинг ўзидаёқ биржадаги савдоларда нефт нархининг пасайиши кузатилди.

Шунга қарамасдан, экспертларнинг таъкидлашича, йил якунлари бўйича инвентаризация маълумотлари одатдагидан кўра ўзгарувчан бўлади ва асил манзарани акс эттиришда уларга суяниб бўлмайди.

Лекин яна бир омил борки, унинг биржа савдолари якунларига таъсирини исботлаш керак эмас: ОПЕК+ мамлакатларининг ўзаро келишган ҳолда нефт етказиб бериш ҳажмини ўзгартиришлари нархларни “ўйнатиб” туради одатда. Wall street таҳлилчиларининг прогнозларига ишонадиган бўлсак, 2024 йилда ОПЕК давлатлари нефт ҳажмини камайтириш тенденциясига ўтади, натижада нефт нархлари яна аввалги баланд қаддига қайтади. Нефт нархи оз бўлса-да кўтарилади.

Бунинг устига жаҳон миқёсида нефтга бўлган талабнинг ортиши кутилмоқда. Бу каби 2 муҳим омил нефт нархларининг ўсиб бориши ёхуд барқарор баланд нархларда туришига хизмат қилиши мумкин.

Россия нефти нима бўлади?

СССР тарқалганидан кейин Россия бирор соҳани тузукроқ ривожлантиришнинг уддасидан чиқмади. “Нефтонаркоман” каби “қора олтин” игнасидан қутула олмаяпти. Шу боис Россиянинг асосий даромади нефт ва газ маҳсулотларини сотишдан келади. Нефт қанча қимматласа, Россия “кўчасидаги байрам” шунча қизғин тус олади.

Россиялик таҳлилчилар эса 2024 йилга оптимистик назар билан қарашмоқда. Хусусан, Россия бош вазири ўринбосари Александр Новакнинг айтишича, 2024 йилда Brent маркали нефт 1 беррелининг нархи $80-85 чегарасида қолиши прогноз қилинмоқда.

Россиянинг Urals маркали нефтининг нархи Ғарб Россиянинг ҳарбий қудратини жиловлаш (пули кам бўлса, камроқ ва кучсизроқ таҳдид қилади) мақсадида қўйган чекловлари доирасида ўрнатган $60 лик “қизил чизиқ”дан ҳам тепага кўтарилиб кетиши мумкин.

Кўпчилик экспертлар шунга ўхшаш прогнозлар беришган. Масалан, Жаҳон банки экспертлари жорий йилда 1 баррел Brent’нинг ўртача нархи $81 атрофида бўлишини прогноз қилишган. JP Morgan ва АҚШ Энергетика вазирлигининг таҳлилчилари эса ўртача $83, Bank of America таҳлилчилари $90 баланд нархларни кутишмоқда.

Экспертларнинг фикрича, нархлар динамикаси асосан ОПЕК+ қарорлари ва глобал иқтисодий ўсиш суръатларига бевосита боғлиқ бўлади. ОПЕК+’нинг 20 дан зиёд нефт қазиб олувчи давлатлари (улар орасида Россия ҳам бор) “қора олтин”нинг бозорга ташланадиган ҳажмини ҳамкорликда назорат қилишади ва шу орқали бозордаги нархларни тартибга солишга ҳисса қўшишади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОПЕК+ аъзолари 2024 йилда нефт қазиб чиқариш ҳажмини умумий ҳисобда суткасига деярли 1,4 млн. баррелга камайтиришга келишиб олишган эди. (2023 йилда бу кўрсаткич кунига 40,5 млн. баррелга тенг бўлган). Демакки, маҳсулот камайиб, нархлар кўтарилади, Россиянинг бойлиги ортади. Путиннинг 2023 йилда нефтга бой Яқин Шарқ давлатларига “серқатнов” бўлиб қолгани ўз самарасини берганга ўхшаяпти.

Шу билан бирга, ОПЕК+’нинг айрим иштирокчилари ихтиёрий равишда нефт қазиб олиш ҳажмини яна тахминан 3,9 млн. баррелга камайтиришмоқчи: асосий камайиш “улуши” Россия ва Саудия Арабистони ҳиссасига тўғри келади. Қолганлари эса Ироқ, БАА, Кувайт, Қозоғистон, Жазоир, Уммон ва Габон ўртасида тақсимланади. Бундай чоралар нефт нархи кескин пасайиб кетишининг олдини олади.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+