Ҳиндистоннинг яна бир дориси хавфли деб топилди
Бу сироп болаларда жиддий шикастланиш ёки ўлимга олиб келиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Cold Out" йўтал ва шамоллашга қарши сироп хавфи ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда.
Душанба куни Ироқда сотилаётган Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Cold Out" йўтал сиропи ҳақида глобал огоҳлантириш эълон қилинди. Дори токсинлар билан ифлосланганлиги аниқланди.
“Маҳсулотнинг сифатсиз партияси хавфсиз эмас ва ундан фойдаланиш, айниқса, болаларда, жиддий шикастланиш ёки ўлимга олиб келиши мумкин”, — дейилади огоҳлантиришда.
Бу охирги 10 ой ичида Ҳиндистон фармацевтика ишлаб чиқарувчисига қарши бешинчи шундай огоҳлантиришдир.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрида Гамбияда 66 бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропи қабул қилиниши ортидан вафот этганди.
Афсуски, бунга ўхшаш воқеалар Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Ўтган йили охирида йигирмадан зиёд бола “Aмбронол” ва “ДОК-1 Макс” сироплари истеъмолидан сўнг вафот этганди. Сўнгра, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарган Marion Biotech компанияси заҳарли саноат маҳсулотидан фойдалангани аниқланди.