Давлат ёрдамисиз монополияни ўрнатиш жуда қийин

Бундай шароитда бозорнинг энг асосий қонуни – талаб ва таклиф қонуни ишламайди.

Иқтисод
30 август 2023 йил
Давлат ёрдамисиз монополияни ўрнатиш жуда қийин

Иқтисодиёт тирик организмга ўхшайди. Ундаги ҳар бир элемент, ҳар бир аъзонинг ўз вазифаси бор. Уларнинг ҳар бирига ўзига мос ва мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда ресурслар тақсимланса, ўзаро уйғунликда ривожлантириб борилса, бутун организм, яъни иқтисодиёт рисоладагидек ривожланади. Аммо бу организмнинг ўсишига халақит берувчи, пировардида унинг касалланиб, хароб бўлишига олиб келадиган иллатлар ҳам мавжуд. Хусусан, иқтисодиётчилар тилида саратонга қиёсланадиган бир иллат борки, иқтисодиётни издан чиқаришда улкан вайронкор кучга эга. Бу - монополиядир.

Монополия сўзи юнонча “монос” – ёлғиз, “полео” – сотаман, сўзларидан олинган. Яъни бозорда рақобатчиси бўлмаган якка сотувчининг рақобатсиз муҳитда маҳсулот сотишига айтилади.

Бундай шароитда бозорнинг энг асосий қонуни – талаб ва таклиф қонуни ишламайди. Таклиф камлиги боис, талаб ортиб кетади ва нарх ошиб кетади. Қолаверса рақобатнинг йўқлиги боис монопол иштирокчи оғзига сиққан нархни белгилайди. Бошқа имкони қолмаган мижозлар маҳсулот ёки хизматни у айтган нархда сотиб олишга мажбур бўлади.

Қолаверса, агар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи монопол мақомда бўлса, у товар ёки хизматининг сифатини яхшилаш устида бош қотирмайди, нархларни янада кўтариш ва янада кўпроқ даромад олишга интилади. Худди “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзавтомоторс” каби ташкилотларидек.

Рақобат мавжуд шароитда эса бозордаги турдош маҳсулот ва хизмат таклиф этаётган бир неча иштирокчилар ўртасида мижозларни айнан ўзига жалб қилиш борасида мунтазам кураш кетади: товар ёки хизматни янада такомиллаштириш ва қулайлиги ҳамда функционаллигини ошириш, сифатни яхшилаш, таннархи ва сотиш нархларини пасайтириш мақсадида янги илмий тадқиқотлар ва технологияларни яратиш ва татбиқ этиш, мижоз учун қулай шароит яратиш, қўшимча бонуслар ва мукофотлар таклиф этишга интилиш пасаймайди. Ҳатто мижозга яхшироқ билан муомала қилишда ҳам “ким ўзарга” ўйнашади.

Монопол иштирокчини эса бундай ортиқча ташвишлар безовта қилмайди. Товари ёки хизматига отнинг калласидек нархни қўяди, мижознинг истаклари ва кўнгли билан ҳам иши бўлмайди.

Монополия турлари: бизда қай бири кўпроқ ишлайди?

Монополиянинг кенг тарқалган турларидан бири - табиий монополия ҳисобланади. Табиий монополия — бозорда муайян товарлар (ишлар, хизматлар) турларига бўлган талабни қондиришда рақобатли шароитларни яратиш технологик хусусиятларга кўра мумкин бўлмайдиган ёки иқтисодий жиҳатдан мақбул бўлмайдиган ҳолат. Табиий монополиялар фаолияти уларнинг мамлакат иқтисодиётида эгаллаган аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда давлат томонидан тартибга солинади.

Табиий монополия таркиби турли мамлакатларда турлича кўринишда бўлади. Кейинги йилларда кўпчилик мамлакатларда табиий монополиялар доирасининг қисқариб бориши кузатилмоқда. Ўзбекистонда табиий монополия кўлами бошқа давлатларга нисбатан бирмунча кенгроқ. Уларнинг шаклланиши ўтиш даврида иқтисодиётни қайта қуриш ва бошқариш бўйича юзага келган тузилмалар билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги (1997 йил 25 апрел; янги таҳрирда 1999 йил 19 август) қонунига мувофиқ Ўзбекистонда нефть ва газ конденсати, табиий газ ва кўмир қазиб чиқариш, нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қувурлар орқали ташиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш, темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш, умумий эркин фойдаланиладиган электр ва почта алоқаси хизматлари, сув қувурлари ва канализация хизматлари, портлар ва аэропортлар кўрсатадиган хизматлар каби соҳаларда табиий монополия субъектларининг фаолияти давлат томонидан тартибга солинади.

