Марокашда даҳшатли зилзила: 300га яқин киши ўлгани айтилмоқда
Зилзила маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан кейин бошланган.
Марокашнинг Марракеш шаҳридан тахминан 70 км узоқликда 6,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Мамлакат ички ишлар вазирлиги камида 296 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Марокаш Геофизика маркази Aтлас тоғлари ҳудудида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлганини маълум қилди. AҚШ Геология хизмати зилзила кучини 6,8 магнитудага баҳолади ва у нисбатан саёз 18,5 км чуқурликда содир бўлганини айтди.
Зилзила маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан кейин бошланган. Соҳил бўйидаги Рабат, Касабланка ва Эссауира шаҳарларида ҳам сезилди.
Reuters агентлигининг Марракеш аҳолисига таяниб хабар беришича, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган эски шаҳарда бир нечта бино қулаб тушган. Маҳаллий телевидение масжиднинг қулаган минораси тасвирини кўрсатди, дея таъкидлайди агентлик.
Ҳодиса ҳақидаги расмий маълумотлар бир неча соатдан кейин пайдо бўлди.
Ички ишлар вазирлиги камида 296 киши ҳалок бўлгани ва 153 киши яралангани ҳақида хабар берди.