Чайқалаётган адолат тарозиси: бундай имтиёзлардан нима фойда?
Демократик жамиятнинг муҳим қоидаси – кимнингдир ҳуқуқларини таъминлаш бошқаларнинг ҳуқуқларини чеклаш ҳисобига бўлмаслиги керак.
Инсоният ижтимоийлашиб бошлаганидан бери адолатга интилади. Ҳамма одамнинг тенг бўлиб туғилишини тан олиш ва тенг бўлиб яшашини таъминлаш учун қанчалаб инқилоб ва курашлар бўлган, қанчалаб қон тўкилган. Бироқ Жорж Оруэл асарларидан бирида айтилганидек, айрим жамиятларда “ҳамма тенг, аммо айримлар янада тенгроқ бўлади”.
Ўзбекистон ҳам мана, 30 йилдирки, адолатли жамият қуришга интилиб келмоқда. Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилди ҳатто. Бу эса ижтимоий адолатни таъминлашга устуворлик берилиши, аҳолининг барча қатламлари учун тенг яшаш, ишлаш ва таълим олиш шароитлари яратиб бериш зарурлигини англатади.
Бироқ адолат тарозисининг посангисини тўғрилаш учун ҳали қилинадиган ишлар кўпга ўхшайди. Айниқса, ҳар йили август ойида – олий ва ўрта таълим даргоҳларига қабул имтиҳонлари даврида бу тарозининг тепа-паст бўлиб чайқалиб туришини кузатамиз. Адолат тарозисини чайқатадиган бу омил – айрим тоифадаги абитуриентларга бериладиган имтиёзлар масаласидир.
Демократик жамиятнинг муҳим қоидаси – кимнингдир ҳуқуқларини таъминлаш бошқаларнинг ҳуқуқларини чеклаш ҳисобига бўлмаслиги керак. Масалан, “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига талаба бўлиш учун имтиёзни айнан бошқа “оддий” абитуриентларнинг ҳуқуқларини иккинчи поғонага туширмасдан амалга ошириш мумкин эмасми? Дейлик, улар учун алоҳида таълим ўрни очиш йўли билан. Аммо айни пайтда “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига берилаётган имтиёз тартиблари қайсидир соҳада муносиброқ абитуриентларнинг ўрнини эгаллаб олишга сабаб бўлиб қолмоқда.
Олий таълимга жорий қабул даврида 35 тоифадаги абитуриентларга имтиёзлар берилмоқда. Имтиёзли балл бериладиган 35 тоифанинг асосий қисми ҳарбий ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва уларнинг болаларига, ёки бу идоралар қошидаги таълим муассасалари битирувчиларига оид. “Темурбеклар мактаби” ҳам шулар жумласидан. Бу мактаб битирувчиларига ҳарбий йўналишдаги олий даргоҳлар учун тўплаган балининг 30 фоизи, бошқа оддий ОТМлар учун эса имтиҳонда тўпланган баллга 15 фоиз қўшимча балл қўшилади. Дейлик, 100 балл олса, 15 фоиз қўшимча билан 115 балл ҳисобланади. Бу жараён эса сунъий равишда кириш баллари ўсишига хизмат қилади. Йиллар давомида олийгоҳга кириш учун тайёрланиб, белгиланган тартибларга кўра грантга қабул қилиниш учун максимал 185 кириш балини тўпласа ҳам, контрактга илиниб қолишга мажбур бўлади.
Тасаввур қилинг, бир деҳқоннинг боласида қобилият бор, зеҳн бор, илм бор, қалбида эзгу орзулари бор, оламни яхши томонга ўзгартириш учун шижоати бор. У дала ишларидан ортиб илм олади, отасининг қийналиб топган сўнгги пулларини сарфлаб, репетитор ёллаб тайёрланади, қўлбола тайёрлов курслари, халқ тилида “казарма” деб аталадиган оғир шароитли жойларда ётиб қолиб, имтиҳонга тайёрланади. Кейин имтиҳон топшириб, юраги зириллаб жавобини кутади. Кейин маълум бўладики, катта балл олгани ҳолда “контракт”га аранг илашибди. Имтиёзли асосда имтиҳон топширган бошқа бир рақобатчиси эса йўқ жойдан қўшимча балл олиб, “грант”га ўқишга киради. Боласининг йиллаб имтиҳонга тайёрланиши учун пул тўлаган оддий оила энди “контракт”ни тўлай олмайди.
Хўш, имтиёзга эгалик имкони берилган соҳа вакили бўлмаган оддий деҳқон боласининг айби нима? Отасининг ҳарбий ёки терговчи бўлмаганими? Ёки ҳарбийликка эмас, тинч даврдаги зарурроқ касбларга қизиққаними? Аммо ҳамма аскар бўлса, уларни боқиш учун буғдойни ким экади, молни ким боқади, ҳарбийлик кийимини ким тикади?
Аҳмадбойнинг молиявий пирамидаси гуркираган пайтларда айрим мактаб болаларининг ўқишга интилишлари кескин пасайиб кетган экан. Ўқитувчилар болага “нега яхши ўқимаяпсан, яхши ўқиб, яхши касб эгалласанг, яхши яшайсан-ку”, деса, ўқувчилар “ўқиб зарилми, Россияда бир ишлаб келиб, машина оламан, Аҳмадбойга берсам 2 та қилиб беради, шуни айлантириб, аълочи ўртоқларимдан ҳам зиёд маза қилиб яшайман-ку”, дея жавоб берар экан. Бундай адолатсиз имтиёзлар ҳам шундай акс садо бериши аниқ. Ёшларнинг “ўқиб зарилми, аскарликка ўқишга кирсам, ўқиган ва билимли тенгдошларимдан ҳам осонроқ ўқишга кираман, халқ ҳисобидан маза қилиб яшайман” демасликларига ким кафолат беради?
Ёки муносиб ва қобилиятлилар қолиб, имтиёз асосида, айтайлик, тиббиёт олий ўқув юртига қабул қилинган ва бюджет ҳисобидан ўқиб тугатган спортчи ва аскарча тафаккурдаги “шифокор”дан нима кутамиз?
“Темурбеклар мактаби”га имтиёз бериш гендер тенглигига ҳам болта урадиган омил. Қишлоқдаги “казарма”ларда қийналиб тайёрланган бечора қиз имтиҳон топширадию, лекин “Темурбеклар мактаби”нинг битирувчиси имтиёз асосида ундан олдинга ўтиб кетади. Бечора қиз “контракт”да ўқий олмаслиги ёки “контракт”га ҳам илина олмаслиги боис, таълимини бирор зуғумкор қайнона қўлида давом эттиришга мажбур бўлади. Жамият потенциал бир фаол мутахассисдан айрилади. Хўш, бу қизнинг айби нима? Фақат ўғил болалар ўқитиладиган “Темурбеклар мактаби”да ўқимаганими? Қиз бола бўлиб туғилгани учун унинг ҳуқуқларини камситиш гендер тенглигини бузиш, дегани эмасми?
Ўзи умуман, ўқишга киришда деярли барча имтиёзларни бекор қилиш, “ҳар ким билимига яраша, ҳар ким қобилиятига яраша” деган мезонни тиклашимиз лозим. Қолаверса, имтиёз бор жойда коррупция бўлмаслигига, таниш-билишлик ва порахўрлик урчимаслигига кафолат йўқ.
Абулфайз Сайидасқаров