Бошқача қилиб айтганда табиий монополиялар - бошқа (рақобатчи) ташкилотлар томонидан қайта ташкил этилиши иқтисодий жиҳатдан асосланмаган ёки техник жиҳатдан имконсиз бўлган, кўп  меҳнат талаб қиладиган инфратузилмаларда ишлайдиган корхоналардир. Бундай монополиялар кўпинча акциядорлик жамиятлар шаклида бўлиб, айримларида давлат улуши аксарият бўлиши белгилаб қўйилган. Масалан, “Ўзбекистон темир йуллари” АЖ, “Ўзбекистон почтаси” АЖ каби ташкилотлар шулар жумласидан.

Ўзбекистондаги табиий монополия субъектлари Давлат реестрига киритилган бўлиб, 2023 йил 8 август ҳолатига унга  11 турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича 134 та хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган.

Табиий монополия соҳаларида давлат иқтисодий сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири - уларни таркибий жиҳатдан қайтадан ташкил этиш, яъни табиий монополияларни янада самарали фаолият кўрсатишига ёрдам берувчи бозор муносабатлари изига кўчириш ҳисобланади. Бунга ҳукумат даражасида ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон президенти 2020 йил 28 май куни ўтказилган йиғилишда миллий иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган йиғилишда бу масалани “ҳаёт мамот масаласи” деб атаган.

Мамлакат раҳбари монопол ташкилотларга берилаётган имтиёзлар ўзини оқламаётгани, товар ва хизматлар кўрсатиш сифати ҳамда кўлами кутилган натижа бермаганини таъкидлаган. Жумладан, 23 та ёғ-мой корхоналари берилган имтиёзларга қарамасдан етарлича янги иш ўринлари ярата олмаган. Давлат раҳбари рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши кураш учун мутлақо янги тизим яратиш зарурлигини кўрсатган. Зеро, рақобат натижасида маҳсулот ва хизматлар таннархи пасаяди, нафақат ички бозорда, балки хорижлик истеъмолчилар учун ҳам қулай нарх рақобати яратилади.

Истеъмол бозорида кўпинча тоза монополияни ҳам кўриш мумкин. Бунда бозорда мутлақо янги ёки уникал товар ҳамда хизматлар таклиф этилади. Тоза монополиянинг бозордаги “ҳукмронлиги” токи бошқа ишлаб чиқарувчилар шаклланмагунича давом этади. Ҳатто пайдо бўлса ҳам биринчи иштирокчи турли патент ва лицензиялар воситасида ўз таъсирини сақлаб туришга ҳаракат қилади. Масалан, АҚШда ихтирочи Томас Эдисон кинолентани айлантириб, экранга проекция қилувчи аппаратни ихтиро қилади ва унга патент олади. Эдисон ўзининг муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланиб, АҚШдаги деярли барча кинотеатлардан, ҳатто кинофильмлар ишлаб чиқарувчи компанияларидан ҳам улуш талаб қилган.

Ёки Стив Жобс етакчилигида пайдо бўлган янги компьютер ва ақлли телефонлар ҳам аввалида табиий монополия бўлган. Бироқ кейин рақобатчилари етишиб чиққан.

Монополия яратиш “зарурияти”

Режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатларда турли муаммолар монополияни вужудга келтиради. Бу Ўзбекистонга ҳам тегишли бўлиб, бу ерда тарихий сабаблар туфайли кўп даражада тармоқ вазирликлари мақоми ва вазифаларига эга бўлган квазидавлат тузилмалари (уюшмалар, концернлар, корпорациялар, компаниялар) шаклида сақланиб қолган. Айрим ҳолатларда монополия табиий, муваққат зарурият, дея тақдим этилади. Масалан, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1995 йилда ўз автомобил саноатини ривожлантириш ғояси устида ишлай бошлади. Аммо ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар айни ўша даврда рақобатбардош эмасди. Уларни ташқи бозордан эркин кириб келаётган арзон ва тутилган автомобиллар оқимидан ҳимоя қилиш мақсадида бундай автомобилларни олиб киришдаги божхона тўловлари ошириб қўйилди. Ҳар ҳолда халққа шундай изоҳ берилди. Натижада атайлаб ва сунъий монополия яратилди. Раҳбарлар бу атиги 3 йил давом этишини, маҳаллийлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш таъминланганидан сўнг яна аввалги эркин рақобат муҳити таъминланиши ҳақида оғзаки ваъдалар беришди. Лекин орадан 30 йил ўтибди ҳамки бу ваъда бажарилмади. Чунки янги монопол аждаҳо учун бундай “иссиқхона” шароитлари ёқиб қолди. Бели оғримасдан пул топиш илинжидаги манфаатдор гуруҳлар ҳукумат қарорларига ҳам лобби воситасида таъсир ўтказиб, ҳамон фақат ўзлари учун шундай қулай шароитларни сақлаб қолишмоқда.

Халқаро монополиялар

Монополия нафақат битта корхона учун ўрнатилади, балки кўпгина корхоналар, ҳатто давлатлар ўзаро тил бириктириб, монополиялар яратишлари ҳам мумкин.

