Қиш ғамида яшайдиганлар (қишлоқ ҳаёти ҳақида фотоҳикоя)
Қишлоқ одамларинининг қишдаги биринчи ташвиши бу ўтин. Газ трубалари ёткизилган, аммо халқ печка ва ўтинига ишонади.
Қишлоқда тонг эрта отади. Қишлоқнинг қишда қандай бўлишини кўрганмисиз? Қишдаги ҳаёт тарзида яшаб, майда деталларигача ҳис қилиш умуман бошқача илиқ туйғу. Овозлар уйғотгичга қўйилган қайсидир тарона эмас. Хўроз, супурги овози, кўчадан ўтаётган қўйлар, ўтин ёраётган қўшнининг овозлари, масжиддаги азон( баланд овозни тўсиб қўядиган бинолар бўлмагани учун яхши эшитилади).
Қишлоқ одамларинининг қишдаги биринчи ташвиши бу ўтин. Aхча қишлоғида масалан газ трубалари ёткизилган, аммо халқ печка ва ўтинига ишонади. “Светга ҳам, газга ҳам ишонч йўқ” – халқ тилидан.
Қишлоқда одамларнинг қанча топишига ё бошқасига эмас, қанақа кийим кийишига эмас, унинг ҳовлисида қанча кўп дарахтлари, мевалари борлигига қараб бойлигини ўлчашади. Шу сабабли одамлар кўпроқ турли хил мевалар, полиз экинлари етиштиришга ҳаракат қилади. Ўзи экади, етиштиради, қишда яна ўзи кесади. Эрта баҳор яна кесганларининг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Одамлар электр ва газга ишонмайди.
Aхча қишлоғи Наманган вилоятининг тоғли ҳудудларига яқин жойлашган. Баҳор ва ёз ойларида ҳавоси тоза, фақат қиш ойида тоза ҳаво топиш муаммо. Мўрилардан печкаларга ёқилганларнинг тутуни чиқади. Шу сабабли ҳаводан кўмир, чалма (таппи, бу ерлик аҳоли тилида “чалма” дейилади) ва бошқа турли хил дарахт ўтинларининг ҳиди анқиб туради. Чунки ҳар бир хонадонда йўқ деганда бир дона печка ёқилади. Тандир ва ўчоқ учун ғоза пояси ўтин сифатида ишлатилади. Бундан ташқари қишлоқда ёғингарчилик камайиб кетган. Бу йил ҳам ҳали қор ёғгани йўқ.
Қишлоқ аҳолиси сувни неча йиллардан буён ташиб ичади. Қачон кўчага чиқманг, сув идиши кўтарганларни учратиб қолиш табиий ҳол.
Қишлоқдаги қишнинг қанчалик ўзгача эканлигини кўп деталлар билан ҳис қилиш мумкин. Совуқ урмаслиги учун матолар билан ўралган ток, ўтин, кўмир, дорлардаги ювилган кийимлар, деворга тиккалаб қўйилган маккажўхори пояларидан тортиб то молхона деворларига ёпилган таппи-ю эски уйнинг деворига суянган нарвонгача бари қишлоқ муҳитини яратади. Қишлоқ одамлари юзларида самимият қанчалик кўринса, қиладиган ишларида ҳам соф табиий ҳаётда тарзини кўрасиз. Масалан, улар сабзавотларни ўз ҳолатида сақлаш учун музхона ўрнида еростига ўра қазишади, шу ерда сақлашади.
Ҳар қандай ўзларида бор имкониятлардан фойдаланишади. Гўнг( чорва ва қора мол ахлати)дан таппи тайёрлаб ёқилғи, экин экиладиган ерларга қишда сочиб, ер ҳайдаганда тупроққа қўшилиб кетадиган ўғитга айлантиришади.
Қишлоқ одамлари ҳақида “Кўмирни олмосга айлантирадиганлар” деёламан холос. Улар қишнинг чилласида шамда ўтирса ҳам нолимайдиганлар, исён қилмайдиганлар, ҳаётини фақат ўзининг қўли билан яхшилайдиганлар, фарзандлари ўзи каби яшамаслиги учун ҳаракат қиладиганлар, бахтни мана шунда кўрадиганлар. Ёз бўйи қиш учун тайёрланадиганлар, ҳар йилини айнан шу тарзда ўтказадиганлар.
Бу ҳаётидан мамнунларнинг ҳикояси…
Фазилат Соиб