Нега бизда ҳалигача ягона қутқарув хизмати йўқ?

Америкада 9-1-1, Европа ва бошқа давлатларда 112 қисқа рақами барча турдаги шошилинч ва тез ёрдамлар учун ажратилган ягона рақамлардир.

Мақола
3 январь, 20:20
Нега бизда ҳалигача ягона қутқарув хизмати йўқ?

2024 йил 1 январдан Ўзбекистонда қутқарув хизмати бўйича ягона рақам – “112” ишга тушириши режалаштирилган эди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўтган йили июл ойида Фарғонада Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида айтиб ўтган эди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам ўтган йил 28 июлда шу ҳақда маълум қилиб, жумладан, Ички ишлар ва Рақамли технологиялар вазирликлари олдига аҳолининг барча тезкор ва шошилинч хизматларга мурожаатларини оператив ҳал қилиш мақсадида ягона “112” тезкор рақами ва диспетчерлик тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилганини билдирган.

Режалаштирилган тадбирларга кўра, 2024 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида “аҳолининг барча шошилинч ва тезкор хизмат сўровларини ҳал қилиш учун диспетчерлик тизими” ишга туширилиши керак эди. Мазкур тизим водий ҳудудларида 1 июлгача, барча туман ва шаҳарларда шу йил охиригача ишга туширилиши мўлжалланган эди.

Platina.uz 2024 йил 1 январдан 112 фавқулодда рақамининг ишлашини текшириш мақсадида унга қўнғироқ қилди. Бироқ бу рақам ҳамон фаол эмаслиги маълум бўлди.

Ҳозирги пайтгача эса совет давридан қолган тизим бўйича иш олиб борилади. Яъни ҳар бир фавқулодда зарур хизматлар учун алоҳида бепул ва қисқа рақамлар мавжуд. Кейинчалик бу рақамлар олдига 1 рақами қўшилди. Масалан, 101 – ёнғин хизмати, 102 – ички ишлар органлари, 103 – шошилинч тиббий ёрдам, 104 – газ хизмати, 1054 – қутқарув хизмати ва ҳоказо.

Умуман олганда, телефон алоқаси йўлга қўйилган ва фавқулодда хизматлар ташкил топганидан бери уларга тез ва осон қўнғироқ қилиш учун телефон компаниялари томонидан махсус қисқа рақамлар ажратиш муаммоси ҳамиша бор бўлган.

9-1-1

Хусусан, АҚШда 1957 йилда Ўт ўчирувчилар миллий ассоциацияси томонидан шундай рақамни тайин қилиш масаласи кўтарилган. 1968 йилда АҚШ Федерал коммуникация комиссияси (FCC) AT&T компаниясига полиция, ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам хизматларини чақириш мумкин бўлган ягона рақам ишлаб чиқишни топширган.

1968 йил 6 феврал куни Aлабама штатининг Ҳаливилле шаҳрида шу рақамга қўнғироқ қилинган. Бу рақам кейинчалик Европа Иттифоқида пайдо бўлган "112" рақамининг прототипига айланди. Е911 хизматлари учун биринчи такомиллаштирилган аппарат ва дастурий таъминот тизимлари Enhanced 911 1980-йилларнинг охирида АҚШда пайдо бўлди. Ушбу комплекслар қўнғироқларни маршрутлаш, компютер маълумотлар базаси билан техник хизмат кўрсатиш ва алоқа тармоғи орқали рақамли маълумотлар алмашинувини жорий этди.

Биринчи марта барча маълумотларни қайта ишлаш компютерда амалга оширила бошланди – абонентнинг рақами ва қаердан қўнғироқ қилаётгани автоматик равишда аниқланадиган бўлди (ҳозир АҚШда 50 метргача хатолик билан аниқланади). 1996 йилда Федерал коммуникация комиссияси Е911 директивасини қабул қилди, унда уяли алоқа тармоқлари абонентларига шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича қатъий талаблар белгиланди.

Гарчи мазкур комиссия 1972 йилдан 9-1-1 рақамини бутун мамлакат бўйлаб қўллашни тавсия қилган бўлса-да, 1980-йиллар охирига келибгина у барча америкаликларни “қамраб олди”.

Ҳозирга келиб, 9-1-1 рақамига кунига ўртача 300 мингга яқин, йилига 100 миллиондан ортиқ қўнғироқлар бўлади. 9-1-1 рақамига қўшимча равишда, турли штатларда турли хизматлар учун ўз қўнғироқ рақамлари мавжуд.

Канадада 1959 йилдан "9-9-9" ягона универсал фавқулодда ёрдам рақами қўлланила бошланган. 1972 йилдан канадаликлар ҳам "9-1-1" рақамига ўтишган.

112

112 – Америкадан бошқа деярли барча мамлакатларда фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилиш учун ягона рақам ҳисобланади. 112 рақами Швеция ташаббуси ва Европа Кенгашининг 1991 йил 29 июлдаги қарори билан амалга татбиқ этилган. 1998 йил 26 февралда эса ушбу қарор Европа Парламенти ва Европа Кенгаши томонидан қабул қилинган 98/10/ЕC директива билан мустаҳкамланди. 112 хизматининг асосий вазифаси – мушкул аҳволда қолган ва ёрдамга муҳтожларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишдан иборат.

Кўпгина Европа Иттифоқи мамлакатларида 112 рақами мамлакатда иттифоққа қўшилишдан олдин ҳам амалда бўлган фавқулодда рақамлар билан бирга ҳамон мавжуд. Полшада 112 рақамига қўшимча равишда барча қутқарув хизматлари учун қўнғироқ рақамлари бор: полиция (997), ёнғин (998) ва тез ёрдам (999). Францияда 112 рақамидан ташқари 15 (тез ёрдам), 17 (полиция) ва 18 (ўт ўчириш хизмати) рақамлари мавжуд. Aммо шундай давлатлар ҳам борки, уларда фақат битта фавқулодда ёрдам линияси – 112 ишлайди. Булар Швеция, Исландия, Дания ва бошқа давлатлардир. (1970-йилларда Данияда ягона фавқулодда рақам 000 бўлган).

Қўшниларимизда

Постсовет республикалари ҳам бирин-кетин 112 рақамига ўтмоқда. Жумладан, деярли барча ислоҳотлар намунаси ва локомотиви бўлмиш Россияда 2008 йилдан буён бутун мамлакат учун фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилиш рақами – 112 тасдиқланган.

2013 йил 11 февралда эса Россия президенти 9-ФЗ-сонли федерал қонунни имзолаган бўлиб, унга кўра, "112" рақами Россиядаги ёнғинлар ва фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш учун ягона рақам сифатида белгиланган.

2014 йилдан бошлаб янги фавқулодда хизматларнинг телефон рақамлари жорий этилди (мавжуд рақамларга 1 рақами қўшилди (масалан, милицияга “02”, ҳозир эса “102” ва ҳоказо). Бу тартиб Россияда 2017 йилгача амалда бўлди.

Ҳозирга келиб, деярли барча собиқ совет республикаларида 112 рақами фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилиш ягона рақами ҳисобланади. Лекин аксарият давлатларда 112 билан бирга 101, 102, 103, 104 рақамларига қўнғироқ қилиб ҳам, тегишли хизматлар билан боғланиш мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+