Ижара нархлари ўсишдан тўхтайдими?

Ўтган қишда бутун Ўзбекистонда бўлгани каби пойтахтда ҳам кузатилган аномал совуқлар шаҳар маъмуриятининг бундай вазиятга мутлақо тайёргарлик кўрмагани ва нўноқлиги, “Б” режага эга эмаслиги, коммунал хизматларнинг ҳар қандай форс-мажор қаршисида иложсизликдан фалажланиб қолиши мумкинлигини ошкор қилди.

Иқтисод
7 июль 2023 йил
Ижара нархлари ўсишдан тўхтайдими?

Ўзбекистондаги катта шаҳарлар доимо қишлоқ аҳолисини ўзига жалб этиб келади. Ўқишга ва ишлаш учун узоқ муддатга ёки доимий яшашга келган аҳоли дуч келадиган энг катта муаммо – ижарага жой топиш ҳисобланади. Уй нархлари ва меҳмонхонада тунаш қийматларига ҳамма ҳам дош бера олмайди. Қолаверса, уй-жойлар кам қурилиб, меҳмонхона, айниқса арзон меҳмонхоналар етишмаслиги муаммони баттар ўткирлаштиради.

Тошкент шаҳрида ижарага хонадон топиш муаммоси катталашиб, ижара нархлари йилдан-йилга мўътадил ошиб бормоқда. Ора-сира бироз пасайса-да, нархларнинг умумий динамикаси фақат ўсишни кўрсатмоқда.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ва умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилингани пойтахтдаги ижара нархларига қаттиқ таъсир кўрсатди. 1 кв. м. учун ижара нархи атиги 2 йил олдин 3-5 доллар бўлгани ҳолда, айни пайтда бу кўрсаткич 9 доллардан пастга тушмаяпти.

Гарчи россиялик релокантларнинг аксарияти Ўзбекистондан трамплин ва транзит макон сифатида фойдаланиб, кейин бошқа давлатларга кўчиб кетган бўлса-да, кўчмас мулк ижараси нархлари аввалги қаддига кела олмади барибир. Бироқ, тадқиқотларга кўра, барибир бироз пасайиш кузатилмоқда.

Ўзбекистондаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2023 йил биринчи чорагида Тошкент шаҳрининг кўчмас мулк ижараси бозоридаги нархлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, шундай хулосага келган.

Хусусан, январь-февраль ойидаги ҳолатга назар солсак, пойтахтнинг аксарият туманларидаги турар-жой ижарасининг ўртача нархи 1 кв. м. учун 9,86 долларни ташкил этган. Бу январь ойидаги худди шу кўрсаткич билан солиштирганда 2,3 фоизга кам.

Шу билан бирга, ижара нархлари энг қиммат туманлар орасида Шайхотоҳур (13,3), Яккасарой (12) ва Миробод (12) туманлари пешқадамлик қилмоқда. Нисбатан паст нархлар эса Учтепа (7,7), Сергели (6,8) ва Бектемир (6,6) туманларида қайд этилган.

Январдаги ижара нархлари бироз пасайганига қарамасдан, Тошкентда ижаранинг ўртача нархи 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 19,9% га ўсган.

Ижара нархларининг муттасил ошиб бориши бир қанча омилларга боғлиқ. Аҳоли сонининг кўпайиб бораётгани, урбанизация, яъни шаҳарга кўчиб келиш кўлами кенгайгани, шунингдек, иқтисодиёт нисбатан эркинлаштирилгани таъсирида кўчмас мулк бозорига инвестициялар ҳажми ортгани шундай омиллар сирасига киради.

Айниқса, урбанизация омили алоҳида тадқиқотга лойиқ. Ўтган қишда бутун Ўзбекистонда бўлгани каби пойтахтда ҳам кузатилган аномал совуқлар шаҳар маъмуриятининг бундай вазиятга мутлақо тайёргарлик кўрмагани ва нўноқлиги, “Б” режага эга эмаслиги, коммунал хизматларнинг ҳар қандай форс-мажор қаршисида иложсизликдан фалажланиб қолиши мумкинлигини ошкор қилди. Газ ва электр энергиясини етказиб бериш издан чиқди. Шаҳар аҳолиси ҳатто кўчада қозон ёқиб овқат қилишга ва гулхан атрофида исинишга мажбур бўлди. Бундай вазиятдан чиқишда қишлоқдагилар анча кўпроқ имкониятга эгалигини кўрсатиб қўйди. Натижада аҳоли онгида “энди Тошкент аввалгидек қулай ҳаёт шароитлар оазиси эмас” деган фикр шаклланди. Лекин ҳатто шу фикр ҳам аҳолининг пойтахтга кўчишига тўсқинлик қила олмаяпти.

Чунки қишлоқларда ҳал этилмаётган ишсизлик ва ҳаёт шароитларининг яхшиланмаётгани боис ҳам одамлар барибир Тошкентга “қочиш”га мажбур бўлмоқда.

Қолаверса, бутун жаҳонда ва хусусан Ўзбекистонда тез суръатлар билан ривожланиб бораётган сув танқислиги ҳам урбанизация кўламини ошириши кутилмоқда. Халқаро прогнозларга кўра, яқин 20-30 йил ичида Марказий Осиё минтақасининг катта ҳудудлари сувсизлик боис чўлга айланади. Фақат шаҳарларда ёки сув ҳали мавжуд ҳудудларда яшаш мумкин. Чорвачилик ва деҳқончилик имконсиз бўлиб қолади.

Бу каби омиллар келажакда ижара нархларинниг янада кўтарилиб боришига сабаб бўлишини англаш қийин эмас.

Ҳозирча эса, назаримизда энг мақбул йўл, кам даромадга эга аҳоли қатламлари учун арзон уй-жойлар қуриш ва ипотека кредитлари тақдим этиш хизматларини ривожлантириш ҳисобланади холос. Ипотека кредитлари бўйича алоҳида тўхталиб ўтганмиз.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+