2016 йилда Samsung, Micron ва Hynix компаниялари электрон чиплар, хусусан оператив хотира учун ягона нарх ўрнатиш борасида хуфёна келишиб олишгани шов-шув бўлганди. Бу компаниялар нархларни муттасил ошириб боришган. Бошқа рақобатчилар бўлмагани боис, кўп миллиардлаб даромад кўришган.

Халқаро монополияларга эса ОПЕК (OPEC - The Organization of the Petroleum Exporting Countries) ни мисол қилишимиз мумкин. Катта ҳажмда нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар - Жазоир, Ангола, Венесуэла, Габон, Ироқ, Эрон, Конго, Қувайт, Ливия, Бирлашган Араб Амирликлари, Нигерия, Саудия Арабистони, Экваториал Гвинея давлатлари аъзо бўлган ушбу ташкилот 1960 йилда ташкил этилган. Ташкилот дунёдаги нефт заҳираларининг деярли 70 фоизини назорат қилади. Ташкилотга аъзо давлатларнинг Энергетика ва нефт вазирлари йилда 2 марта йиғилиб, нефтга стабил нарх ўрнатишади, нефт ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақида келишиб олишади. Табиийки, бундай “ўйиндан” бошқа давлатлар, хусусан ОПЕКга аъзо бўлмаган давлатлар норози бўлишган. Нефт бозорида бундай мажбурий тартиб ўрнатилишидан норози давлатлар 2016 йилда ОПЕК+ норасмий форматини яратишди. 2020 йил апрел ҳолатига ОПЕК+ формати нефт ишлаб чиқарувчи 10 та давлат - Озарбайжон, Баҳрайн, Бруней, Қозоғистон, Малайзия, Мексика, Оман, Россия, Судан, Жанубий Суданни ўзида жамлаган.

Монополия илдизлари

Хулоса қилиб айтганда, гарчи капитализмнинг оёққа туриши ва технологик ютуқларга эришиш учун монополияларнинг ҳиссаси катта бўлганига қарамасдан, айни замонда монополиялар эркин иқтисодиёт учун ўта ёқимсиз ва исталмаган ҳолат ҳисобланади. Унга қарши курашиш олқишланади. Масалан, АҚШда ва кўпчилик Ғарб давлатларида монополияни тақиқловчи ҳуқуқий муҳит ўрнатилган. Ҳатто Apple, Microsoft, Meta каби гигантлар ҳам вақти-вақти билан монополияда айбланиб, суд жараёнлари уюштирилади. Жаримага тортиш билан бирга, катта монопол ташкилотларни кичик корхоналарга бўлиб ташлаш талаби қўйилади.

Лекин, юқорида айтилганидек, катта даромад олиш истаги барибир аксарият тадбиркорларни монополия ва яккаҳокимлик яратишга ундайди.

Гарчи ҳукумат даражасида монополияга қарши курашилсада, монополиялар илдизини ҳуқуқий ва моддий жиҳатдан суғориб турувчи асосий омил – давлат ҳисобланади.

Америкалик машҳур иқтисодиётчи олим, истеъмол, пул тарихи ва назарияси ҳамда барқарорлаштириш сиёсатининг мураккаблиги соҳасидаги тадқиқотлари учун 1976 йилда иқтисодиёт бўйича Aлфред Нобел хотира мукофоти лауреати бўлган Милтон Фридман ўзининг 1980 йилда чоп этилган “Танлов эркинлиги” (Free to Choose: A Personal Statement) китобида шундай ёзади:

“Давлатнинг тарифлар ва шунга ўхшаш механизмлар кўринишидаги ошкора ёки хуфёна ёрдамисиз монополияни ўрнатиш жуда қийин”.

Ўзбекистондаги монополиялар ҳақида сўз юритганда, Фридманнинг мана шу сўзлари беихтиёр ёдга тушади. Ҳақиқатан ҳам, иқтисодиёт сиёсий иродага бўйсундирилган муҳитда монополияларга барҳам бериш ҳақида минбарлардан ҳарқанча кўп ва баландроқ гапирилмасин, асил натижа айрим гуруҳлар манфаатига боғлиқ бўлиш эҳтимоли кўпроқ. Ўзбекистон автосаноати соҳасида яратилган монополия эса бунинг яққол исботи бўла олади. Иқтисодиётчи олим Aрнолд Харбергер айтганидек, бозорда монополиянинг мавжудлиги жамият фаровонлигида қайтариб бўлмайдиган йўқотишларга олиб келади. Лекин “жонажон” монополияларимизни халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти қизиқтирмайди. Улар бу тушунчаларни ўз манфаат ва даромадлари йўлида қурбон қилишга ўрганиб бўлишган.

Абулфайз  Сайидасқаров

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+