platina.uz

Президент топшириғини бажармаётган вазирликлар

Platina.uz Президент фармони ижросини бажармаган ва қоғозбозликдан қутила олмаётган ташкилотларни аниқлади. 

Жамият
8 январь, 18:23

Президент фармонига мувофиқ 2023 йил сентябрдан барча давлат органлари ва ташкилотларида қабул қилинган барча турдаги буйруқ, қарор ва фармойишлар “қоғозсиз иш юритиш” тамойили асосида “E-qaror” электрон тизими орқали эълон қилиб борилиши керак эди. Бунинг ижрочилари сифатида Рақамли технологиялар вазирлиги ва республика ижро этувчи ҳокимият органлари белгиланган.

Platina.uz Президент фармонининг ижросини бажармай келаётган, ҳалигача буйруқ, қарор ва фармойишларини “E-qaror” тизими орқали эълон қилишни йўлга қўймаган ташкилотларни аниқлади.

Ўзбекистонда мавжуд 21 та вазирликдан 7 таси: Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Мудофаа вазирлиги кабиларда шу кунгача бирорта ҳам буйруқ, қарор ёки фармон бўйича очиқ маълумот мавжуд эмас. Бундан ташқари, бошқа вазирликлар фармон ижросини номига бажараётганини кўриш мумкин.

Фармоннинг ижрочиларидан бири — Рақамли технологиялари вазирлигининг ўзи ҳам охирги марта 8 октябрда буйруқ эълон қилган. Шундан сўнг бошқа бирорта ҳужжат очиқланмаган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, охирги марта октябр ойида; Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги сентябр ойида бир нечта ҳужжатни очиқлаган, холос. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида эса ноябр ойида биттагина, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида декабр ойида 2 та буйруқ эълон қилинган

21 та вазирлик ичида Aдлия вазирлиги январ ойидан бошлаб то бугунгача 347 та буйруқни эълон қилиб, “қоғозсиз иш юритиш” тамойилида етакчиликни қайд этган. Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони га кўра Aдлия вазирлиги 2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина махсус “Е-qaror” электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиши белгиланганди. Яъни “Е-qaror” электрон тизими бу вазирликка бошқаларига нисбатан аввалроқ татбиқ этилган.

Aгентликлар кесимида эса, Маданий мерос агентлиги ҳамда Миллий антидопинг агентликларида бирорта ҳужжат очиқланмаган.

Шунингдек, қўмиталардан Дин ишлари бўйича қўмита ва Солиқ қўмитаси ҳалигача буйруқ, қарор ва фармойишларини “Е-qaror” тизими орқали эълон қилишни йўлга қўймаган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида 2 та буйруқ мавжуд бўлиб, биринчиси октябр ойида, охиргиси декабр ойининг биринчи ҳафтасида эълон қилинган. Оила ва хотин-қизлар қўмитасида эса жами 9 та буйруқ бор бўлиб, охирги марта ноябр ойи охирида ҳужжат очиқлаган. Инспекцияларнинг фармонга бўлган муносабатини эса гапирмаса ҳам бўлади. Бугунгача 11 та инспекциядан ҳеч қайсиси, ҳеч қандай қарор чиқармаган ёки очиқлашни исташмаган. Қолаверса, “Ишга мархамат” мономаркази, “Меҳнат соҳасида лойиҳаларни бошқариш маркази” МЧЖ, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий аппарат комплексини бошқариш дирекцияси, Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш маркази, Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнат муҳофазаси коллежи, Вазирлар маҳкамасида ҳам ҳеч қандай ҳужжатлар очиқланмаган. Биргина Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат масалалари илмий-тадқиқот институти ноябр ойида атиги битта буйруқни эълон қилган.

“Қоғозсиз иш юритиш” тамойили асосида тузилган ушбу тизимга лоқайдлик ҳукумат идораларининг Президент фармонига лоқайдлигини ёки ҳали ҳамон қоғозбозликдан қутула олмаётганларини кўрсатади.

Одинахон Деҳқонова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+