Тошкентни қайтадан ям-яшил ҳудудга айлантиришмоқчи
Маълумки, сўнгги вақтларда пойтахт Тошкент оғир экологик вазият остида қолди.
"Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони (ПФ–112-сон, 26.07.2023 й.) қабул қилинди.
Маълумки, сўнгги вақтларда пойтахт Тошкент оғир экологик вазият остида қолди. Шаҳарда бир неча маротаба чанг бўронлари юз берди, пойтахт ҳавонинг ифлосланиши бўйича рейтингларда биринчи ўринга чиқди. Экология қўмитаси маълумотига кўра, шаҳарда ҳаво ифлосланишининг 98 фоизи автомобиллар ҳиссасига тўғри келади.
Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 6 ойида Тошкентда дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2300 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган (14 июль ҳолатига кўра). Ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 миллиард сўм маъмурий жарима ва 4,3 миллиард сўм зарар суммалари белгиланган. 6 ойда жами 882 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган.
Шундан келиб чиқиб президент фармонга кўра, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар қиёфасини ўзгартириш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш орқали пойтахтни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Шунга кўра, Тошкент шаҳрида қўшимча 4 минг гектар яшил ҳудудлар ташкил этилади.
Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартиби 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилади.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси этиб қайта номланди.
Давлат ва тадбиркорлар ўртасида “кўприк” вазифасини бажарувчи “Тошкент Инвест компанияси” акциядорлик жамияти ташкил этилди, дейилади фармонда.