platina.uz

Таълим мансабдорлари миллиардлаб пулни ўзлаштиришда айбланмоқда

Ушбу шартнома комплекс экспертизадан ўтказилмаган ва уни тузишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.

Жаҳон
19 июль 2023 йил
Таълим мансабдорлари миллиардлаб пулни ўзлаштиришда айбланмоқда

Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти мансабдорлари миллиардлаб пулни ўзлаштиришда гумонланмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг февраль ойида фуқаро Н.О. томонидан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари бўйича Агентликка келиб тушган мурожаат кўриб чиқилиб, қуйидагилар аниқланган:

Институт томонидан вазирликнинг “Зўр” (“Класс”) лойиҳаси доирасида 2021-2022 ўқув йилларида ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига рус тилини ўргатиш учун 150 нафар россиялик мутахассиснинг ташрифи кўзда тутилган ҳамда уларнинг уй ижараси учун “Araks Trade Business” МЧЖ билан 8 млрд 473,4 млн сўмлик шартнома имзоланган.

Ушбу шартнома комплекс экспертизадан ўтказилмаган ва уни тузишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.

Маълумот учун: “Araks Trade Business” МЧЖнинг 2013-2021 йиллардаги таъсисчиси К.Ф. бўлиб, у 2018 йил буён Педагогларнинг касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш бўйича миллий тадқиқот институтида ўқув-методик ишлар бўйича проректор лавозимида ишлайди.

Шартномага мувофиқ, 149 та уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақиқатда сарфланган маблағлардан келиб чиқиб, Институт томонидан ҳаражат қилинган сумма 4 млрд. 858 млн сўмни ташкил этган.

Бироқ 2021 йил сентябрь — 2022 йил июнь ойларида Россия Федерациясидан амалда келмаган 31 нафар ўқитувчига 4 ойдан 10 ойгача яшамаган ижара уй-жойлари учун 569. 4 млн сўм ортиқча тўланган. Шунингдек, уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун 4 млрд 858 млн сўм тўланиши лозим бўлса-да, Институт томонидан 7 млрд 052 млн сўм маблағ ўтказиб берилиши ҳисобига “Araks Trade Business” МЧЖга 2 млрд 194,2 млн сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган ва бу маблағ кейинчалик ўзлаштирилган.

Қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган ҳужжатлар асосида ўтказилган терговга қадар текширув натижалари бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Институт ва “Araks Trade Business”МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” билан жиноят иши қўзғатилди ва Олмазор туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Айни пайтда ҳолат бўйича суд жараёнлари кечмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+