Тадбиркорлардан талаб қилинадиган 34 хил ҳисобот бекор бўляпти
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик бўйича мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Шу пайтгача тадбиркорлардан мавжуд маълумотларни қўшимча равишда талаб қилиш ҳолатлари бор эди. Бу йилдан 34 турдаги ҳисоботлар бекор қилинмоқда. Натижада ҳар йили 21 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 500 миллион сўм харажати тежалади.
Шавкат Мирзиёев 8 январ куни аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорлик бўйича мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Президентнинг айтишича, тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ягона рўйхати тасдиқланмаган. Шу боис ягона ҳисоботлар тизимини жорий қилиш топширилди.
Шунингдек, тадбиркорларга мажбурий талабларни қисқартириш мақсадида 16 та лицензия ва рухсатнома ҳам бекор қилинади.
Расмий статистикага кўра, ишсизлар сони 1,3 миллион нафарни ташкил қилади. Бу йил яна 2,4 миллион аҳоли меҳнат бозорига кириб келади.
Шуларни инобатга олиб, сифатли ва юқори даромадли иш ўринлари ҳисобига жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Жумладан, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор.
Бундан ташқари, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда.