Шавкат Мирзиёев фаолларга мукофотларни топширди
Маълумки, миллий ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан, Президентимиз ташаббуси билан “Имом Бухорий” ордени таъсис этилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фаоллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан, чет эллик инвесторлар “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди. 30 август куни Кўксаройда ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Давлат раҳбари маросим иштирокчиларини аввало Мустақиллик байрами билан табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этди.
– Халқ манфаатини таъминлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ҳаракатларни давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқдик. Унинг лойиҳасини муҳокамага қўйганимизда 1 миллиондан кўп таклифлар келиб тушди. Бу нимадан далолат? Халқимиз бефарқ эмас. Йўналишларимизни, камчиликларимизни кўрсатиб беряпти. Бу биз учун “йўл харитаси”. Давлатга энг катта ҳакам – халқ, – деди Президент.
Бу муҳим ҳужжатда Ватан мустақиллигини ва тинчлигини асраш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, халқимиз ҳаётини обод ва фаровон қилиш, фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялаш вазифалари белгиланган.
– Содда қилиб айтганда, бизнинг мақсадимиз битта: у ҳам бўлса, Янги Ўзбекистонда халқимиз яйраб ишлайдиган, ҳаётдан рози бўлиб, яйраб яшайдиган давлат қуришдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бунинг замини, аввало, тинчлик, барқарорлик. Халқимиз бунинг қадрига етиб, интилиш, меҳнат руҳида яшамоқда. Янги-янги замонавий саноат корхоналари ишга туширилмоқда. Илм-фан, технологиялар, хизмат кўрсатиш борасида муҳим натижалар қўлга киритилмоқда. 2022 йил якунларига кўра, мамлакатнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 5,7 фоизни ташкил этди.
Президент маҳаллалардаги ишларни, одамларнинг фаоллигини қайд этди.
– Биз биринчи кундан халқ ичига кириб боряпмиз. Кўп тизимларни маҳаллага туширяпмиз. Нимага? Маҳалла – давлатчилигимизнинг замини. Агар 9 минг 400 та маҳалла тинч бўлса, юртимиз тинч бўлади. Инвестиция ҳам, таълим-тарбия, қурилиш, ободонлаштириш ҳам маҳаллада бўлса, қандай ўзгариш бўлади?! Мана, “Очиқ бюджет” орқали одамлар ўз муаммосини олиб чиқиб, овоз бериб, ўзи назорат қиляпти. Шунинг учун маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича ишларимизни қатъий давом эттирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Маълумки, миллий ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан, Президентимиз ташаббуси билан “Имом Бухорий” ордени таъсис этилган. Юртимиз ва минтақамизда муқаддас ислом динини асраш, илмий меросни ўрганиш ва мусулмонларга етказиш йўлида маънавий жасорат кўрсатиб яшаган икки буюк ватандошимиз, марҳум муфтийлар – шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган эди. Тадбирда уларнинг фарзандларига ушбу табаррук нишон топширилди.
Эл-юртимизда ҳурматга сазовор нуронийлар, давлат хизматчилари, олим ва педагоглар, тадбиркорлар, саноатчилар, ижодкор ва санъаткорлар, ҳарбийлар, спортчи ва мураббийлар мукофотларни қабул қилиб олди.
Президентимиз уларни табриклаб, самимий дил сўзлари ва тилакларини айтди.
– Бугун мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз, бахтиёр кўзларингизни, сизлардаги баланд руҳни кўриб, очиғини айтсам, гўёки ўзим ҳам мукофот олгандек хурсанд бўлиб турибман. Ниятим: кўксингизга ярашиб турган мана шу юксак унвон ва нишонлар сизларга янги-янги куч-ғайрат бахш этсин, – деди Президент.